Тарих унутилмайди Шошаётган поезд

Истеъдодли шоир, марҳум Асқар Маҳкамнинг “Оқ китоби”да Олой мавзеси, олойликлар ҳақида ушбуларни ўқийман: “Олой мангу қорлар қўйнида тоғлар Каъбасидек мағрур яшар эди… Бу сеҳрли мамлакатнинг эшик-қопқаси, амир ва лашкарлари, доруға ва довулкашлари йўқ. Уларнинг хам ўз ҳаётлари  бор. Фақат бу ҳаёт бошқаларнинг ҳаётига ўхшамайди. Бу мамлакатда кимдир султон ва кимдир ўша султоннинг эшигида гадойлик қилиб сарғайиб турмайди. Кимдир очликдан ўлмайди ва кимдир тобути кўчаётган очнинг ён бошида “яллама ёрим” ни куйламайди. Чунки унинг ор-номуси бор, ҳамияти бор. Ҳеч бўлмаса, инсон бўлгани учун уят нималигини билади. У ерда одамлар одамларнинг уйларини, қўш-қўрасини, оғзидаги нонини тортиб ололмайди. Ҳеч қурса, инсонлигидан уялади. Бир эл бошқа бир элни так- туби билан йўқотиш режасини тузиб, кечаси билан кўзига уйқу қўндирмайди, унга бу элларнинг кераги йўқ, чунки барибир, бир энлик тупроқ остига кетади-да…”

Бир пайтлар, ҳали чор қўшинларининг, истеълочиларининг қадамлари бу ерларга етиб келмасидан олдин Олой ана шундай сулув мавзе, олойликлар эса ўшандайин мард кишилар бўлишган экан… яна қайдам. Асқар Маҳкамнинг олойликлар ҳақидаги юқоридаги каби дил сўзларини ўқияпману бехос хаёлимдан ўтган асрнинг 90- йилида Ўш ва Ўзган шаҳарларида кечган фожеалар жонланади.

– Отам, катта отам ва уларнинг оталари ҳам мана шу азиз юртнинг туб одамлари бўлиб, ўз халқига хизмат қилиб келишган, – деган эди ўшанда собиқ Қирғизистон ССР Олий кенгашининг собиқ депутати Одилжон Раимжонов. – Ўзим узоқ йиллардан буён қурилиш ташкилотида раҳбарман. Шу вақт мобайнида минглаб оилаларга уйлар қурдик. Улар орасида қирғиз оилалари кўпчиликни ташкил этарди. Бундай ишлар бўлади, деб ҳеч ўйламаганмиз. Лекин афсуски, бизнинг дўстларимиз дўст бўлиб чиқишмади. 5- июнь куни автостанцияда ёшлар тўполон чиқаришди. Бу тўполон тинчиб, орадан икки уч соат ўтгач, Совет райони томонидан машиналарда, отларда қий чув билан одамлар тушиб келишди. Уйда эдим. Бир пайт дарвоза олдига кимлардир келиб: “Одил, чиқ бу ёққа, биз сени отгани ва уйинга ўт қўйгани келдик”, дейишди. Дарвозага қарата автоматдан ўқ узишди. Дарвозахонада турган “Жигули” машинасини ёқиб юборишди. Биз оиламиз билан орқа томондан укамнинг уйига ўтдик. Улар эса уйимиз ёниб, кул бўлгунча кўча атрофини қўриқлаб туришди. Ёниб кетган уйим, мол-дунё кўзимга кўринмаяпти. Лекин 15 минг нусха китобдан иборат кутубхонам бор эди. Улар орасида энг нодир қўл ёзмалар, нодир асарлар мавжуд эди. Нега? Нима учун бундай қилишди? Уларга нима ёмонлик қилдим?

Бугун Одил ака йўқ. Аммо унинг кўкка ишора қилиб айтган юқоридаги гаплари ҳамон ёдимда. Унинг гаплари эса нафақат ХХ-, айни пайтда ХХI- асрнинг хам энг буюк ёзувчиси бўлиб қолувчи Чингиз Айтматовнинг шундай гапларини ёдга солади: “… Қадим- қадим ўзбек маданиятини Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русьга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган…”

Дарвоқе, ўшанда Ўзганни ҳарбийлар, ҳа, совет ҳарбийлари сақлаб қолишган эди. Агар улар яна 5-6 соатга кечикканларида қурбонларни юзлаб эмас, минглаб санаш мумкин бўлар эди. Улар жароҳатланганларга ёрдам беришди, ўликларни кўмишди, ўт ўчиришди. Шу жараёнда бир аскар йигит ҳалок бўлди: қийнаб ўлдирилган болаларни, қизларни кўриб, бундай хунрезликка унинг асаблари дош беролмади. Ўзини ўзи ўлдирди. Аскарнинг бу ўлими оддий ўлим эмас эди,бу ўлим- ваҳшийликга қарши ИСЁН эди.

