Ӯзганлик Абдуллоҳнинг масъум баҳори

Абдуллоҳ Абдураҳмонов

Алишер Навоий институти сайтининг азиз ва муҳтарам мухлисларини бугун “Адабиёт хиёбони” рукнининг навбатдаги меҳмони, ўзганлик ёш истеъдод эгаси Абдуллоҳ Тоҳир ижоди билан таништирамиз.

Ғафур Ғуломнинг “Истеъдодларга ёрдам беришимиз керак, талантсизлар ўзи ёриб чиқаверади”, деган машҳур ибораси бор. Қаранг, шу бир оғиз лутфда истеъдод соҳиби нақадар ардоқлангану истеъдодсиз одамнинг сурбетлиги қанчалик ёрқин фош этилган! Чиндан ҳам истеъдодли одамни юзага чиқариш бирмунча мушкул. Чунки улар ўз ҳаддини биладиган, давраларда ийманиброқ турадиган тоифадан.

Улар ҳадеганда, “мана мен”, деб ёнингизга келаверишмайди. Аммо устозлар бир жойда “йилт” этган учқун кўрса, шуни дарҳол илғашга, ўша митти шуълани алангага айлантиришга ўзларини масъул сезишлари керак. Истеъдод тарбияси – фалон китоб дўконига борсанг китобларим сотилаяпти, ўшани ўқисанг, шоир бўлиб кетасан, дегани эмас. Адабиётга муҳаббати бор ёш қалбни майда майллар ва худбинликка етаклаган устоз ҳам устоз ҳисобланмайди.

Қирғизистон жанубидаги адабий муҳитнинг маёғи бўлган «Илҳом» адабий клуби ёш истеъдод эгаларини излашда давом этади. Шундай ёш ниҳоллардан бири, шогирди Абдуллоҳ ҳақида ҳақида ўзганлик истеъдодли шоира Матлубахон Мусабоева ўзаро суҳбатимиз чоғида айтиб қолди…

Абдуллоҳ Абдураҳмонов (Тоҳир). Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида 2005-йил 12 февралда таваллуд топган. Ёшлигидан ўқиш, ёзиш ва чизишга қаттиқ қизиққан. Кичкиналигидан уйда онаси таълим тарбия берарди. Биринчи синфга 2010 йили борган. Мактабда аъло баҳоларга ўқиган. Ҳар йили камида иккита, учта фахрий ёрлиқ олган.

Биринчи синфдан бешинчи синфгача Ўзган шаҳридаги Амир Темур номли 5-ўрта мактабда таълим олган. Кейин қирғиз тилини ҳам яхши ўзлаштириш мақсадида Ўзган шаҳридаги 7-гимназия мактабига ўтди. Гимназия мактабида ҳам кўплаб ютуқларга эришди. Бўш вақтларида хўбби қатори шеърият ёки хаттотлик билан шуғулланади. Хаттотлик борасида бирор кишидан таълим олмаган. Бу санъат асосларини ёшлигида араб ёзувларини гўзал ёза билган онаси ўргатган. Вақт ўтиб хаттотлик санъатига жиддий қизиқа бошлаган.

Алишер Навоий институти сайтининг азиз ва муҳтарам мухлисларини бугун “Адабиёт хиёбони” рукнининг навбатдаги меҳмони, ўзганлик ёш истеъдод эгаси Абдуллоҳ Тоҳир ижоди билан таништирамиз.

– Абдуллоҳ, ассалому алайкум. Ижод  йўлига кириб келишингиз ҳақида айтиб берсангиз…

– Ва алайкум ассалом. Ижод йўлига кириб келишим мактаб даврида бошланган. Мактабдаги турли маданий-маърифий тадбир ва танловларда шеърият мусобақалари кўп бўлган. Мен ҳам шуларга қизиқиб, кичик шеърлар ёзиб, тадбирларга қатнаша бошлаганман ва кўплаб ютуқларга эришганман. Лекин биргина сабаби бу эмас. Қонимизда, яъни катта ота, оналаримиз орасида ҳам шоирлар бўлган. Отам ва онам ҳам баъзида шеър ёзиб туришади.

– Ижодкорлар орасида устоз-шогирд муносабати доимо қадрланиб, эъзозланиб келади. Сизнинг ҳам шоир бўлишингизда маълум маънода устозлар таъсири бордир, устозингиз ҳақида  айтсангиз?

– Ижод йўлида устозим қаторида Матлубахон Мусабоевани айтишим мумкин. Хатоларимиз бўлса тўғрилаб, йўл кўрсатиб, маслаҳатлар бериб туради. Аммо йўналиш бўйича, ўзим кузатадиган шоир қатори, Хайрулло Ҳамидовни ҳам айтишим мумкин.

– Сизни ҳаётда доимо ўйлантирадиган ва қалбингиз тўрида турадиган масала нима?

– Ҳаётда олдимга қўйган мақсадим, инсонларга қўлдан келганча ниманидир етказиш. Озми-кўпми фарқи йўқ. Яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш. Келажак авлодга яхши бир из қолдириш. Ўзимиз вафот этганимизда ҳам, тарих саҳифаларида ўз ўринимни яратиш ва инсонларнинг қалбида, яхши фикр, ҳис-туйғу билан хотирланиш.

Энди мени кўпроқ қийнайдиган нарсага келсам, ўзлигимизни йўқотиб бораётганимиз. Шу жумладан, қадриятларимиз, адабиётимиз, тилимиз,  эркакларимиздаги ор-номус, биродарлик оқибатимиз, қариндошлик ришталаримиз, аёлларимиздаги ҳаё, ибо, иффатнинг, бошидаги рўмолининг, узун сочининг, эрларнинг аёлига бўлган рашки- бошқалардан қизғаниши, аёлларнинг эрларига итоат қилиши, уларнинг изнисиз остона хатлаб кўчага чиқмаслиги ва шунга ўхшаш бизнинг Ўзбеклигимизнинг рамзи бўлган кўплаб амал ва нарсаларнинг йўқолиб кетаётганлиги – мени жуда ҳам қийнайдиган масалалардан.

Мени қийнайдиган яна бир масала шуки, бизлар фақат тарихимиз билан фахрланиб, мақтаниб, фақат ўша билан яшайдиган бўлиб қолдик. Тарихни ўқишни билдигу,  яна бир янги  тарих яратишни унутдик, бобокалонларимизни танидигу, ўзимизни келажак учун танитолмадик. Чунки улар бизни танишлари учун арзигулик бирор иш қилмадик, Бухорий билан фахрланиб ўтиб кеттигу, янги бухорийлар чиқаролмадик, Амир Темур авлодимиз дея керилдигу, янги саркадалар, қаҳрамонлар, Амир Темурлар, Бобурлар, Мангубердиларни яна қайтадан етиштиришимиз лозимлиги ҳақида унутдик. Тиббиётнинг пойдевори бизнинг бобомиз Ибн Сино дедигу, бугунги кунда бу соҳада ортда қолдик, алгебрани ихтиро қилган Ал-Хоразмий, фазо илмининг қироли Улуғбек бобомиз дедигу, бугун барча соҳаларда ортда қолдик.

Бизлар фақат тарихимиз билан фахрланиб, мақтаниб юрган бир пайтимизда, Европа давлатлари, ота-боболаримиз бизларга мерос қолдириб кетган илмларни биздан тортиб олишди ва анча олдинга ўтиб кетишди. Бизлар эса ҳали ҳамон шу қолоқ ҳолдамиз. Тарих билан яшаш эмас, балки янги тарих яратиш вақти келмадимикин?

Ана шундай саволлар мени ақлимни доим қамраб туради. Бунинг жавоби эса битта. Мен Бухорий, Навоий, Бобур, Мангуберди, Улуғбек, Хоразмий, Ибн Сино  авлодлариман деб эмас, балки мен Бухорийман, мен Улуғбекман, мен Навоийман, барчаси менман, тарих  менман, бугун менман, келажак менман дея олдинга интилиб, харакат қилганимиздагина бизлар яна Ўзлигимизга, Беклигимизга, Ўзбеклигимизга қайтамиз.

– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

Одилжон Дадажонов суҳбатлашди.

***

Ўзган
Олиму қорилар, бизнинг фахримиз,
Номардни қўрқитар, қилсак қахримиз,
Бизлар хўп бахтиёр, мағрур бағрингда,
Эй гўзал ватаним, Ўзган шаҳримиз.

Ҳақиқий рижоллар маскани Ўзган,
Исмига лойиқдир, ҳаммадан Ўзган,
Минглаган шаҳарлар етолмай тўзган,
Гўзаллик тимсоли, ўзингсан Ўзган.

Дунёда ёлғизсан, жаннатим Ўзган,
Савдога қўйилмас, қийматим Ўзган,
Юракда меҳрим ҳам, ҳимматим Ўзган,
Тақдирга битилган, қисматим Ўзган.

***

Муҳаббатим бор

Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор,
Аммо ўз соҳибин кўрмаган ҳамон,
Бу савдо йўлида севгим менга ёр,
Тинмайин талпинар фақат у томон.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор,

Бундайин муҳаббат йўқдир дунёда,
Унга тенг келажак ва на гавҳар бор,
Гоҳ сокин, гоҳ сапчиб, оқар дарёда.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор,

Фақат унинг сўзин қалбдан тинглаган,
Кўзимнинг остида махзунлигим бор,
Унинг соғинчидан тинмай йиғлаган.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор,

Орада минглаган йиллар ўтса ҳам,
Жонин фидо қилар шижоатим бор,
Гарчи жон баридан ширин бўлса ҳам.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор,

