ЁШ ИСТЕЪДОД ЭГАСИ – ДУРДОНА ХАЙДАРОВА

Ғафур Ғуломнинг “Истеъдодларга ёрдам беришимиз керак, талантсизлар ўзи ёриб чиқаверади”, деган машҳур ибораси бор. Қаранг, шу бир оғиз лутфда истеъдод соҳиби нақадар ардоқлангану истеъдодсиз одамнинг сурбетлиги қанчалик ёрқин фош этилган! Чиндан ҳам истеъдодли одамни юзага чиқариш бирмунча мушкул иш. Чунки улар ўз ҳаддини биладиган, давраларда ийманиброқ турадиган тоифадан.

Улар ҳадеганда, “мана мен”, деб ёнингизга келаверишмайди. Аммо устозлар бир жойда “йилт” этган учқун кўринса, шуни дарҳол илғашга, ўша митти шуълани алангага айлантиришга ўзларини масъул сезишлари керак. Истеъдод тарбияси – фалон китоб дўконига борсанг китобларим сотилаяпти, ўшани ўқисанг, шоир бўлиб кетасан, дегани эмас. Адабиётга муҳаббати бор ёш қалбни майда майллар ва худбинликка етаклаган устоз ҳам устоз ҳисобланмайди.

Алишер Навоий институти сайтининг азиз ва муҳтарам мухлислари, Қирғизистон жанубидаги ўзбек адабий муҳитининг маёғи бўлган «Илҳом» адабий клуби ёш истеъдод эгаларини излашда давом этади. Бугун сизларни “Адабиёт ҳиёбони” рукнининг навбатдаги меҳмони, ёш ниҳоллардан бири, ўзганлик истеъдод эгаси Дурдона Ҳайдарова ижоди билан таништирамиз.

Ҳайдарова Дурдона Ҳамидиллоевна Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида таваллуд топган. У 2021-йили мактабни битириб, ЎшТУнинг Ўзган шаҳридаги Халқаро технология ва билим институтига киради. Мактаб давриданаёқ шеър ёзиш, рассомчилик, меъморчиликка қизиқади ва ижод билан шуғулланиб келади. Мактабда аъло баҳоларга ўқиганлиги учун кўплаб фахрий ёрлиқларга эга бўлган. Шеър ёзишдан ташқари мақолалар ёзиб, вақтли матбуотда қатнашиб туради.

Яқинда “Умид” деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқди.

 

– Дурдона, ассалому алайкум. Ижодий фаолиятингиз қачон бошланган? Суҳбатимизни шу саволдан бошласак…

– Хўп, майли. Мен 2006-йил 21-ноябрда Ўзган шаҳрида дунёга келганман. 2021-йили Ўзган шаҳридаги В.И.Ленин номли 2-ўрта мактабини битириб, ўша йили ЎшТУнинг академик Бектемир Мурзубраимов номидаги Ўзган Халқаро технология ва билим институтига топширганман. Ҳозирда дастурчи соҳаси бўйича битирувчи  талабасиман.  Ижодий фолиятимни қачон бошлаганим аниқ эсимда йўқ, лекин бу истеъдод авлоддан – авлодга ўтиб келяпти. Онам ҳам, онамнинг онаси, бувимлар ҳам шеър ёзишади ва онамнинг синглиси, холам ҳам шеърлар қоралаб туради.

Оила-аъзоларимиз бир жойга жам бўлиб тўпланиб қолсак, албатта ижод маҳсулларимизни бир-биримизга кўрсатамиз. Хато, камчиликлари бўлса, албатта тўғрилаймиз. Шундай муҳитда катта бўлдим. Шундан сўнг мен “Интимоқ“  телеканалининг “Мунаввар кун“ дастури орқали шаҳримиз Ўзганда Матлюба Мусабоеванинг борлигини билиб қолиб, уларни излаганман. Бахтимга, уларнинг уйи бизнинг уйимизга яқин бўлган. Мен ёзганларимни биров кўришини истамас эдим. Сабабини билмайман. Фақат Матлюбахоним Мусабоевага олиб бориб  кўрсатганман. Адабий муҳитга кириб келишим шу билан бошланган.

– Кимни устозингиз деб биласиз?

