САҲНАГА БАХШИДА УМР

Қирғизистон халқ артисти, таниқли театр актёри ва режиссёри Неъматжон Неъматов жиддий қиёфаси, бақувват, илдам қадам ташлаши, самимий сўрашиши ва дадил сўзлашуви билан хотирамда қолган. Бу инсондаги суҳбатдошга ҳурмат, ёшидан, касб-коридан қатъи назар, санъат ихлосмандларига эътиборни туйганман.


Ҳар бир янги премьера ва қўшиқлари чиққанида бизга етказишга шошиларди. Илм аҳлини жуда қадрлар эди. Камина у вақтларда анча ёш, театр соҳасига тажрибасиз ҳам эдим. Лекин устоз ижодкорларнинг фикрига эътиборли эди. Санъат ва ижодкор тақдирига бефарқ эмас эди.
Неъматжон Неъматов кенг қамровли актёр эди. Умрининг деярли 40 йилини Ўш Ўзбек академик мусиқали драма театри саҳнасида ўтказди. Саҳнада, кинода яратган юздан зиёд образларининг ҳар бири катта маҳорат ва меҳнат натижасидир. Актёр ижодий биографиясида эътиборга молик образлар жуда кўп. Неъматжон Неъматовнинг ўзига хос ижод нафаси, овоздаги жўшқин эҳтирос, фикран теранлик ва вазминлик, актёрнинг ўзигагина монанд имконият кучи намоён бўлган. Бир сўз билан айтганда, Неъматжон Неъматов яратган образлар кучли психологик драматизми, романтик кўтаринкилиги билан ажралиб турарди.
Неъматжон Неъматов – Қирғизистон халқ артисти, таниқли театр актёри ва режиссёри, ўзбек мақом ва лирик қўшиқларининг мохир ижрочиси. Қирғизистон ва Ўзбекистон Олий Кенгашлари фахрий ёрлиқлари сохиби, «Ҳурмат белгиси» ордени совриндори.
Неъматжон Неъматов 1941 йил 14 мартда Ўш шахрининг Хўжалар гузари маҳалласида (насос заводи рўпарасида) Асадуллохон Неъматов ва Ўғилпошша Хўжаеваларнинг оиласида таваллуд топди.
Падари бузруквори Асадуллохон санъатга қизиқиши бор, созанда ва хонанда сифатида элга танилган. Онаси Ўғилпошша эса Ўш шаҳар қозиси Хўжахон қорининг қизи бўлган.
Неъматжон Неъматов ота меҳрига тўла қона олмади, у беш ёшга тўлганда отаси Асадуллохон вафот этди. Оталик ва оналик юмуши Ўғилпошша она зиммасига тушди. Қизи Ойбўлишхон билан қандай қийинчилик бўлмасин, Неъматжонни ватанига, элига керакли инсон булиб етишига ҳаракат қилишди.
Ўшдаги “25- Октябрь” номли ўрта мактабда ўқир экан, фанларни аъло ўзлаштириш билан бирга мактабда созанда Зиёмиддин Шокиров томонидан ташкил қилинган бадиий хаваскорлик тугарагига қатнаша бошлади. Театрда тикувчи бўлиб ишлаётган опаси Ойбўлишхонга эргашиб юриб, саҳнада илк бор ижро этган «Тоҳир ва Зуҳра»даги шоир Козим, «Нимми»даги Мансарам роллари унинг ҳаётида бурилиш ясади. Ўша вақтда театрнинг ёш режиссёри бўлган Салоҳиддин Умаровнинг мактаблар, ўқувчилар билан ишлаши ва илк бор ўқувчилар кучи билан Ғафур Ғуломнинг «Ёдгор» қиссасининг саҳналаштирилиши, унда Неъматжон Неъматовнинг Жўра ролини ижро этиши ўзига ишончини янада оширди ва келажак тақдири театр билан боғлиқлигини ҳис этди. 1957 йили уни Ўшдаги Киров номли мусикали драма театри актёрлигига қабул килишди. 1966 йили эса Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлади.
У ижро этган роллар томошабин қалбида чуқур ўрин ола бошлади. Гоголнинг «Уйланиш» ида Кочкарев, Т.Абдумўминовнинг «Аширбой»да Аширбой, А.Қодирийнинг «Меҳробдан чаён»ида Анвар, Ч.Айтматовнинг «Биринчи ўқитувчи»сида Доотбой роллари жуда юқори баҳоланган. Актёр сифатида роль ижро этиши билан бирга режиссёр сифатида ҳам маҳоратини синаб кўра бошлади. М.Мирзараҳимовнинг «Кичкина деманг бизни», Ў.Умарековнинг «Қарздор», А.Абдуғафуровнинг «Топқир Толмас», «Гипноз-2» асарларига режиссёрлик килди. Ёш иқтидорли санъаткорнинг юксалиш босқичи «Адолат» спектаклида яратган Солиҳбой образи бўлди. «Парвоз»да Мамарасулов, «Манаснинг ўғли Семетей»да Қирғил чол, «Сохта оксуяк»да Журден ва бошқалар. Неъматжон Неъматов мураккаб, кучли феъл атворга эга бўлган, ўз дунёкарашида эзгу хислатлардан ажралмаган қарама-қарши кайфиятга эга инсон қиёфасини яратди.
Албатта, қилган меҳнатлари давлат томонидан муносиб бахоланди 1967 йили “Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилди, ўшанда у эндигина 26 ёшга кирган эди. 1980 йили эса “Қирғизистон Халқ артисти” унвонига мушарраф бўлди. Қирғизистон Олий Совети Президиуми ҳамда Ўзбекистон Олий Совети Президиумининг Фахрий ёрлиқлари, 1986 йили «Ҳурмат белгиси» ордени, бир неча медаллар эгаси бўлди.
Неъматжон Неъматов 40 йиллик ижодий фаолиятини давомида юзга яқин спектаклларда роль ижро этди. Улар орасида «Фарғона тонг отгунча»да Ғуломжон, «Балои нафс»да Шаҳоб образлари айниқса машҳур бўлган.
Айтишларича, Неъматжон Неъматов ҳаётида кутилмаган бир фоежа рўй берди. Саҳнада роль ўйнаб турганида, «Балои нафс» спектаклининг ярми ўтганида, онанг ўлди, деган шум хабар келди. Нима килиш керак? Томоша тугамай уйга кетса, тамошабин спектакль кўргани келган, кетмай деса оқ ювиб, оқ тараган волидаи мукараммаси бу фоний дунё билан видолашган, ҳаёт зарбасига учраб, қалби фарёд ураётган бўлса ҳам Неъматжон Неъматов ўзида матонат, ирода топа олди. Ўзини қўлга олди, спектаклни охирига етказишга ва буни томошабинларга билдирмасликка харакат килди. Орада саҳна ортига чиқар, тўлғаниб йиғлаб олар ва яна саҳнага хеч нарса бўлмаганидек «Яллама ёримни» айтиб ролини давом эттирар эди. Томоша тугади, актёрларни олқишлашдилар. Аммо томоша охирида бошқа актёрлар қаторида Неъматжон Неъматов йўқлиги тамошабинларни таажублантирди. Бўлиб ўтган воқеани эшитганларидан кейин яна бир карра унга, касбини, инсонларни севишига қойил қолдилар. Бу пайтда Неъматжон Неъматов ўз волидасини қучоқлаб, боқий дунёга кузаётган эди. Бу актёр ҳаётидан кичкина бир лавха, лекин у мана шундай эл олқишига, мехрига сазовор бўлгунича катта, қийин машаққатли йўлни босиб ўтган эди.
Неъматжон Неъматов кўп қиррали санъаткор эди. У «Қирғизфильм» ва «Ўзбекфильм» киностудияларида 10 дан ортик кинофильмда роль ижро этган. Айникса «Қанибек» кинофильмда Зуннахун бой образини олий даражада ижро этган.
Моҳир актёр, хушовоз хонанда сифатида ҳам элга машҳур эди.Театрда ишлаган йиллари давомида 100дан ортиқ қўшиқларни маромига етказиб ижро этган. Унинг репертуарида нафакат ўзбек тилида, балки қирғиз, тожик, озарбойжон ва бошка тилларда қушиқлар бор.
Академик артист даражасига етган Неъматжон Неъматов оддий яшади, манмансирамади. Умр буйи халқига, касбига мухаббат ила яшади.
1996 йили 29 апрель, қурбон ҳайити куни халқ севган санъаткор Неъматжон Неъматов вафот этди. «Сармозор» қабристонига дафн этилган.
2017 йили Қирғизистон Республикаси театр арбоблари уюшмаси Неъматжон Неъматов номли соврин таъсис этди. Ўш шаҳридаги ўзи яшаган кўчага Неъматжон Неъматов номи берилган.

Одилжон ДАДАЖОНОВ,

Алишер Навоий институти учун