Ўзганлик аллома – шариат қонунларининг билимдони

Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида Ўзгандан чиққан Муҳаммад Носир Аълам исмли фозил ва олим зот Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида ҳам фаолият юритган.

Мамлакатда исломий таълимнинг ночорлигини ҳис қилган Муҳаммад Носир Аълам Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Эшон Бобохон хазратлари тавсияси билан «Уламолар кенгаши» таъсис қўмитаси аъзоси бўлган…

“Ўшлик уламолар” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Муҳаммад Насим ўғли Муҳаммад Носир Аъламнинг ибратли ҳаёт йўли билан танишамиз.

МУҲАММАД НОСИР АЪЛАМ

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати

«Уламолар кенгаши» таъсис қўмитаси аъзоси

Муҳаммад Насим ўғли Муҳаммад Носир Аълам 1882-йили Россия империясининг Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги кўҳна Ўзганд шаҳрининг Учтепа маҳалласида, мулла Муҳаммад Насим домла хонадонида дунёга келган. Домланинг 4 ўғил ва 3 қиз фарзандлари бўлган.

Муҳаммад Насим домла замонасининг кўзга кўринган аҳли илмларидан бўлган. Акаси Муҳаммад Фозил етук илмга эга бўлиб, Учтепа маҳалласидаги масжидга имом-хатиблик қилган. Оилада тўрт ўғилнинг иккинчиси бўлган Муҳаммад Носир дастлабки сабоқни ўз отасидан олади. Толиби илм бўлиш билан бир қаторда темирчи устага шогирд бўлиб ҳам ҳунар эгаллаган.

Муҳаммад Носир Марғилон шаҳридаги мадрасада 13 йил таълим олган. Ўша даврларда мадрасада таҳсил олиш учун мударрислар ҳаққи ҳамда ўзининг ҳаражатлари учун 5-6 ой давомида далада ишлар экан. Муҳаммад Носир моҳир ўроқчи ҳам бўлган. У билан ўроқчиликда беллашаман деб, атроф қишлоқлардан ўроқчилар келиб ўзлари бунга амин бўлишган экан. У Марғилон шаҳрида ҳожи Ҳолмат қори домладан тахсил олган. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” номли 4 жилдлик китобини мукаммал тафсир қила олган. Бундан ташқари “Дуррул мухтор”, “Раддул мухтор” “Фатавоий қозихон” ва бошқа кўплаб китобларни ўқиб ўрганган. Араб грамматикасини, форс тилини мукаммал билган. Бениҳоят ўткир зехн эгаси бўлиб, Қуръони Каримнинг тафсирини, шариат фиқх илмини ҳам мукаммал билган.

Икки марта, 1924-1931 ва 1937-1938-йиллардаги қатағон даврларида Андижон вилоятининг Ниёзботир қишлоғида ҳижратда яшашга мажбур бўлган экан.

1943-йилда СССР Олий Совети президиуми қарорига кўра диний бошқарув маркази очишга рухсат берилгач, Тошкентда диний назоратни таъсис этиш учун амалий чоралар кўриш мақсадида минтақа мусулмонларининг ташкилий комиссияси тузилади. Комиссия таркибига шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчилигида шайх Абдулғаффор Шамсуддинов (Қозоғистон), шайх Муҳаммад Солиҳ Бобокалон (Тожикистон), шайх

Олимхонтўра Шокирхонтўра ўғли (Қирғизистон), шайх Анна Эшон (Туркманистон) раҳбарликларида бир қанча кўзга кўринган диний арбоблар кирадилар.

Собиқ Иттифоқнинг Европа қисми ва Сибир мусулмонлари диний бошқармаси раиси шайх Абдураҳмон Расулий, Москва масжиди имом-хатиби шайх Ҳалилраҳмон Насриддинов, Қозон масжиди имом-хатиби шайх Қиёмиддин Қодирий ва бошқа обрўли уламолар ҳам таъсис мажлисига таклиф қилиндилар.

Муҳаммад Носир Аълам домла Ўзган шаҳрида очилган масжидга имом-хатиб қилиб тайинланади ва диний назоратнинг “Уламолар кенгашига” аъзо бўлиб сайланади.

Бу улуғ зотларни эсламай иложимиз йўқ, чунки улар ўша мустабид тузум даврида динимизни, ўзлигимизни, миллатимизни сақлаб қолишга жуда катта ҳисса қўшишган. Улар қилган хизматларнинг баракаси бугун нафақат юртимизда, балки бутун минтақамизда акс-садо бериб, мусаффо Исломни, аҳли сунна вал жамоа анъаналарини асрашга замин бўлиб келмоқда.

Бир муҳим тасалли шундаки, ҳар қандай оғир шароитда энг машъум таҳликали замонларда ҳам ўз илдизи, яъни дини, тили, тарихи ва миллий ирқидан ажралмаган зиёлиларимиз сони унча камчил бўлмаган. Улар даҳрийликни диндорлик, эътиқодсизликни эътиқод, мутеъликни ғурур, жаҳолатни маърифат деб билмайдиган даражада маънан кучли, ҳақиқатга содиқ ва диёнатли зотлар бўлишган. Улар илм ва иймон қуроли ила субутсизликлардан ўзларини асраб, халқ ва юрт учун баҳоли қудрат холис хизмат қилганлар.

Мовароуннаҳр халқи қадимдан Қуръон илмида пеш бўлган. Рус подшоси босқинчилари, кейинроқ худосиз большевиклар ҳарчанд уринмасин, бу халқни диний эътиқодидан, Қуръонидан айира олмаган. Айниқса, Фарғона водийси аҳолисининг тили Қуръонга бурролиги билан ажралиб туради. Умуман олганда, бу ўлка уламоларининг минтақамиз мусулмонларининг маънавияти учун қилган хизматлари беқиёсдир.

Муҳаммад Носир аъламнинг тўнғич ўғли Абдулҳафиз (Аллоҳ раҳматига олсин!) отанинг падари бузрукворлари ҳақидаги хотираларидан:

“1917 йилги октябр инқилобидан (Россиядаги октябр тўнтариши назарда тутиляпти. – таҳр.) сўнг, Фарғона водийсидаги кўзга кўринган кўплаган имом-домлаларни Қўқон шаҳридаги қамоқхонага қамайдилар. Уларнинг ичида отам Муҳаммад Носир ҳам бор эди. Бир неча кун қамоқда ўтирганларидан кейин ёши улуғ домлалар маслаҳатлашиб, “Истихора” намози ўқишни таклиф қилишади. Бу икки ракат намоз тунда ўқилиб, ухланса тушида кейинги воқеалар аён бўлиши айтилади. Домлалар, мулла Муҳаммад Носир сиз шу намозни ўқинг, сабаби сиз ичимизда энг ёшисиз, гуноҳингиз бизларга қараганда озроқ, дейишган. Отам Муҳаммад Носир таҳорат олиб “Истихора” намозини ўқиб, ухлаган. Эрталаб уйғонганда барча қандай туш кўрдингиз деб сўрашганда, отам тушида «40 кун» деган сўз бўлганини айтган. Қамоқдаги домлалар, демак 40 кундан сўнг бўшар эканмизда, деган хулосани айтганлар. Бу гап қамоқдан ташқарига чиқиб, ҳамма ёққа тарқалади. 40 кундан сўнг ҳақиқатдан ҳам домла-имомларни қамоқдан бўшатишган. Андижондан, Марғилондан, Ўшдан, Ўзгандан ва бошқа шаҳарлардан кўплаган одамлар от-арава, эшак-араваларда Қўқон шаҳрига, домла-имомларни кутиб олишга келишган экан”.

Ўтган асрнинг 80-йиллари Ўзган шаҳар жомеъ масжидида имомлик қилган Сайдулло қори домла (Аллоҳ раҳматига олсин!) Муҳаммад Носир Аълам домлани шундай эслайди:

«Аълам домла бўш вақтларида чойхонага чиқиб, бир чойнак чой чақириб, сўрига келиб ўтирса, чойхонадаги кишилар Аълам домлани олдига келиб, суҳбатини олар эдилар. Муҳаммад Носир Аълам домла диний масалаларни ҳам, турмушдаги оддий масалаларни ҳам содда қилиб, суҳбат орасида қизиқ-қизиқ гапларни айтиб ҳаммани кулдириб тушунтирар эканлар. Аълам домла гапини тугатиб, намоз вақти бўлиб қолибди, таҳорати борлар намозга юринглар деса, барча туриб эргашиб намоз ўқигани киришар экан. Бу ҳам даъватнинг ўзича бир усули эди».

Муҳаммад Носир Аъламнинг ўғли Абдулхафизхон яна шундай хотирлайди:

«Отам билан 1947-1952 йиллар орасида Андижон, Марғилон, Ўш ва Тошкент шаҳарларига бирга сафар қилганман. Сафар давомида кўплаб аҳли илм, уламоларнинг йиғинларида бўлганмиз, отам тарафидан бу йиғинларда берилган фиқхий масалаларни, Қуръон оятлари, саҳиҳ ҳадислар ҳамда бу тўғридаги буюк уламоларнинг шархларини келтириб, тушунтириб берганликларини яхши эслайман. Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси, хазрат шайх Эшон Бобохон ва у кишининг фарзандлари шайх Зиёвуддинхон Эшон Бобохон билан доимий дўстона алоқада бўлган.

Собиқ Иттифоқнинг Европа қисми ва Сибирь мусулмонлари диний бошқармаси, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати уламоларининг йиғилишида йил давомида тўпланган саволлар ва масалаларни фиқхий ечимлари, жавоблари Муҳаммад Носир Аълам домла томонидан тушунтириб берилгани тўғрисида кўплаб уламолар томонидан айтилган. Фиқх илмининг етук билимдони сифатида савол ва масалаларни шариатга биноан тушунтириб, исбот, далилларни келтиришларидаги зукколиги учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати томонидан “Аълам”, яъни шариат қонунлари билимдони унвони берилган».

Муҳаммад Носир Аълам ҳаётда камтар, ҳокисор, ҳалим инсон сифатида яшаб ўтди. Анча вақт ўзи яшаб турган ҳудуддаги «Шўро бозор» жомеъ масжидида имомлик қилди, тирикчилик ва рўзғор учун асосан деҳқончилик билан шуғулланиб, доимий меҳнатда бўлди. Ҳалимликда, тақвода ҳам у кишига етадиган одам кам эди. Бирор кишидан ранжиб шикоят қилганини, бирор кишига қаттиқ гапирганини, турмушдан нолиганини ҳеч ким эшитмаган ҳам экан. Бу фазилатлар ҳозирги пайтда ниҳоятда тансиқ бўлиб кетган эса-да, қори домлада керагидан ортиқча мавжуд бўлган экан.

Дунёда бизнинг аждодларимиз каби илмга ҳаётини бағишлаган миллат бўлмаса керак. Буюк алломаларимизнинг диний ва дунёвий илмга қўшган ҳиссаларини йиллаб мавъиза қилсак, вақтимиз етмайди.

Ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳи алайҳ ҳаётларини илмга бахшида этиб, “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди” деб, инсон дунё ва охиратини обод қилиш учун илм излаши лозимлигини уқтирдилар.

Қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиқса, билингки, бу – ўша халқнинг илмга муҳаббати зиёдалигидан бўлади. Бунга Ўзганда яшаб ўтган Муҳаммад Носир Аълам яна бир ёрқин мисол бўла олади. Ўзбекистоннинг турли вилоят ва шаҳарлари, айниқса Фарғона водийсининг Марғилон, Андижон, Ўш, Ўзган, Новқат, Аравон ва Қорасув ҳудудларида кўп асрлик диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, бебаҳо диний меросимизни ўрганиш, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашга бевосита хизматлари синган фазилатли уламо – Муҳаммад Носир Аълам ўзидан кўплаган солиҳ шогирдлар қолдириб кетди.

Ҳозиргача ёши улуғ кишилар Аълам домла тўғрисида илиқ фикрларини айтиб юришади. Муҳаммад Носир Аълам домла яшаган маҳалла аҳли маҳаллани “Муҳаммад Носир Аълам домла” маҳалласи деб, “Шўро бозор” жомеъ масжидини эса унинг хотирасига “Муҳаммад Носир Аълам домла” номидаги масжид деб номлашган.

Муҳаммад Носир Аълам 3 ўғил ва 1 қизни тарбиялаб вояга етказган. Катта ўғли Абдулҳафиз Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаб, кўп йиллар Ўзган совхозида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган. Кичик ўғли Абдулмажид Тошкент Тўқимачилик институтини тамомлаб, Қорасув пахта тозалаш заводида рахбар лавозимларда ишлаган. Ўртанча ўғли Абдулҳамид ва қизи Хатичахон ҳам яхшигина диний ва дунёвий илмларга эга бўлишган.

Замонасининг таниқли уламоси Муҳаммад Носир Аълам 1957-йили баҳорда Ўзганда вафот этган. Ўзгандаги «Султоним» мақбараси ҳудудидаги қабристонга дафн этилган.

Аллоҳ таборака ва таоло бу зотнинг охират диёрларини обод, қилган барча яхши амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин! Ўзи ваъда қилган жаннатларидан сарафроз айласин! Омийн!

 

Одилжон Дадажонов

 

Яндекс.Метрика