ЎЗ ДАВРИНИНГ АЛЛОМАСИ ЭДИ…

Сулаймон Эгамбердиевич Азимов

Педагог, файласуф олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, давлат ҳамда жамоат арбоби Сулаймон Эгамбердиевич Азимов 1908 йил 21 октябрда Ўзганнинг “Эскигузар” маҳалласида деҳкон оиласида туғилган.

Сулаймон Азимов ўзбек зиёлиларининг йигирманчи асрдаги буюк вакилларидан бири эди. Тақдир тақозоси билан, иқтидорли болалар таълими дастурига асосан бир тўп болалар сафида 1919 йилда Ўзган шаҳридан кетиб, Тошкентдаги Алмаий намуна иш мактабини битиради (1927). Ўрта Осиёдан биринчи бўлиб 1932-йилда Москва Тарих-фалсафа ва адабиёт институтининг фалсафа факультетига ўқишга киради, 1937-йилда бу нуфузли ўқув юртини муваффақиятли тамомлаб, Ўрта Осиё давлат университетида (САГУ) ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида фалсафадан дарс беради. Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Комитетининг раиси Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиблигидан Ўзбекистон Республикасининг етакчи давлат газета-журналлари редактори, партия тарихи институти директори, Ўзбекистон КП Марказқўми котиби лавозимларида меҳнат қилади. Фалсафа ва ҳуқуқ бўйича илмий ишлар муаллифи. Шу йўналишда кўплаган назарий ва илмий мақолалар ёзган. “Меҳнат Қизил Байроқ”, “Ҳурмат Белгиси” каби бир қанча орден ва медаллари билан тақдирланган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари учун маҳаллий кадрлар таёрлашда ташаббус кўрсатган.

Бироқ ўттизинчи йилларнинг қатағон довули Сулаймон Азимовнинг ҳам бошига қора булутлар олиб келди. Паспортига “халқ душмани” деган муҳр урилди, 1940-йилда 15 йилга ҳукм қилиниб, Сибирь турмаларида ва қамоқ лагерларида ўтказди. 1955 йилда оқланганидан кейин Республика Маданият вазири ўринбосари ва кейинчалик республика Фанлар Академиясининг Фалсафа ва хукук институти сектор мудири, катта илмий ходим хизматларида ишлади. Фалсафа фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган. У кўплаб шоир ва ёзувчиларнинг дўсти, давлат арбобларининг маслакдоши ва фан арбобларининг елкадоши бўлган. Осиё ва дунё миқиёсидаги бир қатор мамлакатлар ўртасида сиёсий, маданий ва дўстлик юзасидан шартномалар тузилишида ҳукумат вакили сифатида иштирок этган.

Болаликдан у киши ҳақида мен кўп эшитганман. 1981 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат пединститутининг физика факультетини битирдим ва шу институтда ўқитувчи вазифасида ишга қолдирилдим. Бироқ харбий хизматга чақирилганим боис, оила аъзоларим, қариндош-уруғ ва дўстлар билан хайрлашгани Ўзганга келдим. Ўзгандан кетар чоғимда онам “Тоғани уйига бориб хабар олгин ва хайрлашгин” деб тайинлади.

Сулаймон Азимовни Ўзганликлар “тоға” деб аташар эди. Ҳатто баъзи Ўзганлик бўлмаган одамлар ҳам у кишига тоға деб мурожаат қилишарди.

Онамга берган ваъда бўйича ҳарбий хизматга кетишдан уч кун аввал тоғанинг уйига бордим. Эшикни олтмишларни қоралаган хушрўй, юзида мулойимлик барқ уриб турган аёл очди. Саломлашиб, ўзимни таништирдим.

– Вой айланайин, Тўхтахоннинг ўғли Илҳомжонмисиз? Қаранг-а, сизни биринчи кўришим-а, сиз ҳам бизникига биринчи маротаба келишингиз-а, деб, ўз туғишганидек пешонамда ўпди-да, ҳозиргина Содиқжонни эслаб тургандик, деб, мени уйга таклиф этди. Бу аёл ҳонадон соҳибаси Ҳолида опа эди. Содиқжон менинг иккинчи акам бўлиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини 1980-йилда тугаллаган, бу оила билан яхши алоқада бўлган.

Хонадон соҳибаси мени чап тарафдаги хонага бошлади. Ўртадаги стол атрофига қўйилган стулларнинг бирига ўтириб, ўзаро ҳол-аҳвол сўрашилди. Хона шинам, унда пианино, диван, китоб қўйиладиган алоҳида мослама-токча ва телевизор ўз ўрнига жойлаштирилгани билиниб турар эди.

Мен кеча Ўзгандан келганимни айтиб, онамнинг саломини етказдим. Бироз гаплашиб ўтирганимиздан кейин опа: “Тоғангиз ҳозиргина ҳовлига чиқди, чақирганимиз билан, мен бандман, ўзларинг бу ёққа келинглар, –дейди”, деб, мени эшик орқали ҳовлига олиб чиқди.

Туширилган узум зангларидаги новдалардан меваларни кесиб, яшикка жойлаб, новдаларни қайчи билан қирқиб турган етмиш беш ёшлардаги нуроний оқсоқолга кўзим тушди ва “тоға” шу киши эканлигини англадим.

У кишидан сал нарироқда дам олиш учун бўлса керак, бир стул ва қўйилган ихчамгина хантахта устида сочиқ билан ўралган чойнак турар эди.

Бир пиёла чой устида у мендан институтда ишлаётганим, нималар билан банд эканлигимни сўрар ҳамда менинг гапларимга ва саволларга жавобларимни изоҳлаш орқали фикрларимни равшан ифода этишга йўлланма бериб турарди. У кишидаги салобат менга таъсир қилар, лекин ўз навбатида мен ҳам ўзимни “анойилардан эмаслигимни” кўрсатгим келар, лекин нимадир менга халал берар ва тўхтатар эди.

Тоға билан бўлган бу биринчи учрашувим кейин у киши билан самимий муносабат ўрнатилишига замин яратди. Ҳар гал бирор юмуш борми, ёрдам берайин дер эдим, чунки бу оилада кундалик юмушларни бажарувчи ўспирин йўқ эди. Оиланинг ягона фарзанди – қизи Гулнора эди.

У кишининг ҳовлиси кенг бўлиб, боғида турли дарахтлар ўсар, шохлари ихчам, камсоя бўлганидан, дарахт ораларига сабзавот ва зироворлар экилар эди. Ҳовлида гуллар, ҳар хил мевали дарахтлар ва узумнинг бир қанча навлари бор эди. Мевали дарахтлари ва токлар тартибли хонадонга бориб қолсам, бевосита у кишининг ҳовлиси кўз ўнгимга келиб, қаддини тик тутиб, ҳовлида салмоқлаб босиб юрган Сулаймон Азимов гавдаланиб, Ўзбекистон халқ рассоми Абдулхақ Абдуллаевнинг мўйқаламига мансуб сурат: бошида бошида попоқ, оқ кўйлак, қора костюм, беқасам тўнда ўнг қўлини ўтирган креслонинг сунчиғига қўйиб, умри давомида кўрган қувончу-аламларини, мақсад-истакларини, авлодларга айтган ва айтолмаган сўзларининг меъзон ва фалсафасини юзида акс эттириб фалсафий ўйда салобат тўкиб ўтирган донишманд Сулаймон тоғанинг сурати хаёлларимни мозийга олиб кетади.

Сулаймон Азимов дан тикроқ, буғдойранг тусли, қошлари қалин ва узун, кенг пешонали, қарашлари маъноли, жиддий, ўткир, жозибали кўзлари одамга диққат билан қараб, ўзган шевасида салмоқли, баланд овозда, гапнинг нуқта-вергулини ҳисобга олиб, тингловчи диққатини тортиб гапирадиган ва гапираётганда ҳам тингловчини кузатиб турадиган шахс эди. У аниқ мавзу бўйича мантиқан гапириб, унга хотима ясалгандан кейингина бошқа мавзуга ўтар эди. Қатағон йилларидаги ҳаётини ҳикоя қилишни ёқтирмас эди. Уйида ҳаммани ҳам қабул қилавермас, келган кишини қизиқтирган мавзу бўйича суҳбатлашавермасди. Иттифоқ миқёсидаги пенсионер сифатида шароити, ҳаёти, соғлиги давлат идоралари тарафидан назорат қилиб турилар эди.

Домла нодир китоблардан иборат жуда бой шахсий кутубхонага эга эди. Уй юмушларига ёрдамим ҳовлидаги мевали дарахтларни ва узумларни тартибга солиш бўлса, баъзан кутубхонасини ҳам тартибга келтириб берар эдим. Қайси китобни каерга қўйиш керак, газета-журналлардан олинган қирқим материалларни қайси папкага солишни ўзи кўрсатиб турарди. Китоблар саҳифасида араб харфлари билан ўзбек тилида, кирилл алифбосида ўзбекча ва русча ёзилган изоҳларни кўрганман. Ҳатто, газета ва журналларда ҳам ҳар хил рангдаги қалам билан қўйилган белгилар ва изоҳлар ёзилган бўлар эди. Йиллар ичида менга берган ва совға қилган беш-олти китобнинг деярли ҳамма саҳифасида айтилган белгилар бор. Китоб ўқиш у одам учун энг севимли иш эди. Ўқиган китоби бўйича чуқур мулоҳаза юритар, агар китобнинг муаллифи ҳаёт бўлиб, уни танийдиган бўлса, у билан боғланиб, мабодо оламдан ўтган бўлса ёки танимаса нашриёт билан боғланиб, китобнинг мазмун ва мақсадидан ташқари унинг ҳаётийлиги бўйича шахсий муносабатини билдирар эди. Сулаймон Азимовга қариндош саналадиган буюк геолог, академик Иброҳим Ҳамробоев “Ҳаёт саҳифалари” китобида: агар Ўзганда икки доно аллома дунёга келган бўлса, улардан бири Сулаймон Азимов, агар битта бўлса, ёлғиз унинг ўзи, – деб ёзган. Тоғанинг уйига зиёлилар кўп ташриф буюришларини билар эдим. Иброҳим Ҳамрабоевнинг у кишининг уйига бўлган ташрифида тасодифан мен ҳам бўлиб, дастурхон атрофидаги хизмат юзасидан уларнинг суҳбатида қатнашганман ва мана шу суҳбатнинг ўзидан бир дунё таассуротга эга бўлганман.

Сулаймон Азимов ҳақида янада қўшимча маълумотларга эга бўлиш учун энциклопедияларни, Султон Акбарийнинг “Устод Қори Ниёзий ҳаётидан лавҳалар” китобини, Саид Аҳмаднинг “Қирқ беш кун” романини, Ғайбулло Саломовнинг “Мен сув ичган дарёлар” хотира китобини, Иброҳим Ҳамрабоевнинг, Неъматжон Ибрагимовнинг автобиографик-хотира китобларини, давлат арбоби Нуритдин Муҳитдиновнинг “Кремлда ўтган кунларим” китобини, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг у киши билан “Тотли беҳаловатлик” суҳбат-интервьюсини ўқишни тавсия қиламан.

Сулаймон Азимовнинг китоб ва мутолаа ҳақида шундай деган эди:

“Китоб – бировга сотилмайдиган ва ҳеч нарсага алмаштирилмайдиган бойлик. Инсон ўзи ҳақида гапиришга одатланган даврдан бошлаб китоб яратилган. Китоб – инсониятнинг фикрлаш лаёқати бўлиб, фикр ва туйғуни абадийлаштиришнинг энг мукаммал шаклидир. Китоб кишиларнинг маънавий ҳаётида муносиб ўрин олиши, роли тинимсиз ўсиб бориши керак. Китобдек гўзаллик олами билан яккама-якка учрашувда туғиладиган ҳис-ҳаяжон инсон умрининг энг ширин, бетакрор дақиқалари бўлиб қолишини, китоб – онгли инсон умрининг мазмунини ташкил этишини ҳар бир одам билиши керак. Одамнинг дуо учун очилган кафти очиқ китобга ўхшайди. Дуо ва китоб ўқишга қилинган мақсад улуғ ниятларнинг ҳосиласидир…”

Сулаймон Азимовнинг китоб ўқишдан мақсади шундай бўлган ва у китобни ўзига энг яқин дўст деб билган.

У Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор, Тамарахоним, Лутфихоним Сарисоқова, Ҳалима Носирова, Шукур Бурҳонов, Аброр Ҳидоятов ҳақида ва Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Тўрақул Айтматов, Исҳоқ Раззоқов, Ҳабиб Абдуллаев ва бошқа кишилар билан бўлган учрашувларини мароқ билан ҳикоя қилар, айниқса Ҳамид Олимжон ҳақида ҳаяжон билан гапирар ва иш кабинетининг остонасидан “Сулаймон ака, эшитинг”, деб шеър айтиб кириб келишини эслар эди. Яна, Сталин тўғрисида айтган гапларини кейинчалик Сталиннинг қизи Светлана Аллилуеванинг 1990-йилда Москвада босилган “Двадцать писем к другу” деб номланган китобида учратдим.

Шундай зиёли, юксак маданиятли алломанинг “шахсий мактаби ўқувчиси” бўлганим учун Яратганга чексиз шукроналар айтаман. Бу инсоннинг давлат арбоблари билан ўзаро мулоқоатлари ва улар билан келишмовчиликлари, мамлакат пойтахти Москвада ўтган хар бир сиёсий тадбир ва воқеаларни мазмун, максад, тартибини сақлаган ҳолда жуда қисқа вақтда, ҳатто туни билан таржима қилиб республика оммавий ахборат воситаларида чоп этиш жавобгарлиги ва маъсулияти ҳақида ҳикоялари ҳануз эсимда. Қатағондаги ўн тўрт йилнинг ўн йилини Сибирь турмаларининг якка камераларида ўтказишдаги қийинчиликларни зўр ирода билан енгганини ўйласам, жамият унга нисбатан қилган ғирромликлари учун оёғига йиқилиб, афв сўраши керакдек туйилади.

Оилавий шароит туфайли Тошкендан Ўзганга қайтиб келганимдан кейин ҳам Сулаймон Азимов билан алоқамни узмадим. Тошкентга борсам, албатта хонадонига кирар эдим. Ўзганга кўп йил раҳбарлик қилган Мухаммадрасул ака Абоқжонов билан бир неча марта, ҳамкасбим Жаҳонгир Маслаҳатдинов, дўстларим Исроилжон Қосимов ва раҳматли Турсунбой Норматовлар билан у кишининг уйида бўлганимиз. 2019 ва 2023-йилда Тошкентда бўлганимда, уйига бориб хотирасига фотиҳа ўқидим. Сулаймон Азимов 1996-йилнинг 3-январида 88 ёшида бандачиликни бажо келтирган. Тоғанинг опаси Сожидахоннинг, акаси Ҳамроқулнинг, синглиси Тиллахон ва укаси Каримбердининг авлодлари Ўзган шаҳрида яшашади.

Сулаймон Азимовдан эшитган, ўрганган нарсаларим жуда кўп ва улар мен учун муқаддас хотира ҳисобланади. Умр ўтиб, ёшим кексалик сари қадам ташлаётган бир вақтда навқиронлик давримда қалбимга кириб келган баъзи эзгу хотираларни қўлдан келганича ҳикоя қилишга уриндим. Аммо Яратган Эгам насиб қилса, у буюк инсон ҳақида билганларимни тўлиқ қоғозга тушираман деган ниятдаман.

 

                                      Илҳомжон Абдулқосимов,

маориф фахрийси

 

Яндекс.Метрика