ВАТАН, МИЛЛАТ ВА ДИН

Бир донишманд айтган экан: «Ватан   бир   боғдир,   Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркордир…»

Ватан боғини юрак қони ила суғормаклик мажозий маънода айтилган. Ўзини Ватан фарзанди деб ҳисобловчи одам бутун тану жони билан бу боғни яшнатиш учун хизмат қилиши керак, дейилмоқчи. Баҳорий озодликка аямажуз хуруж қилгудай бўлса, том маънодаги юрак қонини тўкмаклик билан ҳам ҳимоя этмоқ зарурати туғилади. Табиат баҳорининг қонунияти барча жойда бир бўлгани каби, Ватан боғини эҳтиётлаш, яшнатиш мажбурияти ҳам барча мамлакатларга хосдир. Яъниким, немислар Олмон диёрини, можорлар Можористонни, инглизлар Англияни қандай авайласалар, биз — ўзбеклар Ўзбекистонимизни ўшалар каби, балки уларданда юксакроқ мартабада севмоқлигимиз фарздир. Биз бугун тараққиёт бобида айрим мамлакатлардан ортда эканимиз айб эмас, бу ўтмиш жамиятнинг қолоқлиги таъсиридандир. Аммо Ватанга бўлган муҳаббат бобида ортда қолмоқлигимиз мутлақо мумкин эмас.

«Ватан» атамасига улуғлар, донолар турли сифатлар беришган. Улардан аълороқ тарзда сифатламоқни даъво қилмаганимиз ҳолда онгимизнинг қулочи етар даражада фикр билдирмоққа ҳаракат қилиб кўрамиз. «Ватан — одамнинг киндик қони тўкилган ердир», деган таърифга эътироз билдирмасак- да, айтмоқчимизки, бу шартли бир тушунчадир. Агар туғилган жой тўла маънода Ватан бўлганида эди, биз томонларда туғилиб ўсган немислар, юнонлар, яҳудийлар, Қрим татарлари ва яна бошқа миллатларнинг вакиллари ота- боболари юртига кўчишмас эди. Хорижда туғилган ўзбеклар эса «Ватан!» дея Ўзбекистонга интилмас эдилар. Демак, Ватан энг аввало ота-боболарнинг покиза хоклари ила шарафланган жойдир. «Ватан остонадан бошланади», деган таърифга ҳам бир оз таҳрир киритмоққа эҳтиёж сезамиз: Ватан ҳар бир кишининг ўз қалбидан, виждонидан бошланади. Яъни, ҳар кишининг қалбида Ватаннинг жажжи қиёфаси яшайди. Ватан — биз нафас олаётган ҳаводир. Ватаннинг бир зарраси эканини англамоқ киши учун ифтихор ва шарафдир. Ватанга муҳаббатни жамлай олган юрак фақат Одам боласига хосдир. Тангри таоло дебдики: «Мен Одам болаларини азиз ва мукаррам қилиб яратдим». Бу азиз ва мукаррамликни «Ватанни севмак, Ватанни қадрламак ва равнақи ҳамда шону шарафи учун хизмат этмак», деган фазилатларда кўрамиз.

Юрак, ўпка, жигар… барча жонзотларда мавжуд. Ҳатто кўзларимизга аранг илинадиган чумоли, чивин-да ҳам юрак бордир. Барча жонзотлар ҳам Яратганга тасбеҳ айтадилар, аммо ота ва онага муҳаббатлари чеклангандир — вақти келиб, ота-оналарини унутадилар. Ватан муҳаббати ҳам чеклангандир, туйғу эмас, илмда «шартли рефлекс» деб аталувчи одатдир. Жонзотлардаги «Ватан» тушунчаси ўз уяларини ҳимоя қилиш билангина чекланади. Даф қилаётган кучдан ожиз бўлсалар, бошқа уяга кўчиб яшайверадилар.

Ота- онага, Ватанга бўлган муҳаббат фазилати фа-қатгина Одам болаларига берилган. Шундай экан, Ватан қадрига етмасликни Тангри неъматларига ношукурлик, беписандлик, деб баҳоламоқ ҳам мумкин.

Ватан равнақи — қудратли иқтисодий кучга айланишдир. Айни чоқда инсоннинг руҳият, маънавият жиҳатдан қудратли қалъага айланмоғидир. Ватан юксалишини ўйламак — бир пайтлар қўлдан кетган ҳуррият ва номусни ўз ўрнига келтиришга ҳаракат этмоқликдир. Энди ўйлаб кўрайлик: ҳуррият ва номусни нима йўқотади? Ноаҳиллик. Энди уни нима ўз ўрнига тиклай олади? Аҳиллик, якдиллик! Боболаримизнинг шарафли кунларини, одилона даврларини нима тирилтиради? Иттифоқлик!

Бу иттифоқликнинг бир кушандаси бор. Уни « маҳаллийчилик» дейдилар. Маҳаллийчилик миллат равнақини бўғиб турувчи бўғма илондир. Ўз ҳамшаҳри ёки ҳамқишлоғини бошқалардан аъло кўриб, атрофига тўпловчи инсонни нодонликда айбласак ярашади. Олдинги суҳбатларимизда «Ўтган кунлар»даги Юсуфбек  ҳожининг Қипчоқ қирғини ҳақидаги гапларини яна бир эслайлик…

Бир гуруҳ одам қасида айтмоқ билан овора бўлса, яна бир гуруҳ «қани, нима бўларкин?» деб пайт пойласа-ю бошқалар эса зўр бериб ишлагани билан тараққиётга яқин йўланмайди. Бу ҳол машҳур масалдаги аравани уч ёнга тортаётган нодон жониворларни эслатади. Тараққий топмоқликнинг шарти — бир тан, бир жон бўлиб ишламоқлик.

Ровийлар дерларки, подшоҳ оқ мармардан ажиб ҳовуз бунёд этибди-ю «Аҳли фуқаронинг ҳар бири эрта тонгда бир косадан сут келтириб ҳовузга тўксин» деб амр қилибди. Фармонни эшитган бир киши «шунча минг одам орасида битта мен сут ўрнига сув олиб бориб тўксам, ким билиб ўтирибди», деган қарорда сув кўтариб борибди-ю ҳайратга тушибди: ажабки, шаҳардаги бошқа одамлар ҳам айнан шу фикр, шу аҳд билан сув келтирган эканлар.

Ривоятдан ибрат шуки, Ватан билан ўзни бир бутунликда деб ҳис этган, виждони покиза одамда Ватан фойдаси, тараққиёти учун меҳнат қилиш иштиёқидан бошқа нарса бўлмаслиги керак. «Йилларнинг йиғини умр саналмас, Ватанга наф теккан кунинг умрдир», деган мақол бекорга айтилмаган. Донолар Ватан юксалиши йўлидаги хизмати билан шуҳрат топишини «иккинчи умр», деганлар. Киши ўзини Ватанга қанчалар яқин ҳис этса, уни шу қадар жонли вужуд каби аниқроқ ва севиброқ тасаввур қилади.

Ватан тараққиёти ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ бир ҳаракатдир, бу ҳаракатнинг асоси ҳар бир одамнинг ташаббусидан бошланади. Фарзандларимизнинг мактабда битта ҳарф ўрганишлари ҳам, янги иморатга қўйилган битта ғишт ҳам, илмдаги оламшумул кашфиёт ҳам ана шу ташаббуснинг меваларидир. Эрталаб Ватандан бир нима олиб, шомда ўша битта миқдорда қайтарсак — ютқизамиз, бунда тараққиёт бўлмайди, аксинча, тушкунликка юз тутилади. Демак, олган нарсамизни бир- икки эмас, ўн, балки унданда кўп ҳисса қилиб қайтаришга интилмоғимиз шарт экан. Биз Ватандан ниманидир талаб қиламиз, оламиз ҳам. Аммо буни юз ҳисса, балки унданда кўп қилиб қайтармоқликни ўйламас эканмиз, бу бизнинг ақлимиз заифлигига, диёнатимиз ожизлигига далолат бўлади. Ватандан олганимиз — қарздир, қарзни эса қайтармоқлик фарздир.

 

Мамлакат тараққий йўлини белгиловчи омиллар кўп. Шулардан бири ва энг муҳими — Ватан мустақиллигига, Худога шукр, этамиз. Аҳамияти ва эътибори жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи омил — аҳиллик ва иттифоқликни зикр этдик. Учинчиси — маориф, илм олмоқликдир. Маърифатпарвар устоз Исмоил Ғаспирали: «Ватанни севмоқ, менингча, унинг маорифи учун қайғурмоқ, унга ёрдам этмоқдир», деган эканлар. Жадидлар фақат Ватан равнақинигина эмас, балки ўша дамдаги энг муҳим вазифа — истиқлолга эришмоқлик йўлини ҳам айнан шу маорифда кўрганлар. Илмсиз, жаҳолат ботқоғидаги миллатни озодлик курашига жалб этиб бўлмаслигини англаганлар. Донишмандлар айтишган эканки: «Ўқишдан тўхтаган одам — фикрлашдан тўхтайди». Шундай экан, фикрламайдиган одамдан Ватанга қандай наф тегиши мумкин?

«Зиёли ўлмак ғоят мушкул бир нарсадир, — деб ёзган эдилар Мунавварқори. — Зиёли миллат, Ватан нима эдиғини билур ва зиёли миллат учун жонини, молини фидо этар ва миллатнинг тараққийси учун доимо ҳаракат этар. Вақти келганда, миллат учун ўзини ҳалокат вартасина ташламакға муҳайё бўлур. Сизнинг билмағингиз лозимдирки, бизнинг миллатимизға садо ва сўз бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозим эмас. Балки, хизмати, ҳаракати, ёрдами ва ҳиммати бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозимдир. Йўқ эрса, «миллат», «Ватан», «маданият» — шунга ўхшаш сўзларни билмак билан инсон зиёли бўлмайдир…»

Илм олмоқ — ҳар бир муслим ва муслималарга фарз этилгани барчага маълум. Бизнинг миллатимиз шу фарздан чекинган даврлардан бошлаб таназзулга юз тутганини афсус билан бўлса- да, ёдда тутмоғимиз шарт. Аниқки, мусулмон мамлакатлар илм- фанга эътиборсизликлари туфайли тобора ҳолсизланиб бордилар. Бу масалага эътиборни кучайтирган Европа қудрати эса ошиб борди. Айниқса, ХIХ —ХХ аср уларнинг доруломон даврлари сифатида тарихга муҳрланди.

Менинг бир танишим бор, уни ўттиз йилнинг нари-берисида биламан. Шу вақт мобайнида бирон марта бўлсин, унинг эгнида хорижда ишлаб чиқарилган кийимни кўрмаганман. Сифатсизроқ бўлса ҳам, фақат ўзимизникини олиб кияди ва буни ватанпарварликнинг кичик бир зарраси деб билади. Саноатимиз юксалиш палласига кирган айни дамларда шундай зарралар ҳам зарурмикин, дейман.

 

Хорижда истиқомат қилувчи ватандошимиз бир ибратли воқеани айтиб берган эди: Берндаги ресторанда немис ва яҳудий дўстлари билан ўтиришган экан. Газета сотиб юрган йигитча яқинлашганида, яҳудий уни чақириб, Исроилда чиқадиган газетани сотиб олибди. «Сен ибрит тилини билмайсан-ку, газетани нега сотиб олдинг?» деб ажабланибди немис. «Ҳа, афсуски, она тилимни билмайман, бу менинг уятли томоним. Лекин бу газета она Ватанимда чиқади. Уни сотиб олиш билан у ердаги биродарларимга ёрдам берган бўламан», дебди яҳудий. Бу ҳам Ватанга хизмат қилишнинг ўзига хос бир зарраси.

