ЖАНУБ ТАФТИ 9-СУҲБАТ

Ана энди Жанубий Қирғизистон ва бу ердаги аҳолининг турмуш тарзи, тарихи, тарихий-маданий ёдгорликлари, маданияти ва адабиёти, моддий ва маънавий турмуш тарзи билан танишишга киришамиз.

Юксак Тиёншон тоғ тизмаларининг Олатов деб аталадиган бўлаги Қирғизистон мамлакатини икки – Шимолий ва Жанубий қисмларга ажратиб туради. Ўтмишда бундай юксак довонлардан ошиб ўтиб ўзаро борди-келди қилиш қийин бўлгани туфайли Шимол билан Жанубнинг деярли барча алоқалари тақасимон шаклда – Қозоғистон чўллари ва Тошкент воҳаси оша амалга оширилган.

Хўш, Шимолий Қирғизистон билан Жанубий Қирғизистон географик жиҳатдан, шунингдек, табиати, ландшафти, ҳайвонот ва наботот оламидаги қай жиҳатлари билан ўзаро фарқ қилади? Иқтисодий ва ижтимоий, тарихий жиҳатдан олганда-чи? Бу ва шу каби маълумотлар Қирғизистон тарихига оид асарларда, мамлакат миқёсидаги ҳамда вилоятга бағишланган энциклопедияларда, қолаверса, Интернетда батафсил баён этилганидан келиб чиқиб, уларга фақат мавзу тақозо этган ўринлардагина мурожаат қиламиз.

…Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да Ҳиндикуш довонлари оша Ҳиндистонга кириб боришини тасвирлар экан, шундай деб ёзганди:

“(Бошқа) вилоятларга боқа ўзга оламедур. Тоғ ва дарёси, жангал ва саҳроси, мавозиъ ва вилояти, ҳайвонот ва набототи, эли ва тили, ёмғури ва ели – борча ўзгача воқиъ бўлубтур”. (342)

Бобур, қадимги география тили билан айтганда, бир иқлимдан бошқа бир иқлимга ўтган эди. У назар ташлаган Ҳиндистон эса ўша географлар таъбирича, биринчи, иккинчи ва қисман учинчи иқлимга мансуб бир юрт эди. Шу боис, бу янги жойда деярли ҳамма нарса – ўт-ўланлардан тортиб, бута ва дов-дарахтларгача, қурт-қумурсқадан тортиб сувдаги балиқлару ердаги жон-жонивор, қуш ва ҳайвонларгача тамоман бошқача эканига ҳайратланган.

Аслида, бунча катта масофани босиб ўтиб, ҳатто унча-мунча қушлар ошиб ўта олмайдиган баланд довонлар ортидаги юртларга бормай туриб ҳам, ҳар бир ёнма-ён жойлашган воҳа ёки водийда ҳам ўзига муносиб наботот ва ҳайвонот олами шаклланганини кузатиш мумкин. Албатта, бундаги фарқ унчалик кескин ва сезиларли бўлмайди…

Тиёншон тоғ тизмаларининг кунгай тарафи билан Помир тизмалари орасидаги улкан ҳудуд (бунга Фарғона водийсининг шарқий томони ҳам киради) Жанубий Қирғизистонни ташкил этади.

Жанубий Қирғизистоннинг табиати, иқлими, ери, суви ҳам ўзига хос, Шимолий Қирғизистон шароитидан бирмунча фарқ қилади. Жанубий Қирғизистон иқлими бирмунча илиқ, бу ёқларда тоғликлар билан бирга тоғ олди адирлари, яйлов ва экин ерлари кўп.

Жанубий Қирғизистон Шимолдан, аввало, об-ҳавосининг мўътадиллиги, экин экиб деҳқончилик қилиш мумкин бўлган текисликлар кўпроқ эканлиги билан фарқланади. Шу билан бирга, Фарғона водийсининг ичкарисига хос бўлган сувга ташна чўллар ва ундаги кўчма қумликлардан ҳам холи бўлиб, Марказий Осиё минтақасидаги дастлабки одамлар яшаган манзилгоҳлар айнан ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳудудига – серсув, баҳаво, ери унумдор, атрофи юксак тоғлар билан қуршалган шундай хушманзара жойларга тўғри келиши мантиқий ва ҳаётий асосга эга.

Жанубий Қирғизистон ҳудуди 67,2 минг квадрат километр бўлиб, мамлакат ҳудудининг 33,6 фоизини ташкил этади. Унинг кўп қисми баланд тоғлар (Помир ва Тиёншон тизмалари)дан иборат.

 

.

Жанубий Қирғизистоннинг ҳамма жойи – баланд тоғлари, арчазор яйловлари, пистазор адирлари, тошқин дарёю кўллари, бой ҳайвоноти ва наботот дунёси, серҳосил экинзорлари – буларнинг бари бениҳоя гўзал. Шунинг учун ҳам, Ўш ва, умуман, Жанубий Қирғизистоннинг дилбар маъволарини кўриб тугатиб ҳам, уни тугал тасвирлаб ҳам бўлмайди. Ҳатто Жанубий Қирғизистон мавзуидаги фотогалереялар, интернет материалларини кузатсангиз, ҳар бир одам уни ўзича кашф этгани, ҳайратлари бениҳоя эканига амин бўласиз. Аммо, шунга қарамай, алоҳида таъкидлашни истар эдикки, тоғ этакларида – водий жойлардан ташкил топган бу ҳудудда диққатга сазовор жиҳатлардан энг муҳими сувдир, сув буларнинг барчасига ҳаёт берган, гуллатиб-яшнатган, тоғлар ва даштларда ҳар хил ёввойи ҳайвонларнинг сон-саноқсиз равишда кўпайишига омил бўлган, шу боис, одамлар айни ерда тарихнинг кўз илғамас пайтларидан бери маскан тутиб, яшаб келишаётир.

Қирғизистонда, жумладан, Жанубий Қирғизистон ҳудудида, одамлар дастлаб қаерда истиқомат қилишган, бу манзил-маконларнинг қай нуқтаси аждодларимизга бешик бўлган, энг кўҳна манзилгоҳ ўрни қаерда эди, деган саволга жавоб бериш ниҳоятда мушкул. Фақат бир нарса аниқ – ота-боболаримиз яшашга энг қулай, яъни баҳаво, қишда ҳам, ёзда ҳам иқлими мўътадил, серсув, унумдор жойларни танлаб, бундай жойда истиқомат қилиш бошқа ҳудудларга қараганда маъқулроқлигига ишонч ҳосил қилишгач, шундай жойда қўним топганлар, бундай жойларни тарк этиб, бошқа ёқларга кетиш маъқул топилмаган, бинобарин, айнан шундай масканлардан яшаб қолиш туфайли кўчманчилик ҳаётига барҳам берилган, овчилик бутун қабиланинг эмас, бир гуруҳ одамларнинг машғулоти бўлиб қолиб, кишилар яқин-атрофларда озми-кўпми деҳқончилик қилиб кун кечира бошлаганлар.

Марказий Осиёда, лоақал ҳозирги Жанубий Қирғизистон заминида илк бор умргузаронлик қилган одамлар ўзини қандай миллат деб атаганлиги ёки улар қайси тилда гаплашгани бизга маълум эмас. Тарихга оид китоблар ва бошқа илмий манбаларда Марказий Осиёнинг ўтмишида шаҳар жойларда аксар сўғд тилида гаплашувчи халқлар, теварак-атрофда эса туркий эл вакиллари яшагани айтилади. Ана шу сўғдлар ҳам, туркий эллар ҳам Марказий Осиё минтақасининг автохтон (шу ерда шаклланган) эли бўлиб, ҳозирги форсий ва туркий этнослар уларнинг авлодларидир.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Қирғизистонга келиб тадқиқ ишлари ўтказган Ленинградлик археолог олим Заднепровский ҳамда унинг шогирдлари Ўшнинг уч минг йиллик тарихга эга эканини далиллашган экан, буни шаҳарга асос солинганининг уч минг йиллиги, деб қараш керак. Аммо бутун Фарғона водийси, Жанубий Қирғизистон, жумладан, Ўш шаҳри ва унинг яқин-атрофида одамзот қачондан бери яшаб келади, бир неча минг йиллар муқаддам шу ерларда қўним топган ўша дастлабки “юртдошларимиз” шу ёқларга қаерлардан келиб қолган – буни билмаймиз. У нарсалар мозийнинг қуюқ тумани ичра чулғаниб ётибди. Эҳтимол, илк манзил Ўш шаҳри ўрнидадир, эҳтимол Аравондадир, Новқат ёки Ўзганда бўлганмикин? Ким билади дейсиз, бутун Жанубий Қирғизистондаги дастлабки одамлар яшаган маконлар ҳозирги Қорасув шаҳридан Ўзганга кетаверишдаги машҳур Қуршоб қишлоғи яқинидаги бирон қир-адирда, ё шолипояга айланган жойдадир, буни ҳеч ким билмайди – изи ҳам қолмаган уларнинг.

Милоддан аввалги IV асрдан янги эранинг V асрига қадар бўлган даврда гуллаб яшнаган, Буюк ипак йўлидаги муҳим аҳоли маскани бўлган қадимий Ўшдан хотирот бўлиб эса Мирзаолимтепа, Чаёнтепа, Ўттизадир, Моди қалъаси, шаҳарнинг шимолий ёғидаги Сураттош тоғи қояларига чизилган, эрамиздан аввалги биринчи минг йилликка мансуб бўлган юздан ортиқ петроглиф қолган.

Бундан минг йилча муқаддам – XI асрда Нишопурда яшаб ўтган улуғ риёзиётчи олим ва ҳассос шоир Умар Хайём бу ҳақда шундай деб ёзган эди:

 

Хушвақт бўл, ғуссанинг чеки йўқ бир он,

Бу чарх юлдузларга солади қирон.

Сенинг тупроғингдан ясалган ғиштлар

Бўлур ўзгаларга манзилу макон…

 

Дарҳақиқат, бир пайтлар гуллаб-яшнаган жойлар бугунги кунда харобазорга айланганини ва аксинча, яқингинада биёбон бўлиб турган баъзи масканларнинг ҳозирда обод шаҳарларга айланганини кўрамиз. Дастлабки одамлар яшаган биронта макон, табиийки, бугунги кунга қадар сақланиб қолган эмас. Дунёнинг турли гўшаларида катта-кичик тоғ ғорларида турли қалинликлаги қатламлардан одамларнинг суяклари топилганига ёки ўшандай ғор деворларида ибтидоий одамлар чизган расмларга асосланиб, инсоният энг аввал ғорларда яшаган экан, деган хулосага келиш нотўғри бўлур эди. Одамлар ғорда – муздай тош уйда яшай олмаган. Илм-фаннинг аниқлашича (ва соғлом мантиқнинг тақозо этишича), одамлар энг аввал ўрмонларда яшаган, шундан кейин ўзига бошпана тайёрлашни ўрганган. Ана шундан бери ўтган миллион йиллар давомида истиқоматгоҳини энг кўп янгилаган жонзот ҳам одамдир. Қор-ёмғирдан, изғирин шамол ва бўрондан, жазирама иссиқдан ҳамда ваҳший ҳайвонлардан ҳимоя қиладиган дастлабки ертўлалар ҳамда бошқа хил бошпаналарнинг ҳеч қайсиси ҳозир ҳеч қаерда сақланиб қолмаган. Чунки одамлар айни шу жойнинг ўзида эски қўналғасини бузиб, унинг ўрнида янгисини тиклайдилар. Оқибатда, аввалги маскан ва унинг архитектурасига хос бўлган жиҳатлар барҳам топади. Узоққа бормай, нари борса эллик йиллар муқаддам ҳамма жойда мавжуд бўлган гувала ё пахса деворли, томи лойшувоқ уйлардан ҳозир, ҳатто намуна ҳам қолмаганини ёдга олайлик. Шунинг учун ҳам тарихий ўтмиш мавзуи жуда баҳсталаб ва мураккаб масаладир.

Бунга Терс ва Чотқол дарёларининг суви қўшиладиган жойдаги ҳозир ўлик масканга айланган Чанчархон шаҳри ва Ўш яқинидаги Қорасув шаҳри мисол бўлади. X-XII асрларга мансуб деб ҳисобланадиган, ҳозирги ҳудуди 240х300 метр жойни эгаллаган Чанчархон шаҳрида кимлар, қандай турмуш кечиргани маълум эмас. Ҳар ҳолда, шуниси аниқки, ҳозир катта йўллардан ичкарида, овлоқ бир жойда қолиб кетган, яқин-атрофда ҳеч ким яшамайдиган бу шаҳристонда бир пайтлар ҳаёт гуркираган, минг-минглаб одамлар бу ерда умр ўтказиб, тўй-томошалар қилиб, ўйнаб-кулиб, вақти келганда эса ғам-ғуссалар чекиб яшаганлар, шу масканни ўзлари учун дунёнинг маркази деб билганлар. Бир пайтлар қулф уриб гуллаган бу жойларда даврлар ўтиши билан ҳаёт сўнган.

Бунинг аксича, барпо бўлганига ҳали икки аср ҳам тўлмаган Қорасув XX аср охири ва XXI аср бошларида бу ердаги улкан бозор туфайли, айтиш мумкинки, Марказий Осиёнинг асосий савдо шаҳрига айланди, бу ерда олис Хоразм ва Қорақалпоғистондан, бу ёғи эса Хитойнинг энг ичкари провинцияларидан келган минглаб савдогарларни учратиш мумкин эди. Бу ердан товарлар дунёнинг янада олис жойларига юзлаб улкан автомашиналарда, поезд вагонларида, минглаб енгил автомашиналарда ташиб олиб кетилар эди. Ана энди тарих ғилдирагининг каж рафторини қаранг: орадан чорак асрча вақт ўтиб-ўтмай, савдо ва ҳаёт гуркираган бу жой яна нисбатан эски турмуш тарзига тушаётгандай: савдо йўллари бошқа шаҳру кентларга қараб бурилди, шиддат билан янгиланаётган бу кунларда Қорасув яна Ўш вилоятининг провинциал бир шаҳарчасига айлана бошлаётгани гувоҳи бўлиб турибмиз.

Мазкур Қорасув шаҳридан Ўзган томонга кетаверишда, Янгиариқ деб аталадиган жойнинг ўнг томонидаги узун чўзилган адирлик бундан юз йиллар муқаддам Ғичировот (асли – Ғишт равот) деб аталган, бу қирларга буғдой эккан деҳқонлар ер ҳайдаганида омочларига қадимий пишиқ ғишт ва сопол синиқлари илиниб чиқа берган. Демак, бу жойларда ҳам тарихнинг биз билмаган бир саналарида одамлар яшаган, работлар барпо этишган ва биз билмаган яна қандайдир сабабларга кўра (балки, мўғул босқини туфайлидир), улар бу жойларни тарк этишга мажбур бўлишган…

Жанубий Қирғизистон тарихига – Фарғона водийсининг бир қисми бўлган бу жойларнинг ўтмишига ана шу жиҳатларни кўзда тутиб назар соладиган бўлсак, биз билган катта-кичик шаҳру қишлоқлар оқ сочли мозийнинг хийла кейинги даврларида бино бўлганини англаймиз.

Ҳозирги Жанубий Қирғизистон ҳудудида чўл ва саҳро жойлар илгари ҳам деярли йўқ эди. Зеро, айни минтақа азалдан сувга сероб эди. Айрим қўриқ ерлар эса ХХ асрнинг олтмишинчи йилларида обод қилинди (масалан, Туямўйин).

Эътибор қилсак, Ер юзининг ҳар бир гўшасида истиқомат қиладиган кишиларнинг менталитети ва феъл-атвори улар яшайдиган муҳитга боғлиқ бўлади, янада тўғрироғи, ана шу муҳит маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини, урф-одатлари, муомала маданиятини белгилайди. Қайноқ қумли саҳроларда яшайдиган бадавийларнинг феъли мангу музликлар бағридаги эскимослардан, серёмғир Ҳиндистонда яшовчиларнинг турмуш тарзи Албанияликлардан хийла тафовутли экани маълум. Шу нуқтаи назардан қарасак, жаннатмонанд Жанубий Қирғизистонда умргузаронлик қилиб келаётган аҳолининг урф-одат ва расм-русумлари, маданияти ва маънавиятидаги майинлик, юмшоқлик, илтифот каби фазилатлар аслида шу табаррук заминнинг саховатли, сернеъмат эканлигидан келиб чиқади. Тарихнинг энг олис даврларидан бери бу ерлик кишиларнинг турмуш тарзида энг инсоний фазилатлар мужассам бўлган.

Жанубий Қирғизистонда илм-фан, маданият ва санъат қадимдан ривожланган. Бошқа соҳалар бўйича маълумотлар камлигини ҳисобга олган ҳолда битта далилни келтириб ўтайлик: бу ўлкада турли тоғ қояларида тошга ўйиб ишланган отлар ва бошқа жониворлар расмларидаги гўзаллик, мутаносиблик кишини ҳайратга солади ва уларни яратган қадимги мусаввирларнинг маҳорати юксак бўлганидан дарак беради. У даврлардан бизнинг замонага бошқа илмий-маданий асотирлар етиб келмаган, аммо тошга расм чизишдан аввал қадимги муаллифлар уларни дастлаб лойга, суяк парчаси ва ҳоказо буюмларга чизиб кўрганлиги шубҳасиз. Маданият ва санъат эса фақат битта соҳада ривожланган бўлиши мумкин эмас. Тилларнинг ўзгариб кетганлиги, тарих саҳнасига янги элат ва халқларнинг чиқиб келгани, диний дунёқарашлар янгилангани туфайли у даврларнинг достону қўшиқлари, рақс ва илмий ижод намуналари бизга етиб келмади. Бироқ ёзма асотирлар орқали етиб келган ва бизга нисбатан маълум бўлган IX-XI асрларга тааллуқли маданиятнинг заминида ундан аввалги иқтисодий ва маданий ҳаёт устқурмалари асос бўлиб тургани, шубҳасиз, албатта.

Шу билан бирга, гарчи табиат ва иқлим шароитлари одамларнинг яшаши учун қулай бўлса-да, Фарғона водийсида кишиларнинг беғам яшашига асос берадиган имкониятлар, масалан, балиқ тўла дарёлар, ов ҳайвонлари мўл-кўл ўрмонлар мавжуд эмас. Шу боисдан, бу заминнинг кишилари азал-азалдан меҳнат қилишга ўрганган, бу ерларда бунёдкорона иш билан ўтган ва ўтаётган умр қадрланади.

Аҳоли нисбатан тиғиз яшайдиган Жанубий Қирғизистонда илм-фан, адабиёт ва санъат, давр талаблари даражасидаги ишлаб чиқариш, деҳқончилик ва ҳунармандлик жуда ривожланган, озиқ-овқат тайёрлаш, иморат қуриш, ўзаро муомала маданияти ва одоб-ахлоқ, одамийлик ва одамгарчилик фазилатлари шаклланган. Асрлар давомида бу заминдан ушбу санаб ўтилган ва рўйхати келтирилмаган юзлаб соҳаларнинг энг таниқли намояндалари етишиб чиққан ва улар ўз меҳнати билан киндик қонлари томган юртни равнақ топтиришга катта ҳисса қўшганлар.

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

 

“Алишер Навоий институти” сайти

Яндекс.Метрика