УНУТИЛГАН ИНСОН ТАҚДИРИ

ЭРГАШ СОБИРОВ

Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар ҳеч қачон ўз тақдиридан нолимайди. Гарчи оғир дард бир умр елкасини босиб турса-да, дунёда борлигига шукр қилади. Курашади, ўз ўрнини топишга интилади. Бу дард – ҳақиқатгўйлик, самимийлик эди. Лекин ҳаёт фалсафаси, жамиятдаги одамларнинг номутаносиблиги ҳаётни чуқурроқ англашга, мушоҳада қилишга мажбур қилар эди.


Аммо Эргаш ака, актёрлик маҳоратини, ёзувчилик истеъдодини рўкач қилиб, мутасаддиларнинг эшигида сарғайиб бормади. Буни ўзига ор билади.
Эргаш Собиров – драматург, истеъдодли актёр. СССР ёзувчилар уюшмаси аъзоси. У 1950 йил 25 сентябрда Ўш шаҳрининг Жийдалик маҳалласида дунёга келган.
Шаҳардаги «Қизил Юлдуз» мактабида бошланғич сабоқни олгандан кейин «XXII Партсъезд» мактабида 8 синфни тугатган. Оиласига моддий ёрдам қилиш мақсадида ишлаш учун ўқишни кечки бўлимга ўтказади. Киров номли Ўш ўзбек мусиқали драма театрига саҳна ёритувчиси бўлиб ишга кирган. 1970 йили маҳалладоши (кейинчалик Ўзбекистон халқ артисти) Эркин Комилов (у ўша йиллари Жийдалик маҳалласида яшаган ва шу маҳалладан уйланган) маслаҳати билан Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтининг актёрлик факультетига ўқишга кирган. 1975 йили институтни тамомлаб, бир йил ҳарбий хизматга кетган. Ҳарбий хизматдан қайтиб ўзи ўқиган институтда ассистент булиб ишлай бошлаган. 1976 йили Москвадаги Горький номидаги Халқаро адабиёт институтида Виктор Розов курсида драматургия бўлимида ўқиган. 1979 йили тамомлаб, 1980 йили СССР ёзувчилари аъзолигига кабул килинган.
Шу йили йўлланма билан Аббос Бакиров номидаги Андижон ёшлар театрида иш бошлаган. Театрда таниқли режиссер Маннон Хамидов билан ўзи муаллифлигидаги биринчи асари «Севги ва сармоя» спектаклини қўйишган. Шундан сўнг Эргаш Собировга бирин-кетин роллар топширила бошланди. Жумладан, Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” комедиясида Қўчқорбой, Маннон Ҳамидов режиссёрлигида саҳнага қўйилган “Майсаранинг иши” асарида Мулладўст, Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони”да Маъмур сингари қаҳрамонлар образларини саҳнага олиб чиқади. Гарчи ушбу асарлардаги унга теккан ролларнинг бари комик қаҳрамонлар бўлса-да, аммо ҳар бирининг ташқи ва ички олами, феъл-атвори турлича эди. Эргаш Собиров буларнинг ҳар бири устида тинимсиз ишлади, образ моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилди. Энг машхур ролларидан бири Андижон ёшлар театрида режиссёр Абдураҳмон Абдуназаровнинг «Масхарабоз Али» спектаклида Масхарабоз Али ролини маҳорат билан ижро этган. Яқин дўстларидан бири бўлган актёр ва кулгу устаси Рустам Ҳамроқулов вафотидан кейин актёрлик касбидан кўнгли совиб, асосан факат ижод билан банд бўлган.
Бир муддат 1979-80 йиллари Ўш ўзбек мусиқали драма театрида актёр бўлиб ишлаган. Бироқ ўша даврдаги театр раҳбариятининг Эргаш акага нисбатан бегона қарашлари ортидан она юртидаги маданият масканидан кетишга мажбур бўлган, тўқсонинчи йиллар бошида Москвадаги Олий адабиёт курсида таҳсил олган.
Драматургия соҳасида кўплаган асарлари Марказий Осиё театр саҳналарида қўйилган. Кўплаб шеър ва драма асарлари чоп этилган. 2010 йили оғир касаллика мубтало бўлиб дард чекди.
Эргаш Собиров 2011 йили Андижон шаҳрида вафот этган ва Қорасув туманининг Наримон қишлоғига дафн қилинган.

Одилжон ДАДАЖОНОВ,

Алишер Навоий институти учун