Бирон ҳалқнинг, демакки бирор мамлакатнинг қай йўсинда тараққий этганини билмоқ истасанг, уларнинг зиёлиларига боқ, дейишади. Хайрли ишлари билан из қолдирган фозил инсонлар бизда етарли. Юртдошимиз Ҳамиджон Ниёзов ўшалардан биридир .
Ҳамиджон Ниёзович Ниёзов 1922 йил 8 август санасида Ўш шаҳрининг Хўжалар гузари даҳаси, Кўнчилик маҳалласида (ҳозирги Фрунзе мактаби рўппарасида) ҳунарманд оиласида туғилган.
1943 йилда шаҳардаги 1- сонли «25-Октябрь» номли ўрта мактабини тамомлаган. Шу йилда Андижон педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетининг кечки бўлими талабаси бўлган. 1944 йилда Андижон вилоятида туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлаган. 1945-1950 йилларда Ўрта Осиё Давлат университети Шарқшунослик факультетида таълим олган. 1951-1955 йилларда Ленинград Давлат университети эроншунослик кафедрасида аспирант. Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди. Шарқшунослик бўйича эроншунос филолог.
Қуйида тарихчи Одилжон Раҳимовнинг Ҳамиджон Ниёзовга бағишланган мақоласини тўла келтираман.
ЗАБАРДАСТ ОЛИМ
Ҳамшаҳарим Ҳамидхон Ниёзий хақида илк бор ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимда эшитган эдим. Устозларим уни шоир, келажаги порлоқ илм аҳлларидан бири деб таърифлашган. Шу-шу бўлди-ю, менда «тирик шоир»ни кўриш иштиёқи кучайиб борди. Бахтимга, мактабимиз бадиий ҳаваскорлари бир пьесани саҳнага олиб чиқишди. Парда ёпилди, олқишлар узоқ давом этди. Ҳаммадан кўпроқ олқишни асар муаллифи олди. Ўрта бўй, буғдойранг, мулойим сўз бу йигит ўша биз кўришга орзуманд бўлган «тирик шоир» Ҳамидхон Ниёзий экан.
Ҳамидхон Ниёзий шаҳримизнинг Муллатошқози мавзеида маърифатли оилада таваллуд топди. Отаси Тўраниёз қори ака етук уламолардан бўлиб, бинокор уста сифатида ном чиқарган. Шаҳар темир йўл станциясининг биноси, вилоят миллий банки, Киров номли ўрта мактаб иморати, урушдан кейинги бозор расталари, тикувчилик фабрикаси, ипак комбинати ва бошқа маданий-маиший бинолар қурилишида устанинг катта хизмати бор.
Оилавий муҳит ёш Ҳамидхонни бир умр илм шайдоси бўлишдек ўта заҳматли ва шарафли ишга етаклади. Миллий имломизни, адабиётимизни, тарихимизни ишончли манбалардан ўқиб-ўрганишга жазм этди. Дастлабки маълумотни отасидан олди. Сўнгра усули савтия фидойиларидан бири соатсоз Абдулҳамид қорида (Чўлоқ қори) бир неча йил таҳсил олди. Араб ва форс тилларини ўрганди. Мозийни ёзма манбалар орқали ўрганиш ва тадқиқ этишга бел боғлади. Шу мақсадда Тошкент давлат дорилфунунининг Шарқ қуллиётини тамомлади. Тиришқоқлиги ва синчковлиги туфайли илм аҳиллари эътиборини қозонди. Забардаст шоир, академик Ғафур Ғулом ёш илмий ходимга ҳомийлик қилди, уни шарқшунослик илмининг қадим маркази бўлмиш Ленинград шарқшунослик фанлари академияси аспирантурасида ўқишга тавсия этди. Ҳамидхон таҳсил олиш билан бир қаторда у ердаги Салтиков-Шедрин номидаги халқ кутубхонаси нодир қўлёзмалар секторида илмий ходим бўлиб фаолият олиб борди. Бу илмий даргоҳда Туркистон халқларининг ҳавас қилса арзигудек бой маданий-тарихий мероси тўпланган эди. Илмга ташна ёш шарқшунос учун бу айни муддао бўлди. У ҳали қўл урилмаган қўлёзмаларни ажратиш, тавсия бериш ишлари билан шуғулланди. Беш йил мобайнида қирғиз ва қозоқлар тарихи, адабиётига мансуб бўлган ёзма асарларни ажратди, тартибга солди, тадқиқот ишлари учун ҳозирлаб қўйди. Қозон ва Уфа маърифатчиларининг қўлёзмаларини ҳам эътибордан қолдирмади. Илмий тадқиқотлар жараёнида қирғиз, қозоқ, бошқирд, туркман тилларини мукаммал ўрганди. Халқ кутубхонасининг катта илмий ходими даражасига эришди.