– Ҳозир айтиб ўтганимдек, мени кўплаб ижодкорлар билан танишишимга ва Ўш адабий муҳитидаги “Илҳом“ ижодий клубига аъзо бўлишимга сабабчи бўлган инсон Матлюбахоним Мусабоева бўлади. Қаерда ижодий учрашувлар бўлса, албатта мени олиб борадилар. Кўп жойларда ундан “набирангизми?“ деб савол бериб қолишади. Лекин “Йўқ, набирам эмас, шогирдим“ деб асло айтмайди. “Албатта, набирам”, – деб жавоб беради. Мен жуда ҳам хурсанд бўламан. Яна бир устозим – истеъдодли ижодкор Муҳаммадамин Ҳожакбаров. Бу инсон менга нафақат устоз, балки туғишган акамдек. Менга шеър ёзиш қонун-қоидаларини ўргатиб келаяпти. Бу инсон ҳақида қанча гапирсам оз, лекин мен қисқа қилиб айтаманки, Муҳаммадамин акамиз камтар, самимий ва яхши инсон.

– Ижод сиз учун нима ва нималардан илҳомланасиз?

– Ижод мен учун озодлик, демакдир. Чунки биз яшаб турган жамиятда аёл истакларини чегаралаш кўп. Ижод олами эса чегарасиз. Ҳадсиз… ҳудудсиз. Мен исталган мавзуда, исталган кўринишда ўз фикримни баён эта олишим мумкин. Бунга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди. Ҳаётда жуда кўп одамларга ҳисоб беришимга тўғри келади. Ҳатто ўзим истамасам ҳам. Аммо ижодда виждонимдан бошқанинг олдида ҳисобдор эмасман. Яна бир аҳамиятли жиҳати – ижод, яъни адабиёт ватанни тўлиқ англаш билан, етти ёт бегона одамларни ҳам энг яқин дўстимга айлантиргани билан қадрли.

“Умид” деб номланган илк китобингиз нашрдан чиқиши билан табриклайман! Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз…

– Умид – бу менинг дилдаги сўниш нелигини билмайдиган умидим. Ёзаётганларим ҳали шеър даражасига етгулик қадар мукаммал эмасдир, лекин уларда менинг изҳорларим бор. Энг асосийси, уларда ёш Дурдонанинг эртанги кунга бўлган умиди бор. Китоб чиқаришга шошилмоқчи эмасдим. Лекин қиз бола – палаҳмон тоши, турмуш қургач, ижодда танаффуслар рўй бериши, ижодим тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Мен бундай бўлмайди, ёзаман деганим билан тақдир зайлини билиб бўлмайди. Шунга илк машқларимни китоб ҳолига келтириб, қалб сандиғимга жойлаб қўйгим келди. Китобнинг муҳаррири – устозим, холам Матлубахоним Мусабоева. Китобнинг безагини ясаб, китобнинг чиқишига катта ҳисса қўшган инсон бу ўшлик истеъдодли шоир Муҳаммадамин Ҳожиакбаров. Илк китобчам ҳаммага манзур бўлади, деган умиддаман.

– Айрим ижодкорлар танқидга салбий муносабатда бўлишади. Шахсан сиз адабий танқидга қандай қарайсиз?

– Адабий танқид – бу ёш ижодкор учун, умуман ижод аҳли учун керакли нарса деб ўйлайман. Зеро, танқид ижодкор истеъдодининг янада сайқалланишига, камчиликларнинг бартараф этилишига сабаб бўлади. Албатта, ўринли танқид бўлса. Ўринсиз танқид эса ижодкор руҳини чўктиради. Энг аввало кўнгли чўкади, сўнг ўзи. Мен танқиддан ҳеч чўчимаганман, чўчимайман ҳам. Чунки танқиддан доим ўзимга керакли бўлган хулосани олишга интилиб келганман. Ўсишим керак бўлса, адабиётнинг аччиғи-ю, иссиғига чидашим керак.

– Ўзингизга тенгдош ёки олдинги авлод вакиллари ижодидан ҳам таъсирланганмисиз?

– Катта авлод вакилларини ҳам, ёш авлод вакиллари асарларини ҳам мунтазам ўқиб бораман. Зулфия, Саида Зуннунова, Нодира, Увайсий, Ҳалима Худойбердиева, Гулжамол Асқарова ва Қирғизистондаги ўзбек адабий муҳити вакиллари Шавкат Раҳмон, Муғанний, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Усмон Темур, Матлубахон Мусабоева, Абдулҳақ Абдумаликов, Аъзам Раҳим, Абдуллоҳ Юсуф, Муҳаммадамин Ҳожиакбаров ва бошқа кўплаган ижодкорларнинг асарларини севиб ўқийман. Тизмани давом эттиришим мумкин, лекин жуда узун бўлиб кетади деб ҳижолатдаман.

– Қайта-қайта ўқиб турадиган китобларингиз?

