ЖЕНЕВАДАГИ БМТНИНГ ИРҚИЙ КАМСИТИШЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ ҚЎМИТАСИНИНГ 82-ЙИҒИНИДА АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ КЎТАРГАН МАСАЛАЛАР

Хурматли иштирокчилар, Алишер Навоий Институти 2010 йилда Қирғизистон жанубида содир этилган фожеадан кейин долзарб, аммо, енг учида қаралаётган бир нечта масалаларга эътиборларингизни қаратади:

1.Ҳабарингиз бор июнь воқеаларидан кейин Қирғизистон Республикасида Киммо Кильюнен бошчилигидаги Халқаро Комиссия иш бошлади ва ўз хисоботини тақдим этди. Бу хисоботга нисбатан Қирғизистон Республикаси бошқарувидагилар томонидан: “Бир томонлама, яъни ўзбеклар фойдасига ҳал қилинган”,-деган хулоса чиқарилди. Биз мана шу қарашнинг ўзини ҳам ўзбек озчиликларига нисбатан дискриминация деб хисоблаймиз. Аслида давлат тепасидагилар учун “у ўзбек – бу қирғиз, унинг фойдасига ёки бунинг фойдасига”,-деган қарашларнинг борлигининг ўзи нохолисликдан, биртомонламаликдан далолатдир.

Аслида жабрлаганлар ва жабрланганларнинг барчасига нисбатан Қирғизистон Республикаси фуқаролари деб қаралиши керак эмасмиди?

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Қирғизистоннинг қирғиз тилидаги ОАВлари (“Алиби”, “Учур”, “Жанги ағим” ва шу каби газеталар) да чоп этилаётган дискриминацоин руҳдаги чиқишлар ҳам давлат томонидан эътиборсиз қолирилмоқда ва айтиш мумкинки “демократия” ниқоби остида қувватлантирилиб келинмоқда. Бу эса шундоқ ҳам ҳавотирли қолаётган миллатлараро муносабатларнинг яна ҳам ёмонлашувига олиб келиши шубҳасиздир.

2.Гувохларнинг билдиришича 2010 йилнинг 10 июнида биринчи бўлиб Қурбонжон Дотҳо ва Алишер Навоий кўчаларида ҳарбийлар томонидан ўзбек маҳаллаларида, оддий фуқароларга қарши ўқ узилган. 9 киши ҳалок бўлган, 40 га яқин фуқаролар тан жароҳати олган. Афсуски, орадан икки йилдан кўп вақт ўтдиҳам-ки, бу иш юзасидан тергов-қидирув ишлари бошлангани йўқ.

3.Азимжон Асқаров таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси бўлишига, унинг ҳимоясига дунёдаги аксар таниқли ташкилотлар ва шахслар отланганлигига қарамасдан ҳамон панжара ортида қолмоқда.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи барча ташкилотларнинг Қирғизистон раҳбариятига қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдирилди.

Бир ўйлаб кўринг, ҳеч кимга таниш бўлмаган ва ҳимоясиз қолган ўзбекларнинг аҳволи нима кечди?

4.Қирғизистоннинг Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг ишлари кўрилаётган суд жараёнларида судланувчи ва унинг адвокатлари, ўзларини “2010 йил июнь вақеаларининг жабрланувчилари” қилиб кўрсатувчи қирғиз миллатига мансуб бир тўп аёлларнинг хужумига учрамоқдалар. Тан жарохатлари олмоқдалар.

Ўша-ўша аёлларнинг, ҳар хил судларга қайта-қайта келиб тўпалон чиқараётганлигидан, суд жараёнига ҳалал бераётганлигидан, судланувчи ва унинг яқинларига зуғум ўтказаётганлигидан Қирғизистон бошқарув органларининг ҳабари бўлишига қарамасдан аёллар тўдасига нисбатан бирор-бир чора кўрилаётганлиги йўқ.

Бундайин ҳолатлар аслида оқланиши керак бўлган гунохсиз фуқароларнинг ишлари кейинга сурилишига ва ҳаёт ва эрклари тахлика остида қолишига сабаб бўлмоқда.

5.2010 йил июнь воқеалари юзасидан ноҳақдан айбдор саналиб, устидан жиноий иш қўзғатилгани боисидан Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган кўплаб ўзбек миллатига мансуб бизнес одамларига, сиёсий салоҳияти борларга нисбатан, уларнинг Қирғизистон ташқарисида ҳам ҳаракатларини чегаралаш мақсадида Интерпол ва бошқа ташкилотлар томонидан, Қирғизистон Республикаси талабига биноан ноҳақдан қидирув элон қилинган. Эътибор қаратилиши керак бўлган масала шундан иборат-ки, қидирув эълон қилаётган ташкилотларнинг кўзи қаерда? Улар инсон ҳуқуқлари хавф остида қолаётган Қирғизистоннинг ноҳақ талабларини кўр-кўрона бажараверадиларми?

Юқорида келтирганларимизни, Қирғизистон Республикасидаги миллатлар ўртасидаги таранг вазиятларни, мамлакатдаги сиёсий ҳилвирашни назарга олиб Алишер Навоий Институти шундай хулоса қилади:

Қирғизистон Республикасида 2010 йил июнь воқеалари юзасидан Халқаро Тергов бошланмас экан адолатсизлик ва зўравонлик давом этаверади. Миллий озчиликларнинг ҳаёти ва эрки ҳавф остида қолаверади.

Алишер Навоий Институти БМТ ва бошқа Халқаро ташкилотлардан Қирғизистон масаласига жиддий ёндошишларини сўрайди.

 

Алишер Навоий Институти

Женева – 18.02.2013

Яндекс.Метрика