Ўзига ўта талабчан бўлган Ҳамидхон Ниёзий кенг камровли илмий иш учун Туркистон халқлари тарихини, адабий меросини ва тилини билиш кифоя қилмаслигини эрта тушунган олим эди. У ўзгаларда кам учрайдиган қобилиятини ишга солиб, араб, форс ва инглиз тилларини ўрганди. Саккизта тилда илмий-тадқиқот олиб бориш мақомига эришди. Баъзи далилларни келтириб ўтаман.
Биз улкан адиб, академик Садриддин Айнийни ёзувчи сифатида таниймиз. Аслида, Садриддин Айний адабиёт майдонига шоир сифатида кириб келган экан. Буни Ҳамидхон Ниёзийнинг 1965 йилда Москвада машҳур шарқшунос олим академик Болдирев раҳбарлигида нашр этилган илмий иши «Путь Садриддин Айни – поэта” китоби тасдиқлаб турибди.
Шарқшунос Ҳамидхон Ниёзийнинг иккинчи илмий китоби » Описание персидских и таджикских рукописей института востоковедения» (Персоязычная литература)дир. Бу илмий тўплам Москвада таниқли шарқшунос олимлар таҳририда 1979 йилда босилиб чиққан. Илмий асар тўрт катта китобга мўлжаллаб ёзилган.
Биринчи китобга қадимги шоирлар Носир Хисрав, Хисрав Деҳлавий, Фаридидин Аттор, Фирдавсий, Хоқоний каби ўн тўртта назм аҳлининг адабий фаолияти ҳақида қисқача очерклар, шеърлар, достонлар, илмий-танқидий матнлари қисқача тавсифномаси, шунингдек нодир қўлёзмаларнинг жаҳоннинг қайси илмгоҳларида сақланиши тўғрисидаги маълумотлар киритилган. Илмий мажмуани ўқир экансиз, шарқшунос олимнинг холислигига, ҳалоллигига қойил қоласиз. Тўплам файласуф шоир Мирзо Абдуқодир Бедил ҳақидаги тадқиқот билан якунланади.
Иккинчи китоб ўрта асрдаги форс-тожик адабиёти вакиллари ижодига бағишланди. Бу китоб тожикистонлик академик Ғафуров ташаббуси билан чоп этила бошлаган. Кейинги ўн йил ичида бўлган воқеалар бу қимматли тадқиқотнинг ёруғ жаҳонни кўришига тўсқинлик қилганга ўхшайди. Учинчи ва тўртинчи китоблар то ҳануз қўлёзма ҳолида турибди.
Жаҳон илмий жамоатчилиги, айниқса шарқшунослик соҳасида иш олиб бораётган олимлар Ҳамидхон Ниёзийни беназир олим сифатида эътироф этадилар ва ҳурмат қиладилар. Профессор Ҳамидхон Ниёзий бир неча бор эроншуносларнинг жаҳон анжуманларида қатнашган, баъзи мақолалари форс ва инглиз тилларида босилган. Шарқшунослик фанидаги улуғ давлатчиликни қаттиқ қоралаган, ҳолислик ва ҳалоллик олимнинг матлаби бўлган.
Ҳамидхон Ниёзий кўпчилик Шарқ мамлакатларида илмий сафарларда бўлган, ҳусусан унинг узоқ муддат Эронда бўлиши илмий тадқиқот ишлари ва ижтимоий фсолияти билан боғлиқ. Олим бир неча йил Техрондаги совет элчихонасида таржимон, илмий ҳодим, илмий котиб вазифаларини адо этган. Рафиқасининг айтишича, олим шахсий ҳордиқ ҳисобига илмий иш билан шуғулланар экан. Таниқли эроншунос олим Шоислом Шомуҳаммедовнинг бир телеучрашувда таъкидлашича, ўшлик шарқшунос Ҳамиджон Ниёзийнинг илмий ишлари юксак таҳсинга, қадрлашга лойиқдир.
Шарқшунос олим Ҳамидхон Ниёзий умрининг салмоқли қисми Ленинград билан боғлиқ. У шарқшунослар Бартольд, Бертельс, Крачковский, Семёновларнинг собитқадам шогирди сифатида камол топди. Устозларнинг илмий ишлари ва хотираларига бағишланган мақолаларини Ленинград вақтли матбуотида, илмий манжаллаларда нашр эттирди .
Бундан ўн йилча муқаддам бир муносабат билан Тўраниёз қори дада хонадонида бўлганимда олим Ҳамидхон Ниёзий билан учрашгандим. Суҳбатимиз икки ярим соатча давом этганди. Ўшанда у қатор йиллар мобайнида биринчи марта меҳнат таътили олишга ва она шаҳрига келишга муяссар бўлган экан. Суҳбат мавзулари хилма-хил эди. Ислом тарихидан тортиб, ҳамюрт салафларимизнинг илмнинг у ёки бу жабҳасидан қилган ёки қилаётган ишларига қисқача тўҳталиб ўтганди. Ўшанда бу инсоннинг заковатига, ўткир ва асосли мушоҳадаларига тан берганман. Аниқ ёдимда, ундан ҳеч бўлмаганда Тошкентга келишини илтимос қилгандим. У самимий табассум билан шундай деган эди: “Менинг ишдаги соҳам бўйича Иттифоқда етти кишимиз , Ўрта Осиёда Шоислом, Ғафуров ва мен Ленинград ва Москвадаги илмий ишларимни поёнига этказсам, худо ҳоҳласа Душанбега келиб ишлаш ниятим ҳам йўқ эмас. Зора турли йилларда ёзилган шеърларим, драматик асарларимни, Фарғона водийсида, хусусан Ўш диёрида ўтган олиму фозиллар ҳақидаги қораламаларимни оққа кўчирсам, халқим ҳукмига ҳавола қилсам дейман”.
Олиму фозиллар деганида олим ва шоир Чаросий, шоир ва уламо Маҳжурий, зиёли Шарофиддин Салоҳий ва шоир Маҳмуд Раҳмонни ҳамда бошқа салафларимизни кўзда тутган эди. Ҳамидхон ака забардаст уламоларимиз Шафоатҳожи отани, Шоюнус қори акаларни улуҳий илмдаги устозларим деб сарафроз этган.
Борлиқ онгли ҳаётини илмга сарфлаган заҳматкаш олим дорилбақога юз тутганига кўп йиллар бўлди. Забардаст шарқшунос олим Ҳамидхон Ниёзов 1986 йилнинг 29 август санасида Ленинград шаҳрида вафот этган.
Қабри асримиз бошларида Бухоро амири Саид Олимхон сайъ-ҳаракати билан Санкт-Петербургда бино қилинган жомеъ масжиди қошидаги мусулмонлар қабристонида қолди.
Шарқшунос олим Ҳамидхон Ниёзий туғилиб ўсган хонадонни тавоф этар эканман, бир жиҳатдан мамнун бўлдим. Қори дада ва Ҳамидхон аканинг чироғи ўчмабди. Чароғбонлари бор экан, уларнинг хотиралари мангудир.
Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун