Жамият ва унда ўқитувчининг ўрни

Яқинда Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида бир аёл ўқитувчини охирги манзилга узатиш маросимини тарихнавис ижодкор Одилжон Дадажоновнинг Фейсбукдаги варақчасида кўриб қолдим. Видеода марҳумнинг амбари юкланган машинани йўлнинг бўйлаб узун сафланган ўқувчилар қўлларини кўкрагига қўйиб, йиғлаган ҳолатларида миннатдорчилик рамзини ифода қилиб, абадий оромгоҳигача кузатиб қўйишгани тасвирланган эди.

Бу маросимни ким уюштиргани менга номаълум, бироқ, қандай бўлганда ҳам, бу бир инсонга, бўлганда ҳам, умрини ёш авлоднинг таълим-тарбиясига бағишлаган инсонга-муаллимга ҳурмат ва унинг меҳнатларини эътирофи деб тушундим. Ўзимда ажаб бир ҳокисорлик ҳиссини сезиб, кўнглим ларзага келди ва унинг ташкилотчиларига офарин, дедим.

Албатта, бу тадбир кундалик турмушда рўй берадиган ўзаро иззат-ҳурматнинг бир кўринишидир, лекин инсон қалбини жунбушга келтирадиган лаҳзалардан бири ҳам эди. Бундай лаҳзалар аввал ҳам бўлгандир, буни ҳеч ким рад этмайди, бироқ, “Эллик йилда эл янги, юз йилда ер янги” дегани каби охирги йилларда турмуш тарзимиздан қандай анъаналар чиқиб кетди-ю, қандайлари кириб келди? Уларни тафтиш қилиб, миллий урф-одатларимиз, миллий менталитетимиз қайси савияда турибди? – деган ҳаққоний бир масала кўндаланг бўлади.

Шу лавҳадан таъсирланиб ажойиб, сирли ва нозик таъб касб ҳисобланмиш Ўқитувчилик ҳақида фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашишга жазм этдим.

Буюк қисмат

Педагогика инсон тарбияси ҳақидаги фандир. Педагог деган сўз грекча «педагогос» деган сўздан келиб чиқиб, «бола етакловчи» деган маънони билдиради. Бироқ, бу терминнинг сўзма-сўз таржимаси «қул» деган сўзни англади. Қадим Юнонистонда ўз хўжайинининг болаларини мактабга олиб бориб қўйиш ва уларнинг нарсаларини кўтариб юриш қулга топширилган. Кейинчалик қуллар махсус равишда ўқитилиб, бу вазифани касб қилиб олган одамлар «педагог» деб атала бошлаган. Албатта бу ўринда Суқрот (Сократ), Афлотун (Платон) ва Арасту (Аристотел) каби қадимги файласуфларнинг педагогика илмини ташкил этишдаги хизматлари тарихга мангу муҳрлангани ҳақида ҳар бир зиёли ўзи даражасида махсус билимга эга.

Жамиятнинг махсус таълим-тарбия муассасаларини яратиш, ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялашда юзага келган тартибсизликларни бартараф қилиш йўлидаги тажрибаларининг назарий жиҳатдан умумлаштирилиши педагогиканинг фан сифатида шаклланишига олиб келди. Бора-бора педагогика ижтимоий масалага айланиб, санъат даражасига кўтарила олди. Таълим-тарбия жараёнида ўқитувчи негизги ролни ўйнайди.

Ўқитувчининг илмий салоҳияти даражасига чуқур талаб қўйилади, улардан асосийси ўқитувчининг кенг доирадаги билим савияси бўлиб, жамоатда ва жамиятда ўқитувчига қўйилган талабларга жавоб бериши керак. Иккинчи талаб ўқитувчининг касбий маҳоратига боғлиқ бўлиб, у ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар билан муносабатларга қўйилган талабларга мос тушиши шарт. Бу – ўқитувчи ҳар бир болани шахс сифатида қараб, унга ҳаётий йўлланмаларни ўзининг билими, маданияти, тажрибаси доирасида бериш билан ўзи ўқитаётган фаннинг моҳиятини чуқур етказиши керак, деган сўздир.

Дарсга икки минут узрсиз кеч қолган ўқитувчи маъсулиятни билмаган педагог деб баҳолаш керак. Синф журналини тутиш қоидасини, дарс давомида бўр ва синф доскасидан фойдаланиш эстетикасини билмаган ҳам яхши ўқитувчи бўла олмайди. Ўтириб дарс ўтиш дарснинг таъсирсиз ва жонсиз экани белгиси бўлиб, бундай ўқитувчига шижоатсиз ва ғайратсиз ўқитувчи, деб баҳо бериш керак.

Ўқитувчи – серқирра касб эгаси. Бирор байрам ёки тадбирда баъзи бир одамлар ўқитувчига юқори баҳо бериб, уни кўкларга кўтараётгандек ўзларини кўрсатадилар. Бу аслида ўқитувчига берилган баҳо эмас, илтифот ҳам эмас. Кўпинча бу – ушбу касб эгалари ҳақида тўла фикр-мулоҳаза юрита олмай, ўқитувчига кўр-кўрона берилган мақтов белгисидир.

Бой итальянлар ўз яшаш жойларининг нуфузи билан мақтаниш учун ўқитувчилар билан бир ҳудудда яшашга ҳаракат қилишар экан. Французлар шифокорларни, ўт ўчирувчиларни ва ўқитувчиларни тирбанд йўлда қолдирмас экан. Шведлар ҳеч қайси касбни ўқитувчилик касбидан ошириб шарафламас экан. Инглизлар болани келажакда ўқитувчи бўлиши учун уни ёшлигидан даҳо деб аташар экан. Немис шифокорлари, бизга таълим-тарбия берган ўқитувчиларнинг турмуш даражаси ҳеч қачон биздан қуйи бўлмаслиги керак, дейишар экан. Япон халқи ёшларга, ўқитувчининг соясини босиб олмагин, ундан уч метр олисда тур, деб ўргатишар ва ўзи ҳурмат қилган одамга муаллим, деб мурожаат қилишар экан.

Бир юртнинг подшоҳи вазири ва соқчиларнинг кузатувида бир қишлоқдан ўтиб кетаётса, вазир отини тўхтатиб, ундан тушиб, йўл четида турган бир бола билан қўш-қўллаб кўришибди. Унинг ҳоли билан қизиқиб, оила аъзоларига инъом берибди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб, сабабини сўраганда, вазир, шу боланинг бобоси савод чиқаришда ўзига устозлик қилганини, устозининг етти авлодидан маънавий қарз эканини айтган экан.

Муаллим инсон қалбининг ижодкорига қиёс қилиниши керак. Шубҳасиз, ҳар бир касб шарафли ва унинг ўзига хос фалсафаси бор. Одамзод ўз тарихида қандай касбларни кўрмади, қанчалаган касб-ҳунар турмушда ўз ўрнини бошқа касбларга бўшатиб берди, бунга тарих гувоҳ. Бироқ ўқитувчилик абадий касб бўлиб, унинг мақсад ва вазифаси ҳар қандай касбнинг асосини ташкил этади, унинг фалсафаси ҳар қандай касбнинг фалсафасидан мураккаб ва юқори туради. У мурғак боланинг соф, оппоқ қалб дафтарига она, ота, замин, ватан, одам, инсон, умр, ҳаёт деган буюк сўзларни абадий ёзиб қўяди. Бундай ҳуқуқ ҳеч қандай касб эгасига берилмаган. Боланинг қалбига ёзилган ўша муқаддас тушунчаларни унинг ота-онаси, жамият, турмуш йўлларида қандай талқин қилиб боради ва қандай ривожлантиради, бу боланинг келажакдаги ўрнини белгилайди. Жамиятнинг маданияти, мамлакатнинг равнақи, келажаги, бевосита уларнинг зиёлиларга, айниқса, ўқитувчига бўлган муносабатига боғлиқ. Зиёлини, айниқса, ўқитувчини хор қилган жамият, охир-оқибат ўзи ҳам хор бўлишга маҳкум.

Ўқитувчининг вазифаси – болаларнинг қалб шуурини, ундаги олижаноб эҳтиросларни алангалатиб, бурч туйғуси ва юксакликка, буюкликка интилишни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Ўқитувчининг қисмати шу ва бу қисмат буюк, муқаддасдир.

Ўқитувчи ҳамиша йўл кишиси. Бу йўл, руҳий озуқа оладиган йўлдир. Бу йўлнинг машаққати кўп, озори чексиз бўлиб, роҳати эса фақат ниятга боғлиқ бўлади. У ҳиёнатни, қўрқоқликни, хоинликни иллат деб билади, улар билан ошино бўлмайди. Ўқитувчи сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа одамларга нисбатан ҳайрихоҳлик тарафдори бўлади.

Ўқитувчи ҳамма нарсага балогардонми?

Одатда, ўқитувчини мевали дарахтга ўхшатишади. Бу қайсидир маънода тўғридир. Бироқ, мевали дарахтга жамиятнинг энг кичик вакилидан тортиб, мўйсафидларигача тош отаверса, унинг устоз, муқаддас инсон эканлиги қаерда қолади? Ўқитувчи мевали дарахтнинг томирига ўхшайди. Шу томир бақувват, кучли ва ҳосилдорликка масъул бўлса, дарахтнинг барглари ва меваси шунга яраша бўлади. Дарахтнинг барглари – ота-она, меваси ўқувчи кабидир. Томирдан куч олган барг, яъни ота-она, энди ғунчалай бошлаган куртакни, яъни болани, фаслнинг иссиқ-совуғидан, шамоли-бўронидан сақлайди, зарур бўлса, ўзи қурбон бўлади. Куртак гуллаб, мевага айланади.

Мевалар ҳар хил бўлгани каби, ўқувчилар ҳам ҳар хил бўлишади. Бири катта, бири кичик. Меванинг ҳаммасига ҳам қурт тушмайди. Ҳосил танлаб, териб олинади. Ўшанда ҳам энг охирги барг энг охирги мевадан кейин танадан узилади. Агар ўқитувчи кучсиз, виждонсиз бўлса, унинг бу заифлиги ўқувчилар орқали келажакка ўтади. Бундан даҳшатли нарса бўлмаса керак. Агар ўқитувчи кучли, ақлли, виждонли ва ҳар тарфлама ўрнак бўладиган даражада бўлса, унинг ҳамма яхши фазилатлари ўз шогирдларининг қалб шуурида давом этади. Бундан кўра олижаноблироқ иш бўлиши мумкин эмас. Чунки тарбияда ҳамма нарса тарбиячининг шахсига асосланади.

Мактаб болага савод, тарбия берадиган муқаддас даргоҳ. Бу даргоҳда бирор одамнинг гуноҳ қилиши у ёқда турсин, хато қилишга ҳам ҳаққи йўқ. Сабаби, ўқувчининг мактабда билган, кўрган ва олган маълумоти турмуш чорраҳаларида тўла намоён бўлади. “Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак”, деган гапга қўшимча равишда, ўқитувчининг ўзи билимли бўлиши керак, деган талаб қўшилса, ҳамма давр учун ҳам тўғри бўлади. Чунки саводи етишмаган одам ҳеч қачон яхши устоз бўла олмайди.

Ҳозирда ҳам, худди аввалги каби, ёш авлод таълим-тарбиясининг бутун жавобгарчилиги мактабга юкланган. Ўқувчиларнинг ҳатти-ҳаракатидаги салбий ҳолатлар учун фақат ўқитувчи айбланади, холос. Мана шу аснода ўқитувчиларга “айбдор” тамғаси босилиб, жамоатчилик орасида таълим тармоғининг мақоми тушиб кетмоқда.

Бугунги кунда ўқувчининг мактабга келмагани, дарсни яхши ўзлаштирмагани, ялқовлиги учун ҳам ўқитувчи айбдор бўлиб, асосий гуноҳкор сифатида жазоланмоқда. Бундан ота-она ҳам, жамият ҳам “қониқади”. Ҳатто раҳбарлар ўйлаб ўтирмай, эрталабки биринчи соатда, “нима учун фалончи ўқувчи дарсга келмади?”, деб сўрашади. “Ўқитувчининг ўзи шу тобда уйидан келган бўлса, буни қаердан билсин?” – деб ўйлашмайди. Бироқ, бир қанча йиллардан кейин ўқитувчининг жазо олишига сабабчи бўлган ўша ўқувчи катта бир давлат лавозимини эгаллаб ўтирса, буни ҳеч ким таҳлил қилмайди. Бу фақат ўқитувчини ҳайрон қолдиради ва баъзан ўқитувчи ўша шахсга қарам бўлиб қолади. Ўша собиқ ўқувчиси аввал ўтган воқеаларни ўқитувчисининг юзига солиши мумкинлигини ҳаёт кўрсатмоқда. Энг даҳшатлиси, дарсни ўзлаштира олмаган ўқувчи учун ҳам маънан, ҳам ҳуқуқий тарафдан ўқитувчи жазоланади. Ахир ўқитувчи барча болаларга бир хил усул, бирдай талаб ва ягона дастур асосида дарс ўтадику? Бу муаммо ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бор ва, афсуски, бундан кейин ҳам бўлади.

Ўқитувчи яратган бойликдан мамлакат ҳам, жамият ҳам наф кўради. Муаллим ҳеч қачон номоддий бойлик яратмайди. Ўқитувчининг бири икки бўлмаслиги мумкин, аммо у бирни ўн қилишга ўргатади. Ўқитувчи ўртаҳол яшаши мумкин, аммо у бошқаларни ҳалол, бой бўлишга ўргатади. У шам бўлиб авлод йўлини ёритади, бироқ ўзи ёниб тугашини жамият ҳисобга олмайди.

Тўғри, агар ўқитувчи дарсга келмаса, ишга кеч қолса, ўзининг касб маҳоратини ошириш йўлида меҳнат қилмаса, ўз предметини ва ўқитиш усулларини билмаса, у ўқитаётган предметни синфдаги ўқувчилардан бирортаси ўзлаштира олмаса унга нисбатан чора кўриш мумкин. Айниқса, у ўқувчиларни севмаса, шахс сифатида ҳурмат қилмаса.

Боланинг мактабга қатнаши, унинг дарслик ва ўқув қуроллари билан тўлиқ таъминланишига ота-она ва мамлакат маъсул. Ўқитувчи эса ўқитиш, сабоқ бериш баробарида тарбиялашгагина мажбур бўлиши керак. Агар бундай бўлмаса, ўқитувчи ҳеч қачон жамиятда юксак ижтимоий мақомга эга бўлолмаслигини тан олиш керак.

Ўқитувчи боланинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиб, ижобий сифатларини кучайтириши ва салбий сифатларига қарши курашиши зарур. Бола ҳақида тасаввурга эга бўлмасдан туриб, уни тарбиялаб бўлмайди. Ўқитувчи боланинг бутун борлиғи, бутун заиф томонлари ва бутун улуғворлиги билан, бутун кундалик майда эҳтиёжлари ва унинг бутун улкан маънавий талаблари билан қандай одам эканлигини билиб олишга интилиши керак.

Ўқитувчиларни мазали ва сермаҳсул мевалар берувчи дарахтлар экиб, парвариш қиладиган нуроний боғбонга, ўқувчиларни эса унга ҳавас билан ёрдам бериб юрган невараларига қиёслаш мумкин. Яъни, ўқитувчи билан ўқувчининг муносабатлари, бобо билан невараларнинг муносабатлари кабидир. Ўқитувчи соф қалб эгаларининг тиниқ кўнгилларига фақат эзгулик уруғини сепгувчи инсондир. Бироқ, ҳаётнинг шамол ва бўронлари яхшилик уруғини учириб кетиб, ўрнига ёмонликдан бошқа «ҳосил» бермайдиган тиконларнинг уруғини қачон қадаб қўйиб улгуради?

Ҳалол ва шарафли касб

Собиқ совет граждани Юрий Гагарин 1961 йилнинг апрелида фазога учганда Америка президенти Жон Кеннеди зудлик билан Фавқулодда хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, мамлакатда таълим тармоғини тубдан ислоҳ қилишни талаб қилган, сўнг унинг стратегиясини тасдиқлаган экан. Худди шундай воқеа аввалроқ, иккинчи жаҳон урушидан кейин Японияда бўлган. Япон халқи, мамлакатимизнинг келажаги фақат илмда эканини тан олиб, бутун бойлигимизни мамлакатнинг илм хазинасига берганмиз, дея фахрланишар экан. Ушбу икки давлатнинг бугунги тараққиёт даражасига қараб, ўзимиз хулоса чиқарайлик. Хўш, биздачи?

Биздаги таълим тизимининг тарихига назар солинса, СССРдек буюк давлатнинг, халқ таълими қўмитаси: “юқори синф ўқувчиларининг 9 фоизи қизиқиш билан ўқиб, давлат стандартини ўзлаштиради, 73 фоизи дарс билан шуғуллангандек кўриниб, мактабда вақт ўтказади, 18 фоизи умуман дарс билан шуғулланмайди ва улар мактаб ҳисобида туришади. Ўқитувчиларнинг 67 фоизи эса, ўқишга қизиқиши йўқ ўқувчилардан “қутилишни” хоҳлайди”, деб эътироф қилган.

Бу ҳолат бугунги мактабларда ҳам бор, бироқ буни ҳеч ким раҳбариятга айтмайди, буни муҳим масала сифатида қарамайди. Мактаб ўз маҳсулини бир неча ўн йилдан кейин бериши ҳақида мулоҳаза ҳам қилинмайди. Ваҳоланки, мактаб ишининг натижаси битирувчиларнинг қанчаси жамиятда ўз ўрнини топгани билан баҳоланиши керак. Шунингдек битирувчилардан қанчаси ўз оиласини сақлаб қола олмади, қанчаси қонунларни бузиб, жавобгарликка тортилди каби уч-тўрт мезон билан баҳоланиши керак. Нима учун салбий кўрсаткичлар ҳам олиниши керак? Сабаби, одамни баҳолаш учун ижобий мезонлар жуда кўп. Ҳатто уларни санаб, адоғига етмаслик мумкин.

Ўқувчиларни у ёки бу фанни яхши ўзлаштиришдан кўра, ўзини-ўзи ўстириш ва такомиллаштиришга ҳаракат қилишга, муваффақият сари интилишга йўналтириш келажакда сермаҳсул натижа бериши исботланган. Ўзини ўзи англаш – аҳлоқийлик ва маънавий маъсулиятнинг зарур шартидир. Шунинг учун ҳам буюк педагоглар фанларни яхши ўзлаштира олмаган боладан ҳам яхши фазилатларни қидириш керак, деб белгилашган.

Албатта, яхши билим боланинг камолига кафилдир, бироқ у ўзининг яхши фазилати билан ҳам жамиятга керак бўлган бир касбнинг ёки ҳунарнинг эгаси бўлиши мумкин. Одамларнинг хаёлига келмаган ҳунарим бор деб, бир одам юртбошига келибди ва ҳунарини намоён қилиш учун рухсат олибди. Тумонат одам тўпланибди. У киши бир жуволдизни дарахтга қадаб, маълум бир масофадан игналарни бир-бир отиб жуволдизнинг кўзидан ўтказибди. Ҳамма қойил қолибди. Юртбоши унга юз олтин беришни ва кейин унга юз дарра уришни буйруқ қилибди. Буйруқларнинг сабабини сўраганларида, юртбоши: “бу одам жуда зўр истеъдодга ва қобилиятга эга, лекин уни фойдасиз йўлларга сарф қилади. Ҳунарини тақдирлаб юз олтин беришга, истеъдодини фойдасиз нарсаларга сарф қилгани учун юз дарра уришга буюрдим. Бундай кейин истеъдодини кераксиз нарсаларга эмас, халқ ва юрт манфаати йўлида сарф этсин”, – деган экан. Шунинг учун ҳам замонавий мактаб, боланинг фазилати билан бирга унинг истеъдодини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши керак.

Бир вақтлар, “ўқитиб, тарбиялаймиз – тарбиялаб, ўқитамиз,” – деган шиор янгилик сифатида мактабларни босиб кетган эди. Ўйлаб кўрилса, ўқитиш қачон тарбиядан ажратилган? Ўқитишнинг ўзи бевосита тарбия билан боғлиқ-ку?

Шайх Саъдий, “Агарда муаллим бўлса беозор, болалар синфни қилишар бозор”, деган. Демак, ўқитувчи аввало, чуқур билимга эга бўлиш билан бирга қаттиққўл, талабчан, принципиал ҳамда адолатли бўлиши керак. Шундагина шогирдларига пухта билим ва чиройли тарбия бера олади.

Таълимда «ўқитувчи-оила-ўқувчи» учлигининг ўзаро ҳамкорлиги боланинг кундалик турмуши ва келажаги учун муҳим рол ўйнайди.

Ўқитувчи ўз фаолиятини доимий равишда ислоҳ қилиб туриши керак. Лекин бу ислоҳ раҳбариятнинг шахсий фикри билангина боғлиқ бўлса, тескари натижа бериши мумкин. Ислоҳотни раҳбарнинг хаёлидаги талаб ва ўзи тушунмаган қалбаки ғоялар эмас, шароит келтириб чиқаради. Ислоҳ – маълум бир мақсад йўлидаги ҳаракат бўлиб, у кимгадир келадиган фойдани мақсад қилиб қўймаслиги керак. Ислоҳотнинг йўналишлари, мақсадлари, тактика ва стратегияси замонавий илмларга асосланган ҳолда белгиланиши керак.

Афсуски, маъорифдан хабари бўлмаган баъзи раҳбарлар ўзига тегишли одамларни бирор лавозимга қўйиш учун, ёки ўзига ёқмаган, ноқулай шахсларни четга суриб қўйиш учун “ислоҳ” тушунчасидан фойдаланишади. Уларнинг ўз лавозимидан фойдаланиб, таълимнинг тақдирини ўзбошимчалик билан ҳал қилаётганини кўриб туриб, жамиятнинг қаёққа қараб кетаётганини тасаввур қилолмай қолади одам.

Ўқитувчилик энг мураккаб касб бўлиши билан бирга жуда шарафли ҳам бўлиб, унинг нонини ейиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Ўқитувчининг нони шундай ҳалолки, униниг меҳнатидан ҳосил бўлган ажрнинг савоби аждодларга савоб келтириб, авлодларга хизмат қилади. Шунинг учун вақти келиб, одамлар унинг қилган меҳнатларига рози бўлишади.

Дунёда одам боласига илм ўргатишдан улуғроқ савоб иш борми?

Илҳомжон Абдулқосимов, таълим соҳаси фахрийси, Ўзган шаҳрининг фахрий фуқароси

 

Яндекс.Метрика