РАЖАБАЛИ КАМОЛЗОДА: НОШУКУРЛИК БОТҚОҒИГА БОТИБ ҚОЛМАЙЛИК

Ражабали Камолзода (Камолов)

Нафақат ноёб истеъдод, балки мустаҳкам ирода соҳиби ҳам бўлган ўзбекистонлик ижодкор Ражабали Камолзода (Камолов) яшайдиган қишлоқ аҳолисининг салмоқли қисмини қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади. Ҳудудга йўлингиз тушса, урф-одат, анъаналарнинг яқдиллик билан, бир ёқадан бош чиқариб ўтказишларини кўрасиз, ҳавасингиз келади. Икки миллат вакилларининг ришталари нафақат дўстлик, балки, қуда-андачилик билан ҳам янада мустаҳкамланган.

Мустақил ­Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда истиқомат қилаётганига гувоҳ бўласиз. Одамларнинг юз-кўзларига боқсангиз, она Ватанга бўлган муҳаббатни, ватанпарварликни кўрасиз. Шунинг учунми, истиқлол йилларида бу заминдан юртга ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида муҳим ўрин тутган кўплаб таниқли шахслар етишиб чиқди. Муносиб меҳнати туфайли уларнинг аксарияти турли йилларда Ўзбекистон президентининг фармонларига асосан, ­«Дўстлик» ордени, «Жасорат» ва «Шуҳрат» медаллари кабилар билан тақдирланган.

Алишер Навоий институти сайтининг азиз ва муҳтарам мухлислари, бугун “Адабиёт ҳиёбони” рукнининг навбатдаги меҳмони, ўзбекистонлик истеъдод эгаси, шоир ва ёзувчи, таржимон, “Жасорат” медали соҳиби, Режабали Камолзода ижоди билан таништирамиз.

Қаҳрамонимиз 1972-йилда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманидаги Абдуллабий қишлоғида туғилган. Дастлаб Жалақудуқ туманида таълим қирғиз тилида олиб борилувчи мактабда 5-синфгача, сўнг бетоблиги сабабли Андижон туманидаги 43-умум ўрта таълим мактабида ўқиган. Миллати қирғиз. Болаликдан ногирон.
Ҳозирда Наманган Давлат Университетининг филология факультетида таҳсил олмоқда.
2002-йилда «Ёмғирли тунлар» номли илк шеърий китоби нашр этилган. Йиллар давомида «Туйғулар шаҳри», «Йўл қараб», «Эл достугу» (Халқ дўстлиги») каби китоблари Тошкент ва Бишкек шаҳарларида ўзбек ва қирғиз тилларида нашр қилинган.


2014-йилда Ўзбекистон Республикаси президенти фармони билан кўра «Жасорат» медали билан тақдирланган. Ижод намуналари «Уйғоқ қалблар овози», «Туран ыргактары» каби маҳаллий ва халқаро тўпламларга киритилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига номзод.

 

– Ассалому алайкум. Ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз.

– Ўшанда бешинчи синфда ўқирдим. Уйимиздан бир ярим чақирим узоқликдаги мактабга тенгдошларим билан пиёда қатнардик. Тўсатдан белимда оғриқ пайдо бўла бошлади. Аввалига совуқнинг асорати деб ўйладик. Кундан-кун оғриқ кучаявергач, отам мени туман шифохонасига олиб борди. Ўн кунча даволандим. Аммо фойдаси бўлмади. Қайтанга, оёқларим мажолсизлана бошлади. Вилоят шифохонасига бордик. У ердагилар эса: «Йиқилгансан», дея уқтиришди. Лекин жиддийроқ йиқилганимни ҳеч эслолмайман. Кейин билсам, собиқ Иттифоқнинг «Бизда полиомиелит касаллиги тамомила тугатилди», деган иддаоларига менинг касаллигим тўғри келмай қолган экан…
Шу сабабли, мени бошқа ташхис билан даволашган. Орадан анча йил ўтиб, аниқ ташхис қўйилган, лекин қимматли вақт бой берилган эд    и. Шу боис касаллик асорати оғирроқ бўлди. “Начора, тақдиримда бор экан”, деб қолаверганман.
Мана, мустақиллигимиздан сўнг болалар полиомиелитга қарши ҳар йили икки марта эмланмоқда. Бундан жуда хурсандман. Бизнинг болалик йилларимизда ҳам одамлар, айниқса, болалар саломатлигига бугунгидек эътибор бўлганида эди, менга ўхшаган минглаб ёш авлод ногирон бўлиб қолмас эди…
Ўша руҳан оғир кунлар, тушкунлик мени енга бошлади. Яшашдан совиб бўлгандим. Ана шундай кунларнинг бирида, отам менга «Ўғлим, сени ҳунарли қилиб қўйганимда яхши бўларди?», дея ўзидан ҳафа бўлиб кетганини кўрдим. Ва ниҳоят, ўн олти йилча аввал, ўзимда куч-ирода топдим. Отамга бозордан велосипед эҳтиёт қисмларини олиб келиб беришини илтимос қилдим ва уларни жой-жойига қўйиб, йиғишга киришдим. Бошида сал қийналдим, ишим ўхшамади, аммо шижоат сўнмади ва ўз мақсадимга эришдим. Дастлаб қариндош-уруғлар, сўнг маҳалладагиларнинг велосипедларини тузата бошладим. Мана, кўриб турганингиздек, бугун бутун қишлоқнинг устасиман. Ўндан ортиқ шогирдларим ҳам бор.
Бундан ташқари, бўш вақтларимдан фойдаланиб, косиблик, тикувчилик, сартарошлик, чилангарликни ҳам ўргандим. Ҳаттоки, қишлоғимизнинг тракторчи-комбайнчилари ҳам ўз автоуловларини тузатгани олиб келишади. Қисқа қилиб айтганда, абдуллабийликларнинг норасмий уста-тадбиркориман.

