ЧОРАСИЗНИНГ ЧОРАСИ

oYuUIRjKVA2010 йил нафақат Қирғизистон, балки Ўзбекистон халқи учун ҳам фожиали келди. Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида, шунингдек Жалолобод шаҳри ва Жалолобод вилоятида ўзбек халқи қирғин қилинди. Айнан ўзбек халқи қирғин қилинди, дейишимизнинг сабаби – бу талотўпда ўзбеклардан бошқа миллатга тегилмади, уйлари ёндирилмади, мол-мулки таланмади, ундан фақат ўзбеклар жабр кўрди. Демак, бу можарони, Халқаро мустақил комиссиянинг ҳисоботида айтилганидай, “инсонийликка қарши қаратилган” деб эмас, ўз оти билан тўғридан-тўғри “геноцид” деб аташ тўғри бўлади.

2010 йилги қирғин, одатдагидек, тўсатдан бошланди. Одатдагидек дейишимизнинг сабаби эса, ундан йигирма йилча аввал, 1990 йилнинг 4 июнида кунида ҳам йўқ жойдан ғавғо чиқарилган – Ўшда ўзбеклар қалин яшайдиган ҳудуднинг қоқ ўртасидаги катта дала майдонидан умуман аҳолига эмас, қирғиз оилаларига ер участкалари ажратилиб беришга киришилган эди. Бир томондан, шу жойларда азалдан яшаб келаётган, фарзандлари вояга етиб, оилалари кенгайиб, бир ҳовлида бир неча оила тиқилиб яшаб, ўнлаб йиллардан бери уй-жой қуриш учун ер ололмай тургани ҳолда, уларга эмас, овулидан куни кеча келган, ер участкаси олиш учун навбатга ҳам турмаган кишиларга дарҳол ер тақсимлаб берилишидай адолатсизлик, ошкора беписандлик ва миллий камситиш ўз-ўзидан, шу жойдаги ўзбекларнинг жонини ҳалқумига келтирган эди. Иккинчи томондан, ер олдим дея қувониб тургани ҳолда унга қарши кучнинг пайдо бўлганидан қирғиз ёшлари ҳам чексиз даражада ғазабга тўлган эди. Бояги можаро улкан ўтин ғарамига керосин сепиб, ёқишга тайёр бўлган чоғида бир дона гугурт вазифасини ўтади. Ўш, Ўзган шаҳридаги кўп ўзбек уйларига ўт қўйилган, неча ўнлаб ўзбеклар ваҳшиёна равишда қийнаб ўлдирилган эди. Аммо куни битиб, сўнгги нафасларини олаётган Совет давлати бу можарога эътибор берадиган ҳолатда эмас эди.

Биз бу можарони аслида борлиғига керосин сепилган улкан ўтин ғарамига қиёслаб, иш гугурт чиқилишига қараб қолган эди, деб айтмоқдамиз. Ўтин ғарами – Қирғизистон халқи, ундаги турли миллатлар бўлса, давлатда ўтказилган бир нотўғри сиёсат керосин вазифасини ўтади. Гап шундаки, ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошлаб Қирғизистонда “миллий кадрлар етиштириш” деган сиёсат ошкор равишда юргизила бошлади. Унга кўра, деярли барча раҳбарлик лавозимлари қирғиз миллати вакилларига олиб берила бошлади. Боғчадан тортиб, ишлаб чиқариш корхоналарида, ички ишлар ва армия қисмлари, вилоят ва шаҳар партия қўмиталарида, ижроия органларида ишлаб келаётган ўзбек раҳбарлар бирин-кетин ишдан бўшатилиб, бу ўринлар, гарчи тажрибасиз ва малакасиз бўлса ҳам, қирғиз миллати вакилларига олиб берила бошлади. Ўз-ўзидан, бундай муносабат ўн йиллаб, йигирма йиллаб меҳнат қилиб, шу корхона ва ташкилотга умрини бағишлаб келаётган одамларга, уларнинг бола-чақалари, қавм-қариндошлари, қўни-қўшнилари ва ниҳоят, шу корхона жамоасига оғир таъсир қилар эди. Янги раҳбарлар эса, гарчи нолойиқ бўлса-да, иш юритиши шарт қилиб белгилаб қўйилди. Бунинг оқибатида кўп ташкилотларда иш орқага қараб кетди, одамларнинг даромадлари камая бошлади. Эл норозилигига нишон бўлган янги раҳбарлар ҳам бу қаршиликка қарши реакция билдиришга, жамоани ақл-фаросат билан эмас, маъмурий буйруқбозлик асосида “бошқариш”га ўта бошладилар. Хуллас, Қирғизистон жанубида миллатлараро муносабатлар анча таранглашган эди ва можаро чиқишидан манфаатдор томонлар бундан “унумли” фойдаланди.

1990 йилги можаро аслида пухта режалаштирилган бўлиб, чамаси, Қирғизистон раҳбариятига бу масалага аралашмаслик топширилган бўлса керакки, 6 июнь – можаронинг учинчи кунида Ўзбекистон раҳбарияти кечки пайт Қирғизистон раҳбари А.Масалиев билан телефон орқали боғланмоқчи бўлганида унинг иш вақти тугагани учун кетиб, ҳозир дачасида дам олаётгани айтилди. Қандай ҳавас қилса бўладиган хотиржамлик – ўша соатда Ўзган шаҳрида маҳалла-маҳалла ўзбекларнинг уйлари ёндирилаётган ва ўнлаб одамлар ўлдирилаётган эди! Қатъий топшириқ бўлмаса, шундай ҳолатда мамлакат раҳбари хотиржам уйига кетиб, истироҳат қилиши мумкинми?

Ҳолбуки, атайлаб бунга замин тайёрланмаса ва уюштирилмаса, кенг халқ оммаси – ўзбеклар билан қирғизларнинг орасида бунчаликка олиб келадиган кин ва адоватнинг ўзи йўқ эди. Шу туфайли қандайдир тушунарсиз ҳолатлар ҳам юзага келди. Масалан, Ўшда ҳар бир кўчада баррикадалар қурилиб, ташқаридан келиши мумкин бўлган ёвни маҳаллага киритмаслик учун ҳаракат қилинди ва бу баррикадалар ёнида шу маҳалла йигитлари тунлари ҳам қолиб, пойлоқчилик қилишар эди. Буни қарангки, қирғизлар ўзбеклар билан аралаш яшайдиган айрим маҳаллаларда кечки пойлоқчиликка ўзбек ва қирғиз йигитлари бирга чиқиб, бирга соқчилик қилишган эди. Ёки “ўзбекларни ўлдираман” деб юрган қонхўрлардан ўзбек қўшнисини ҳимоя қилиб, уни уйига яширган қанча қирғиз кишилари ўз миллатдошларидан калтак егани ҳам бор гап.

Аммо нима бўлганида ҳам, ўша оғир кунларда ўзбеклар кўп қирилди. Чунончи, Турсунбой ака Ўзганбоев деган одам Ўзган шаҳрида чойхона очган эди. У ҳамма очиқ кўнгилли кишилар сингари, ўзбекка ҳам, қирғизга ҳам баравар қадрдон бўлган. 5 июнь куни чойхонани юритиб турганида ўзбеклар унинг олдига хавотир билан келишиб, “Қочайлик, қирғизлар қирғин қилиш учун бостириб келишаётган экан”, дейишса, у “Мени ҳамма – қирғиз ҳам, ўзбек ҳам ҳурмат қилади, боя уч-тўртта қирғиз йигит келиб, “Турсунбой оға, бизга беш-олти кило гуруч солиб ош тайёрлаб қўйинг” деб кетишувди. Қочиб қолсам, лафзсизлик бўлади, мен кетмайман”, деб жавоб берган. Айтилган вақтда элликка яқин қирғиз йигитлари келган, бир неча сўрини тўлдириб ўтириб Турсунбой аканинг ошини ейишган, ароқ ичилган, сўнг жанжал бошлаб, аввал отасига қарашиб юрган Турсунбой аканинг ўғлини отиб ўлдиришган, кейин унинг ўзини тутиб, қўлларини боғлаб, ўзи ош пиширган ўчоққа калласини тиқиб куйдириб ўлдиришган, сўнг у истиқомат қиладиган Ясси кўчасига бориб, уйига ўт қўйишган, мол-мулки ва машинасини ёндиришган. Дарвоқе, уйлари таг-туги билан ёндирилган, эркаклари ўлдирилиб, аёллари зўрланган маҳаллалар битта Ясси кўчаси эмас. Бу – ўша ўтган қирғиндан бир лавҳа.

…Халқ кечиримли бўларкан. Давр ўтаверар экан. Инсон эса ёмон кунларини унутишга ҳаракат қилиб, ҳаётга, кун кўришга интилар экан. Шу сабабли бўлса керак, у воқеалар, гарчи орадан ҳали чорак аср ҳам ўтмаган бўлса-да, одамларнинг ёдида гўё бир туш каби қолган, у ваҳшийликларнинг келажакда яна такрорланиши мумкинлиги бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Йўқса, одамлар ҳар ҳолда қандайдир бу ҳолатга тайёрланар эди: ё бир амаллаб ўз юртидан бошқа ёқларга бош олиб кетар, ёки ўзини, оиласини ҳимоя қилиш чорасини кўрар эди. Ундай бўлмади, эл ғафлатда умр ўтказиб юра берди.

1990 йил воқеалари даврида ҳали Совет давлати ҳар ҳолда мавжуд бўлиб, Ўзбекистоннинг қатъий талаби билан орадан икки кун ўтгач, 6 сентябрда икки полк ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудига киритилган, шу туфайли можаро жуда кенг авж олиб кетмай туриб бартараф этилган эди.

1991 йилнинг кузида эришилган мустақиллик Қирғизистон халқига ҳам, Ўзбекистон халқига ҳам турлича кайфият берди. Хусусан, Қирғизистон раҳбарияти ҳам, мустақилликка эришган бошқа республикалар қатори, “бозор иқтисодияти”ни танлаганини эълон қилиб, демократик давлат қуриш режасини билдирган бўлса-да, сиёсий ирода ва раҳбарлик савияси етишмаслиги тез орада сезилди: “демократия ороли” деб эълон қилинган бу мамлакатда демократия учун биринчи навбатда зарур бўлган нарса – маърифатнинг жуда-жуда танқислиги билиниб қолди. Маърифатисиз демократия эса анархиядан бошқа нарса эмас. Бу анархия икки бор мамлакат президентини юртдан қувғин қилишга олиб келди, мамлакатга ким президент бўлса, ҳар гал конституция янгиланар ва таҳрир қилинар эди. Пировардида бошбошдоқликлар авж олди, қирғиз халқи ичида турли келишмовчиликлар юз бериб, бунинг оқибатида пойтахт Бишкекда отишмалар юз берди. Бакиев ва унинг тўдасини қувғин қилишнинг давоми бўлиб Жалолободда – Бакиевнинг ватанида унинг уйи ёндирилди Ана шу энг таҳликали паллада Қирғизистоннинг икки қисмга – Шимолий Қирғизистон ва Жанубий Қирғизистонга ажралиб кетиши эҳтимоли кучайди. Шу паллада бир-бирига қарши қаратилган икки куч – Шимол ва Жанубнинг қаҳр-ғазаби кимнингдир маслаҳати билан ҳеч кутилмаган жойда ўзбекларга қарши йўналтириб юборилди. Бунга бор-йўқ баҳона – ўзини “Қирғизистон ўзбекларининг лидери” деб ҳисоблаб юрган Қодиржон Ботиров ўз гуруҳи билан Бакиевнинг уйини ёқишда иштирок этгани бўлди. Аслида, бу вазиятда Қ.Ботиров ҳам иложсиз ҳолда эди – у бу “тадбир”да иштирок этмаса, “Бакиевга тарафдор” деб талқин қилиниши ва бунда ҳам ўзбекларнинг ёмонотлиққа чиқиши аниқ эди. Ана шу туфайли Қодиржон Ботиров ўз гуруҳи билан тўпалонда иштирок этди ва нафақат айбдор деб, балки “қирғизнинг уйини ёқишга бош бўлган одам” сифатида уруш бошловчиси деб талқин этилди ҳам. Ҳолбуки бу можаро 2010 йилнинг 10 июнида Жалолободда эмас, 7 апрелида Бишкекда бошланган эди…

Жоҳиллик ва сиёсий сўқирлик туфайли мамлакат раҳбарияти ўз халқининг бир қисми бошқа бир қисмини қирғин қилишига йўл қўйиб берди ва бир неча кун мобайнида, ўзини гўё бу қонли воқеалардан карахт бўлиб қолган каби кўрсатиб, ҳаракатсиз турди ва бу билан қирғиннинг кенг ёйилиши учун йўл очиб берди. Ўша кунлари яширин равишда суратга олинган киноларда магазин ва уй-жойларга ўт қўйилаётгани, улар ичидан энг қимматбаҳо нарсалар аллакимлар томонидан ташкилий равишда, уюшқоқлик билан олиб чиқиб кетилаётгани, қуролланган ниқобли кишилар эса оловни ўчиришга қўймай, аксинча, ким ўчиргани келса отиб ташлашга шай ҳолда оловга орқа ўгириб турганликларини кўриш мумкин. Бу – ўзбекларнинг уй-жойи, мол-мулки эди. Орадан бир неча кун ўтгач, муваққат ҳукумат раҳбари – президент Роза Отунбаева Ўшга келиб, юз берган можарода яраланган одамлар ётган касалхонага бориб, кўнгил сўрар экан, бир касалга ишора қилиб, “Ким бу?” деб сўрагани ва ҳамроҳлик қилиб юрган бош шифокорнинг “Урушда яраланган қирғиз йигити” деган жавобидан кейин “Айланайин ботирим”, дея унинг юз-кўзини силаб-сийпаб руҳини кўтаргач, кейинги ётган ярадор шу урушда яраланган ўзбек йигити эканини эшитибоқ, ундан юз буриб хонани тарк этганини одамлар телевизор орқали кўриб туришган.

