Ватанни шеърий мисраларда мадҳ этган журналист..♫


Акромжон Бобоев 1968 йил Ўшда туғилган.  Ўш давлат университетининг тарих-юридика куллиётини битирган. Журналистлик касбига ёшлигидан қизиққан. Мактабда ўқувчилик пайтлариданоқ «Ленин йўли » рўзномасида ўз хабар ва мақолалари  билан қатнаша бошлаган.

1987-1989 йиллари ҳарбий хизматни ўтаган. 1989-1992 йилгача «Ленин йўли» рўзномасида муссаҳҳиҳ, техник муҳаррир, «Ўш садоси» рўзномасида мухбир, катта мухбир, 2011 йилнинг январидан бошлаб масъул котиб бўлиб меҳнат қилди. 2013-2017 йилларда «Ўш садоси» рўзномасида бош муҳаррир лавозимини бажарган. Кейинчалик газетада мухбир, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб меҳнат қилди.

Акромжон Бобоев 2011-2013 йилларда таҳририят ишидан ажралмаган ҳолда Ўш шаҳридаги Юсуф Хос Ҳожиб Боласоғуний номли 51-ўрта мактабда тарих ва одобнома фанидан ўқувчиларга дарс берган. 2016 йилнинг ўзида «Умр ғанимат» ва «Буни ҳаёт дейдилар…» номли икки китоби нашрдан чиққан. 2018 йилда учинчи китоби «Беш кунлик дунё» олам юзини кўрди.

Журналистика соҳасида самарали меҳнатлари учун  Қирғизистон ҳукумати ва Ўш вилояти раҳбариятининг, илмий муассасаларнинг фахрий ёрлиқларига сазовор бўлган. Қирғизистон Республикаси Маданият аълочиси, Миллий Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Қуйида ижодкорнинг янги шеърларини Сиз азизларга ҳавола этамиз.

БАҒИШЛОВ

Қирғиз-ўзбек азалдан қондош,

Дастурхонда бирга ейди ош.

Аҳилликда барака бисёр,

Ёв бўлмасин бир-бирига зинҳор.

 

Президентим Садир Жапаров,

Ўзгаришлар қилди ажойиб.

Ўқитувчи ҳамда шифокор,

Маошидан энди қилмас ор.

 

Ислоҳотлар олиб бормоқда,

Кузатганлар тан олишмоқда.

Яшасин деб элим фаровон,

Чиқаряпти шу ҳақда фармон.

 

Бу юрт асл жаннатнинг ўзи,

Ёлғон эмас шоирнинг сўзи.

Дунёни кез, йўқ бундай макон,

Қўмиз куйлар қилмасдан армон.

 

Қирғиз қимизин мириқиб,

Ичган келар яна интиқиб.

Дори-дармон шифо бунда бор,

Саломатлик сизга бўлсин ёр.

 

Мирзиёев Шавкат Миромон,

Эл бахтига бўлсин соғ-омон.

Икки халқни дўст қилиб илдам,

Олға босиб ташладиз қадам.

 

Чегарани очиб эл учун,

Сарф қилиб дўстона кучин.

Икки элга кўрсатиб ҳиммат,

Қилаяпсиз тинимсиз меҳнат.

 

Келажаги буюк давлатсан,

Ўрта Осиёга савлатсан.

Ўзбекистон номинг улуғвор,

Мақтовларга бўлган сазовор.

 

Қирғизнинг бошидаги оқ қалпоғи,

Кўнгли ҳам шу қалпоғдек оппоқ.

Ўзбек кийиб дўппи бошига,

Чақиради палов-ошига.

 

Ўзбек-қирғиз эт билан тирноқ,

Яшайверсин бўлишиб иноқ.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро,

Сафар қилсак кўнгилда оро.

 

Бишкек, Жалолобод ҳамда Ўш,

Барчасида диллар бўлар хуш.

Тоза ҳаво, тоза сув бисёр,

Бундай юртни топмайсиз зинҳор.

 

Осмонўпар тоғлар сенда бор,

Арчазорлар ҳамиша баҳор.

Сени кўрган топади ҳузур,

Сайёҳларга бўласан манзур.

 

Дунё кезинг, йўқ бундай макон,

Бекор эмас бу жаннатмакон.

Ёмон кўздан асрасин Оллоҳ,

Ўзи бўлсин бизларга паноҳ.

 

Қанча сўзлай сўзим тугамас,

Қўмизим чалиб сира чарчамас.

Дўстлигимиз бўлсин абадий,

Шу дўстликдир азал азалий.

 

Ўзбек-қирғиз бўлсин соғ-омон,

Бир-бирини дардига дармон.

Дўстлик куйин чалай ҳар замон,

Бу икки юрт чин жаннатмакон

 

 

ҚИРҒИЗИСТОНИМ

 

Ота маконим, Қирғизистоним,

Она Ватаним, боғу бўстоним.

Сен менинг фахрим, ҳам ифтихорим,

Сен менинг юксак, шарафим шоним.

Гулла-яшна, ҳур Қирғизистоним!

 

Табиати сўлим, гўзал хушҳаво,

Шодликларга тўлсин қувноқ шўх наво.

Донғи кетган қимизинг қалбларга даво,

Зилолдир сувларинг, дардларга шифо.

Гулла-яшна, ҳур Қирғизистоним!

 

Менман сенинг азиз, асил фарзандинг,

Фарзандларинг ичра битта дилбандинг.

Эзгу ишларда бўлди пайвандинг,

Шуҳрату шонлардан кўтаргин қаддинг.

Гулла-яшна, ҳур Қирғизистоним!

 

Саксондан ортиқ миллатга макон,

Саховатлилар топади имкон.

Баралла акс-садо беради иймон,

Сен мен учун ҳеч, туганмас достон.

Гулла-яшна, ҳур Қирғизистоним!

 

 

Баҳор кетолмас шу тоғларингдан,

Қорлар кетолмас алп тоғларингдан.

Сувлар тўхтамас шўх сойларингдан,

Садағанг кетай ҳар жойларингдан.

Гулла-яшна, ҳур Қирғизистоним!

 

Сенда яшаб ўтган зўр алломалар,

Битиб кетишгандир кўплаб номалар.

Ҳурмат топган бобо ҳамда момолар,

Қўлларим очиб, қилай дуолар.

Гулла-яшна, ҳур Қирғизистоним!

 

Сенга ашъорлар ёзайин бугун,

Илҳомим кетма, асло туну-кун.

Барчамиз учун муқаддас замин,

Оллоҳ,Ўзинг асра, илоҳо, омин.

Омон бўлгин азиз Қирғизистоним,

Гулла-яшна, ҳур Қирғизистоним!

**

УМР ҒАНИМАТ

Бу ҳаётда гоҳ ютқазиб, гоҳ ютиб,

Қўлимдан келганича яшамоқдаман.

Дориломон кунлар келишин кутиб,

Поклик манзилига кўз тикмоқдаман.

 

Умрим қанча қолди, ўзингга аён,

Ном-нишонсиз кетиш қанчалар уят.

Қилган ишларимни гар қилсам баён,

Гуноҳларим кечса, Оллоҳим шояд.

 

Армон тўла экан дунё ишлари,

Хақиқат бормикан, ета олмайман.

Қайрилган зулмнинг ўткир тишлари,

Қадримни излайман, топа олмайман.

 

Оллоҳим умримни қилгин зиёда,

Савоб иш қилишга топайин фурсат,

Самода эмас, юрай пиёда.

Бебахо гавҳарим-умрим ғанимат.

 

Берган кунларинга шукур айтайин,

Қилар ишларим кўп, бер яна имкон.

Дунёда покланиб сенга қайтайин,

Мангу саодатга етказсин имон.

 

БИЛСАНГИЗ…

Кулиб турар  ташингиз,

Лекин йиғлар ичингиз.

Сезмайди деманг мени,

Келиб турар ғашингиз.

 

Сохтадир кўп гапингиз,

Ёлғон бўлса айтингиз.

Кўришгингиз келмайди,

Узатилмас  қўлингиз.

 

Иши тушса қадрдон,

Маслаҳатгўй, билимдон.

Ҳийлагарсиз, муғомбир,

Билмайди деманг ҳеч он,

 

Бунча совуқ сўзингиз,

Айтиб турар кўзингиз,

Бу ҳолда жабр тортган,

Бўлар фақат  ўзингиз.

 

Кулиб биздай соддадан,

Айтиб қатор «модда»дан.

Билмайди деманг зинҳор,

Зўрмисиз биз домладан.

 

Кимлигингиз билинди,

Юрагим кўп тилинди.

Эгамдан сўраб инсоф,

Акромжон шуни илинди.

 

СИЗДАН КЎНГЛИМ ҚОЛМОҚДА

 

Саломлашсам, очилмайди бағрингиз,

Ширин калом йўқдир, оқар захрингиз.

Ҳеч тугамас сизни менга қаҳрингиз,

Айтинг недир  ўзи мақсад-аҳдингиз.

Афсус,  мени сиздан  кўнглим қолмоқа.

 

Меҳрим чопар эди доим сиз томон,

Озорлардан бўлди, аҳволим ёмон.

Мени тушунасиз айтинг қай  замон,

Юракда яшайди жуда кўп армон.

Афсус, мени сиздан кўнглим қолмоқда.

 

Дўстликка етишмоқлик оғир заҳмат,

Лекин одат бўлди сиз учун ғийбат.

Гуноҳдан қўрқмайсиз, келтирар кулфат,

Менда эса тугаб бормоқда тоқат.

Афсус, мени сиздан кўнглим қолмоқда.

 

Гоҳ унутиб, гоҳо, излаб қоласиз,

Керак бўлганимда сизлаб қоласиз.

Ташвишларим бўлса, билмай қоласиз,

Ўз дардингиз бўлса тўкиб соласиз.

Афсус, мени сиздан кўнглим қолмоқда.

 

Мен сизга берардим қанчалар баҳо,

Ўзгалар ичида эдингиз танҳо.

Буни кутмагандим сиздан мутлақо,

Менданми, сизданми ўтяпти хато.

Афсус,мени сиздан кўнглим қолмоқда

 

Ўша яхши кунлар келишин ўйлаб,

Акромжон нияти покликни кўзлаб.

Соғинганда эса сиз томон бўйлаб,

Яшайди ҳамиша яхшилик сўзлаб.

Афсус, мени сиздан кўнглим қолмоқда.

 

СОХТА ЭКАН ДЎСТЛИГИНГ…

 

Кўрсатарсан ўзингни “кузур”,

Кибрдан сен оласан ҳузур,

Ғийбатдан сўнг айтасан узр,

Сохта экан дўстлигинг билсам.

 

Дўстимсан сен, дердинг ягона,

Мени дебсан шоир девона,

Сени дейман энди бегона,

Сохта экан дўстлигинг, билсам.

 

Дўстлигимиз бўлди бефойда,

Дўстиман деб айтма ҳар жойда,

Кўргим келмас сени ҳеч онда,

Сохта экан дўстлигинг, билсам.

 

Адашаркан бу қалб, бу юрак,

Аллоҳ учун дўст тутиш керак,

Яхши ёмон кунларда тиргак,

Сохта экан дўстлигинг, билсам.