ЎЗГАННИНГ ҲАССОС БИР ФАРЗАНДИ

Абдуллоҳ Юсуф (Юсуфжонов) 1993 йил Ўзганда туғилган.

2010 йил шу ердаги Бобур номидаги 3-ўрта мактабни тамомлаган.

2013 йил илк шеърий тўплами – «Денгиздан томчи» нашрдан чиққан.

2015 йилда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга гўзал мақтовлар битилган «Икки жаҳон қуёши» номли китобга ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёрқин хотирасига бағишланган «Ҳазрат» номли китобга, шунингдек Ўш адабий ҳаётидан армуғон бўлган «Адабиёт гулшани» адабий альманахига шеърлари киритилган.

«Ўш садоси», «Жалолобод тонги” газеталарида шеърлари чоп этилиб туради.

Унинг шеърларида адолатсиз, ҳақсизлик, қўрқоқлик қаттиқ қораланади, лирик қаҳрамон шеърхонни ва жами башар аҳлини эрк ва озодликка, мардликка, жасоратга, эзгуликка чорлайди.

Шеърларида кўтарилган мавзулар ҳаётдан олинган, ўқувчи қалбига тўғридан-тўғри кириб бориб, уни ўйга толдиради. Қалами ўткир, овози ўктам шоир укамизга ижод йўлида ойдинлик тилаб қоламиз.

Азиз ва муҳтарам “Алишер Навоий институти” сайти мухлислари! Бугун адабиёт хиёбони рукнимизнинг навбатдаги меҳмони – истеъдодли шоир Абдуллоҳ Юсуф.

Абдуллоҳ, хуш келибсиз!

Раҳмат. Хушвақт бўлинг!

–Шеърда ҳис-туйғу етакчими ёки фикрми?

Фикр битта, ҳис-туйғулар саноқсиз.

Фикрда бир хиллик бўлиши мумкин, лекин ҳамманинг туйғулари ҳар хил.

Фикрсиз машқлар ёзаётганлар кўп.

Лекин туйғуларсиз ёзиб бўлмайди.

Шеърда ҳис-туйғу етакчи, деган фикрдаман.

–Илҳом онларини қандай тасаввур этасиз?

Тасаввуримга сиғмайди…

– Ўзингизга тенгдош ёки олдинги авлод вакиллари ижодидан ҳам таъсирланганмисиз?

– » Болангнинг ёдига не қилдинг туҳфа,

Асраб қололдингми ўзинг, ўзингни…»

Шавкат Раҳмон.

Мен энг кўп таъсирланадиган мисра.

«Кўнгил бу кеча ҳам уйда ётмади…»

Фахриёр. 

Мана шу бир мисра шеър бир китобдан аъло!

 

«Гўзал илон ўгай онам,

Ширин чаён ўгай онам.»

 

Ўшлик йигит олтинчи синфлигида ёзган мисралари. Бир мактаб учрашувида ўқиганидан буён эсимда қолган мисралар.

Мумтоз адабиётдан таъсирланишга илмим етмайди.

Классик адабиётда маддоҳлар жудаям кўп бўлган давр тақозоси билан. Шу сабаб танлаброқ ўқийман.

Замонавий адабиётда зўр шоир бўлиши, мураккаб ёзилиши шарт эмас.

Шунчаки дард, озгина ташбеҳ ва асосийси янги фикр ёзилган шеърларни ўқисам, албатта таъсирланаман.

– Айрим ижодкорлар танқидга салбий муносабатда бўлишади. Шахсан сиз адабий танқидга қандай қарайсиз?

– Аввало танқид адабий бўлиши керак ва шахсиятга ўтилмаслиги шарт!

Қалбида яраси бор ижодкорга таъсир қилади танқид. Яраси йўққа таъсир қилмайди.

Танқид шоирни зўр қилмайди, шунчаки ярасига туз сепиб беради холос.

–Ўзбек адабиёти (шеърияти)нинг бугунги куни ҳақида нима деб ўйлайсиз, бугунда фикрлашга, мушоҳада қилишга ундамайдиган, аксинча, ўқувчининг руҳиятига салбий таъсир қиладиган енгил-елпи «шеър»лар кўпайиб кетаётгани ҳақида гапирилади? Умуман, бугунги шеърият халқнинг ўй-фикрларини қанчалар акс эттира оляпти, деб ўйлайсиз?

Ўзбек адабиёти (шеърияти) ҳақида оғиз тўлдириб нималардир дейдиган даражада эмасман.

Бироқ бугунги халққа келсак, талаби енгил елпи бўляпти.

Кўпчилик шу талабга жавоб бериш учун ижод қиляпти.

Буқаламундай…

****

Сўз эркинлиги.

Сўз асли эркиндир,

Эркин бир қафас…

Исёнлар ичимда ёнар беркиниб.

