Алишер Навоий Институтини ташкил этиш ғояси ақл бовар қилмас ўзаро нафрат ва яқинларига нисбатан ноинсоний шафқатсизлиги билан дунёни ларзага солган фожеа билан, жаҳоннинг турли бурчидаги инсонларга бевосита ёҳуд билвосита таъсир этган Ўш ва Жалолобод қирғини билан чамбарчас боғлиқдир. Том маънодаги тараққиёт асрига қадам қўйган, энг замонавий технологияларни ўз дастёрига айлантирган инсоният, энди тарихга айланган жаҳон урушлари ва бошқа кичикроқ муҳорабалардан сўнг, афтидан, барча гуноҳи азимларни кўнгилочар ўйин ускуналарининг ясси экранлари тасарруфига мутлақо топширгандек эди. Аммо жумбоқ шунда эканки, башарият тадрижидаги ҳар қандай навбатдаги босқич бизни шаксиз бошқа яна-да мураккаб таҳдидлар қаршисида ҳозир қилар экан.
Сайёрамизнинг энг улуғ қитъаси марказидан, яна ҳам аниқроғи, башарият тарихи ва маданиятининг жаҳонга ҳали тўкис очилиб улгурмаган ганжинаси ва, шунингдек, минерал заҳиралар ҳамда геосиёсий интилишларнинг ҳам мажмуаси бўлган Марказий Осиё юрагидан тарқалаётган ана шу таҳдидларнинг айримлари бизни, яъни ушбу кўнгилли уюшма муассисларини, эҳтимолки аввалги барча уринишлардан кўра аҳамиятлироқ бу тадбирга чоғлантирди. Тадбирдан мурод шуки, Ер куррасининг жилла қурса мана шу мўъжаз ўлкасида олий инсоний қадриятларга камарбаста хизмат этиш, ана шу қадриятларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлларини баҳамжиҳат излаш-изланиш. Илло, бу ўлка айни ҳаракатларга чоғланган ушбу кўнгиллилар ҳар бирининггина эмас, балки ва айниқса, шарқ Уйғониш даврининг беқиёс гуманисти ва улуғ мутафаккири ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳам киндик қони тўкилган юртдир.
Бугун бизнинг нигоҳларимиз йирик кўламдаги хатарлар ўчоғи бўлган, минтақавий барқарорликнинг энг заиф халқасига қаратилган. Бугун халқаро ҳамжамиятнинг жиддий ташвишларига сабаб бўлаётган бу юрт – Қирғизистон айни пайтда минтақанинг энг гўзал ва энг қашшоқ, энг эркин ва энг хатарли мамлакатига айланди. Бир маҳаллар “улуғ ва қудратли” СССР таркибига кирган ва тақдир тақозоси билан кутилмаганда мустақил мамлакат мақомига эга бўлган Қирғизистон қисқа давр ичида икки бора давлат тўнтариши ва катта сондаги қурбонлар, адоқсиз инсоний кулфатлар ва инқирозларга олиб келган инсониятга қарши даҳшатли жиноятлар саҳнасига айланди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таназзулга юз тутаётган бу мамлакатдаги воқеалар ривожи умумминтақавий хавфсизликка яққол таҳдид шаклини олмоқда. Айни пайтда барча фуқаролари ва келгуси авлодлар фаровонлиги йўлида мамлакатнинг бундан кейинги тараққиёти, сифатли давлат бошқаруви тушунчаларининг ўзи нафақат биргина Қирғизистон, балки бутун минтақа мисолида ҳам катта савол остида қолмоқда.
Бугун биз, Сизлар билан баҳамжиҳат, фаолиятимиз асосини ташкил этган кенгашув ва тавсиялар шаклида бўлса ҳам, айни шу таҳдидларга муносиб жавоб излашга бел боғламоқдамиз.
Ва агар ният ва ҳам фикр ҳар қандай моддийлашув жараёнининг ибтидосидир, дегувчилар ҳақ бўлсалар, ҳаракатга элтувчи йўлнинг қай бир нуқтасида қўним топган сўз – олижаноб мақсад йўлида қўшган бизнинг камтарин ҳиссамиз бўлажакдир.
Алишер Навоий Институти