Йигирма йилча муқаддам Рига шаҳрида бўлганимда ҳақиқий Ватан туйғуси қандайлигига гувоҳ бўлган эдим. У дамларда худди биз каби «совет социалистик республикаси» бўлган Латвияда ўзига хос бир қонун бор экан: айрим саноат моллари фақат шу республика фуқароларига сотилар экан. Бунинг учун харидор паспортини кўрсатиши шарт экан. Бир ригаликдан болалар кўйлагидан олиб беришни илтимос қилган эдим, у менга норози қиёфада қараб: «Мен Ватанимни сотмайман», деди. Бу аввалига майда гапдай туюлган эди менга. Кейин ўйласам, ҳар қандай хиёнат мана шунақа «майда гаплар»дан бошланар экан. Кейинчалик бизда ҳам шунга ўхшаш тартиб белгиланди. Махсус талон жорий қилинди. Талон маошга қўшиб берилар эди. Бу талонсиз ҳеч нима сотиб олиш мумкин эмасди. Яъни четдан келган киши бизнинг жумҳурият тобеларига аталган молдан ололмасдилар. Лекин… катта дўконлар атрофида шу талонларни сотувчилар пайдо бўлишди. Бу ҳақда кўп ўйлайман: улар фақт тирикчилик важҳидан шу ишни қилишдимикин? Вақти келса, Ватанни шу тоифадаги одамлар сотмасмикинлар?

Баъзан божхона хабарларини эшитиб, кўриб ҳайратга тушаман. Ўзбекистонликларнинг ўзларига зарур бўлган маҳсулотларни қўшни республикаларга олиб ўтиб сотишга уринишади. Ёки у ёқлардаги арзон-гаров сифатсиз маҳсулотларни олиб келиб бизларга қиммат баҳоларда сотишади. Ёки қадимий ёдгорликларимизни четга сотишади.

Нафс ғолиб юракда Ватан туйғуси бўлмайди. Маънавий дунёмизни бузишга хизмат қилувчи нарсаларни хориждан олиб келиб сотиш ҳам шунинг айнан ўзи. Бундайларда жонни фидо қилиш деган юксак туйғуни қўя турайлик, оддийгина «Ватанга меҳр» деган тушунча бормикин? Виктор Гюгонинг «Ватанга доғ тушириш — уни сотиш демак», деган гапи нақадар тўғри! Шоир тили билан айтганда: «Кимда ўз юртига бўлмаса меҳр, у қалбан шикаста, у қалбан мажруҳ».

 

Жомий ҳазратларидан бир ибрат: қишлоқ этаги туташган тоғда бир гала каклик тонгдан бери чуғурлашишади. Улар учун кенглик, тоза ҳаво, эркинлик ҳар куни байрам эди. Қуёш кўтарилиши билан қишлоқдаги хўрозлар ҳам бошпаналаридан чиқиб, ахлатхоналарни титиб, ғурур билан қичқириб қўярдилар. Бу ҳолни кўрган бир каклик қаҳ-қаҳ уриб кулди ва гердайганича ахлат титаётган хўрозга деди:

— Эй кеккайган аҳмоқ! Бир ҳовуч дон учун одамларга асир бўлиб ўтирибсан-а! Шу ахлатхонани ўзингга жаннат деб биласан. Ахлатхонадан қутулсанг-чи!

Шарқнинг улуғларидан ҳисобланган Жомий ҳазратлари бу масални баён қилиб демоқчиларки:

— Э инсон! Бу дунёда ўзинг учун энг азиз бўлган озодлигингни бир ҳовуч емишга сотма. Доим озод яша ва озодликни сев! Аллоҳ таоло сени озод қилиб яратди. Бир ҳовуч емишга алданиб, азиз ҳаққингни сотма!

Илмдан йироқлашиш — жаҳолат, мамлакат тараққиётининг биринчи душмани бўлса, иккинчи душмани ана шу нафс, бойишга ва фақат бойишгагина интилишдир. «Ватан манфаати» ва «нафс» деган тушунчалар бир-бири билан келиша олмайди. Нафс ғолиб ерда хиёнат эшиклари очилади. Ингичка игна ҳам, йўғон мих ҳам кўзга кирса кўр қилиши мумкин бўлгани каби, Ватан манфаатининг бир заррасини сотиш ҳам хиёнатдир. Шу ўринда қўполроқ бўлса-да, « Ватан равнақини ўйламайдиган инсон озод мамлакат-да яшашга ҳақлими?» деб сўрашга тўғри келади.

Мирзо Бобурнинг суюкли ўғли Ҳумоюн Мирзо дардга чалинганида, «яхши нимарсаларни тасаддуқ қилмоқ керак», деб маслаҳат беришди. Ота Бобур: «Ўғлимнинг мендан ўзга яхши нимарсаси йўқ, мен ўзим тасаддуқ бўлайин, Худой қабул қилсин», деган фикрда фарзанди атрофида айланиб: «Мен кўтардим ҳар не дардинг бор», деган эканлар. Бобур Мирзонинг бу фазилатларини ҳар биримиз ўзимизга сингдиришимиз керак. Темирми ё бирон маъданми етишмаса, бошқа ерлардан олиб келиш мумкин. Лекин қашшоқ юракда Ватанга муҳаббат, фидойилик ҳисси бўлмаса, бу туйғуларни ўзга юртлардан келтириб жойлаб бўлмайди. Шу боис ҳам ҳар биримиз қалбимизни тарбия этмоғимиз шарт ва демоғимиз керакки: «Ватан, биз сени севувчи фарзандлармиз, бизгина кўтаргумиз ҳар не дардинг бор!»

Яқинда бир дўстимизникига бордик. Ҳовлисига ертўладан қазилган тупроқни уюб қўйган экан. Ҳамроҳимиз, Швецарияда яшайдиган ватандошимиз доктор Усмон Жондонга қараб ҳазиллашдим:

— Усмон ака, бунинг тозалигини қаранг, бунақа созтупроқ Швецарияда бўлмайди.

Шунда доктор Усмон тупроқ уюмига бир оз қараб турдилар- да, кейин жавоб бердилар:

— Сиз ҳазил оҳангида гапирдингиз, мен жиддий жавоб беражакман. Сиз дедингизки: «бунақаси Швецарияда йўқ». Мен дейманки: «Бу тупроқ дунёнинг ҳеч ерида йўқ. Чунки бу Ватан тупроғи. Биз мустақиллик кунига етишмай туриб Ватанга келиш бахтидан бебаҳра эдик ва унинг бир кафт тупроғига зор эдик. Ким илож қилиб Ватанга бориш бахтига эришса биз ундан қимматбаҳо совға-салом олиб қайтишини сўрамасдик, бир ҳовуч тупроқ олиб келишини илтимос қилардик сўнг бу тупроқни кўзларимизга суртардик, ўпардик, тўйиб-тўйиб ҳидлардик…

Усмон аканинг бу сўзлари барчамизни бир ажиб туйғуга чулғади. « Ватанни севмоқ — иймондандир» ҳадиси шарифини ёдга солди. Ватанга меҳр иймондан, иймонсиз одам ватанини сева олмайди. Кўп тилга олинадиган бу ҳадиси шарифни ўрганишга ҳаракат қилсак: уламоларимизнинг айрим шарҳларида дейиладики, Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг яралмиш жойлари — жаннат. Демак, одамзотнинг асл Ватани — жаннат ва оқибатда унга қайтилгусидир. Яъни, дейилмоқчиким, унга фақат иймон эгалари қайтурлар. Демак, жаннатни севмоқликнинг маъноси бу дунёда тўғри, ҳалол яшаб, унга қайтмоқликнинг тадоригини кўришдир. Яъни, мукаммал иймонга етишмоқликдир. Иймон талаблари эса оз эмас. Шулардан бири Ватанга меҳр-муҳаббат қўйиш.

Агар инсон ҳур бўлмаса, Ватан ичра беватан ҳисобланади. Ватан эркин ва озод инсонлар билан гўзалдир. Дейдиларки, доно ҳаким машриқдаги бир мамлакатга саёҳат қилибди. Бу мамлакат одамларининг бағри кенг, диллари тоза, ниятлари пок экан. Табиат ҳам бу хокисор одамларнинг феълларига яраша она ерларини ҳосилдору, турли хазиналарга бой қилиб яратган экан. Доно ҳаким бу мамлакатни жаннатга қиёслабди-ю, аммо бир жумбоқ бўйича ўйланиб қолибди. Худо бу мамлакатга беҳисоб бойлик берганига қарамай, аҳоли қашшоқ яшар экан. Чунки уларни қўшни мамлакат истило қилиб олган экан. Аҳоли эса «тақдиримизга ёзилгани шу экан-да», деб сабр қилар, озодликка чиқишни ўйламас экан. Доно ҳаким юртига қайтаётганда бу мустамлака ўлка аҳлидан бири «Бизнинг юртимиз қандай экан?» деб сўрабди. «Мен дунё кезиб, сизлардай меҳнаткаш одамларни кўрмадим, — дебди доно ҳаким. Кейин истеҳзо билан қўшиб қўйибди:— Бахтли халқ экансизлар. Сизлар шундай жаннатмаконда яшаб, ҳақ- ҳуқуқларингизни ўзгаларга бериб қўйибсизлир. Сизларнинг бахтингиз шундаки, бахтсиз эканлигингизни билмас экансизлар…

Ҳикоят: бир куни бўри ҳўкизга деди:

— Ҳой қудратли ҳайвон! Сенга ҳеч тушунолмайман. Нега сен ўзингдан беҳад заиф жонзотга қулсан? Ахир сен одамдан кучлисан-ку?! Нега уларга бўйсунасан? Жуссам кичик бўлгани билан мен одам зотига бўйсунмайман. Ҳар увиллаганимда уларнинг тинчини оламан.

Ҳўкиз деди:

— Эй жуссаси кичик ҳайвон! Одам менинг емишимни, ичадиган сувимни беради. Эркалаб, пешонамни силайди. Мен бу яхшиликларини унута олмайман. Шу боис уларнинг хизматини бажараман.

— Эй баҳайбат ҳайвон, — деди яна бўри, — шу катта каллангда менчалик ҳам ақлинг йўқ экан. Уларнинг эркалаб силашлари сени алдамасин. Улар ўз манфаатлари учун сени эркалаб силайдилар, сув, ем берадилар. Сен эса пешонангни силаганлари учун бўйинтуруқ остига кирасан. Мен эса ҳеч қачон уларга бўйин бермайман. Эркимни бергандан кўра ўлимни афзал кўраман!

Қиссадан ҳисса шуки, қорин тўқлиги инсонни алдаб қўймаслиги керак. Баъзида бу нарса инсон учун тузоқ бўлади. Қорин тўйиши инсонни бўйинтуруққа солиб, ўзи учун энг қимматли бўлган озодликдан маҳрум эта-ди. Бўйинтуруқдаги инсон ҳам қачондир ўлади, лекин қулликда ўлишдан кўра озодликда ўлмоқлик минг марта афзалдир.

 

Яна бир ҳикоят: ўтган замонда Андроклес исмли хушхулқ бир асир Рим зодагонининг қўлидан қочиб, ваҳший ҳайвонлар яшайдиган ўрмонга яширинди. Озодликда яшашни истади. Машаққат ва азобларга чидади. Бир кеча яраланган арслоннинг овозидан ўрмон ларзага келди. Андроклес аввалига қўрқиб кетди. Кейин овоз келган томон юрди. Арслонни топиб, ярасини боғлади.

Кунлардан бир кун Адроклесни тутиб олдилар. Бу онда овчилар арслонни тутиб, ҳукмдорга тортиқ қилдилар. У замонда қочоқ асирларни оч арслонга ем қилдириш одати бор эди. Андроклесни ҳам шундай ўлимга ҳукм қилдилар. Одамлар бу томошадан завқланиш учун тўпландилар. Андроклес ўртага қўйилиб, оч арслон қафаси очилди. Баҳайбат арслон отилиб чиқди-ю, Андроклесга яқинлашганда шашти пасайиб, унинг оёқларига суйкалди. Бундан оломон ҳайратга тушди. Шунда Андроклес уларга қарата бундай деди:

— Эй инсон қиёфасидаги ваҳшийлар! Мана шу ҳайвонга бир мартагина яхшилик қилган эдим. Яхшилигимни унутмабди. Сизларга йиллар бўйи хизмат қилган бўлсам-да, кичик бир айбим учун мени ўлимга ҳукм қилиб, томошага тўпландинглар. Мен озод яшашни истаган эдим, сизлар буни айб деб билдинглар.

Қиссадан ҳисса шуки, киши қанчалик озодликка, ҳурриятга эришса, раҳмдилликка дуч келса, у шу қадар ИНСОНлигини ҳис қилади.

Меҳр тушунчаси ҳам ғоят кенг. Ҳаққа, ота-онага, Ватанга… Буларнинг барчалари ажралмас ҳалқалардир. Бир ҳалқа узилиб йўқ бўлса, қолганлари ҳам йўқ бўлади. Бир дарахтни тасаввур этайлик: ўқ илдиз, тана ва шохлар. Ўқ илдизни ёки шохларни кесиб ташланг-чи, дарахт яшармикан? Ўз ота-онаси ёки дўстига меҳри йўқ одам «Ватанни севаман!» деб ҳайқирса ҳам ишонмаслик керак. Ўз ота-онасига меҳрсиз одам бегоналарни ҳурмат қилмайди. Ҳақни севмаган одам Ватанга хиёнат қилишдан уялмайди. Жаҳон ардоқлаган машҳур шоир Байроннинг «Ўз юртига меҳри бўлмаган одам бошқа ҳеч нимани сева олмайди», деган гапида беназир ҳикмат мавжуд. Бизга ота-она, қариндошлар… барчалари қимматли ва аржуманд. Шунинг баробаринда меҳр-муҳаббат ҳақидаги тасаввуримиз занжири ҳалқалари Ватан тушунчасига мужассамланган. Ватан учун нафи теккудек бўлса, қайси виждонли одам унинг учун жон бермоқ талаб этилганида иккиланар экан?

Ватанга муҳаббат тушунчасини икки равишда ўрганиш мумкин. Биринчиси — жисмоний тарзда. Яъни: туғилган жой. Аввалроқ айтганимиздай, бу ҳол барча жониворларга хос. Чумолидан тортиб, филгача ўзи туғилган, емиш ейдиган жойини авайлайди, лозим бўлганида жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Қани, чўп олиб арининг уясини бузишга уриниб кўринг-чи? Иккинчи тушунча — фақат юксак онг эгаси — инсонга хос, руҳий, янада аниқроқ айтсак, маънавий ҳолатдир. Бу ҳолат кўпроқ қалбга, онгга, туйғуга боғлиқ.

Биз ватанни тинмай мадҳ этишни ватанпарварлик деб ўйлаймиз. Тўғри, мадҳ этмоқ ҳам лозим, аммо бу бир заррадир халос. Уммонга томизилган биргина томчидир. Донолар айтадиларки: «Ватанпарварлик — номусли ва назокатли туйғудир. Муқаддас сўзларни эҳтиёт қил, шамолга совурма. Ватанга муҳаббат хусусида дуч келган ерда оғиз кўпиртирма, яхшиси унинг фаровонлиги ва қудрати йўлида индамайгина меҳнат қил». Баъзи биродарларга ҳайрон қоламан: кундузи бирон минбарга чиқиб олгудай бўлса баландпарвоз гапларни қалаштириб ташлайди, оқшомда эса чойхонага чиқса ношукурчилик дарвозаларини ланг очиб, майда гапларни кавлаштириб ўтиришдан уялмайди. Донолар таъкидлаган номусли ва назокатли туйғудан бебаҳра бундай кишиларнинг минбардаги гаплари шунинг учун тингловчилар қалбига етиб бормайди, шунинг учун ҳам ҳиссиз ва тузсиз бўлади.

Ватанга меҳр-муҳаббатли бўлиш — ғоят чидам, ғоят юксак онг талаб этувчи ўзига хос илм ва буни эгаллаш ҳам бешикдан бошланмоғи ва оқибат сўнгги нафасга қадар давом этмоғи лозим. Ватанпарварлик — Ватанни севмоқликни англатса, бу илмни эгаллаган киши Ватанга жонини атаган комил инсон мартабасига етган бўлади. Файласуф Гегел айтганидай «Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади». Мана шу нуқтадаги фарққа диққатни жалб этайлик: Ватанни севаман, деб юрувчилар кўп. Аммо ҳамма ҳам Ватанга жонини фидо қилишга тайёр турмайди. Ватанга меҳр ва муҳаббат мавҳум тушунча бўлмай, балки ҳақиқий маънавий туйғудир. Яъни, ватанпарварлик — Ватанга меҳр қўйишдангина иборат эмас, балки Ватан билан ўзни бир бутунликда кўришдир. Унинг яхши ёмон кунларида асқотишдир.

Биз — ҳар биримиз Ватанни севамиз, чунки Ватан — биз нафас олаётган ҳаводир. Дунёда «Ватанни севмак» деган тушунчадан ташқари «Ватан билан ғурурланмак, фахрланмак» деган тушунча ҳам мавжуд. Зеро, бу икки тушунча бир-бирисиз яшай олмайди. «Киши ўзининг етти аслини (яъни ўтган етти аждодини) билиши керак», дейишади. Хоссатан шундай. Омматан эса киши ўз Ватанининг тарихи, улуғлари билан яхши таниш бўлиши, кимларнинг вориси эканини билиши керак. Шоир Ғафур Ғуломнинг 1949 йилда «бизларни «қабила» деб атаган» инглиз лордига жавоб тарзида ёзган ажиб шеъри бор:

Қадим ўзбек халқисан, асл Одам авлоди,

Миср эҳромларидан тарихинг қарироқдир.

Хоразмнинг ҳар ғиштида — боболарнинг ижоди,

Англо-саксонлардан анча юқорироқдир.

Бизда логарифманинг мушкул муаммолари,

Қўлдаги бармоқлардай оддий қилинганда ҳал,

«Олий ирқ» даъвогари, Черчилнинг боболари

Ҳатто санай олмасди ўн бармоқни мукаммал…

 

Ўзбекистоннинг фазилатларини бўрттириш шарт эмас. Бу халқ рўйи заминнинг тарихини бойитишга, маънавий оламининг ривожига беқиёс даражада улуғ ҳиссасини қўшиб келган ва бундан сўнг ҳам шундай бўлажак. Оталарнинг бугунги кундаги вазифаларидан бири — улуғларни таниб, улар билан фахрланиш ҳиссини фарзандлар қонига сингдирмоқликдир. Шу ўринда яна бир вазифани ҳал қилишимиз керак бўлади: ўтмиш билан фақат фахрланибгина қолмай, Ватан равнақи учун улуғлар анъанасини давом эттиришга масъул эканимизни унутмай, шунга яраша ҳаракат қилишимиз шарт. Ўзбекистон, яъни Ватан ҳар биримизсиз кунини кўравериши мумкин. Беш-олти ёки неча юз, ҳатто минг кишисиз ҳам яшайди, келажаги пойдеворини қураверади. Аммо биз — биронтамиз Ўзбекистонсиз яшай олмаймиз. Ким Ватансиз яшаш мумкинлигига ишонса — у аҳмоқдир. У хорузордир. Ўз юртидан юз ўгирганлар энг аввало ўз виждонларидан юз ўгирган бўладилар. Ўз юртини севмаган, сева олмаган одам ҳатто ўзини ҳам сева олмайди, оқибатда эса ўзидан- ўзи нафратланади. Бу кунларимизда бахтини чет мамлакатлардан излашга иштиёқмандлар кўриниб қоляпти. Хорижга бориб, азобланаётганлар ҳақида эшитиб турибмиз. Лекин чет элга бориб бойиб қайтган кишини ёки ақлу фазли ила дунёга танилган одамни ҳали кўрганимизча йўқ. Ҳазрат Навоий айтганларидай, «Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш…» Мирзо Бобурнинг қалб яраси гўё ҳали ҳам битмагандай: «Ўз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим, ё Раб, бу не юз қаролиқ бўлди… »

Қадим замонда бағдодликлардан бири чўлда йўлдан адашди. Оч-наҳор, юпун қолди. Ниҳоят, бир куни узоқдан қора жундан тўқилган бир чодир кўринди. Бағдодликнинг юраги севинчдан ҳапқирди. Ҳолдан той-ганича чодирга етиб келди. Ундаги аёл ночор йўловчини очиқ чеҳра билан қаршилади, ҳордиқ чиқариши учун жой берди.

— Э меҳрибон аёл, жуда чанқадим, сув борми? — деб сўради йўловчи.

Аёл унга бир коса сув берди. Сув илиқ, бунинг устига шўр эди. Мусофирнинг оғзи куйгандек бўлиб, баттар қийналди. Шу аснода ўз шаҳрини эслади: «Оҳ, Бағдод, оҳ! Қандай диёр экансан, энди қадрингни билдим!»

— Э меҳрибон аёл, сен ҳеч Бағдодни кўрганмисан? — деб сўради у.

— Кўрмаганман. Туғилганимдан бери ҳаётим шу чўлларда ўтяпти. Биз доим шу сувни ичамиз. Эрим овга кетган, чўлдан каламушми, калтакесакми тутиб келтирса, қорнингизни тўйдириб оларсиз, — деди хотин.

Бағдодлик буни эшитди-ю, дили яна фарёд қилди: « Оҳ Бағдод! Қандай муборак шаҳар экансан, билмай юрган эканман мен нодон!» Хаёлидан шу фиғон ўтди- ю, ўзини овутиш мақсадида аёлга она шаҳрини мақтай кетди:

— Э меҳрибон аёл! Бу жойларинг жаҳаннам экан. Бу ерда қандай яшаяпсанлар, ҳайронман! Бағдоднинг ғоят латиф ҳавоси, боғлари, оқар сувлари… анвойи турли неъматлари бор. Бу ерда эса ҳатто майса ҳам ўсмайди. Жаҳаннам каби оловли бир қум дарёси ичи-да турасан. Ё Аллоҳ, Ўзинг асра! Агар истасангизлар, сизларни Бағдодга олиб кетайин, ўша ерда роҳатланиб яшанглар.

Бир оздан сўнг аёлнинг эри овдан қайтди. Аёл эри келтирган чўл каламуши билан калтакесакни сўйиб, иссиқ тошларнинг устига қўйиб пиширди. Мусофирни ҳам бу таомга таклиф этдилар. Бағдодликнинг кўз ўнгида шаҳрининг гўзал боғлари, қўй гўштидан пиширилган кабоблар, ширин сув… гавдаланди, кўзлари алам ёшларига тўлди. Бўғзини куйдирган шўр ва илиқ сувни ичаётганида, ёқимсиз емакларни чайнаётганида «Оҳ Бағдод, оҳ! Қандай гўзал диёр экансан!»деб ичида нола чекиб, афсусланарди.

Эр-хотин меҳмонга чодирдан жой қилиб, ўзлари ташқарида ётдилар. Шунда хотин эрига деди:

— Бу мусофир нуқул «Оҳ Бағдод, оҳ!» деб нола чекяпти. Сиз Бағдодни кўрганмисиз? У ер жаннатга ўхшар эмиш. Бизни таклиф қиляпти, агар чинданам жаннат бўлса, ўша томонларга кета қолсакмикин?

Бу гапни эшитган эр аччиқланди:

— Э нодон хотин, сен унинг гапларига ишонма. Бизнинг жаннатимиз шу ернинг ўзида. Бу ердаги кўнгил эрки у ерда йўқ. Бу ерда вужуд жафоси бор, аммо, унданда аълороқ бўлган ҳуррият ва кўнгил сафоси ҳам бор. Сен ўз аҳволингдан мамнун бўлмагунингча, жаннатга кирсанг ҳам роҳат топа олмайсан.

Қиссадан ҳисса шуки, ўзи яшаётган жойнинг қадр- қийматини тўла англаб етмайдиганлар ҳам бор. Бундайларни тақдир фалокатларга, фожиаларга дуч қилгандагина, яшаган жойларининг қадрини ҳис қила бошлайдилар. Деганларки: «Ўзга юртнинг подшоси бўлгандан кўра ўз юртинг гадоси бўл».

Инсоннинг бахти тасалли топган еридадир. Кўнгил тасаллисиз қолган пайтда киши саройда турган бўлса ҳам, у таскинга муҳтож бўлади. Шу боис орифлар кўнгил сафосини вужуд жафосидан устун қўядилар. Мавлоно Румий дедиларки: «Қудуқ тубида вужуд жафоси, лекин кўнгил сафоси бор. Халқ орасида вужуд сафоси, лекин кўнгил жафоси бордир».

Тавоф қилгин ўйнаб-ўсган ерингни,

Ўз халқингга тўккин манглай терингни.

Ҳар нарсадан мусофирлик ёмондир,

Ўзга элда дўстга айтма сирингни.

Бир одам суҳбатда дедики, «Мабодо уруш бўлса-ю, мени аскарликка чақирсалар бормайман. Нега энди мен боришим керак? Мен жангга кетайин-у, бунда қолганлар айш- ишрат қилиб юраверсинларми? Мен анойи эмасман, урушга борадиган аҳмоқ йўқ… » Бу гапни бир дўстимга айтган эдим, у дедики: «Бундай фикр бир кишининг қаноати эмас. Бу гап Ватан ва миллатга нисбатан ичида озми-кўпми хиёнат фикри бўлган кишиларнинг оғзидаги сақичдир. Сен буларнинг биттасига дуч келибсан… »

Тилимизда оҳангдош, аммо маъно жиҳатдан зид сўзлар кўп. Шулардан бири — «Диёнат», яна бири эса — «хиёнат». Қаранг, фарқи биттагина ҳарфда. Масофа жиҳатидан ҳам яқинлиги бор. Диёнатсиз одам бир қадамгина қўйса хиёнат оламига кириб қолганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Ҳазрат Навоий айтмоқчи:

Барча хиёнатни диёнат этиб,

Барча диёнатни хиёнат этиб…

Шунисидан Худо асрасин!

Ҳар бир ватандошнинг энг асосли, энг муқаддас вазифаси Ватанни севиш ва унга ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача хизмат этишдир. Ватанимизга бўлган муҳаббат ва ҳурматимиз ҳеч бир нарса билан ўлчана олмайди. Ватанга муҳаббат тарбиясини оила қучоғидан бошлаш лозимдир. Биласизки, кичик болаларда Ватан тасаввури торроқ бўлади. Яъни, улар учун Ватан — она қучоғидир. Болалар ўз оилаларини сева-сева Ватанни севишни ўрганадилар. Чунки оила муҳити Ватан муҳитининг асосини ташкил этади. Ватан муҳити дастлабки озиғини, дастлабки қувватини оила қучоғидан олади. Силаи раҳм фазилати камол топган оиладан Ватанга хиёнат қилувчи чиқмайди. Оила аъзолари ора-сида нақадар қувватли боғланиш ва муҳаббат бўлса, Ватан муҳаббати ҳам шунчалар қувватли ва мустаҳкам бўлади. Ўз оила аъзоларига нисбатан хайрли туйғуга эга бўлмаган, уларга фидокорлик қилишни билмаган бир киши Ватанга ҳам фидокорлик туйғуси билан туйғулана олмайди. Шундай экан, оила муҳити Ватан муҳитининг бошланиши, биринчи босқичи эканини бир нафас ҳам унутмасак бас.

Али ибн абу Толиб (р.а.): «Ўзингизга душманлик қилган кишини афв этингиз, лекин ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирмангиз», деган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) дедиларки: « Бир миллатда ишончли кишилар озайса, динин сотиб, дунё йиғувчилар кўпайса, у миллат орасида фитна болалайди».

 

Донишманддан сўрадилар: «Қайси одам, қайси миллат афзал?» Донишманд икки кафтига тупроқ олиб, «Қайси кафтимдаги тупроқ афзал?» деб сўради. Кейин кафтларидаги тупроқни бир-бирига аралаштириб дедики: «Икки ҳовучимдаги тупроқнинг бир-биридан фарқи бўлмагани каби, ҳамма халқ, ҳамма миллат бир-бирига биродардирлар». Ўз миллатини севиш, ардоқлаш, керак бўлса жон фидо қилиш иллат эмас, балки ўзга миллатни пастга уриш, хорлашга интилиш иллатдир. Ўтган жамиятда шу нуқтада катта хатоликларга йўл қўйилди. Ўз миллатини севганлар «халқ душмани» деган туҳмат билан қамалдилар, отилдилар.

Жамият ҳаёти кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари устига қурилгандир. Ҳақ- ҳуқуқларга риоя қилган кишилар жамиятга ҳузур бағишлайдилар. Ҳақ-ҳуқуқларга риоя қилмаганлар эса жамиятга зулм қилганлардан бўлади. Миллатнинг ичидан ҳақиқатга чорловчи ҳақ арбоби чиқмагунича у миллат ўлимда эканини тарих неча бор исбот этди. Башариятнинг инқирози Ҳаққа бўйсинмасликдан ва ишонмасликдан юзага келмоқда. Қалбида маънавий қуввати бўлмаган миллатлар ўзларининг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмайдилар. Моддий зафарлар маънавий қувват — ишончга боғлиқдир. Сиёсат халқ ҳаётини бир мақсадга йўналтиришдир. Бу йўналишдаги мақсад яхши бўлса, сиёсат ҳам яхши бўлади. Ёмон бўлса, сиёсат ҳам ёмон бўлади. Моддий нуқтаи назарлар инсонни ҳайвоний ҳаётга етаклайди. Маънавий қарашлар эса инсонни руҳоний ҳаётга етаклайди.

Болаларга эътиборсиз миллатлар истиқболини таҳликага солади. Яхши миллатлар болаларини яхши улғайтирадилар. Болаларни қўриқлаган — келажакни ҳимоялайди.

Деҳқон уруғ экади, сарф-харажат қилади. Тинмай ишлайди. Кузда қанча ҳосил йиғиб олиши ҳали мавҳум. Лекин ишончи бор, шунга яраша ҳаракат қилаверади. Сел келса, гавдаси билан сув йўлини тўсишдан ҳам тоймайди. Инсон ҳаётидаги диний қараш ҳам шундай. У охират меваси учун ҳаракат қилади.

Одамзод пайдо бўлганидан бери ҳеч бир жамият динсиз яшамаган. Бир дин ўрнига иккинчиси келган. Болшевиклар динсиз жамият қурмоқчи эдилар, ҳалокатга учрадилар. Аслида улар динсизликни ўзлари учун дин қилиб олган эдилар. Ватан, миллат ва дин бир ҳалқа билан жипслашган. Бири хасталанса, иккинчиси соғ қолмайди. Одамлар тана касаллигини даволаш учун шифохоналар очсалар-да, динга доир хасталикларни тузатишга аҳамият бермайдилар. Ҳолбуки, жамият ҳаётининг тириклиги, боқийлиги ҳақиқий дин билан қоимдир. Дин фоний дунёда ҳақиқатларни кўрсатувчи нурдир. Динсиз инсон бу нурдан маҳрум демакдирки, ҳақиқатни кўра олмайди.

Бир киши Расулуллоҳнинг (с.а.в.) рўпараларига келиб:

— Э Аллоҳнинг расули, дин нима? — деб сўради.

— Гўзал хулқ, — дедилар. У киши қайта-қайта сўради. Ҳар сафар «гўзал хулқ» деб таъкидладилар. Расулуллоҳдан «динларнинг қайси бири Аллоҳ таолога севимлироқ?» деб сўралганда, «Яхшилик томонга юзланган ва инсон учун енгил бўлган диндир», деб марҳамат қилдилар.

Ҳа, инсонийликка ўргатувчи ҳамма нарса исломиятга тегишлидир. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти инсонларга хитоб қилади. Одам бўламан, деган киши уни тинглаши ва амал қилиши шарт. Аллоҳнинг расули (с.а.в.) яна дедиларки: «Кишиларга диндаги оғир, машаққатли амалларни эмас, енгил ва осонларини буюринг. Уларни хотиржам қилинг. Оғир амалларни буюриб, диндан қўрқитиб, чўчитиб юборманг».

— Э кўнгил! Сен билан кўришиб-сўрашиб юрадиган кишилар икки тоифа бўладилар. Бирлари молнинг, иккинчилари диннинг фазилати учун суҳбатлашадилар. Моли учун сўзловчи киши нон дарди билан гапиради. У ҳидоятдан маҳрумдир. Сен диннинг фазилати учун суҳбатлашганлар билан яқин ва қадрдон бўлки, шунда нияти бузуқлар сендан узоқлашиш йўлини қидирадилар.

«Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир».

Қаранг, ҳазрати Абу Мусо (р.а.) ривоят қилган бу ҳадисда бино деворлари бир-бирига мустаҳкам ёпишгани каби, мўминлар ҳам бир-бирларига маҳкам боғланмоқлари лозим эканлиги уқдирилмоқда. Бинони ташкил этган унсурлар орасида тош, темир каби нарсалар бўлганидек, қум ва шиша каби нозик нарсалар ҳам мавжуд. Лекин барчаси биргаликда бинони маҳкам тутиб турибди. Инсонлар, ана шу бино каби жипслаш-ган, бир-бирини суяган бўлишлари керак. Кучлилари доим заифларини суяб турмоғи, улар билан елкадош, ҳамнафас бўлмоғи лозим. Чунки мустаҳкам бўлмаган бинонинг йиқилиши муқаррар, бундан Аллоҳ таоло-нинг Ўзи асрасин!

Бу ҳадис одамларни жамоа бўлиб яшашга, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечиришга ташвиқ этяпти. Зеро, инсоннинг ёлғиз ҳаёт кечириши имконсиз. Масалан, бир бурда нонни тайёрлаш, пишириш учун нақадар кўп асбоб-ускуна ва меҳнатга эҳтиёж сезилиши барчага аён. Демак, инсонлар зарар эмас, фойда келтирувчи, хом эмас, пишган бўлиши, ноқис эмас, комил бўлиши лозимдирки, жамият кундан-кунга ривожлансин ва юксалсин. Аксинча, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, заифу мискинларга нисбатан меҳр-муҳаббат кўрсатмаса, Ҳақ таоло ундан асло рози бўлмайди. Ана шу вақтда фарёду фиғонлар бошланади. Турли норозилик чиқишлари ва бошқа фалокатлар рўй беришининг сабабчилари мусулмонликни даъво қилувчи, аслида Исломдан бехабар бўлган шўрлик гуруҳлардирки, улар аҳли Исломнинг бошига бало бўлурлар. Дунёда мусулмонларнинг таназзулига энг катта сабаб — мусулмонларнинг ҳақиқий мусулмон бўлмай, илм ва давлатларига мағрурланиб, фақирлару заифларнинг ҳақларига риоя қилмасдан, уларга исломий ва инсоний муомалада бўлмасликларидир. Шу боисдан ҳам улар охират саодатларидан маҳрум бўлишлари мумкинки, бу маҳрумликдан асрашни Раббимиздан тилаган ҳолда дуога қўл очайлик:

— Ё Аллоҳ! Она Ватанимизни турли офатлардан, балолардан асра! Тинчлигини бардавом қил. Ватанимизга ёмон назар билан қараётганларга инсофу тавфиқ бер. Инсофга юрмасалар, уларни Ўзинг бартараф қил. Миллатимизни дунё аро иззатли миллатлардан қил. Бизларни ўз миллати шарафи учун хизмат қиладиган, ўзга миллатларни қадрлайдиган миллатпарварлардан қил. Динимизга қувват ва ривож бер. Бизларни ўз дини моҳиятини яхши англайдиган, Ҳақ йўлида иймон билан хизмат қиладиган солиҳ бандаларингдан қил. Адашганларга Ўзинг ҳидоят бер. Омийн, ё Раб ал-оламийн!

 

08.11.2010

Тоҳир Малик