ГУЛЛАРГА АЛДАНИБ, ТИКОНЛАРГА МЕҲР ҚЎЙГАН ЙИГИТ

Кеча Ўшдаги 46-ўрта мактабда ёш шоир Раҳимжон Али билан адабий учрашув ўтказилди. Ўқувчилар шоир шеърларидан ёд айтишди. Мактаб кутубхоначиси Манзурахон Алимова уюштирган тадбир аввалида Раҳимжон Али ижоди ҳақида видеоролик намойиш қилинди. Сўнг шоир ўқувчиларга ўз ижодий фаолияти ҳақида сўзлаб берди, ёш китобхонларга тўғри ва чиройли ёзишни ўрганиш, кўп китоб ўқиш зарурлиги ҳақида айтди. Улуғ инсонлар ҳар йили 100тадан 300тагача китоб ўқишини эслатиб ўтди ва ўз шеърларидан ўқиб таҳлил қилиб берди.

Ўқувчиларнинг турли саволларга шоирнинг жавоблари ҳам чиройли бўлди. “Учрашув биз кутгандан ҳам чиройли, мазмунли ўтди”, – дейди тадбир уюштирувчиси Манзурахон Алимова.

Ёш шоир бир неча кун аввал, шаҳардаги академик Ҳабиб Абдуллаев номидаги 41-ўрта мактабда ўтган ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг навбатдаги семинарида қатнашиб, ўқитувчилар билан мулоқот қилган эди.

“Семинардан кейин ўқувчилар ижодкор шеърларини ёд олиб, жонли мулоқотда бўлганлиги нур устига нур бўлди, – дейди Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Илтифотхон Отахонова. – Бадиий савияси паст бўлган китоблар орасидан Раҳимжон Алидек гавҳарларини териб, ажратиб олиш жуда муҳим. Китобни ўқишдан аввал унинг муаллифини, асарнинг салмоғини текшириб бериш муаллимларнинг доимий вазифасидир”.

Шоир, ношир ва журналист Раҳимжон Али 1993 йилнинг 25 январида Ўш вилояти, Қорасув туманидаги Қизилмеҳнат қишлоғида меҳнаткаш оилада дунёга келган. Шоирнинг илк шеъри вилоят «Ўш садоси» газетасида 2004 йилда чоп этилган. Раҳимжон “Қизилмеҳнат” номли ўрта мактабни 2010 йилда тамомлаган. Ўқувчилик йилларида таниқли шоир, актёр ва режиссёр Ғанижон Холматовнинг шогирдлари қаторидан ўрин олган. 2007-2010 йиллари «Ахборот» газетасида мухбир бўлиб ишлаган. Шеърлари маҳаллий матбуотда тўхтовсиз чоп этилиб турган. Ўш давлат университетининг жаҳон тиллари факультетини тамомлаган. 2012-2018 йилларда «Ўш садоси» рўзномасида мухбир ва «Интимақ» ТВ каналида диктор бўлиб ишлаган.

Шоирнинг «Икки жаҳон қуёши. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гўзал мақтовлар» номли илк китоби устоз Тоҳир Малик сўзбошиси билан 2015 йилда чоп этилган. Гарчи мактаб ёшидан анчагина шеърлари билан танилиб улгурган бўлса-да, шоир китоб чиқаришга шошилмади. 2017 йилда биринчи шеърий тўплами – «Озод қушлар» чоп этилди.

2019 йили эса «Шамс» номли хусусий нашриётини таъсис этиб, «Сунани Термизий»даги барча ҳадисларни, Имом Суютийнинг «Қуръон энциклопедияси» номли 2 жилдли китобларини таржима қилиб чоп эттирди.

Раҳимжон Али – чин маънода яхши шоир, моҳир ижодкор:

 

Гуллар алдаб қўяди бизни,

Жилоси-ю, ифори билан.

Ишонтиргач –

сўлиб, қовжираб

Ташлаб кетар озори билан.

 

Раҳимжон ўша алдоқчи гуллардан кўра тиконларни афзал билади:

 

Шунинг учун айёр гуллардан,

Мард тиконлар ёқади менга!

 

Шоир номаълум йўлаклар аро ўзини тинмай қидираётган йўловчига ўхшайди. У ўз шеърларини сизу менга эмас, аввало ўзига қарата ёзади:

 

ЎЗИМГА

Куч керак –

Ғафлат мозоридан тирилмоқ учун,

Маккор туйғулардан сурилмоқ учун,

Юракни лаҳаддан суғурмоқ учун –

Куч керак…

 

Шоир ушбу шеърини 41-ўрта мактабда ўтган семинарда ўқиб берганда, ўқитувчилар уни баҳолиқудрат таҳлил қилдилар.

 

Титрадингми бирор самовий нурдан?

Руҳинг бўронида сайр этдингми зум?

Ортиқ шивирлама,

ортиқ сўзлама,

Ҳозир мен осмонга йиқилиб тушгум.

 

“Самовий нурдан титрамоқ тасаввуф илмида қол ва ҳол илмидан дарак беради. Тасаввуфда одамлар икки гуруҳга ажратилади. Бири – қол илми, иккинчиси – ҳол илми. Қол аҳли дунёга боғланган, даъво ва оғзаки фикр мулоҳазаларга таяниб кун ўтказувчи кимсалар. Ҳол аҳли эса ишқ ва маъно соҳибларидир. Ҳол илмидан фано ҳосил бўлиши ва бу натижа фано аҳли учун давлат эканлиги тиниқ ифода топган юқоридаги сатрда. Қачонки киши ҳайрат туйнугидан нур кираётганини сезсагина, ўзлигини топиб олсагина тўхтайди. Унга сўз керакмас, сўзламоққа ҳожат йўқ”.

Шоирнинг эътироф этишича, “дунё ташвишлари билан банд инсоннинг ҳаётида ИШҚ тубдан бурилиш ясайди. Аввал у ҳайрат саҳросида ёлғиз юриб, ўз ҳақиқатини излайди. Ҳайрат эса ишқнинг бир лаҳча чўғидан ҳосил бўлиб, ошиқ қалбини куйдира бошлайди. Унинг ботинида ўрнашиб ётган кибр, ғурур, ҳасад, кин, адоват, қаҳр, гумроҳлик каби ўнлаб иллатлар ўз давосини топа бошлайди”. “Унинг бу мажнунвор кайфияти ўзгаларда таажжуб уйғотади. Ўша ўзгалардан келаётган таъна, маломат тошларини ҳам у ўзига давлат дея қабул қилади”, – дейди шоир Раҳимжон Али.

Шоирнинг эътиқодича, “отилаётган бу тошларни гўдакларнинг билиб‑билмай етказган азиятлари каби осонгина кечира олишида ҳам ҳикмат бор. Сабаби, у аллақачонлар ўз ҳақиқатини, ўзлигини топиб улгурган, дили покланган – комил инсон. Шунинг учун ломакондан жой олган фано аҳлига ўзгалар томонидан тинимсиз таъна тошлари отилаверади”. “Жойнамоз устида маърифат шаробини тутқизгинки, руҳ банди бўлган занжирлардан қутулай”, дейди ёш адиб:

 

Руҳим банди бўлган занжирларни еч,

Жойнамоз устида тутқазгин шароб!

Дарддан бўзаражак ҳолимга боққин

Хароб,

     Хароб,

          Хароб!

 

Жалолиддин Румийнинг шундай сўзлари бор: “Сенинг руҳинг енгил қушми ёки қафасингда тўнғиз боқдингми? Дунё жилвасига алданиб, нафс ботқоғига ботган кимсаларнинг жонлари тана аталмиш қафасдадир. Магарам нафсини енгиб, тинимсиз унга назоратни кучайтириб борган комил инсон руҳи қушдек енгил тарзда Арши аъло уча олади”.

 

Қоясин синдирган бургутлар ўлди,

Толеъин излаган Ҳумо — саросар.

Маҳшар қаторида ўрнин йўқотган

Фақат мен дарбадар, сен ҳам дарбадар!

 

Ўзини, ўзлигини излаган дарбадар лирик қаҳрамон интиҳо томон эмас, унинг терсига қараб юрмоқ истайди. Дунё унинг кўзига хароб кўрингани ила, сохта дарвешларнинг ҳам ҳисоб куни муқаррарлигини эслатади:

 

Нега ибтидода чалинмаган сур?

Нега қўлларимда эскиган китоб?

Йўлимда юнг тутган сохта дарвешлар:

“Ҳисоб!”

     “Ҳисоб!”

          “Ҳисоб!”

 

Лирик қаҳрамон ҳали осмонга йиқилиб улгурмаган. Қиёматнинг дарчаларидан самум шамолларини кўксига жойлаган дарвеш бу дунёда савобу-гуноҳларининг натижаси ўлароқ аъроф деворларидан жаннат ва дўзах жазбасини кўради. Олов каби куйдирувчи самум жаҳаннам иссиғини ҳам англатади. Қуръони каримда: “Чап томон эгалари… Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахсизлик)дир! (Улар дўзахда тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида” (“Воқеа”, 41-42 оятлар, Алоуддин Мансур тафсири), дейилган.

 

Йиртилган Қиёмат дарчаларидан,

Самум шамолларин кўксимга тердим.

Аро қолган Аъроф деворларидан,

Ҳар икки манзилнинг жазбасин кўрдим!

 

Жаннат ва дўзах орасини ажратиб турувчи девор «Аъроф» дейилади. Қуръони каримнинг еттинчи сураси шундай номланган. Унда Оллоҳнинг ваҳдонияти, тирилиш ва жазонинг ҳақлиги, ваҳий ва пайғамбарлик, Қиёмат куни масалалари ҳам назарда тутилган. Аҳли жаннат ва аҳли дўзахдан ташқари қилган яхшилик ва ёмонликлари баравар бўлган учинчи тоифа ҳам бўлиб, улар «Аъроф» эгаларидир. Қиёмат куни улар аъроф девори устида Оллоҳ ўзларини жаннат ёки дўзахга ҳукм қилишини кутиб туришади.

 

Қолмади саволлар, қолмади сўзлар,

Қолгани – дунёдек жилвагар сароб.

Умрим интиҳомас, ибтидо томон –

Тавоф,

     Тавоф,

          Тавоф!

Айтгин, титрадингми самовий нурдан?!”

 

Муаллиф шеърларида шеърий ташбеҳларнинг ўринли қўлланилиши шеърга бадиий безак бериб, мазмунга салмоқ қўшади. Сўзларнинг уч карра такрорланиши ҳам ўқувчи қалбини ларзага солади.

Биз юқорида Раҳимжон Алининг биргина шеърига назар ташладик, холос. Келгусида шоир ижодини кенгроқ ўрганиш ва тадбиқ этиш биз, адабиётшуносларнинг муҳим вазифаларимиздандир.

Расмлар муаллифники

Таҳририятдан: истеъдодли шоир Раҳимжон Алининг айрим шеърлари яқинда Тошкентда, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти ташаббуси билан, “Ватандошлар” жамоат фонди ҳомийлигида нашр этилган “Қирғизистон ўзбек адабиёти антологияси”га ҳам киритилди. Мустақиллик даврининг дастлабки йиллари бизда ўзбек ижодкорлари фаолияти бироз сусайгандек бўлди. Лекин “Оққан дарё оқаверади”,  дейилганидек, бу ажиб маскандаги шоир ва ёзувчилар илҳоми қайтадан жўш уриб, янги-янги номлар пайдо бўляпти, ўзбек адабий муҳити яна жилваланиб, бойиб боряпти.

Ана шу жозибали овозларга жўр бўлиб, ижоднинг тиконли сўқмоқларида ишонч билан қадам ташлаётган Раҳимжон Алига муваффақиятлар тилаймиз!

 

Барно Исоқова,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори