19 декабрь куни Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида улуғ адиб Чинггиз Айтматов таваллудининг 96 йиллиги нишонланди. “Чинггиз Айтматовнинг адабий мероси, фалсафий ва сиёсий қарашларида замонлар ва маданиятлар уйғунлиги” деб номланган ушбу анжуманда Бишкекдан келган меҳмонлар, Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари, ўнга яқин хорижий давлат элчихонаси вакиллари, МОХИ тадқиқотчилари, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, Республика Қирғиз маданий маркази ҳамда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Улуғ адиб билан бақамти равишда элчилик фаолияти олиб борган академик Акмал Саидов ва Алишер Файзуллаевларнинг хотиралари кечага айрича файз киритди. Ёзувчининг она томондан аждодлари кўп вақт ҳозирги Ўзбекистонда яшаганликлари кўпчиликда фахр туйғуларини ўйғотди. Анжуман ялпи мажлисдан сўнг икки сессия мобайнида ишини давом эттирди. Унда рус, инглиз, ўзбек ва қирғиз тилларда ўн тўрт маъруза ва ахборот тингланди, улуғ адаб асарлари асосидаги спектакллардан парчалар ижро этилди, Чинггиз оға меросининг қиймати юксак баҳоланди.
Ўзбекистонда ҳар йили барча туркий халқларнинг энг улуғ шоири Алишер Навоийнинг юбилейи ўтказиб келинган бўлса, кейинги даврда бу элларнинг энг буюк ёзувчиси Чинггиз Айтматов таваллуди кунлари ҳам ҳар йили ўтказиладиган бўлди. Ўтган 2023 йилда ёзувчининг ўн жилдлик “Асарлар” тўплами ўзбек тилида нашр қилинди. Ўзбек Айтматовшунослари Бишкек ва Анқара шаҳарларида ҳам бўлиб, адибнинг 95 йиллик юбилейини ўша жойларда ҳам ўтказиб қайтдилар.
Бугунги кунларда ўзбек китобхонлари дунёсида Чинггиз Айтматовни англашнинг иккинчи босқичи бошланди, дейиш мумкин. Бу босқич унинг аввалгидай улуғ прозаик сифатидагина эмас, балки катта файласуф, оташин публицист, йирик давлат ва жамоат арбоби эканлигини ҳам кенг оммага далиллади. Мазкур ўн жилдликда яйратиб тақдим этилган публицистик ва фалсафий асарлар бунга замин бўлади.
Ўзбек элининг катта дўсти, улуғ ёзувчи Чинггиз оғанинг юз йиллик тўйига саноқли саналар қолди. Бунга атаб Тошкентда унинг ўн икки жилдлик асарларини ўзбек тилида нашрга тайёрлашга киришилди. Бу нашрдан сўнг буюк гуманист ёзувчининг яна янги қирралари китобхонларимиз кўз ўнгида очилса, ажаб эмас.
Зуҳриддин Исомиддинов