– Инсон учун, ижодкор учун «ҳаёт сабоқлари» нималардан иборат? Умр йўлларининг бир қисмини босиб ўтган шоир қалбида бу сабоқлар қандай акс-садо беради?

– Ҳаёт ҳақиқатдан инсонни тарбиялайди. Гоҳ қаттиққўллик билан, гоҳ суйиб, эркалаб. Тақдирнинг, умрнинг паст-баланд, чалкаш йўллари инсонни мудом олдинга, курашга чорлайди. Бундай синовлар ҳар бир инсоннинг бошида бор. Фақат кимдир бундай синовларни табиий деб қарайди ва енгил қабул қилади, яна кимдир жуда оғир қабул қилади, ўзини жабирдийда ҳисоблай бошлайди. Натижада бесабрлик қилиб, аюҳаннос солади, ношукрлик ботқоғига ботиб қолади.
Ижодкор учун, инчунун шоир учун эса бу «ҳаёт сабоқлари» ҳикмат тўла фалсафа, шундоқ фалсафаки англаш мушкул фалсафа. Вақт ўткан сари одам бу ҳикматларни англаб ўзича дунёнинг, борлиқнинг, қўйингки икки оламнинг сирларини кашф этиб боради.
Ҳаёт мени ўз жабру-жафоларини ёғдириш билан орзу қилишга, ҳар қандай шароитда ҳам умидни йўқотмасликка, мақсад сари дадил қадам ташлашга, бир сўз билан айтганда, ўзини севишга ўргатди. Бир шеъримда ёзгандим:
Бу дунёда мақсадига ким етдикин,
У дунёга армон қилмай ким кетдикин?
Шу беш кунни менинг каби ким севдикин,
Қирқ йилдирки ҳаёт учун курашаман…

Кўп жойларда соппа-соғ одамларнинг, нима қилиб бўлсада, ногиронлик нафақасига чиқиб олсам деб, жанжал қилиб ҳали у, ҳали бу идораларга бориб юрганларига кўзимиз тушади. Мен уларга қараб афсусланаман. Бизда, маҳаллаларда «кам таъминланганлар», «Темир», «Аёллар» деган дафтарлар ташкил қилинган бўлиб, уларга киритилганларга давлат, маҳаллий ҳокимият, ҳомийлар томонидан ёрдамлар берилади. Оллоҳнинг қудратини кўрингки, бир ҳунар ортидан ризқлантириб қўйгани учун, «Мени ўша дафтарга киритманглар» деб илтимос қилдим.
Мени маҳалламда нафақат шоир деб, балки уста деб кўпроқ танишади. Шунинг учун мен ҳаёт сабоғини озгина умидда, озгина сабрда, озгина ҳаракатда деб биламан. Қисмат қанчалик қайсарлик қилмасин, унга тик боқиш керак. Руҳан синмаслик керак.

Лекин шеърларингизда, ҳикояларингизда ёшлик, муҳаббат, гўзалликка ошуфталик туйғулари ўрнига аксинча, ғамгинлик, қандайдир исёнкорлик жиҳатлари устундай...