Бўғзимдан чиқолмас бўғилган нафас,

Тобора кенгаяр сўз эркинлиги…

Вулқондай мавжланар юракда дардим,

Қоғозга ўралар бутун сирларим.

Зўраки золимдир замона зарби,

Покиза қалбимни қўрқув кирлатар…

Халқ демоқ, юрт демоқ, миллатим демоқ,

Ёнмоқлик шарафдир шулар ғамида.

Шоирга қисматдир ўз бошин емоқ,

Йўқ бўлиб кетаман мен ҳам камида…

 

Пичирлаб айтаман қалбимда борин,

Бўлмаса ўзимни бўғизлар сўзлар.

Менинг ҳам болам бор, бор битта ёрим,

Ортимдан ёшланар мана шу кўзлар.

 

Бироқ сўз эркиндир, овозим синмас,

Узоқми, яқинми манзилим қабр.

Нимадир шивирлар ичимдан тинмай,

«Сўзимиз эркин деб,

секинроқ гапир…»

 

2023-йил.

****

Мен…

Мен фахрман!

Қадимларда қоя бўлган,

Ўтмишдаги буюклигим қиёси йўқ.

Жангу жадал, илму фанда ғоя бўлган,

Ҳайбатимсиз бу дунёнинг зиёси йўқ.

Мен аҳилман!

хиёнатлар…

еган ичим,

Бир майизни қирқ кишига улашганман.

Қуролланган ғанимларга, билак кучим,

Кетмон тутиб мардонавор курашганман!

Мен жабрман!

Пешонамда болға-ўроқ,

Фарзандимнинг қора хатин ёниб ёқдим.

Ёвларим ҳам қаердадир ўлди, бироқ,

Етим қолган болаларин ўзим боқдим.

Мен қадрман!

Мустақилман, озод, ҳурман,

Нимагадир сим тортилган юрагимга.

Тушунмадим, тилим соқов, ўзим карман.

Маддоҳ сўзлар ўрнатилган тилагимга.

Мен сабрман!

Сукунатда ишлаяпман,

Индамайман, жим бўламан,

хамма жим-ку…

Бир ютиниб, табассумим тишлаяпман,

Шукур қилиб, кўникишга ўргандим-ку!

 

Мен қабрман!

Ғамим кўпроқ, таним тупроқ,

Кўзларимни кўрлигимдан юмолмадим.

Исёнларни вужудимга кўмдим бироқ,

Вужудимни ўз қабримга кўмолмадим…

2023-йил.

****

Бу кунда…

Бу кунда ғанимлар жуда ҳам маккор,

Ортиқча мунофиқ, айёр ва қаллоб.

Замбарак, милтиқлар қўрқуви бекор,

Дориси болангни ўлдирар, жаллод!

 

Бугунги қўрғонинг ёвлашиб қолар,

Ўзингдан қочади ўзингнинг мазанг.

Қўл очиб, тириклай бағрига олар,

Тафтидан ўлигинг чиқади баъзан.

 

Айни дам душманинг аждоддан мерос,

Келажак ҳаёти қурбон боласан.

Қафасни олам деб ўсасан, бехос,

Қул бўлиб қолганинг сезмай қоласан.

 

Аёл-эр, жамият қотиллик ортар,

Ичидан чириган муҳит сасийди.

Ўйларинг тобора зулматга тортар,

Кундузги тақволар тунда осийдир!

 

Айблар сен томон ўқталгани рост,

Пушаймон бўлади сал чиққан сўзинг.

«Сиз шукур қилмайсиз, қаранг ҳамма дўст»,

Бу кунда душман ким?

албатта ўзинг…

2023-йил.

****

ТЎРТЛИКЛАР

Тириклар тиллодан қош қўйсам дейди,

Бўйнига марварид тош қўйсам дейди.

Ўликлар орзуси дунёга қайтиб,

Бир бора саждага бош қўйсам дейди.

* * *

Макон бер раҳматинг майхонасидан,

Ишқингда тоқатим самога учди.

Афзалдир дунёнинг кошонасидан,

Охират уйининг бир дона ғишти.

* * *

Узоқ-узоқларга келади учгим,

Келади ёшимни қайнатиб ичгим.

Қаршимдаги ёвни танийман, бироқ

Ортимдан тиғ уриб келаётган ким?!

* * *

Мазлумман, қалбим қон, кўзларим дарё,

Золимлар бўлмаса дилдан кулардим.

Яхшиям беш кунлик экан бу дунё,

Олти кун бўлганда нима қилардим?!

* * *

Ошимда оғулар ошайман энди,

Бугунча минг шукур, яшайман энди.

Маошим вақтида бермадинг, дунё,

Ишингдан эртага бўшайман энди.

* * *

Оқ гулим, хазондай сўлиб юрибман,

Ҳижронда девона бўлиб юрибман.

Сенсизлик мен учун ўлим дегандим,

Демакки, мен бугун ўлиб юрибман.

 

Яндекс.Метрика