Олинган маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Ўш шаҳри Черемушки микрорайонидаги Сема Турк лицейи ва Партсъезд кўчасида 10 қаватли турар-жой биноси қурилиши тугалланмоқда. Маълум бўлишича, аввалроқ 2011-2013 йилларда Ўш шаҳри ҳукумати гўёки Черемушки микрорайони ер плитасининг тектоник ёриғида жойлашгани, бу эса Қирғизистон каби сейсмик фаол ҳудуд учун жуда хавфли ҳисобланишини айтиб кўп марта баёнот берган. Маҳаллий ҳукумат кўрсатмасига кўра, бир қанча махсус телекўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатилган. Уларда Черемушки микрорайони тектоник ёриқда жойлашгани учун асосан ўзбек аҳолисидан иборат маҳаллий яшовчиларга ўз уйларини зудлик билан тарк этиш зарурлиги айтилган. Маҳаллий газеталарда ҳам маҳаллий аҳолини шундай йўл тутишга ундовчи тарғибот материаллари тайёрланиб чоп этилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маҳаллий бўлими вакиллари Черемушки микрорайонидаги маҳаллий аҳолига сейсмик фаол ҳудудлар хавфи ҳақида худди шундай кўрсатмалар бериб, уларни яқинда жойлашган Ўттиз-Адир Олмалиқ қишлоғига кўчиб ўтишга чақирган.
Маҳаллий ўзбек аҳолисини зудлик билан ўз уйларидан кўчиб кетишга чақирувчи расмий тарғибот билан параллел равишда ўша даврда этник ўзбекларга қарши маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари, қирғиз аҳолисининг миллатчилик гуруҳлари тарғибот ва сиқувлари кучайиб борди. Маҳаллий ўзбек ёшлари иғво ва ноқонуний ҳибслардан хавфсираб, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Европа мамлакатларига чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Бугунда Ўш шаҳри ҳукумати Черемушки микрорайонидаги кўп қаватли уйлар қурилишини якунламоқда (ушбу материалга илова қилинган расмларга қаранг). Ушбу уйлар шаҳар ҳукумати тектоник ёриқда жойлашгани учун сейсмик ўта хавфли экани ҳақида бонг урилган худди ўша ҳудудда қурилмоқда. Шунга боғлиқ равишда қатор саволлар пайдо бўлади: Тектоник ёриқ устига қандай қилиб бинолар, устига-устак, турар- жой уйлари қуриш мумкин? Бу қурилишга ким рухсат берди? Сейсмик хавф-хатар туфайли ушбу ҳудуддаги ўзбек аҳолисини зудлик билан ўз уйларини тарк этишга кўндирган ҳамма — ФВВ вакилларию шаҳар лойиҳалаштириш бошқармаси экспертлари энди қаёқда қолди? Ким, қандай қилиб ва қайси усулларга асосланиб Черемушки микрорайони остида ер плитасининг тектоник ёриғи мавжудлигини аниқлаган ёки ушбу баёнотларнинг барчаси маҳаллий ўзбек аҳолисини ўз уйларидан кўчиб кетишга мажбурлаш учун шаҳар ҳукумати томонидан ўз вақтида махсус тўқиб чиқарилганмиди? Қурилаётган кўп қаватли биноларга яқин жойлашган уйларда кўплаб оилалар истиқомат
қилади. Зилзила рўй берса ёки ер остида мавжудлиги иддао қилинган тектоник плиталар силжигудек бўлса, ушбу янги бинолар уларнинг бошига қулаб тушади. Эндиликда нима рост-у, нима ёлғонлигини тушуниш ҳам қийин. Ёки бу айирмачилик кайфиятидаги маҳаллий ҳукуматнинг шаҳарни ўзбек аҳолисидан тозалаш учун навбатдаги акциясига айландими? Ҳозирги вақтда Черемушки микрорайонининг ўзбек аҳолиси яна сейсмик хавф ҳақида огоҳлантириш ва ўз уйларидан кўчиб кетиш ҳақида таклифлар ола бошлади. Маҳаллий амалдорлар шаҳарнинг янги бош лойиҳасига мувофиқ микрорайондаги хусусий уйлар барибир тез орада бузилиб ташланишига шаъма қилиб, бу билан маҳаллий аҳоли манфаати кўзланганини айтмоқда. Ҳали вақт борлигида (!) ўз уйидан кўчиб кетганга нима етсин қабилида. Қайд қилиш керакки, бу каби огоҳлантиришлар расмий тусга эга эмас. Амалдорлар огоҳлантириш чоғида ҳеч қандай расмий ҳужжат кўрсатмаяпти.