2010 йил қирғини ўша қонли воқеалар юз берган бирон ҳафта ичида бўлиб ўтиб, тўхтагани йўқ. Ҳамма кутган воқеа – Ўзбекистоннинг бу борада аралашмаслик, вазиятни совуққонлик билан ўрганиш, етти ўлчаб бир кесиш, чет эллик қирғин ташкилотчиларининг найрангига учмаслик сингари муносабати маълум бўлгач, Қирғизистон раҳбарияти хотиржамлик билан қирғиннинг иккинчи қисмини бошлади – Ўш ва бошқа шаҳарлар, қишлоқларда ўзбекларнинг уйлари тинтув қилиниб, бу жойлардан гўё қурол-яроғларни “топиб” ола бошлади. Ҳолбуки, бундай қуролларни тинтув ўтказаётган бир гала ҳарбийлар ва милиционерларнинг ўзлари билдирмай олиб кириб, уйининг тўс-тўпалони чиққанидан ваҳимага тушиб турган одамнинг кўзини шамғалат қилиб, аллақайси четга ташлаб қўйиб, кейин уни “топиб олиш”лари ҳаммага маълум бўлган сийқа усул эди.

Шу йўл билан Қирғизистон раҳбарияти, бир томондан, ўзбекларга тазйиқ ўтказар, қўрқитиб пулини олар, бунга кўнмаганларни қамоққа тиқар, хуллас, қирғинни давом эттирар, иккинчи ёқдан эса, халқаро жамоатчилик олдида ўзларини оқлаб, “можарони  қуролланган ўзбеклар бошлаган” деган тушунча пайдо қилишга уринарди. Кўп ўзбек йигитлари ана шундай тинтувлар орқасида калтакланди ва турмаларга ташланди. Бу сиёсат қарийб ўттиз йилчадан бери ўтказиб келинаётган экан, бундан, Қирғизистонда ўзбекларга қарши бир нуқтаи назар шакллантирилган ва у  Қирғизистонга ким раҳбар бўлишидан қатъи назар, бир хилда ўтказиб келиняпти, деган фикр келиб чиқади. Гарчи мамлакатнинг аввалги, ҳозирги ва кейинги раҳбарлари бир-бири билан ўзаро мухолафатда бўлса ҳам, бир-бирига қарши уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик кайфиятида бўлса ҳам, ўзбекларга муносабат нуқтаи назаридан, уларнинг бари бир хилда фикрлайди ва бу нарса давлат сиёсати даражасида ушлаб турилади, деган фикрга келиш мумкин.

Хўш, нега Қирғизистонда ўзбеклар қирғин қилинади ва нега бу сиёсат тобора кучайиб бормоқда, деган савол туғилади. Сабаблари бордир, ахир?

Бизнингча, бунинг сабаби бир неча. Булардан биринчиси, ҳамма жойда – бутун дунёда бўлганидек, жоҳил ва қолоқ эл маданий жиҳатдан ўзидан юксак бўлган халқни ёмон кўради. Ўзбеклар қадим-қадимдан шу заминда ўтроқ яшаб келаётган нисбатан маърифатли миллат. Унинг маданий ва маиший турмуш даражаси азалдан қирғизларга қараганда юксакроқ бўлган. Башарти ўзбеклар савия жиҳатидан қирғизларга қараганда орқароқда бўлганида, қирғизларга эргашишар, уларнинг урф-одатлари, расм-русумлари, таомилларини қабул қилган бўларди. Бундай бўлмади. Сон жиҳатдан қирғизларга қараганда оз бўлса-да, ўзбеклар маданий жиҳатдан қирғизлардан устун бўлиб, бунинг оқибатида уларга эргашиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини ҳар кунги ҳаракат-муомаласида исбот қилди.

Бу эса қирғизлар орасида қолоқ ва жоҳил одамнинг кўра олмаслиги, ичиқоралик қилиши сингари бир кайфиятни юзага келтирди. Дин, умумий маданий даража, санъат, сиёсат, саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, кийиниш, моддий турмуш, урф-одат ва таомиллар сингари барча асосий соҳаларда ўзбекларнинг нисбий юксаклиги қирғиз халқи вакилларини ғижинтирмай қўймас эди. Ахир, мамлакатга ном берган миллат лидер бўла олмай турса? Ўзининг устун эканини кўрсатиш ва исботлашнинг имкони топилмаса? Бу ҳол қирғиз миллати вакиллари орасида нафақат Жанубий Қирғизистонда, балки бутун Қирғизистон ҳудудида ўзбекларга нисбатан гоҳ яширин ва гоҳ ошкора кўролмаслик кайфиятини пайдо қилар эди.

СССРнинг тарқаб кетиши арафасида бу кайфият ошкора душманликка айланди. Ўш ва умуман Жанубий Қирғизистонда ҳар кун, ҳар соатда гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда ўзбеклар ва қирғизлар ўзаро ғижиллашар, бундай ҳолларда иш милиция ходимлари аралашувига етиб борадиган бўлса, ўзбек миллати вакили муқаррар айбдор деб топиларди, чунки милиция ходимларининг 90 фоиздан ҳам ортиғи қирғиз миллати вакилларидан эди. Бундай натижадан сўнг можаро ҳал бўлиш ўрнига баттар авж оларди, чунки ўзининг “оппоқ” бўлиб чиқишини олдиндан билган қирғизлар ўзбошимчаликни яна авжига чиқарар, ўзбеклар дилида эса қирғизларга нисбатан кек ва алам ортар эди.

Ана шу нарса вазиятни ҳамма ёғига керосин сепилган улкан ўтин ғарами ҳолига келтирган эди: кимдир гугурт чақса, гулхан ловуллаб кетиши тайин эди – 1990 йилги воқеалар унинг натижаси бўлди.

Ўзбекларнинг иккинчи “айб”и – уларнинг ўзига тўқ яшаши бўлди. Бозор иқтисодиятига ўтиш даврида – мустақилликнинг дастлабки йилларида қирғизлар ҳамма нарсани сотиб, еб-ичиб юборган бўлса, ўзбеклар тежаб-тергаш орқали бойиш йўлига ўтди. Йўқса, ҳеч ким ўзбеклар учун алоҳида шароит яратиб бериб, уларни бойитиб қўймади. Барча тўқлик ва фаровонлик ўзбекларга тадбиркорлик, тежамкорлик, узоқни кўзлаб яшаш орқали келди. Ҳамма нарсани еб-ичиб бўлган оч оломон энди ўзбекларга, уларнинг мол-мулкига тикилди. Ҳатто айрим қирғиз идеологлари матбуот саҳифаларида “Қирғиз халқи бир амаллаб кун кўриб юрган пайтда нега ўзбеклар тўқ яшаши керак?” деб гижгижлаш йўлига ўтдилар.

Қонли воқеаларнинг учинчи сабаби эса, назаримизда, Жанубий Қирғизистонда, хусусан Ўшда ўзбек интеллигенцияси жуда камайиб кетгани бўлди. Зиёли, билимдон, ўз ишининг устаси бўлган инженерлар, юристлар, олимлар, врачлар, ишлаб чиқариш раҳбарларига бу ерда иш ҳам, ишлаш учун шароит ҳам йўқ эди. 2000 йиллардан бошлаб савдо ва умумий овқатланишдан бошқа соҳаларда ўзбеклардан деярли ҳеч ким қолмади – халқнинг ижтимоий фикрини шакллантирадиган интеллигенция Қирғизистонни тарк этиб, Ўзбекистон ва бошқа давлатларга кетиб қолишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон теварагидаги давлатларда миллатчилик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. У катта сиёсий мақсадларни кўзлаб, сунъий равишда юзага келтирилди. Бунда давлат раҳбарлари номидан ёзилган ғайриилмий ва ғайриинсоний руҳдаги “тарих” китоблари катта роль ўйнади. Тожикларнинг “орий” ирқига мансублиги ҳақидаги пуч даъволар, қозоқларнинг Марказий Осиёда асрлар давомида етакчи сиёсий куч бўлиб келгани, бунда Алаш ўрда хонликларининг “беқиёс роли” борасидаги; айни пайтда бутун Ўрта Осиёдан чиққан барча давлат арбоблари, олимлар, шоирлар ва бошқа атоқли сиймолар аслида туркман бўлгани ҳақидаги туркман янги тарихчиларнинг даъволари, Беруний асли қирғиз, оти эса Беруний эмас, Бўри бўлган, Аҳмад Яссавий ҳам, Амир Темур ҳам қирғизларнинг ичкилик уруғига мансуб, дея даъво қилган журналист Қален Сидиқова сингариларнинг “кашфиёт”лари кетма-кет эълон қилинди, университетларда тарих дарслиги сифатида ўқитишга тавсия этилди. Бунда давлат раҳбарлари номидан тайёрланган асарлар методологик роль ўйнади ва олимларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Масалан, Сапармурод Туркманбошининг “Руҳнома”, Асқар Ақаев номидан чиққан “Қирғиз давлатчилиги ва “Манас” эпоси сингари китоблари руҳидан келиб чиқиб, лаббайгўй олимлар тайёрлаган асарларда улуғмиллатчилик, бошқалардан қадимийроқлиги, ва демакки, “юқори сорт” миллат эканлиги ҳақида даъволар янграй бошлади. Тарих сохталаштирилди. Жумладан, туркманлар афсонавий Ўғузхонни ўз ғоявий отаси деб эълон қилган бўлса, қозоқларда Алаш ўрда руҳи тараннум этилди, тожиклар Сомонийлар даври идеаллаштирилган бўлса, ўзбек олимлари Амир Темур давлатчилигини мадҳ этишга киришдилар. Қирғизларда бундай тарихий манба топилмагани боисидан… улар “Манас” достони бош қаҳрамонини идеаллаштиришга мажбур бўлдилар, оқибатда, сохта Манас пайдо бўлди, унинг номидан “Манаснинг етти васияти” каби достонда йўқ нарсалар ёзиб тақдим этилди.

Кўрамизки, миллий шовинизм оз-оздан, баъзи давлатларда яширин, баъзиларида ошкора равишда, ривож топишга тушди. Умуминсоний қадриятлар, барча миллатларнинг тенглиги ҳақидаги эзгу ғоялар эса нурсизлана бошлади. Бу жамиятларда барча нарсани ҳокимият, куч ва бойлик ҳал этиши аён бўлиб қолди.

Бу эса мана шу қадим ўлканинг барча минтақасидаги барча миллатларнинг тақдирига, уларнинг кундалик амалий ишлари йўналишига ва пировардида… дунёқарашига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қўймади. Чунончи, Жанубий Қирғизистондаги ўзбеклар орасида ҳам ғоявий ва ахлоқий парокандалик вужудга келди. Мамлакат раҳбарлари “Демократия ороли” дея мақтови келиштирилиб турган бу юртда ҳамманинг (жумладан, шу ерлик ўзбекларнинг ҳам) асосий ғояси ва ҳаётдан асосий мақсади – пул топишга айланди. Пул топишга олиб келадиган ҳар қандай йўл бу жамиятда тўғри йўл деб қараладиган бўлиб қолди. Наркобизнес қарийб ошкора фаолият турига айланди, ҳатто дин вакиллари ҳам бойларга гумашта мақомига тушди. Мактаб ўқитувчилари, журналистлар каби “зиёлилар” эса бизнесменлар теварагини қуршаб, уларга ўзини яқин кўрсатишга интилардилар. Фақат бой одам – ақлли одам, деб ҳисобланадиган бўлди.

Оқибатда, йирик бизнес вакиллари маҳаллий ўзбекларнинг намояндалари сифатида қаралди, улар бизнесменликдан ташқари, сиёсатчи деб ҳам ҳисобланар, Республика Жокорку Кенеши депутатлари орасида йирик бойлардан бўлмаган биронта ҳам ўзбек вакили йўқ эди. Табиийки, ўз бизнеси манфаатига зиён етмаслиги учун, бу янги тоифадаги “арбоб”ларнинг аксар қисми мамлакат раҳбариятининг сиёсатини, ҳатто айрим ҳолларда ўзбек халқининг ижтимоий манфаатларига зид келадиган сиёсатини ҳам, қўллаб-қувватлар, шунга мажбур эди. Ана шу сиёсатчиларнинг савиясизлиги оқибатида Қирғизистонда ўзбек миллий-маданий марказлари тузилди. Республика ўзбек миллий-маданий маркази, Ўш вилоят ўзбек миллий-маданий маркази, Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий маркази, Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази сингари қўлбола муассасалар болалаб кетди. Бунинг сиёсий маъноси – ўзбек халқини шу жойнинг туб аҳолиси – автохтон эл эмас, балки ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳудудига кейинчалик кўчиб келган бир халқ деган мақомга тушириш билан тенг эди; буни бизнесмен-сиёсатчилар умуман пайқаганлари ҳам йўқ. Аксинча, улар бундай тузилмаларда ўзларининг Жокорку Кенеш депутати бўлиб яна сайланиши ва ўз шахсияти учун қандайдир имтиёзлар олишда таянч нуқтасини кўрдилар.

Аслида, бу “миллий-маданий” марказлар маҳаллий ўзбек арбоблари орасида “яблоко раздора” ролини ўйнарди. Чунки бундай марказларнинг сони чекланган бўлиб, “ўзбеклар етакчиси” лавозими ҳаммага ҳам етмасди. Бундай марказларни тузишга даъват этган “демократ оғалар” эса шу орқали ўзбек етакчилари орасида ички ихтилоф ва низолар келтириб чиқаришга интилган эдилар ва бу ниятларига тўлиғича эришдилар ҳам.

Қирғизистонда ташкил этилган қўлбола “Ўзбек миллий-маданий марказлари” ўзининг асосий функциясини – шу ҳудуддаги ўзбек миллати манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ўртага қўйиш, шу заминдаги элнинг бошини қовуштириш, маданий ва маърифий иш олиб боришни бажара олмади, бунга имкон ҳам берилмади. Бунинг учун улар орасида аввало ўзаро ҳамжиҳатлик йўқ, қолаверса савия ҳам етишмас эди.

Қирғизистон раҳбариятининг, ғояси ва сиёсий ниятларидан қатъи назар, ким пул берса, ўшанинг ноғорасига ўйнаш сиёсатини ўзбек миллий-маданий марказларининг раҳбарлари ҳам қабул қилиб, давом эттирдилар. Биргина мисол: Ўш ва бошқа шаҳарларда очилган “Оғахон мактаби” каби мактаблар аслида одамларнинг, бутун миллатнинг ахлоқини бузадиган муассаса эканини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмай, ислом динига, жумладан бизнинг мазҳабимиз бўлган ҳанафийликка қарши ғояларни олдинга сурувчи исмоилия оқими таълимотининг кириб келишига йўл қўйиб бердилар. Хўш, ўзбек миллий-маданий марказлари ўзбек болаларини қандай ёт ва зарарли оқимлар ўз домига тортаётганини ўйлаб кўрдиларми? Афсуски, йўқ. Аксинча, ўшлик айрим олимлар ўз бошларича “Адабиёт” дарслиги ёзиб, унда адабиётга мутлақо алоқаси бўлмаган мультимиллионер Оғахонни мақташга ҳам киришдилар…

Кузатсак, ҳатто ҳозир – 2010 йилги қирғин урушдан кейин ҳам маҳаллий ўзбек етакчилари орасида иттифоқ ва ҳамжиҳатлик йўқ, сиртдан қараганда гарчи ҳар гал апоқ-чапоқ бўлиб кўришганлари ва бир-бирига меҳр изҳор қилганлари билан, улар орасида мухолифлик ҳамиша (эҳтимолки, бир умрга) сақланиб қолганини кўришимиз мумкин.

*   *   *

2010 йил воқеаларидан сўнг орадан бир йил-ярим йил ўтгач айрим жойларда никоҳ тўйи ўтказаётган ўзбеклар олдига маҳаллий ҳокимият вакиллари келиб, “Тўйингни қирғизча қилиб ўтказасан, қирғиз артистларини чақирасан, бунга кўнмасанг – ўзинг биласан”, дея ультиматум қўйгани ва ўзбеклар ноилож ҳолда “қирғизча” тўй ўтказишга мажбур бўлганлигини эшитдик. Ёки автобусда бир зўравон йўловчиларга, “Ҳой ўзбеклар, ҳамманг тур ўрнингдан, автобусда фақат қирғизлар ўтириб кетишга ҳақли, жойни бўшатиб бер!” дея бақирганини айтишди. Бундай мисоллар кўп. Шундай ҳолда бир саволни ўртага қўйиш ўринли бўлса керак: Жанубий Қирғизистонда, жумладан Ўшда яшаётган ўзбекларнинг ҳозирги ижтимоий аҳволи-ку, жуда аянчли бўлиб турибди, аммо уларнинг бундан кейинги тақдири қандай кечади?

Бу ҳақда ўйлаганда – реал воқеликдан келиб чиқадиган бўлсак – шундай манзара кўз ўнгимизга келади: бу ҳудудда яшаб қоладиган бир қисм ўзбеклар ўзлигини йўқотиб, йиллар ўтгани сари қирғизларга қўшилиб кетади (бундай фактлар бор: энг чекка қишлоқларда ва Шимолий Қирғизистонда ўз она тилида жуда қийналиб гапирадиган, дунёқараши ва урф-одатлари қирғизларникидан фарқ қилмайдиган ўзбеклар пайдо бўлди); бир қисм ўзбеклар эса Россия, Қозоғистон, БАА, Корея, Саудия Арабистони, АҚШ ва бошқа мамлакатларга кўчиб кетиб, бора-бора миллат сифатида йўқолиб, маҳаллий аҳолига қўшилиб-сингишиб кетади (бу ҳол 2010 йилги урушдан сўнг кескин кўпайди) ва бошқа бир қисми эса қандайдир йўллар билан Ўзбекистонга кўчиб ўтиб, миллат вакили сифатида ўзлигини сақлаб қолади (1990 йилги урушдан сўнг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига кўчиб ўтганлар кўп, 2010 йилда катта инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди, аммо кўчиб ўтишга деярли йўл берилмади).

Бу – яшаш учун курашдир, ташқи дунёда ҳеч кимнинг ёрдам беришига ҳатто ишончи ҳам қолмаган бечора мазлум халқнинг охирги чорасидир.

Миллий ўзлигидан мажбуран айрилиш ғайриинсоний ҳолдир, жон сақлаш учун бошқа юртларга бош олиб кўчиб кетишлар ҳам ғайриқонуний ва ғайриахлоқийдир. Бундай одамлар бир умр қўрқув остида, бўйин эгиб яшайди, унга қадар қўлга киритган бойлигини, мол-дунёсини беҳудага сочади, уларнинг фарзандлари эса нотабиий шарт-шароитларда ўз толеини излашга мажбур бўлади, ҳуқуқ ва эркинликлари доимо камситилади…

Чора нима?

Қандай қилса, бу эл бир маҳаллар ўз қўлида бўлган, ҳозирда эса йўқотган тинчлигини, бахти-иқболини топади? Қачон хотиржам, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлиб, ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ватанида яшай олади?

Гап фақат Жанубий Қирғизистонлик ўзбеклар ҳақидагина эмас. Тожикистон ҳудудида, Қозоғистонда, Туркманистонда азалдан яшаб ўтиб келаётган ўзбекларнинг ижтимоий ва сиёсий аҳволи ҳам одамни хавотирга соладиган даражада. Бу жойларда ҳам ўзбеклар камситилиб, хўрланиб яшаб келади. Уларнинг болалари ўқийдиган мактаблар сони тобора қисқариб бораётир, улар орасида давлатнинг раҳбарий лавозимларида хизмат қилаётган арбоблар йўқ. Ҳолбуки, биргина Қирғизистон ҳудудидан бир пайтлар Ҳабиб Абдуллаев, Иззат Султон, Иброҳим Ҳамробоев сингари академиклар чиққан. Ҳозирги таълим тизимлари амал қиладиган бўлса, энди ундайлар чиқмайди, энг камолга етгани – савдогар бўлиб яшаши, шунда ҳам, бир маҳаллардаги яҳудий бойлари сингари ҳаммага ялиниб кун кўриши мумкин. Ҳозир Ўшда ўзбек шофёрларига давлат автомашиналари ҳам берилаётгани йўқ, шахсий машинасида кира қилиб рўзғор тебратишга йўл қўйилади, холос. Ҳатто ўзбек маҳаллаларидаги масжид имомлигига ҳам, мажбурий равишда, қирғиз миллати вакиллари қўйилаётир.

Демак, яна бояги саволга қайтишга тўғри келади: нима қилиш керак? Қандай қилса, бу эл йўқотган тинчлигини, бахти-иқболини топади? Қачон хотиржам, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлиб, ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ватанида яшай олади?

Бизнингча, бунинг йўли, чораси битта – Марказий Осиё давлатлари орасида аҳиллик ва ҳамжиҳатликни пайдо қилиб, уни тобора кучайтира бориш, ўзаро манфаатдорлик ва ўзгаларнинг ҳам манфаатини ҳурмат қилиш принципини устувор ҳолатга айлантириш, шу минтақада яшаётган одамларнинг барчасига бир хилда моддий, сиёсий, ижтимоий ва маданий шарт-шароитлар берилишига эришиш.

Сирасини айтганда, бунга ҳеч ким қарши эмас. Қирғиз халқи ҳам, ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қорақалпоқ ва бошқалар ҳам ўзаро алоқалар ривожланишини, шу қадим юртнинг исталган жойида ҳеч ким ҳеч кимдан ҳадиксирамай, бошини кўтариб эркин юришини истайди. Бу мамлакатлараро беғараз ўзаро алоқадорликдан уларнинг давлатлари ҳам манфаатдор.

Аммо бунга йўл қўйилмайди. Биз ноаҳил бўлсак, шундан қувнайдиган, бизнинг вайроналар устига ўз фаровонлигини барпо этадиган, ўзаро жанжалларимиздан манфаатдор бўладиган кучлар бор. Улар Марказий Осиёдаги ёш мустақил давлатларнинг раҳбарларига тутаётган сиёсий йўллари қандай бўлиши дуруст эканлиги борасида “консалтинг” бериб, яъни ўзаро гиж-гижлаб, фойда топади, яъни ўз таъсир доирасида ушлаб туради.

Сиёсий онг етишмаган жойда ўзгаларнинг йўриғига амал қилиниши табиий. Бундай ҳаракатлар Қирғизистон раҳбарлари сиёсати мисолида ўзини яққол кўрсатди. Шундай экан, ягона умид – айрим давлат раҳбарларида сиёсий ирода шаклланишини кутиш, келажакдан яхши умидлар қилиш, холос. Зеро, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, дейдилар.

Ва бу ҳам,  чорасизнинг чораси, аслида.

Аммо бу, алҳазар… баланд бир теракнинг учига қумғон илиб, ердаги ўчоққа тутантириқ қалаб, сувнинг қайнашини кутган анойининг ишидай бир нарса бўлиб чиқмасмикин?

Алишер Навоий бир ғазалида бундай деб ёзган эди:

 

Навоий, чорадин кўп дема сўзким,

Ғамингға чорасизлиғ чора бўлмиш.

Афсус…

 

Любовь Қаҳҳорова

Мустақил журналист