ЗУЛЛИСОНАЙН ШОИР..♫

Муҳаммадамин Ҳожакбаров 2001-йилнинг 10-августида Ўш шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келган. Шаҳардаги В.И. Ленин номидаги №10-ўрта мактабда таҳсил олиб, уни олий баҳоларга тамомлаган.

Ижодини мактаб пайтидаёқ бошлаган. Ёзган шеърий машқлари дастлаб вилоят, сўнг республика рўзномаларида чоп этила бошлаган. Илк шеъри 2013-йили «Ўш садоси» вилоят рўзномасида чоп этилган.
Мактабда аъло баҳоларга ўқиб, кўплаган танлов ва олимпиадаларда ғолибликни қўлга кириткан. 11 синфда мактаб президенти бўлиб сайланган. Мактабда ўқиб юрган пайтида биринчи китоби «Тақдир» нашрдан чиқиб, китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Муҳаммадамин Ҳожакбаров қирғиз ва ўзбек тилларида ижод қилади. Қирғиз шеъриятидан қилган таржималари матбуотда мунтазам равишда чоп этилиб келинмоқда. Б. Сидиқов номидаги Қирғиз-Ўзбек ҳалқаро университетининг тиббиёт коллежини битирган. Таржимон, дизайнер. Китами Масаонинг «Қиличсиз Самурай» китобини қирғиз тилидан ўзбекчага таржима қилган. Талабалик пайтида қирғизча шеърларидан иборат иккинчи китоби «Жүрөк дүбүртү» чоп этилган. Шеърлари Ала-Тоо журналида ва ҳалқаро рўзнома ва ойномаларда мунтазам чоп этилиб келинмоқда.
Қизиқишлари қаторида китобларнинг муқова дизайнини ясайди. Айни пайтда тиббиёт соҳасини чуқур ўрганиш билан бирга дизайнерлик билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Ынтымак-ыр кербени адабий уюшмасининг аъзоси.
Зуллисонайн шоиримизга адабиёт йўлларида ойдинлик тилаб қоламан. Икки элнинг ўғли бўлиб, икки эл ва адабиётнинг кўприги бўлиб ҳизмат қилаверсин.

Муҳаммадамин ҲОЖАКБАРОВ

* * *
Афсун ўқир қулоқларимга
Тошлоқ йўллар ва тор сўқмоқлар.
Юрагимдан тўкилар ерга,
Қизғиш тусга кирган япроқлар.

Увиллайди кузнинг шамоли,
Дил қоришиб кетар найларга.
Сукунатнинг сокин хаёли
Бошлаб кетар аллақайларга.

Йўл юраман, оёқларимга
Ботиб кетар тақдир тошлари.
Томоғимни куйдириб ташлар,
Йиғлаётган кузнинг ёшлари.

Қулоғимга афсун ўқиган
Тошлоқ йўллар чекади андуҳ.
Ҳижроннинг тор сўқмоқларида
Сарсон бўлар девонаваш руҳ.

Юрагимдек ерга тўшалган
Япроқларнинг ўчади ранги.
Дил деган най чилпарчин синган,
Энди унинг чиқмас жаранги…

* * *
Кафтимда лаҳзалар очади куртак,
Кафтимга ўрнашиб олади осмон.
Қип-қизил анорга айланар юрак,
Чалажон ҳисларга кира бошлар жон.
Қулоқларим қўмсар сукут шивирин,
Илинжим сиғмас вақт ҳовучларига.
Йўлини йўқотган ёмғирранг ҳислар
Қоришиб кетарлар товушларимга.
Кафтимда очилган лаҳзалар — яшил,
Кафтимга эврилган осмонлар мовий.
Ичимнинг ичида синади чил-чил,
Бир ҳазин мусиқа, бир ҳис — самовий…
Қип-қизил анорга айланар юрак,
Сочилиб кетади, бўлади вайрон.
Руҳимда бўронлар, чақмоқ, гулдурак,
Кўзларим тубида кимдир берар жон.
Чалажон ҳисларим кетади гуллаб,
Очилар кўксимда занглаган қафас,
Лабимга мавҳумлик аста босар лаб,
Қоронғи, сукунат, кесилар нафас.
Кафтимда лаҳзалар очади куртак,
Кафтимдан ўзлигин излар нигоҳлар,
Ўйларим уфқида учирар варрак,
Ўзлигин топмаган хокисор оҳлар.

* * *
Тилкаланар самонинг бағри,
Унга шамол санчади пичоқ.
Булутларнинг келади қаҳри,
Исён қилар момақалдироқ.

Бирдан қонаб кетади замин,
Ва қайдандир келади садо:
«Кўзингни юм, Муҳаммадамин,
Кўзингни юм, яқиндир видо».

Қулоқларим қоматга келиб,
Аста юма бошлайман кўзни.
Руҳимга оқ байроқлар илиб,
Кўзларимга кўмаман Сўзни!

* * *
Ташқарида баҳор, гуллар очилган,
Лек менинг кўнглимни тарк этмади қиш.
Нигоҳларим совуқ, қароғларим бўш,
Ҳисларим ичимни қилади тафтиш.

Кўнглимда бўронлар қилмоқда исён,
Кўнглимда ҳали ҳам ёғаётир қор.
Оламни гулларга буркаган Тангрим,
Менинг ҳам кўнглимни гуллатиб юбор.

Менинг ҳам кўнглимга келурми Баҳор?

****
Илинжимни эски деворга осдим,
Сўнгра оқдим туннинг оҳангларида.
Шаффоф лаҳзаларнинг сувратин чиздим,
Ҳеч ким илғамаган ишқ рангларида.

Қўлимда мўйқалам, турфа хил ранглар,
Рангини топмаган рангсиз рўёлар.
Қулоғим остида тинмай жаранглар,
Исёнга бўялган мунгли нидолар…

Чиздим оҳангида оқиб тунларнинг,
Энг тоза рангларга бўлдим рўбарў.
Рангига чулғониб кетдим куйларнинг,
Қалбимдан тўкилди тавба-тазаррў.

* * *
Дил синган қадаҳдир – қуёлмайсан май,
Бус-бутун қилишга етмас қудратинг.
Кўнгил бер!
дегайсан, ўзингга тинмай,
Бунга йўл қўймайди сенинг фитратинг…

Қўлларинг муаллақ турар ҳавода,
Кўзингда сузади фироқ кемаси.
Ёлғонга кўмилган бу паст дунёда,
Сен ва мен энг тоза ишқнинг меваси.

Дил синган қадаҳдир, уни синдирган
Инсонлар фироққа ошнодир бугун.
Уларнинг кўнглини ҳаёт синдирган,
Уларнинг қисмати ечилмас тугун.

Шунингчун, ироданг етмаса агар,
Кўнглимга зеб берма, кўнглингни берма.
Кўнглингда муҳаббат бўлмаса агар,
Ортинга қайтиб кет, кўнглимга кирма.

Дил синган қадаҳдир – қуёлмайсан май,
Бус-бутун қилишга етмас қудратинг.
Кўнгил бер!
Дегайсан ўзингга тинмай
Бунга йўл қўймайди сенинг фитратинг.

* * *

Мени унутади дўсту ёрларим,
Оёғимдан судраб кетади ажал.
Узилиб кетади юрак торларим,
Руҳимни сассизлик қилади қамал.

Тупроққа қоришиб кетаман буткул,
Исёнкор юрагим айланар гилга.
Ичимни ёндириб юборган ҳислар,
Қабримда очилар айланиб гулга.

Мени унутади яқинларим ҳам,
Ҳеч ким тилга олмай қўяр исмимни.
Ахир, улар нима қилади айтинг,
Тупроққа айланиб кетган жисмимни.

* * *

Тонг самони бўяр мовий бир рангга.
Баҳорнинг кўксида
майсалар унар.
Дунё тўлиб кетар шовқинли чангга,
Сукутнинг қулоғи
қоматга келар.

Мовийранг осмонга
тикилиб узоқ,
Яшил лаҳзаларга кўксим ёраман.
Кўниб ҳам кетаман шовқин-суронга,
Аҳир, ундан қочиб қайга бораман?

Ҳаёт асли шудир: шовқин-суронли,
Тирикларга сукут ярашмас билсанг.
Ахир, сени ҳеч ким эшитмайди-ку,
Ичингда қувониб, ичингда кулсанг…

* * *

Odiljon Dadajanov, [26.05.2023 14:09]
Қайғурма, йиғлама, олма хавотир,
Бекордан бекорга солаверма дод.
Қайғурсанг, юрагинг зўриқар ахир,
Йиғласанг, шўр бўлиб кетади ҳаёт.

Қайғурма, сокин бўл, олма хавотир,
Тузукман, дарднинг ҳам етмади кучи.
Юрагим ҳали ҳам тез ураётир,
Ҳали ҳам қайғуга тўладир ичим.

Қўлимда қувват йўқ, ана қалам ҳам,
Мени кутавериб кўкариб кетди.
Умримнинг алвонранг қуёши эса,
Мовий кўзларингнинг тубига етди.

Шунингчун қайғурма, йиғлама, гулим,
Хавотир ҳам олма, фироқ ҳам чекма.
Кўзларинг тубига кўмилган умрим,
Ҳуда-беҳудага кўз ёшинг тўкма.

* * *
Ҳеч ким юрагини очмади менга,
Ҳеч ким дардларимга бўлмади даво.
Бўғзимда оловдек ёнди нафасим,
Ўпкамни куйдириб юборди ҳаво.

Фараҳли кунларим топди ниҳоя,
Ақлдан оздирди алвасти тушлар.
Дардини дастурхон қилмасин дея,
Тилимни кишанлаб қўйди товушлар.

Ҳеч ким юрагини очмади менга,
Ҳеч ким сўзларимга солмади қулоқ,
Бундай яшагандан кўра, аслида,
Яшамай қўйганим бўлар яхшироқ.

* * *
Адашдик, иккимиз тақдир йўлида,
Ҳаёт синовлари йиқитди бизни.
Ишқимиз хўрланди каслар қўлида,
Каслар пора қилди юрагимизни.

Адашдик, кўнглимиз чил-парчин бўлди,
Ғам қуши ин қурди кўзларимизга.
Одамларни бахтга кўмган бу дунё,
Нечук бахтни раво кўрмади бизга?

Яндекс.Метрика