Деярли ўзбек аҳолиси яшовчи Ўш шаҳри марказидаги Черемушки микрорайони 2010 йил июндаги фожиавий воқеалар жараёнида қаттиқ талафотлар кўрди. Бу ерда 283 уй вайрон қилинди. Июнь воқеаларидан сўнг ўша пайтдаги мэр, ашаддий миллатчи Мелисбек Мырзакматов бошчилигидаги Ўш шаҳри ҳукумати ўзбек аҳолиси зич яшовчи микрорайонларни тиклаш жараёнига тиш-тирноғи билан қаршилик қилишди. Бунга рўкач қилинган сабаб ҳам ноёб. Пировард мақсад узоқ ўтмишда ишлаб чиқилган, бироқ 1978 йилдаёқ музлатиб қўйилган шаҳар бош лойиҳасини рўёбга чиқариш экан. Шаҳар ҳукуматининг сўзларига кўра, ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмаган ва бу ҳақда маҳаллий ўзбек аҳолиси билан ҳеч ким муҳокама қилмаган бош лойиҳада шаҳарнинг ўзбек микрорайонларидаги хусусий уйлар бузиб ташланиши ва уларнинг аҳолисини шаҳар ташқарисида уй-жой қуриш учун ажратилган махсус ерларга кўчириш назарда тутилган. Мэр Мырзакматов ҳокимият тепасидан кетди, лекин унинг Ўш шаҳридаги ўзбек микрорайонларини бузиб ташлаш бўйича миллатчилик ғояси ҳали-ҳануз яшаб келмоқда.
Шаҳар ҳукумати уйи бузиладиган аҳолига янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан квартиралар берилишини ваъда қилмоқда. Бош лойиҳа тарафдорлари ниятига кўра, шаҳардаги ўзбек микрорайонлари ўрнида этник аралаш мавзелар вужудга келади. Бу эса қирғиз ва ўзбек аҳолиси ўртасидаги кескинликни пасайтиришга имкон беради. Бироқ бу йўсиндаги ҳаракатлар амалий натижа келтирмаяпти. Кузатишлар кўрсатишича, фойдаланишга топширилган дастлабки кўп қаватли турар-жойларга асосан қирғиз аҳолиси вакиллари жойлашмоқда, ҳолбуки 2010 йилги июнь воқеаларида жабрланганларнинг аксариятини ўзбек аҳолиси вакиллари ташкил этади.
Ўзбек микрорайонларида яшовчи аҳолининг аксариятида хусусий мулкчилик ҳақида ҳужжатларнинг йўқлиги ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда. Чунки айрим уйлар учун мулкчилик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳеч қачон бўлмаган. Кўплаб уй эгалари эса июнь воқеаларидаги вайронгарчилик ва ёнғинлар вақтида ҳужжатлардан маҳрум бўлган. Ўш шаҳрида вайрон қилинган ўзбек хонадонларининг мулкчилик хукукини тиклаш жараёни тегишли идоралар томонидан жуда секинлик билан амалга оширилмокда. Қирғизистон жанубидаги ўзбек аҳолиси орасида 2010 йилги фожиавий июнь воқеаларидан мерос қолган қўрқув ва хавотир ҳисси, афсуски, ҳали-ҳануз барҳам топмади.