2010 йилда эса ҳеч ким ҳеч кимни қутқармади. 100 000 дан ортиқ қочоқлар Ўзбекистонда жон сақлашди. Уйлар, маҳаллаларга эса ўт қўйилди, одам ўлдирилди. Яна ҳам Ўрта Осиёнинг бу қадим ўтроқ халқи тўзимли экан. Уларнинг : “Эй халойиқ, биз ҳам одаммиз. Республика, область, шаҳар ва қишлоқларни бошқаришда биз ҳам қатнашайлик, аҳир биз ҳам шу юртнинг азалий фарзандимиз. Бизларни камситманглар, ҳуқуқларимизни паймол қилманглар! ” деган табиий талабларини айирмачиликга йўйишди. Бундай тинч йўл билан айтилган талабларга ўқ билан жавоб беришди … Шоҳидларнинг бири шундай воқеани эслайди : “Ўшдаги тўполонларнинг эртасига бозорга бордим. Бозор бозорлигини йўқотган, гўё мозорга айланган эди. Ҳамма ёқда турли туман мева чеваларнинг уюмлари, писта-бодом, туршак, майизлар ер билан битта бўлиб сочилиб ётибди. Чор тараф бесарамжон. Тўполон куни бир тўп ёшлар ҳаммаёқни остун- устун қилиб юборишган. Боғидаги мева –сабзавотини саватга солиб, халққа янгилик деб олиб келган боғбону- деҳқон нарсаларини шундайлигича ташлаб қочган. Битта қоровул бўлса қаёққа хам қарасин. Шу пайт ўртадаги растада бир одамни кўриб қолдим. У бозорчилар ташлаб қочган писта- бодом, мева- чевалардан ҳеч тап тортмай қўлидаги ҳалтасига солар, етаклаган ити унинг ортидан юриб, нарсаларга тумшуғини текказиб қўяр эди. Мен бу холга чидамадим. Бояги одамни урушдим, танбеҳ бердим. Илдизи битта бўлган икки халқ ўртасида низо қўпиб, қон тўкилиб турганда, бундай отнинг ўлимини ит бўлиб байрам қилган одамни битта менинг урушганим, танбеҳ берганим қаерга хам борар эди… ”

Мана шундай ҳолатларга дуч келганингда, кўп узоқ эмас, роппа роса йигирма йил ичида бир халқнинг икки мартта қирғинга учраганига гувоҳ бўлиб турганингда туркий халқларнинг овқатини аллақачонлар қандайдир итлар ҳаром қилганига амин бўласиз. Итнинг қанчалик вафодорлигини , хотиннинг жафокорлигини қанчалик тараннум этмайлик, уларнинг бири барибир ҳаром, иккинчиси ҳалолдур. Бу ҳаромдан ўзимизни ўзимиз тозаламасак, ўришганда биров ажратиб қўймаганидек, тозалаб ҳам қўймайди. Мен бир пайтлар оддий меҳнаткаш халқ, бутун умри молнинг ортида ўтган чўпон, пахтакор дехқон, ўзига ўхшаган бошқа бир халқ вакилига ўзидан ўзи тиғ кўтаришини тушунмас эдим. Бугун тушуниб турибман. Бугун нафақат сармоядорларнинг, катта “сиёсатчи” ларнинг, эл устида турган “эломонлар” нинг, айни пайтда  ўша оддий халқнинг ҳам табиати булғаниб бўлди… У ўта сиёсийлашиб, марказдан- ўзи мансуб бўлган туркийликдан, Асқар Маҳкам айтган одамийликдан, дину- диёнатдан – қочма кучга айланган оломонни ташкил этиб турибди. Тарихда ўтган Шобдон ботир, Чибил бўлис, Мирзақул бўлис, Муҳаммадали халфа, Оҳунбобоев деган зотларнинг бугунги авлодлари ўзини йўқотган авлод. Бу авлоднинг фожеаси советларнинг халқ, миллат ҳақидаги афсоналарига ва ёлғон мустақилликларига алданганларида, ўз вақтида бутун Туркистонни, ягона миллатни миллатчаларга бўлиб юборилиши, халқлар ўртасига раҳна солинишидан мақсад хам бугунги оломонни юзага чиқариш эди. Поезд кетдими? Билмадим! …

Агар тез вақтларда ўзлигимизни топмасак, поезд албатта кетади. Яқинда шундай воқеани ҳикоя қилиб беришди. Қирғизистон дин назоратининг муфтийси телевидения орқали чиқиш қилиш пайтида гап орасида бир- иккита ўзбекча сўзлардан фойдаланибди. Кўрсатув эфирга туғридан тўғри олиб борилаётган экан. Ўша заҳоти бир нечта телетомошабин сим қоқишиб: муфтий жаноблари нима сабабдан ўзбек тилида сўзлаяпсиз, деб эътироз билдиришибди. Муфтий улардан кечирим сўрабди.

Энди ўйлаб кўринг: биз шу пайтгача Қирғизистоннинг жанубида юз берган ҳар икки қирғин ҳам четдан туриб уюштирилган, деб келдик. Хўш қирғинни ўша четдан туриб уйиштирганлар кимлар, деб сўрасангиз, жавоби ўта мужмал бўлади. Боринки кимлардир бу фожеаларга ростдан ҳам четдан туриб раҳнамолик қилган дейлик, аммо қирғинни шу жафокаш халқнинг вакиллари амалга оширишдику! Пичоқ бировники бўлганда хам қўл, бош ўзимизники эди-ку?! Масалага ана шу нуқтаи назардан қараладиган бўлинса, ўтган қонли фожеаларнинг туб сабаблари ўзимизнинг, на фақат кўплаб мансабдорлар, сиёсатчилар, олим ва ёзувчилар шунингдек, ўша биз юқорида оддий одамлар деб айтган кишиларнинг ҳам феъл- атворларида, қалбларини зулумот қоплаганида эмасмикин?! Демак, бугун Қирғизистонни ўша ўз ичимиздаги мавжуд қоронғулик қоплаб турибди, десак адашмаган бўламиз. Бундай қоронғуликни нималар ёритиши мумкин? Албатта маънавият, тарихий ҳақиқат. Тарихий ҳақиқат эса битта – Туркистон. Бир пайтлар парчалаб ташланган Туркистон эса энди ҳар биримизнинг – ўзбек ҳам, қирғиз ҳам, қозоқ ҳам, уйғур ва барча туркий халқлар аввало ўз ичларида, ўз юракларида ва тилларида яратишлари ва бу муқаддас бирликни авлоддан авлодга етказишлари шарт. Зеро бу халқларнинг бир кун албатта бирлашишлари азалда бор. Бу бирликни ташқари кучлар ҳеч қачон қўлламайди. Уни ўз ичимиздан яратишимиз керак. Ўша муфтий жаноблари узр сўраш ўрнига : “эй бродарлар, ўзбек тили ҳам, қирғиз тили ҳам бир ўзакдан чиққан. Агар алифболаримиздаги сунъий айирмалар бўлмаганида эди, сўзларни бир хил ўқиб бир хил ёзар эдик. Уларнинг ҳар иккиси хам Туркий тилдир. Ахир мен рус тилида гапирмаяпманку” – деса бўлармиди?! Аммо бундай дейиш учун ҳам одамнинг ичи ёруғ бўлиши керак. Шундай экан, поезднинг қачон  кетиш- кетмаслиги бизга доим уқтиришганидек “учунчи кучлар”, “қора кучлар“ га эмас, ўзимизнинг ичимиз қанчалик  ёруғ  ва тоза бўлишига  боғлиқ.

 

Холис Назар

P.S.  Ҳа, айтганча яқинда оммавий ахборот воситаларида

шундай хабар тарқалди. Жалолобод вилоят хукумати

ғарб мамлакатларидан сиёсий паноҳ топган

Қодиржон Ботировнинг хусусий уйини собиқ президент

Қурманбек Бакиевнинг укаси, марҳум Юсуф Бакиевнинг

ўғлига хатлаб берибди. Эл-халқнинг гап- сўзига қараганда,

2010- йилги қирғиндан Бакиевлар ҳам улуш олишлари қонуний экан…

2011йил.

Яндекс.Метрика