Ҳа, менга буни айтишган. Инсон ҳаёти давомида, юқорида айтганимдек, ҳар хил синовларга дуч келади. Шундай синовларга, албатта, мен ҳам дучор бўлганман. Инсон қалби қанча озорланса, шунча очилиб, равшанлашиб борар экан. Шундай лаҳзаларда қалбга шеъриятдан яхши тасалли бўлмаса керак. Кўнгил ўзининг орзу-армонларини, ғам-қайғуларини, дарду-ҳасратларини шеър қилиб, оқ қоғозга тўкканда бир-оз ғамгин шеърлар яралади. Кўнгил шу билан овунади. Юрак тўла дардлар кўз ёшию, оҳ-нолалардан кўра шеър бўлиб тўкилгани яхши, менимча.
Исёнкорликка келадиган бўлсак, бу биз шоирларнинг қон-қонига сингиб кетган тушунча. Шоирлар одатда замондан, тақдирдан нолишади, исён қилишади. Мен ҳам уларнинг биттаси, фақат мен тақдиримнинг менга атаб яратган ва яратаётган турли-туман тўсиқларига қарши туриб, унга осонгина «ўлжа» бўлмасликка ҳаракат қиламан. Агар буни исён деб аташ мумкин бўлса.
Шу ўринда яна бир шеъримдан парча келтираман:
Ўлади деб, умид ҳам қилма,
Тишинг ўтмас, кемирган сенинг
!
Суякларим – тобланган маъдан,
Юракларим темирдан менинг…

Шундай деб, қисматга тик боқиб, дардларим билан баҳслашиб, қаламимга суяниб, ҳаётни севиб яшаб келмоқдаман. Ижод қилмоқдаман. Демоқчиманки, инсон ҳаёти бевосита унинг ижодига таъсир қилади…

Шеърларингизда, рассом Эрик Қулматовнинг сўзлари билан айтганда жумбоқли умид учқунлари ҳам бор”, шундайми?

Ҳа, умиднинг бўлгани яхши, майли, у қанчалик кичик бўлмасин, барибир бўлгани яхши. Умидсизлик менга бегона десам ҳам бўлади. Қанча ғамгин шеър ёзмай, доим умид қилганман. То ҳаёт эканман, нимадандир умидвор бўлиб яшайман. Ҳаётимдан нолимайман, сабаби, жуда кўп умидларим рўёбга чиққан. Бунинг учун Оллоҳга шукрлар айтаман. Шеърларимдаги лирик қаҳрамонларимнинг ҳам, сўнгги лаҳзагача умидлари сўнмайди.

– Сизни ҳаётда доимо ўйлантирадиган ва қалбингиз тўрида турадиган масала нима?

Мени жуда кўп нарса ўйлантирган, ҳайратга солган. Ҳамон кўп нарса ўйлантиради, ҳайратга солади. Шулардан айримларини айтиб ўтсам.
Инсонга оздир, кўпдир умр берилган. Шу вақт ичида у қанчадан-қанча гапларни гапиради, амаллар, ҳати-ҳаракатлар қилади. Қанча одамларни, дунёни танийди, илм ўрганади ва ҳоказо. Хуллас, инсон умри давомида жуда кўп маълумот йиғади. Мени ўйлантирадиган нарса шуки, ўша 70 йиллик умрида, – инсон ёшини ўртача 70 йил десак, – тўпланган маълумот, инсон оламдан ўтгач, осонгина тўпроққа айланиб кетаверадими? Шунча маълумот, шунча хотира-я?!
Йўқ, бундай бўлмаслиги керак. Агар шундай бўлса, унақада яхшилик ва ёмонлик, маданият ва жоҳиллик, юксак инсоний қадриятлар ўз аҳамиятини йўқотадику? Шундай экан, инсон умрига мантиқий якун ҳам лозим бўлар экан. Худди шу ўй-хаёллар оғушида қолганимда ўзимни ҳақиқат излаб, йўлга отланган сўфийга ўхшатаман. Сўфийлар диний ва дунёвий илмларни билмаган, деб ўйлайсизми? Йўқ, улар ҳар икки илмни ҳам жуда яхши билишган. Лекин барибир ҳақиқат излаб, қанчалик риёзат чекишган. Бу йўлга ҳаётларини тикишган. Мен ҳам ўшалардек ўзимча ўз ҳақиқатимни излайман. Яъни:
Дунёга келиб ман нимани кўрдим,
Тақдир долғасида кемани кўрдим…

– Сиз қайси тилда фикрлайсиэ?

Мен баъзан шеърият тилида, баъзан дарвешлар тилида, асосан тўпори одамлардек ўзимизнинг қишлоғимизнинг тилида, яъни шевада фикрлайман.

– Ўтаётган умрингиз қийматини қандай изоҳлайсиз?

Ўтаётган умр бу – бебаҳо неъмат. Унинг қанчалик бебаҳо эканлигини анча кеч англар эканмиз. Жуда кўп ниятлар бор эдию, қолган умрим етармикин, деб қолганда умр қадри янаям яққолроқ билинар экан. Қайсидир ишга улгурдик, қайсидир ишлар ҳамон навбатини кутиб турибди. Агар яхши ниятларни амалга оширсангиз, демак, умр бекор ўтмаган. Мабодо амалга ошмаса, бу энди ачинарли. Мен учун ўтган умр мақсадлар томон ташланган қадамлар билан ўлчанадигандай.

Ўзбекистонда ижод қилиш учун шароитлар етарлими?

Ўзбекистонда ким қайси тилда ижод қилса, ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бемалол ижод қилиши мумкин. Давлатимиз фақат қўллайди. Энди адабиётга кириб келаётган ижодкорларнинг биринчи китоблари турли лойиҳалар доирасида чоп этиб берилади. Жуда кўп мукофотлар ташкил этилган. Турли танловлар бўлиб туради. Бу борада эътироз йўқ.

– Адабиётнинг янги вакиллари ижодини кузатиб борасизми? Охирги марта қайси асарни ўқиб, “Бўларкану”, дедингиз? 

Ҳа, қўлдан келганча ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бораман. Охирги ўқиган китобимга келсак, муаллифини ёш деб бўлмасада, менга ёқди асари. Бу адиб лотин америкасидан Пауло Коэльо бўлиб, асарининг номи «Алкимёгар». Назмий асарлардан бўлса, яқинда қирғиз оқини Нурлан Қалибековнинг туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилишда маслаҳатчи сифатида қатнашдим. Мен учун ажойиб топилма асар бўлди. Тармоқларга тўлган шиғирлар даврида ҳақиқий шеърият барибир бошқача янграр экан. Ёш ўзбек шоирлари ҳақида ҳам илиқ сўзлар айтиш мумкин. Масалан, Жонтемир Жондор, Ўлмас Самарқандий кабилар.

– Нима деб ўйлайсиз: одамлардаги қайси иллат йўқолса, бахтлироқ, тинчроқ яшайди?

Одамлардаги иллатлардан энг ёмони бу кўролмаслик, ҳасад бўлса керак. Бундан ташқари очкўзлик, бахиллик, кибр, манманлик каби иллатлар ҳам инсонийликка катта раҳна солади. Менимча, уларнинг барининг ортида кўролмаслик – ҳасад ётса керак. Шунинг учун одамлар орасида ҳасаднинг бўлмагани яхши эди. Бироқ бунинг иложи йўқ. Шунга қарамай, диёнат билан, шарм-ҳаё билан, Оллоҳдан қўрқишлик билан уни жиловлаб турган мақул.

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

– Эътиборингиз учун сизга ҳам раҳмат. Донишманд халқимиз: «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр», деб бежиз айтмайди. Афсуски, айримлар тинчликнинг қадрига етавермайди. Радио, телевидение, матбуотни кузатинг, қанча давлатда нотинчлик, қанча юртда ҳаёт издан чиқиб кетди. Қанча халқнинг тақдири алғов-далғов, фарзандлари сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо! Илоҳим, юртимизга, мана шу осойишталигимизга кўз тегмасин!

 

Қуйида эътиборингизга суҳбатдошимизнинг ижодидан намуналар ҳавола қиламиз.

 

ДУНЁ СОҒИНЧИ
Термуламан эрта-ю кеч унга мен,
Нима гуноҳ қилдим экан сенга мен?
Эй, тақдирим, чиқолмайман нега мен,
Деразамнинг ортидаги дунёга?

Менга дунё тўрт девору шифт холосдай,
Бу қафасдан қутулайин, айт, қандай?
Руҳ бир назар ташлаш учун ўлимга шай,
Деразамнинг ортидаги дунёга!

Ёғдуларга чўмилгандир у ёқлар,
Чорлайверар тунлар ёқиб маёқлар.
Қани энди, етказсайди оёқлар…
Деразамнинг ортидаги дунёга.

Оқ орзуга соя бўлди зиналар,
Қайғу, ғамга доя бўлди зиналар.
Ўтиб бўлмас қоя бўлди зиналар,
Деразамнинг ортидаги дунёга!

Кимларгадир бу масофа лаҳзалик,
Лек мен учун чегарасиз шунчалик…
Ҳеч ким билмас ташналигим қанчалик,
Деразамнинг ортидаги дунёга.

Йиллар ўтар кўзларимни тиндириб,
Сочларимга оқ қировлар индириб.
Ўтиб кетай оҳим билан синдириб,
Деразамнинг ортидаги дунёга!

Интизорлик юрак-бағрим ўярлар,
Бир илинж бор, тану-жоним туярлар –
Ҳеч бўлмаса жасадимни қўярлар,
Деразамнинг ортидаги дунёга…

Дуо қилай, қабул қилгин, Художон,
Соғинчлардан юрак ҳорғин, Художон.
Ўлим олди бир тўйдиргин, Художон,
Деразамнинг ортидаги дунёга!

ОНА, ВАТАН ТАНЛАНМАС!
Ватан, она танланмас, бу – Оллоҳнинг инъоми,
Шундоқ экан, ҳамиша жонимдасан, Ватаним.
Аждодлардан меросу, авлодларга омонат,
Отам каби қадрдон қонимдасан, Ватаним!

