Қизиқчилик қадимдан ривожланган сўз санъати ҳисобланади. Бу соҳада юртимизда топқирлиги-ю ҳозиржавоблиги билан эл кўнглидан жой олган санъаткорлар кўп.
Саъди Махсум, Акабухор Зокиров, Юсуфжон Қизиқ Шакаржонов, Охунжон қизиқ, Зокиргов, Зокир Эшон, Абдулҳай махсум Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошев, Муҳиддин Дарвеш, Рустам Ҳамроқулов, ва Ҳожибой Тожибоевлар қизиқчиликда мактаб яратган атоқли сўз усталаридир. Кейинчалик ҳам ушбу санъат тури ривожланишдан тўхтаб қолгани йўқ. Бир қатор таниқли қизиқчилар якка ва гуруҳ тарзида ижод қилишди ва қилишмоқда.
Бугун ўз мухлисларига эга бўлган ана шундай маҳоратли сўз усталаридан Ўшлик Карим қизиқ ижоди ва фаолиятига тўхталамиз.
Қизиқчи, комик актёр, хушовоз хонанда Каримжон Ўринов 1934 йил Ўшнинг Шайхлар гузари маҳалласида туғилган. Махалласида жойлашган Калинин номли ўрта мактабида таълим олган. Унинг болалик чоғлари уруш ва ундан кейинги оғир йилларига тўғри келди. Ўша вақтда «Союзплодоовош» деб аталган корхонада ёғоч бочка йиғновчи бўлиб ишлади.
Каримжоннинг мусиқавий иқтидори ўсмирлик чоғлари намоён бўлган.
Ҳарбий хизматдан қайтгач, 1954 йили С.М.Киров (ҳозирги Бобур) номли Ўш ўзбек мусиқали драма театрига ишга кирди.
Дастлаб сахна ёритувчиси бўлиб ишлади. Кўп ўтмай мустақил актёр сифатида саҳнага чиқа бошлади. Театрнинг бош дирижёри Зиёмиддин Шокиров ва режиссёр Салоҳиддин Умаровлар Каримжоннинг истеьдодидан хабар топиб, уни профессионал саньаткор даражасига кўтаришда катта мехнат қилдилар. Каримжоннинг яхшигина ёкимли овози хам бор эди. У концерт дастурида қизиқчилик қилишдан ташқари мусиқали драмаларда роль ҳам ижро эта бошлади.
Каримжон Ўринов «Равшан ва Зулхумор» мусиқали драмасида Равшан, Эрсак, «Орзигул»да Толмас, «Жон қизлар»да рассом, «Куйдирмаган кундош»да Садир , «Ёшликда берган кунгил»да Мирзажон каби ўнлаб эсда қоларли образлар яратди. Унинг ноёб истеьдоди ўлка бўйлаб шухрат қозонди, кинорежиссёрлар уни яратилажак фильмларида роллар уйнашга таклиф қила бошладилар. Карим ака «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган «Водиллик келин», «Галатепалик авлиё», «Қирғизфильм» киностудиясида суратга олинган «Пистирма» бадиий фильмларидаги хаяжонли, шунингдек дилларни яйратувчи қувноқ роллари тарихда қолгани қалбимизда таскин беради.
Фарғона водийсидагина эмас, бутун Марказий Осиё республикаларида Карим қизиқ номи билан шухрат қозонишида Карим аканинг концерт репертуаридаги хажвия қўшиқлари, пародиялари, турли жониворларга тақлиди, хозиржавоб, ўткир лутфи бош мезон бўлди. Карим ака театр жамоаси гастролларининг доимий иштирокчиси эди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистоннинг деярли барча вилоятларидаги, Санкт-Петербург, Тошкент, Бишкек шаҳарларида ўтказилган гастрол сафарларининг муваффақияти кўпинча Карим қизиқ билан боғлиқ бўлди.
Қирғизистон халқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғафуровнинг 2000 йида нашр қилинган “Ўшнинг оқил фарзандлари” китобида Карим қизиқ ҳақида хотираларни эълон қилган. Ўша эсдаликларидан иккитасини келтириб ўтсак:
– Ёдимда, бундан ўн беш йил аввал театрининг Тожикистондаги гастроллари пахта терими арафасига тўғри келган эди Лекин колхоз раисининг хаёли паришон. Шу куни «Қизил карвон» қилиб карнай-сурнай билан қабул пунктига дастлабки пахта тантанали топширилиши керак. Аммо яқин атрофдан карнайчи ҳам, сурнайчи хам топилмади. Бундан хабар топган Каримжон раис хузурига кириб келди.
– Хотиржам бўлинг, раис, – деди у. – Карнайчи ҳам, сурнайчи ҳам келди. Нима хизмат буюрасиз?
– Кани улар? – хурсанд бўлди раис.
– Мана, хузурингизда турибди, – ўрнидан туриб, ўзига ишора қилди Каримжон. Раисни ишонтириш учун қўлини оғзига карнай қилиб ҳунарини кўрсатди. Хона ичи карнай-сурнай садоларига тўлиб кетди. Ўша куни «Қизил карвон» тантанавор ўтказилди. Карнайсиз карнай, сурнайсиз сурнай садолари янграганига ҳамма ҳайрон бўлди.
…Аэропортда одам кўп. Рейс эълон қилинди. Перронга ўтмоқчи бўлганлар тирбанд. Каримжон қараса, бир қўлида гўдаги, иккинчи кўлида энди йўлга кирган қизчаси ва тугунлари билан бир аёл энг орқада турибди. Шошилаётган йўловчилар аёлга йўл беришни хаёлларига хам келтиришмайди. Шунда Каримжон ўз санъатини ишга солди. Кутилмаганда «фиш-фиш-фш, фш… Ту-ууу!!!» дея «ЯК-40» самолётининг овози эшитилди. Йўловчилар чўчиб орқага тисарилдилар. Каримжон фурсатдан фойдаланиб, болалик аёлни олдинга ўтказиб юборди. Йўловчилар ҳам хандон урдилар, ҳам Каримжонга хайрли иши учун раҳмат айтдилар”.
Халқ қизиқчилари азалдан кишиларга ором ва завқ бағишлабгина қолмай, кулги кучини хайрли ишга қаратганлар. Каримжон Ўринов ҳам халқ қизиқчилари аньанасини давом эттириб, ҳамиша одамларни яхшиликка, самимиятга ундади,қизиқчилик санъатини ана шунга сарфлади.
Маҳоратли сўз устаси Каримжон Ўринов 1985 йил 25 апрелда Ўшда вафот этган.
Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун