ТЕСКАРИ ТАЛОШ

Бизнинг қадимий Ўзган шаҳримиз икки қисмга бўлинган бўлиб, улар баландки ва пастки Ўзган деб аталади. Шунинг учун бири-бириникига бориб-келганлар «бориб келдик» демай, «тушиб чиқдик» ёки «чиқиб-тушдик» деб сўзлашади.

Чамаси  ўтган асрнинг охирги йиллари бўлса керак, биз  дадам ва укаларим билан пастки Ўзганнинг «Эски Кулол»

маҳалласида яшовчи дадамнинг жияни Муҳаммадкарим акамникига тўйга тушдик. Тўйда маҳалла оқсоқоллари билан бирга ўтирдик. Ёшлари 90 дан ошган бир нуроний оқсоқол насабимизни сўраб қолди. Мен «Иминжон хожининг невараси, Турсунбойнинг ўғли бўламан,» дедим. Шунда оқсоқол: «Ээ, сен ҳали Иминжон хожи овам (амаки)нинг зурриёти , Сижойиддин акамнинг ўғли Турсунмуҳаммаднинг ўғлимисан?» деб ўрнидан туриб, мен билан қучоқ очиб қайта кўришди. Сенинг аждодларинг  худо раҳмати  инсонлардан эди. Сенга улар ҳақида бир воқеани айтиб бермасам бўлмайди деб хотирлаб сўзлай бошлади.

Ўша пайтлар аҳоли уйлари орасида баланд деворлар бўлмасди, номигагина четан қашаға қилиб қўйилар эди. Қўй, сигир, товуқлар бир-биримизнинг ҳовлимизга ўтлаб кириб кетар эди. Сени отанг Турсунмуҳаммад 1929 йилларида 5-6 ёшлар чамасида бўлса керак, оталарингнинг ҳовлисига кириб қолган бизнинг 2-3 ойлик бўзоғимизни ҳайдаш учун ўроқни отиб юбориб, бўзоғимизни ўлдириб қўяди. Кўчадан келиб бу воқеанинг гувоҳи бўлган сенинг оподаданг Сижойиддин акам оғилхонасида боқилиб ётган бир йиллик буқачани етаклаб чиқиб, бизнинг оғилхонага боғлаб қўяди.  Таҳорат олиб чиқиб бу воқеадан бохабар бўлган менинг дадамга, «Турсунмуҳаммад ўғлимни Аллоҳдан тилаб олганман, қарғаб қўйманг,» деб ялиниб ёлворади.Дадам Сижойиддин акамга кичик бўзоқнинг ўрнига 2 баробар катта буқачани бериб юборгани учун койиб кетди. «Сижойиддин нима, мени худодан бехабар деяпсанми? Қиёматли қўшни бўлсак, бу нима қилганинг? Тезда буқачангни олиб чиқиб кет, мен розиман, хафа бўлмайман, ўғлингни ҳам қарғамайман,» деб буқачани оғилхонадан олиб чиқиб, Сижойиддин акамга буқа боғланган ипни тутқазди. Оподаданг эса: «Йўқ, шу буқачани ўлган бўзоқнинг ўрнига оласиз, сизнинг кўнглингиз оғриб қолади, тилаб олган боламга зиён етмасин; агар олмасангиз, мен тинчлана олмайман,» деб отамга гоҳ ялиниб, гоҳ бақириб 2 баробар катта буқачани 2-3 ойлик бўзоқнинг ўрнига олишини илтимос қилишдан тўхтамади. Отам ҳам: «Эй Сижойиддин, тушунсангчи! Сен Аллоҳдан қўрқсанг, мен ҳам қўрқаман. Мен кичик бўзоқнинг ўрнига катта буқачани ола олмайман; мен Аллоҳ олдида қандай жавоб бераман,» деди. Бу можарони кузатиб турган элликбоши  Сижойиддин акам ҳам, отам ҳам сўзидан қайтмаслигига кўзи етди. Охири отам  элликбошини четга чақириб,  буқани қайтимига оғилхонада боқувда турган қўчқорни Сижойиддин акам олса рози бўлишини айтди. Элликбоши Сижойиддин акам билан бироз гаплашиб, кўнмаганига қўймай,  қайтимини ўрнига қўчқорни  олишга кўндириб, қўл олиштириб можарони битирган эдилар. Ўша пайтда мен 12 ёшлар чамасида эдим. 1929 йилларда бўлган воқеа эди. Бир ҳафта ўтмай, Сижойиддин акам ўша қўчқорни сўйиб, маҳалла аҳлига эҳсон қилиб, тилаб олган ўғли сени отанг Турсунмуҳаммадга ва ўғлини кечириб юборгани учун дадам ҳаққига ҳам дуо олган эдилар.

Мен ўша нуроний отахоннинг айтган воқеасидан кейин ўшандай самимий бировни ҳаққидан қўрқадиган замонда яшашга ҳавас қилиб кетдим. Тарихимизни кир, қора замон, халқимизни «туземцы» деб таҳқирлаганлари билан ўша замонда яшаганлар нақадар иймонга бой бўлган эканлар.

Оҳир оқибатда дадам дуолар таъсирида урушларда қатнашиб, Олмониягача бориб келиб халол меҳнат қилиб , 86 ёшида бомдод намозига таҳорат олиб, зикр қилиб ўтирган ҳолда чиройли тарзда бандачиликни адо этдилар. Аллоҳ раҳматига олсин.

Нима учун бу ҳикояни «Тескари талош» деб номладим? Мен кўп вақтлар архитектурада ишлаб, ер талош можароларининг кўпини кўрдим. Лекин бу можароларнинг деярли барчасида даъвогарлар ўзларига кўпроқ олиб қолиш учун ҳаракат қилиб, бир-бирини ҳақоратлаб, судлашишгача боришар эди. Улар ( иймони заифлар ) юқоридаги воқеаларни ўз назнида » Тескари талош, » – деб баҳолаган бўлар эди.

Мана, 33 йилдан ошди. 70 йилдан ортиқ давом этган коммунистик идеологияга асосланган давлат қулади. Давлат босимидан қутулган аксарият халқ ўзини моддиятга урди .

Тарихимизда акс этган диний ва маънавий қадриятлар четга чиқиб қолди. Одамлар ўртасидаги талаш-тортишувлар фақат ўз манфаати учун бўлиб қолди. Ҳатти

ҳаракатларимизда Оллоҳнинг розилигига эришиш муҳимлигини унутдик.

Деярли 100 йил аввалги иймон ва хулқ дурдонасини акс эттирган тарихий бу воқеани ёритишдан мақсадим — ота-боболаримиз қандай пок ва мартабаси улуғ инсонлар бўлганини кўрсатиш ҳамда жамиятда бировнинг ҳаққидан қўрқиш туйғусини уйғотиш эди.

 

Авазбек Турсунбоев

Алишер Навоий институти учун