Олисларда қалбдаги соғинчим ўзингдирсан,
Бағрингда яйраганда қувончим ўзингдирсан.
Яратганга илтижо – ўтинчим ўзингдирсан,
Ўтган ҳар бир дақиқа, онимдасан, Ватаним.

Ҳаёт ўзи пойга-ю, курашлардан иборат,
Керак бўлар инсонга доим ғайрат, шижоат.
Юрагимнинг тубидан чиқиб келар бир шиддат,
Руҳлантирган зафарга шонимдасан, Ватаним!

Баъзан рақиб чалганда, дилга ғулув солганда,
Баъзан дўстлар сотганда ва ноилож қолганда,
Ҳатто ажал шарпаси нақд бўғиздан олганда,
Садоқатли ёр мисол ёнимдасан, Ватаним…

Бошим узра бўрондек мовий байроқ ҳилпирар,
Кўзим тушса, юрагим асов отдек юлқинар.
Ғанимларим кўзимга ожиз, майда кўринар,
Душманларни чўчитган номимдасан, Ватаним!

Ахир, бизлар кимлармиз, мозийга боқиб кўринг,
Кўҳна юртлар тарихин синчиқлаб ўқиб кўринг.
Таъбир бўлса, Искандар, Чингиздан сўраб кўринг…
Ишғол қилган дунёни донгимдасан, Ватаним!

Она ватан танланмас, бу – Оллоҳнинг иноми,
Шундоқ экан, ҳамиша жонимдасан, Ватаним.
Аждодлардан меросу, авлодларга омонат,
Отам каби қадрдон қонимдасан, Ватаним!

 

ҚИЗҒАЛДОҒИМ
Баҳор келса бағрин очар алвон тоғим,
Ҳайқираман, дилда қолмас бирон оҳим.
Лекин бордир кечирилмас бир гуноҳим –
Қўлларимда тўкилдингку, Қизғалдоғим!

Фақат, сен деб баҳорларни интиқ кутсам,
Наҳот энди бу дунёдан ўксиб ўтсам?
Фироқингга чидолмасдан бандинг тутсам,
Қўлларимда тўкилдингку, Қизғалдоғим!

Қизғалдоғим, юрак-бағрим сен қон қилдинг,
Армонларим адоғи йўқ карвон қилдинг.
Мажнун айлаб, дўсту-ёрим ҳайрон қилдинг,
Қўлларимда тўкилдингку, Қизғалдоғим!

Имкон борми, кўнглим билан ёпиб ташлай,
Сенга теккан қўлларимни чопиб ташлай.
Бу дардларни кимга айтиб, кимга бўзлай,
Қўлларимда тўкилдингку, Қизғалдоғим?

Бўса-бўса дея сени кўндирдим мен,
Бир бўса деб, ҳаётингни сўндирдим мен.
Ўз қўлимла ўз севгимни ўлдирдим мен,
Қўлларимда тўкилдингку, Қизғалдоғим!

ОТАБЕК ЎТИНЧИ

(Абдулла Қодирийнинг таваллуд кунига)
Чалингиз биродар, чалингиз,
Куй билан дардимни олингиз.
Сўзимга бир қулоқ солиб сиз,
Хўрланиш куйини чалингиз.

Нолимай, дейману турмушдан,
Қутулмоқ йўқ экан ёзмишдан.
Юрагим бисоти Кумушдан,
Ажралиш куйини чалингиз.

Гар йўлим тушсада Қўқонга,
Кўзларим Марғилон томонда.
Ўзим ҳам яшайман ҳайронда
Лол қолиш куйини чалингиз.

Ишқ деган шундайин азобми,
У чинми ёинки каззобми?
Бошимда айланган гирдобми?
Ўртаниш куйини чалингиз.

Қайнота урарми куёвни,
Куёв ё у асли бир ёвми?
Севгимга бу энди сийловми,
Ҳайдалиш куйини чалингиз.

Бунчалар озорга сабаб ким?
Тополмай ўртанар юрагим.
Бир одам ёнсаю, улус жим…
Қўзғалиш куйини чалингиз.

Чалингиз, биродар, чалингиз,
Бир дунё дардимни олингиз.
Сўзимга бир қулоқ солиб сиз,
Ажралиш куйини чалингиз…

МЕН КАБИ СЕН ҲАМ
Ёмғир ёғаяпти. Ярим тун, сокин…
Уйғониб кетдингми, мен каби сен ҳам?
Деразадан боқсанг, шуълалар йиғлар,
Хўрсиниб кетдингми, мен каби сен ҳам?

Ҳижрон азобини аксингда кўриб,
Орланиб кетдингми, мен каби сен ҳам?
Ваъжлар тўқий-тўқий ўзингга ўзинг,
Алданиб кетдингми, мен каби сен ҳам?

Бегона қучоққа ҳеч кўниколмай,
Ўртаниб кетдингми, мен каби сен ҳам?
Дастлаб бўйин товлаб, сўнгра жимгина,
Ўрганиб кетдингми, мен каби сен ҳам?

Муҳаббатга мангу вафодор эдик,
Ўзгариб кетдингми, мен каби сен ҳам?
Нозик ниҳол эдинг, қари чинордек,
Улғайиб кетдингми, мен каби сен ҳам?…

БОБУР КЕТДИ ҲИНД СОРИ
Менинг бобом каби шоҳ кўрганмикин бу жаҳон?
Фахр этаман бўғзимга тиқилгунча танда жон.
Лек юрагим четида тураверар бир армон –
Бобур кетди Ҳинд сори, йиғлаб қолди Андижон.

От устида боради, қолди парқу-баҳмаллар,
Қўлда қилич ухлайди, оғир бўлди аҳволлар.
Ўз юртига қўймади бунда Аҳмад Танбаллар,
Бобур кетди Ҳинд сори, йиғлаб қолди Андижон.

Ортга бот-бот қарайди, кўринмайди бир қора,
Ёв қўлига ўтганмиш Самарқанду-Бухоро.
Бўлди яна ва яна куйган юрак минг пора,
Бобур кетди Ҳинд сори, йиғлаб қолди Андижон.

Бобур Ҳиндга бораркан, кўзлар мудом ёш бўлди,
Узоқ йўлда бобомнинг ёстиқлари тош бўлди.
Оҳким ўзи карвонга ҳам соқчи, ҳам бош бўлди,
Бобур кетди Ҳинд сори, йиғлаб қолди Андижон.

Амударё ортда қолди, Ҳиндукушга етдилар,
Ҳар қадамда ҳиёнат… Қандаҳордан ўтдилар.
Бу тақдирнинг заҳмидин бошин олиб кетдилар,
Бобур кетди Ҳинд сори, йиғлаб қолди Андижон.

Бу замину-осмонлар қанча шоҳни кўрганлар,
Искандару-Чингизлар обод юртни бузганлар.
Боболарим Ҳиндда ҳам Тожмаҳаллар қурганлар,
Бобур кетди Ҳинд сори, йиғлаб қолди Андижон.

Эсга тушса тинмайин ўртанади юрагим,
Худди пайкон теккандек зирқирайди курагим.
«Қачон қайтар бобом», деб нигоҳимда сўроғим,
Бобур кетди Ҳинд сори, ҳамон кутар Андижон…

Менинг бобом каби Шоҳ кўрганмикан бу жаҳон?!

ТУРКИЙЛАР

(Қардош Қозоғистон халқи тинчлигини бузган ташқи кучларга эслатма)

Қора тунда ўтириб, ёруғ кунни кутганлар,
Сўнгги бурда нонини мусофирга тутганлар.
Керак бўлса халқ учун бир жонидан минг кечиб,
От устида туғилиб, от устида ўтганлар.

Еганлари эт эмас, қотган қора нонларим,
Ҳеч недан нолимаган, покиза иймонларим.
Ажамларнинг яхшиси, араблардан аълороқ,
Пайғамбарлар шогирди, асл мусулмонларим.

Тинч уммони бир чети, бир чети Болтиқ денгиз,
Қутб-тропик аро улкан давлат қурганлар.
Ишғол қилиб Болқонни, Римни қамал қилганлар,
Бунда туриб ундаги Амриқони кўрганлар.

Ҳабашларни пир билиб, оқ баданни қул қилган,
Битта ёзган китобин минг йил мағриб ўрганган.
Асов айғир, феъли чарс, «Ор!» деб урган юраги,
Паҳлавонлар юрти бу кураги ер кўрмаган.

Бу эл қадим, илдизи қирқ минг йилга бородир,
Шундан қўрқиб Чинмо-Чин ҳануз девор уродир.
Туб отаси турк бўлган марду-майдон Туроним,
«Улкан девлар» ёнида ҳамон омон келодир.

Искандарни шошириб, Кирнинг бошин олганмиз,
Фарангларнинг кўнглига қўрқув-даҳшат солганмиз.
О, Туркистон қўшинин сўронини уққансиз.
Яқин тарих тасдиқлар – Берлингача борганмиз!…

Тиқиштирмай ҳатто ит ҳазар қилган ғоянгни,
Шукур қилгин бу замин кўтарганга соянгни.
Тумтаракай қочсанг ҳам Тўхтамишдек шимолга,
«Ур-ҳо!» дея қувгаймиз, топтаб алафпоянгни.

Ана байроқ илганмиз топингувчи жойинга,
Сал олисга назар сол, боқмай ҳадеб пойинга.
«Ҳуқуқ»,»ҳужжат», «хат», демай, туғларимизга боққин –
Эгадирмиз ҳаттоки, кўкда Қуёш-ойинга.

Олтовлон деб ўйлама, олти юз олтмиш элатмиз,
Олти юз олтмиш бўлсакда асли бир халқ, миллатмиз!
Олтой, Олой, Ҳимолой, Помир, Ҳисор, Тиёншон,
Ҳиндикуш, Ван, Арарат, Урал, Кавказ, Карпатмиз!

Қилмишингни биламиз ҳиндуларнинг ҳолидан…
Лек бизлар ҳинду эмас, Алпомиш авлодидан.
Гар туркийлар отланса, шамолдан тез еларлар,
Тўрт томондан сел каби ёпирилиб келарлар…

Ўз йўлингдан келдингми? Ўз йўлингда кетавер,
Ўргатмагин бизларга не еб, нима кийишни.
Сенга фойда қилсакда, зараримиз теккан йўқ,
Акс ҳолда кўрасан биздан нима қилишни…

Кўрмаганнинг кўргани қуригани шулмикин?
Дағдағаси тош ёриб, остонамга келганлар.
Турон билан ўйнашманг – тўфон туриб кетмасин!
Оқ-қорангни аралаш Худо уриб кетмасин!…

БУЮК ЧИНГИЗ
О, Чингиз, тирналган дард, алам-қайғу,
О, Чингиз, муқаддим ва долзарб мавзу.
Макону замонларга бўйинсунмас,
О, Чингиз, эски армон, янги орзу.

Сен ўша соғинчдирсан, сен – муҳаббат,
Сен ўша ишончдирсан, сен – садоқат.
Юракда турган исён – оловдирсан,
Сен ўша қасоссан, чексиз нафрат.

О, Чингиз, бепоён дашт, тубсиз денгиз,
О, Чингиз, қоп-қора тун, олис юлдуз.
Ой, Қуёш ботар, аммо сен ўчмайсан,
О, Чингиз, ёнган чироқ кеча-кундуз.

Сен билан эл истаги, миллат руҳи,
Иймони, эътиқоди, ор-номуси.
Неча хон, шоҳлар келиб, кетаверар,
Лекин сен – тан олинган Халқ Қомуси!

О, Чингиз, тинмас бўрон, сўнмас чақмоқ,
О, Чингиз, дардга малҳам, сўнгсиз қийноқ.
Туганмас ганжинасан – бебаҳо кон,
О, Чингиз, янги чопон, минг бир ямоқ!..

ҚУРМОНЖОН ДОДХОҲ
Қирғизнинг қизи,
Ўш маликаси,
Олой эркаси –
Қурмонжон додхоҳ,
Қурмонжон додхоҳ!

Не бўлди кўринг Қўқон, Бухорони,
Ёв қўли баланд келди тобора?..
Раҳм қил унга, Парвардигоро!
Қурмонжон додхоҳ,
Қурмонжон додхоҳ…

Малика – она,
Дор узра – бола,
Бу қандай савдо,
Қурмонжон додхоҳ?!
Ҳукмдор метин.
Аёлдир лекин,
Еди ич-этин.
Қурмонжон додхоҳ,
Қурмонжон додхоҳ…

Ёв сира уқмас оҳу-нолани,
Пинак ҳам бузмасдан осди болани.
Азалдан қисмат қасди онанинг…
Қурмонжон додхоҳ,
Қурмонжон додхоҳ…

Тул қолиб, элини бошқарган она,
Ўғилми ёки эл? Танлаган она.
Барини хўп чуқур англаган она…
Боламлаб, элини сақлаган она –
Қурмонжон додхоҳ,
Қурмонжон додхоҳ!..

Эй, фалак, унга не саодат бердинг?!
Бўзлатиб туриб сен тилло тахт бердинг…
Шу нозик жонига жидду-жаҳд бердинг,
Қурмонжон додхоҳ,
Қурмонжон додхоҳ!..

АРМОН НИМА?!
Армон нима? Ёмон тушнинг учуғими,
Заҳарларнинг энг тахири, аччиғими?
Дардларини ҳеч кимсага айтолмасдан,
Таши соғу, ичдан юрак санчиғими?

Армон нима? Битган яра чандиғими,
Дилда қолган муҳаббатнинг қолдиғими?
Қирғоқ узра Зуҳроларни зор йиғлатиб,
Бобохоннинг Тоҳир тушган сандиғими?

Армон нима? Муштоқ кўзлар қароғими,
Шум тақдирнинг энг беомон яроғими?
Илҳақ кўнгил кулбасида шамдай ёниб,
Учар вақтнинг тўхтаб қолган саноғими?