– Турк ёзувчи Ҳикмат Анил Ўзтекинни “Феслеен”, “Эйваллоҳ” деган китобларини кўп ўқийман. Сабаби бу икки китобда икки ошиқнинг, яъни Сайёҳ билан Феслееннинг севгиси тарихи ёзилган. Улардан яна биттаси – турк ёзувчиси Дўған Жужелўғлунинг “Бормисан?” деб номланган китоби. Бу китобни ўқишни ҳаммага тавсия қиламан. Сабаби у ҳаёт йўлингизни танлашга ёрдам беради; ҳар бир тавсияси реал ҳаётдан олинган; матн содда ва самимий суҳбат асосида қурилган, зерикмайсиз. Ҳар сатри қайта-қайта ўқилиб, мағзи чақилгулик китоб.

Мен кўпроқ аудио китобларни эшитаман. Булардан яна бир ёзувчи Мирач Чағри Оқтошнинг “Ҳаёт ютқазган жойингдан бошлади”, Меҳмет Йилдизнинг “Излаш”, Аҳмад Лутфий Қозонғининг “Сўнгги Тўфон” асари ва яна шунга ўхшаш кўплаб китобларни қайта-қайта ўқиб, аудио ҳолида тинглайман. Бу китоблар мени яшашга ва келажакка интилишга ундайди. Агар менда таслим бўлиш хаёли туғилса, албатта шу китобларни ўқийман. Китоб ўқиганда, албатта унинг сатрларига ва ёзилиш усулбларига кўпроқ аҳамият бераман. Кўпчилик таъкидлаб келганидек, китоб мутолааси дунёқарашни кенгайтиради.

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Қуйида Дурдона Ҳайдарованинг ижодидан намуналар келтирамиз.

УМИДИМ

Умидим сўнмагай, ишқим сўнмагай,

Кўзимда абадий ёнгай бу олов.

Соғинчлар дилимга ҳанжар санчмагай,

Синовли йўлларда юргайман яёв.

 

Йўлларим олисдир, манзилим аниқ,

Кўзларим маёқдир – кўрсатади йўл.

Йўлимни тўсолмас на ғам, на оғриқ,

Умид томон боргум, дард бўлса ҳам мўл.

 

Умидим узилмас, умидим яшар,

Умидим бу танти руҳга қанотдир.

Ҳаққа бўлган умид абадий эрур,

Ҳаққа бўлган умид, билсанг нажотдир…

 

ОНА

Она, олдингизда қарздорман мен,

Бажара олмадим фарзандлик бурчим.

Ўзимни ўйлайман, ўйнаб-қувнайман,

Ҳолингиз сўрашга етмайди кучим.

 

Фарзандин ўйлаган меҳрибон зотсиз,

Бизни деб тотгансиз турмуш оғусин.

Бугун мен қоғозга тўкаётирман,

Қалбимда жўш урган меҳр туйғусин.

 

Сочингиз оқарди бизларни ўйлаб,

Сочингиз оқарди йўлимиз пойлаб.

Жаннатим, хазинам, умрим мазмуни,

Меҳрингиз қалбимга яшайман жойлаб.

 

Товонингиз ўпсам арзийди сизнинг,

Товонингиз ости ахир жаннатдир.

Қалбингиз покликнинг эрур макони,

Сўзлаган сўзингиз эса ҳикматдир.

 

Сизга атаб шеърлар ёзаётирман,

Ахир бу – вазифам, фарзандлик фарзим.

Минг битта шеър ёзиб, минг уринсам ҳам,

Узолмам онажон фарзандлик қарзим…

 

Она, олдингизда қарздордирман мен….

 

***

Юрагингга кириб бораман,

Ширин-ширин сўзларим билан…

Сени телбаларча севаман,

Меҳр тўла кўзларим билан.

 

Ишқинг гулзор қилди кўксимни,

Бахтлидирман, инкор этмайман.

Юрагингга ёздим исмимни,

Хаёлингдан энди кетмайман.

 

Дардларинга малҳам бўламан,

Меҳригиё сўзларим билан.

Юрагингда мангу қоламан,

Шаффоф, тоза ҳисларим билан.

 

Юрагинга кириб бораман…

Юрагингда мангу қоламан…

Ўн олти ёш кетаяпти жим,

Ўн еттига топшириб тахтин…

 

Менга ҳаёт этмоқда тақдим,

Шодликларга кўмилмоқ бахтин.

Ўн етти ёш, ўн етти қадам,

Ва ўн етти ранго-ранг фасл.

 

Жўшаётган дилимдан шу дам,

Қуйиляпти шеърлар муттасил.

Ўн етти ёш, хуш келдинг дилга,

Энди дилни нурларга ўра.

 

Ҳисларимни айлантир гулга,

Ахир гул яхшироқ – оташдан кўра.

Ўн олти ёш, хайр, алвидо,

Ўн етти ёш, сен бергин садо.

 

Ўшга бордим, дилда ҳайратла,

Ва чулғондим унинг сеҳрига.

Бу сеҳрли, қадимий шаҳар,

Ўраб олди илиқ меҳрига.

 

Кел деб ўзи томон чорлайди,

Ўшнинг азим Сулаймон тоғи.

Барокўхнинг андалиблари,

Дийдоримни соғинган чоғи.

 

Ўшни жуда севиб қолганман,

Оқбурага бўлганман мафтун.

Оҳ, иложи бўлганидая,

Ўшни кезиб юрардим ҳар кун.

 

Қанотимда залворли занжир

Учишимга бермайди имкон.

Орзулар ҳам сукутдадир жим,

Мени тинмай чорлайди осмон.

 

Ғамлар тўла қасримни бузиб,

Қанотимдан занжирни узай.

Заррин қуёш нурида сузиб,

Мовий кўкка қанотим чўзай.

 

Қўрқувларга бермасдан жилов,

Мен ўзимни эркинроқ сезай.

Йўлларимни тўсса ҳам синов,

Фақат ёруғ шеърларни ёзай.

 

ЁРУҒ БАХТ

Бугун кўнглим гуллади, Она,

Кўзларимга нурлар қоришди.

Қувонч тўлди қалб косасига,

Қисматимнинг йўли ёришди…

 

Қайғуларни унутдим бугун,

Орзуларга йўл олдим шаҳдла.

Дилда янги саҳифа очиб,

Безаб қўйдим ёп-ёруғ бахтла.

 

Қадам қўйдим шодликлар томон,

Кўнглимдаги олам ёришди.

Бугун, умрим гуллади Она,

Ва руҳимга нурлар қоришди.

 

КУЗ КЕЛДИ

Уйғонди ҳисларим,

Сабаби, юрагим кузга эш.

Интиқиб кутади у кузни,

Алмашмас ёзларга уни ҳеч.

Япроқлар рангини севади,

Севади ёмғирли кунларни.

Ҳар недан афзалроқ кўради,

Шамоллар куйлаган тунларни.

 

 

ИЧИМДАГИ ОВОЗ

Мени кутиб олинг, ёруғ хаёллар*,

Бағрингизни очинг, шодлик, кулгулар!

Куртак очинг, гулланг, мевалар беринг,

Юрагимда қақраб қолган туйғулар.

Кулмоқ вақти келди!

– Ҳа, вақти келди!

Энди фақат кулиб яшамоқ керак.

Энди қайғугамас, изтиробгамас,

Қувончу шодликка чулғонар юрак…

 

*Мени кутиб олинг ёруғ хаёллар. М.Ҳ. сатри

 

***

Ўзгаларга сирингни очма,

Айланиб ол, соқовга, гунгга.

Бир бурчакда ағёр кимсалар,

Писиб ётар, ўчашиб сенга.

Яхшиларни синайди Худо,

Ағёр билан, дўст-ғаним билан.

Синовларга бера олсанг дош,

Қувончингдан айтасан ўлан.

Шунинг учун сирингни очма,

Синовлардан узоққа қочма.

Муруватга юрагингни оч,

Ён-атрофга заҳрингни сочма.

Билиб қўйгин дунё – имтиҳон,

Шунинг учун синайди тақдир.

Имтиҳондан ўтсанг, Дурдона,

Муродинга етмоғинг ҳақдир.

 

ЁМҒИРЛАР

«Ёмғирлар ёғади менинг кўнглимга,

Кўзимда томчилар айлайди исён».*

Шамоллар сочимни тўзғитиб ташлаб,

Қақроқ ҳисларимга ато этар жон…

 

«Рақсга тушади ёмғирранг гуллар»,*

Қорайган осмоннинг ёрилар кўкси,

Тобора кучая бошлайди ёмғир,

Тўйиб йиғлайдилар булутлар, ўксиб…

 

Ёмғирлар ёғади, дунё ғамларин,

Томчилаб-томчилаб тўкиб оламга.

Ёмғирлар ёғади, воажаб бирдан,

Жон кириб кетади эски қаламга.

 

Менинг ҳам ҳисларим чанқоғин босиб,

Куртаклар очилар, туғилар шеърлар.

Яшилланиб кетар курраи замин,

Яшил либос кияр адирлар, қирлар.

 

Ёмғирлар…

 

Одилжон ДАДАЖОНОВ,

Алишер Навоий институти учун

 

 

 

 

 

 

 

 

Яндекс.Метрика