Зуҳриддин Исомиддинов: Ўзбек халқи Айтматовни ўз ёзувчисидек қабул қилади

 

Зуҳриддин Исомиддинов

Асли қирғизистонлик бўлган ўзбек адабиётшунос олими билан буюк қирғиз адиби ҳақида суҳбат.

Таниқли адабиётшунос, ёзувчи ва таржимон, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ва Бадиий таржима кенгаши раиси, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов бугунги кунда икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларининг ривожланишига муносиб ҳиссаси қўшиб келаётган ижодкор. У кишининг Халқаро Айтматов академиясининг фахрий академиги бўлиб сайланиши ушбу суҳбатимизга туртки бўлди.

 

 

– Зуҳриддин ака, янги унвон муборак бўлсин! Унинг сиз учун нақадар аҳамиятли эканини ўз оғзингиздан эшитсак…

– Қуллуқ! Бу хабарни гувоҳнома сурати билан бирга телеграмдан жўнатишибди. Бу гапдан ҳам хайрон, ҳам хурсанд бўлдим. Бу ҳам оздир-кўпдир меҳнатимизнинг бир эътирофи-да. Қилаётган ишинг муносиб баҳоланса, яна кўпроқ иш қилгинг келади, эътиборсизлик бўлса ҳафсаланг совийди. Демак, қилаётган меҳнатларимиз зое кетмаяпти экан, деган фикрга келдим. Бунинг учун Академия Президиуми ва унинг президенти, академик Абдилдажан Ақматалиевдан миннатдорман.

Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам МДҲ, ШҲТ, Турк давлатлари ташкилоти каби халқаро ташкилотларга аъзо. Лекин ундан ҳам аввал, орамизда узунлиги 1300 км.дан ортиқ умумий чегара бор ва бу чегара кимсасиз даралардан, тоғу-тошлар орасидан эмас, аҳоли энг қалин яшайдиган жойлардан ўтган. Чегаранинг ҳар икки томонида ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам яшайди. Шу маънода, дўстлик алоқаларимизни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича қиладиган ишларимиз, режаларимиз жуда кўп.

Бундай мукофотларни эса ривожланиб бораётган алоқаларимизнинг бир тажассуми деб билиш мумкин. Шу билан бирга бундай эътибор одамни руҳлантиради, албатта.

– Бугунги кунда сиз икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш учун фаол ишлаб келяпсиз. Ана шу алоқаларга қандай баҳо берасиз?

– Бугунги ҳолатга баҳо бериш учун, яқин тарихга бир назар ташлаш лозим бўлади. “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти 1996 йилда ташкил топган. Мен шундан бери ташкилотда етакчи одам сифатида ишлаб келяпман. Бу орада турли мураккаб вазиятлар ҳам бўлди. Масалан, бир давлатдан иккинчисига бориб келишга илож бўлмаган даврлар бўлди.

Янглишмасам, 2005-06 йилларда бўлса керак. Ўртада виза тизими бор эди. Қирғизистонлик ўзбеклар асосан Ўш томонларда яшайди. Улар Ўзбекистонга, масалан, ўн-йигирма чақирим наридаги қариндошиникига бориш учун 600 чақирим олисликдаги Бишкекка, виза олгани боришарди. Ўшанда мен Ўзбекистон консуллигини Бишкекдан Ўшга кўчириш масаласини кўтарганман. Ўшанда бизга, ҳозирча бу иш тўхтаб турибди, деган маънода жавоб келган эди.

Мана энди ўша консуллик Ўшда очилди. Гарчи ўшанда дарров амалга ошмаган бўлса ҳам, ҳаракатларимиз, интилишларимиз тўғри бўлган экан, деган фикр бизга тасалли беради, албатта.

Ўша пайтларда бир амаллаб, Тошкентдаги Қирғизистон элчихонаси кўмагида Ўшга минглаб ўзбек тилидаги бадиий адабиёт намуналарини олиб борганимиз, уларни мактаб кутубхоналарига тарқатганимиз ёдимда, ўртада бўлиб турган энг мураккаб вазиятларда сира иккиланмай, ўзбек-қирғиз дўстлиги, адабий алоқалари тўғрисида ҳужжатли кинолар олишга Бишкекка, Ўшга сафар қилганларимизни хотирлайман. Ёки Ўшдаги Бобур театрини тубдан таъмирлаш бўйича ташаббусимизни Ўзбекистон раҳбарияти маъқуллагани ҳам бизни беҳад мамнун этади, натижасини эса, кўриб турибсиз…

 

Бизнинг досье: Зуҳриддин Исомиддинов 1953-йилнинг 1 январида Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги Маъмуробод қишлоғида туғилган. Ўша йили уларнинг оиласи Ўшга кўчиб ўтади. Ўрта мактабни 1969-йилда Ўш шаҳрида битирган. Мактабдан сўнг Ўш вилоят “Ленин йўли” газетасида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган. 1976-йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битирган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим (1976-1998), Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида I котиб (1998-2000), Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (2001-2002) ва Ўзбекистон Республикаси Миллий китоб палатаси (2003-2011)да директор лавозимларида ишлаган.

 

Саволнинг иккинчи қисмига келсак, бугун аҳвол қандай, у бизни қониқтирадими? Менимча, мавжуд имкониятларни тўла қамраб ололмаяпмиз. Бунга объектив сабаблари ҳам бор ва субъектив сабаби ҳам. Масалан, адабиёт соҳасини олиб қарасак, икки халқ адабиёти намуналаридан қайсилари ўзаро таржима қилиниши керак, деган масала илмий жиҳатдан тўғри ҳал қилиниб, режа асосида иш юритилса, жуда яхши бўларди. Ўзбекистонда “Манас” эпоси ҳозирга қадар тўққиз марта ўзбек тилига таржима қилинди, бироқ ўзбекнинг “Алпомиш” ё “Гўрўғли” сингари энг қадимий, улуғ достонлари қирғиз тилига ҳали таржима қилинмаган. Албатта, таржима осон иш эмас, шу сабаб тасодифий, сифати яхши бўлмаган асарлар ўгирилиб қолмаслиги учун Ёзувчилар уюшмалари даражасида бирга иш олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Мен фақат адабиёт соҳаси бўйича гапиряпман. Дўстлик алоқаларимиз эса, иқтисодий масалани айтмагандаям, маданият, фан соҳалари бор, улардан ҳар бирининг янада кенг, чуқур йўналишлари бор. Агар биз уларни ҳам тўлароқ қамраб ола олсак, бу ишларни янада аниқ ва мақсадли ривожлантириш учун кенг шароит туғилган бўларди. Биз доимо шунга ҳаракат қилиб келганмиз ва ҳаракат қилишда давом этяпмиз.

Дўстлик жамияти ниҳоятда муҳим бир ташкилот бўлса-да, тўла жамоатчилик асосида, мана шу ишлар учун жон куйдирган ҳамфикр, жонкуяр одамларнинг фидойилиги қўлловида ишлаб келади. Ойлик бериладиган штати йўқ. Фаолларимизнинг ҳаммаси фийсабилиллоҳ, дўстлик алоқаларини ривожлантириш, икки қардош элни аҳиллаштириш учун ҳаракат қилиб келишяпти. Қандай бўлганда ҳам, икки юрт учун, икки қардош халқ равнақи учун ишлаб келяпмиз ва бу мақсад йўлида ҳар қанча меҳнат қилсак арзийди.

– Ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигининг ёрқин тимсолларидан бири – буюк адибимиз Чингиз Айтматовдир. Шу маънода Ўзбекистонда буюк адибга бўлган муносабат ҳақида айтиб ўтсангиз…

– Марказий Осиё давлатлари ичида Айтматовни энг кўп ўқиган халқ ўзбеклар экани маълум. Бошқа туркий халқлар ичида ҳам. Гап фақат босилган китобларнинг нусхасида эмас. Чингиз Айтматовни ўзбек адабиётининг бир узвий қисми дейиш мумкин, ўзбеклар уни ўз ёзувчисидек мутолаа қилишади. Ўзбек ўқувчиси унинг китобларини чет эллик ёзувчининг асари деб ўқимайди, уни худди ўзбек адиби каби қабул қилади. Бошқа эларнинг ҳеч қайси ёзувчиси ўзбек китобхонларига, ўзбек адабиётига Айтматовчалик катта таъсир қилган эмас.

– Бунинг сабаби нимада?

– Биринчидан, кенг маънода олиб қарасак, умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан, Чингиз Айтматов ҳар бир масалада энг тўғри, холис позицияда турган одам. Ўзининг олижаноблиги билан ҳаммага маъқул, энг тўғри йўлни топган ва одамларни ана шу йўлга бошлай билган. Иккинчидан, унинг қаҳрамонлари оддий халққа жуда яқин, бу одамлар характери, психологияси, қайғу-аламлари билан ўзбеккаям, қозоққаям, қирғизу туркмангаям бирдай жуда яқин. Учинчидан, бу қаҳрамонларнинг исмлариям ўта қирғизча эмас. Мисол учун, ўша Жамилани оласизми, Дониёрними, “Оқ кема”даги Мўмин чол ёки Ўрозқулни оласизми, Исмойилни айтасизми, ёки бошқа қаҳрамонними, бу исмлар минтақадаги барча халқларда бор. Бу исмлар ўқувчини бегонасиратмайди. Айтматовнинг китобларини ўқир экансиз, уларда доимо ўзимиз кўриб юрган одамларни кўргандай бўласиз. Барчаси эскитдан танишдай, қадрдондай.

Бу асарларда тасвирланган миллий ҳаёт психологияси ҳам худди бизникидақа. Масалан, “Биринчи ўқитувчи”да тасвирланган воқеалар бутун Ўрта Осиё давлатларида бўлган воқеалар-да. Бунга ўхшаш сабаблар кўп.

Хулоса қилиб айтганда, Айтматовнинг китоблари чуқур миллий асарлар бўлиш билан бирга фақат миллий эмас. Улар умуминсоний, умумтуркий қадриятлар акс эттирилган асарлар деб қабул қилинади. Албатта, бу асарларнинг Айтматовчасига маҳорат, юксак бадиият билан ёзилиши туфайли ҳам, халқчиллиги учун ҳам адибни ўзбек китобхонлари Мопассан ёки Достоевский каби эмас, ўз ёзувчиси каби қабул қилишади.

Бизнинг досье: Зуҳриддин Исомиддинов «Манас» эпоси ва Тўқтағул Сатилғановнинг қатор шеърларини, қирғиз эртакларини, ўнлаб қирғиз шоир ва ёзувчиларининг кўплаб асарларини ўзбек тилига таржима қилди. «Манас»нинг ўзбекча таржималарини тадқиқ этиб, диссертация ёқлаган.

Уч юздан ортиқ илмий мақолалари Ўзбекистон ва Қирғизистон матбуотида эълон қилинган. «Туркий эпос ва таржима», «Она юртим – Қирғизистон, Ўш…», «Сўз қисмати», «Шавқи наво» каби кўплаб китоблари чоп этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий таржима кенгашининг раиси сифатида таржима ташкилотчиси. Юз жилдлик “Туркий адабиёт дурдонаси”нинг қирғиз адабиёти учун ажратилган тўққиз жилдидан еттита жилдни, Чинггиз Айтматовнинг 10 жилдлик “Асарлар”ининг тўплаб нашрга тайёрлаган, ўнлаб қирғиз эртакларини, минглаб қирғиз мақолларини ўзбек тилига таржима қилган, юздан ортиқ қирғиз адиблари ҳақида илмий очерклар ёзган.

– Айтматовнинг чоп этилган асарлари номи ва нусхаси бўйича ҳам адашмасам, Ўзбекистон биринчи ўринда турса керак?

– Албатта, китоб чоп этишда аҳоли сонига қаралади. Сон жиҳатидан олганда қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва туркманларни қўшганда ҳам ўзбеклар кўплик қилади. Китоблар ҳам шунга яраша кўп босилади. Ҳозир ёдимга келиб қолгани – Айтматовнинг “Эрта келган турналар” асари Тошкентда 120 минг нусхада босилган эди. Бошқа асарлариям шундай. Ҳозир ҳам Айтматовнинг асарлари, унинг ижодига бағишланган илмий асарлар Ўзбекистонда ҳар йили босилади. Ўзбекистонда алоҳида айматовшунослик илми шаклланганки, буни тириклигида адибнинг ўзиям эътироф қилган. Асил Рашидов дейсизми, Суюн Қораевни айтасизми, кўплаб ўзбек таржимонлари ва адиблари Айтматов билан шахсан таниш бўлишган ва доимо алоқада бўлиб туришган.

– Суюн Қораевнинг миллати қирғиз-а?

– Ҳа, у зоминлик қирғизлардан, Айтматовдан 4 ёш катта эди. Иккаласи жуда қадрдон эди. Суюн оқсоқол ўзи тилчи, филология фанлари номзоди эди. Марказий Осиёдаги барча жой номларини ўрганиб, ишлаб чиққан ва география фанлари фан доктори бўлган. Айтматовнинг уч йирик асарини ўзбек тилига ўгирган.

Ёдингизда бўлса, яна бир қирғиз – улуғ давлат арбоби Исҳоқ Раззоқов 1940 йилларда рус адабиёти асарларини ўзбек тилига қойиллатиб таржима қилиб берган эди. Орадан 40 йил ўтиб, мана шу хизматни Суюн Қораев бажарди. Орадан тахминан яна шунча вақт ўтиб, Айтматов асарларини ўзбек тилига таржима қиладиган янги таржимонлар авлоди пайдо бўлдики, улар ичида ҳам этник қирғиз ижодкорлар бор. Албатта, барчасининг қалами бирдай ўткир, дейиш қийин, лекин вақт келиб ана шу даражага етадилар, деб умид қиламан.

– Айтматовнинг ўзбек тилига таржима қилинмаган асарлари ҳам борми?

– Биз Айтматовни кўп йиллар давомида улуғ ёзувчи сифатида билардик, лекин унинг буюк файласуф ҳам эканини халқимиз деярли билмасди. Ҳолбуки унинг фалсафий асарларининг ўзи бир неча жилд экан. Бундан ташқари биз унинг кучли публицист эканини билардигу, бундай асарларини кўпчилик ўқимаган эди. Мана энди публицистик мақолалари ҳам таржима қилинди.

Ўтган йилнинг ёз охирида менга Айтматов асарларини жамлаб беришни таклиф қилишди. Мен 7-8 жилд бўлса керак, деб мўлжал қилувдим, шуни 10 жилд қилиб қўяқолинг, деган таклиф тушди. Қараб кўрсак, шунга яраша иш бор экан ва биз дарров ишга киришдик. Албатта, вақт тиғиз бўлгани учун сифатга таъсир қилмай қўймади. Лекин худо хоҳласа, беш йилдан сўнг ёзувчининг 100 йиллик катта маъракаси бўлади. Ана шу санада биз бу ишни аъло даражада амалга оширамиз, деган ниятдаман. Бунинг учун етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлдик, кўзимиз пишди.

– Ўзбек халқининг адибга бўлган чуқур ҳурматига сабаб бўлган яна бир жиҳат – у Совет даврида ўзбек халқининг шаънини қаттиқ ҳимоя қилиб чиққан эди, шундай эмасми?

– Шубҳасиз. Чингиз оғанинг халқимиз олдидаги асосий хизмати шуки, 1980-йилларда “Пахта иши” деган туҳматдан иборат айблов халқимиз бошига бало бўлиб, кейин у “Ўзбек иши” деган уйдирмага айланди. Телевидение, матбуот орқали бутун бошли халқ қаллоблик йўли билан даромад топаётган қилиб кўрсатилди. Бундан нафақат ўзбеклар, балки ҳамма норози бўлди, лекин ҳеч ким ҳақиқатни айтиш учун юрак ютиб чиқолмади. Совет даврида шафқатсиз жазо механизм бор эди. Ўшанда мен халқимиз муҳтож бўлган қўлловни, биласизми, кимдан кутган эдим? Ўзингизга маълум, уруш йилларида ўзбек халқи 200 мингдан ортиқ славян халқлари болаларига бошпана бериб, уларни асраб олди, уларни юзлаб ўзбек оилалари боқиб олди, асраб-авайлаб, катта қилди. Лекин улардан садо чиқмади. Эҳтимол, улар ҳам норози бўлишгандир, балки тарғибот таъсирига тушиб қолишгандир, лекин улар шу қўлловни кўрсатишга ярамади.

Мана шундай вазиятда Чингиз Айтматов чиқди. Ўзининг ўша пайтда эришган бутун обрўси, ҳурмати, шон-шуҳратини ўртага қўйиб, халқимиз учун далда бўладиган энг зарур бўлган гапларни айтди. Ўзбекни мардонавор ҳимоя қилди. Асли буюк одамлар сиёсат масаласида эҳтиёткор бўлиб қолишади. Лекин Айтматов, “қўй, мен аралашмай қўяқолай”, демади, Ҳақ гапни рўй-рост айтди, миллатимиз шаънини ҳимоя қилди.

Ўзбекистон ҳам, ўзбек халқи ҳам шунга яраша жавоб қилди, қилиб келмоқда.

Масалан, дейсизми? Турк давлатлари ташкилоти доирасида 2022 йилда Ўзбекистон халқаро Алишер Навоий мукофотини таъсис қилди. Низомга кўра, ҳар бир давлат ўз номзодини кўрсатиши керак эди. Ҳар бир мамлакат ўз номзодини кўрсатди. Ўзбекистон эса Чингиз Айтматов номини тақдим этди. Қоидага кўра мукофот тирик одамга берилиши керак-ку, деган эътироз бўлди. Шунда Ўзбекистон, Айтматов ўз асарлари билан ҳозир ҳам халқларимиз бирлигига ҳар қандай тирик одамдан кўра кўпроқ ҳисса қўшиб турибди, деган жавобни берган. Шу тариқа, туркий халқларнинг энг буюк шоири номидаги биринчи мукофот туркий халқларнинг энг буюк ёзувчисига берилди.

– Айтматовни буюк адиб эмас, оддий одам сифатида баҳолай оласизми?

– Унинг ҳар қанча улуғ, дунё таниган одам бўлса-да, ҳаётда оддий одам бўлганини, эл қатори яшаганини кўрдим. Шу ўринда бир воқеа эсимга тушиб кетди. Қирғизистонда 1995 йили “Манас” достонининг 1000 йиллиги нишонланган. Ўшанда ўтказилган тантаналарнинг бирида Ўзбекистон расмий делегацияси учинчи бўлиб ўтиб бораётган эди. Олдимизда Қирғизистон раҳбарлари ва Чинггиз Айтматов. Икки томонимиз – муздек сувли фонтанлар ҳовузи. Одам деганингиз ғиж-ғиж. Тиқилинчки, асти қўяберинг. Бир маҳал ўша яқиндаги бир одам тиқилинчда сурилиб, кутилмаганда сувга қулаб тушди. Сув чуқур экан, у одам бошигача шўнғиб кетди. Атрофда сон-саноқсиз милиция ходимлари, қўриқчилар бор. Шундай бўлса-да, Айтматов биринчи бўлиб ёрдамга шошди ва ўша одамни қўлидан тортиб олди, унинг елкасига қоқиб, тасалли берди ва тез юриб, олдиндаги давлат раҳбарларига етиб олди.

Асли Айтматов атрофдагиларга бир  оғиз, “уни чиқарволинглар”, деб қўйса ҳам бўларди. Лекин у ўша одамни қутқариб, унинг елкасига қоқи, тасалли сўз айтиб, кўнглини ҳам кўтарди. Ваҳолонки, ўшанда у 67 ёшли чол эди! Бу унинг ҳаволаниб кетмагани, шундай шуҳрат ва обрўсига қарамай, оддийлигини, камтарлигини сақлаб қолганига далил эди.

– Зуҳриддин ака, чол дейишга тил бормайдию, сиз ҳам етмишдан ошдингиз. Фикрингизча, қилинган ишларингиз кўпми, қилиниши керак бўлганими?

– Бу қизиқ савол бўлди. Мен бугунгача қилган ишларимни жамласам, бир ҳовучгина бўладигандай. Аммо қиладиган ишим кўпроқ, дейиш ҳам ҳавойироқ чиқади…

Ўтмиш борасида менда армон эмас, афсус кўпроқ. Лекин шароит сабабми, тақдирга битилмаганми, кўп ишлар Чўлпон айтганидек, “Ўйлаган ўйларга кўнгил етолмас” бўлди.

Қилишимиз мумкин бўлган жуда кўп ишлар бор эди. Гоҳо ақлимиз етса, қўлимиз етмади. Худо ҳаммамизга умр берсин, қўлимиздан келганини қиламиз, ундан ортиғини қилолмаймиз. Муҳими, қўлимиздан келганини қилишга ҳаракатдан тўхтамасак бўлди. Мен кўпларни биламан, пенсияга чиқади-ю, чол ёки кампир бўлиб олади, меҳнатдан, изланишдан тўхтайди. Изланиш сиз билан бизни тарк этмай турсин.

Худо бизга шу ишларни тақдир қилган экан, қўлимиздан келганича ҳаракат қилиб турсак, жуда катта бўлмасаям, анча-мунча ишларга улгурамиз. Чунки, тоғ дегани фақат чўққидан иборат эмас. Чўққининг ёнида уни суяб турадиган ўр-қирлар ҳам бўлади-ку. Ана шунга яраб турсак ҳам, бизга етади.

– Суҳбатингиз учун раҳмат, умрингизга, ишларингизга баракот берсин!

Оқбура, Бишкек-Тошкент.

Абдумўмин Мамараимов суҳбатлашди

Яндекс.Метрика