Армон нима? Чил-чил кўнгил синиғими,
Ё фалакнинг дилга озор қилиғими?
Бир кун яшаб, бир умрга чимилдиқда,
Ёш йигитнинг бева қолган қаллиғими?

Армон нима? Тишланган нон увоғими,
Шаҳид ўғлон онасининг сўроғими?
Қадамига қўй сўймоқчи отасининг,
Елкасига ботиб кетган ўроғими?..

Армон нима? Ғам қўшинин отлиғими,
Ё инсонга яратганнинг тортиғими?
Кеча-кундуз йўл қараган болаларнинг,
Ич-ичига ботган кўзин ботиғими?

Армон нима? Тўхтамас чарх урчуғими,
Ё ажалнинг жонга эккан уруғими?
Яратганнинг бандалари устидаги,
Рад этишнинг имкони йўқ буйруғими?

Армон нима? Бу қисматнинг битигими,
Пешонага қат-қат тушган чизиғими?
Кўнгил бўм-бўш қуюн кезган яйдоқ дала,
Фақат фарёд, ҳосили мўл қўриғими?

Армон нима?
У туйғулар улуғидир,
Соғинчлардан куйган диллар куйигидир!
Кўрдим ҳануз кетганларин кутганларни,
Армонлилар буюкларнинг буюгидир!!!

СОҒИНЧЛАР
Бардошларим бардош бермади,
Алдолмади мени овунчлар.
Кетдингму сен, мендан аразлаб?
Қийнаб қўйди мени соғинчлар.

Оқшомгача саҳардан тортиб,
Ҳижрон заҳмин кўнгилга ортиб.
Йўлларинга зор-зор қаратиб,
Қийнаб қўйди мени соғинчлар.

Соғиняпман ўтгандек йиллар,
Ҳувиллайди кимсасиз йўллар.
Томоғимда оҳларим йиғлар,
Қийнаб қўйди мени соғинчлар…

Мендан ўтди қандайин гуноҳ,
Бевафо – сен, гувоҳ-ку Оллоҳ?
Бунча қадринг ўтмаса, Эвоҳ?
Қийнаб қўйди мени соғинчлар…

Ҳануз нафас олишим мумкин,
Сўнгсиз ўйга толишим мумкин.
Қандай омон қолишим мумкин?!
Қийнаб қўйди мени соғинчлар…

САРВИҚОМАТ ДИЛБАРИМ
Пайдо бўлдинг ҳур – паридек,
Тушми рўё, ундан наридек.
Сарвиқомат дилбарим оҳки,
Эгнингда ол, ҳиндий саридек.

Ҳуркаклигинг оҳуми, жайрон,
Титроқлару арабий, мужгон…
Фақат жоним нишонга олиб,
Бардошимни айладинг вайрон.

Қайс ёнида Эрамнинг ҳури,
Назокатнинг энг сўнгги тури.
Тил сайратиб, дил яйратади
Меҳр тўла кўзларинг нури.

Кетдинг, оҳу-надомат қолди,
Армон, алам, шикоят қолди.
Лайли-Мажнун севгиси каби,
Юрагимда бир фарёд қолди…

ФАЛАСТИН
Қитъалар тўқнашган жой,
Шарқу-ғарб талашган жой,
Бунчалар ҳолинг, а вой,
Арабга ўгай Фаластин!
Ажамга гадой Фаластин!

Бўзлаган диллар юрти,
Набийлар, динлар юрти.
Энди кимлар юрибди?
Қўлида қурол Фаластин,
Жавобсиз савол Фаластин.

Эрк! – дея тили чиққан,
Туғилмай ўққа учган.
Умиди йўққа чиққан,
Гўрдаги шаҳид Фаластин!
Йўргаги шоҳид Фаластин!

Илм-фан ўсган чоғда,
Ўйнамай, кулмай боғда.
Қабрга бериб доғла…
Бутунлай мозор Фаластин,
Дилимга озор Фаластин!

Мен, сиз, у, жамоа чун,
Олиму уламо чун,
Ақли соғ дунё учун
Давосиз иллат Фаластин,
Омадсиз миллат Фаластин!

Танкани мушти билан,
Бомбани кўкси билан.
Сўнмаган шашти билан,
Қайтарган қирон Фаластин,
Довруғи достон Фаластин!

Миллионлаб мусулмон,
Ори у қаҳрамонлар.

Душман додини берган
Енгилмас паҳлавонлар
Қадами собит Фаластин.
Ҳар бири зобит Фаластин…

Ўн мингта гўдак ҳаққи,
Кафану йўргак ҳаққи.
Замину фалак ҳаққи,

Яҳудга лаънат тавқи,
Озод бўл энди, Фаластин!
Обод бўл мангу, Фаластин!

 

Ражабали Камолзода,

Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани.

 

Одилжон ДАДАЖОНОВ,

Алишер Навоий институти учун

Яндекс.Метрика