Бу севги мен учун устун баридан,
Сўзларим тўкилар такрор ва такрор,
Занглаб, қорайган бу қалбим қаридан.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Оламлар роббиси ёлғиз Аллоҳга,
Муҳаббатим бирла садоқатим бор.
Умматнинг бошчиси Росулуллоҳга.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Унинг жамолига муштоқман ҳар кун,
Муҳаббат бўлмаса қалбим менга тор,
Соғинч кўз ёшларин тўкаман ҳар тун.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Бошқа муҳаббатдан сўзламанг менга,
Тингламоқ истасанг сўзларим бир бор.
Булардан бошқа сўз сўзламам сенга.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Саҳобаи киромларга ҳавасим бор.
Лек ишқимда бўлмаса пок одоб, ифор,
Унда қандай нафас олиб, бермоғим бор?
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Ҳар намоз, зикримда мен ёд оламан,
Унинг гўзал исмлари қалбимга ёр,
Сўнгги нафас, оҳимда ҳам айтиб ўламан.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Ҳаётим мазмуни, мавзуси ҳам шу,
Ҳатто тиконлари берса ҳам озор,
Қалбимнинг қишию, баҳори ҳам шу.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Унинг ҳақида ҳеч туганмас сўзим,
Сўзлаб, сўзлаб охир қолмаса мадор,
Уйқуда ҳам жамолин кўрсайди кўзим.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Ундан бошқасига ишонмайман ҳеч,
Бу шундайин севгики мисоли анҳор,
Оқишдан тўхтамас ҳамон эрта, кеч.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Ёзмоқ истасам ҳам сиғмас китобга,
Унда гўзал, муқаддас, ажиб, шифо бор.
Давосин излаган ҳар бир бетобга.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Унинг тасвири йўқ, йўқдир тарифи,
Унинг соғинчидан бўлсам ҳам бемор,
Мен учун шифодир ҳар бир тарафи.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Мадинанинг қалбида ором олмоқда,
Маккада ул зотга ваҳий тушган ғор,
Худди менинг каби маҳзун бўлмоқда.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Бунинг боши йўқдир, охири ҳам йўқ,
Насиб қилиб албат кўришсак дийдор,
Абадий биргамиз айрилиқ ҳам йўқ.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Бу ишқнинг олдида ожиздир мажнун,
Муҳаббат боғида Лайлига не бор.
Мажнун севгисидан бўлмаса мамнун?
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Бу сизлар тушунган оддий севгимас,
Сиз билган севгидан қиламан мен ор,
Қўрқманг, бу сўзларим фақат сизгамас.
Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

Севгим ила мен ҳам мақтангим келди,
Оддий меҳр топмай қанча кимса зор,
Мен учун Аллоҳнинг раҳмати келди,

Қалбимда гўзал бир муҳаббатим бор.

***

Ёлғиз аёл

Ёлғизлик қийиндир, ёлғизлик ёмон,
Фитнага тўлганда атроф, ҳар томон,
Ўқин унга отганда, ҳаттоки камон,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

Самонинг қуёшин ўтдак кўради,
Кўз ёшин беркитиб, юзин ўради,
Роббидан у фақат сабр сўради,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

Фарзанди учун у – ота ҳам она,
Йиғлаб юпанади, тақдирга кўна,
У ҳам бир ожиза, зирхсиз бир тана,
Сиз ёлғиз аёлнинг, сабрин синаманг.

Мияда айланар, турли хил савол,
Гўдаклар ҳаёти бўлдими увол,
Унинг шижоати бўлса ҳам камол,
Сиз ёлғиз аёлнинг, сабрин синаманг.

Саволлар қанчалик тўлиб кетса ҳам,
Қалбин оғритади, бир сўз сўраманг,
Агар унинг сабри, тоғдек бўлса ҳам,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

Сабр қилганидан, кўзларин намлар,
Гоҳида йиғласа, сабрсиз деманг,
Унинг сабри билан етишди кимлар,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

Атрофин қамраган, минг хил фитналар,
Айбин қидириб сиз, ортидан тушманг,
Туҳматлар етарли, қалбин яралар,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

Дардларин айтар у, фақат Аллоҳга,
Оламнинг роббиси, ёлғиз Паноҳга,
Қалбини оғритиб, ботманг гуноҳга,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

Ойнага термулиб, хомуш ўтирган,
Дарду алам ила, бошин қотирган,
Уйқусиз, оромсиз тонглар оттирган,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

Ожизага йўлдош – ёлғиз Аллоҳдир,
Аллоҳнинг раҳмати, унга паноҳдир,
Қалбини оғритмоқ – катта гуноҳдир,
Сиз ёлғиз аёлнинг сабрин синаманг.

***

Ҳидоят қилди

Ўтмишда биз жоҳилликда юрган эдик,
Нафсим дея, не кўйларга кирган эдик,
Намоз пайти, алла кимла турган эдик,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Залолатнинг ботқоғига, ботган эдик,
Шайтон ила бир қаторда қотган эдик,
Ўз раҳмати томонидан очиб эшик,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Қилар эдик, бирин-кетин қатор гуноҳ,
Гуноҳларга қанча инсон бўлди гувоҳ,
Тавба қилдик, роббимиздан тилаб паноҳ,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Кибр отин минган эдик ўшал кунлар,
Масиятла ўтар эди, афсус, тунлар,
Залолатдан ўз нурига очиб йўллар,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Ўрмон ичра, йўл тополмай адашгандик,
Менинг йўлим тўғри йўл деб, талашгандик,
Ноҳақсан деб, нафсимизла солишгандик,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Ҳақиқатлар, нафсимизнинг кўзин ўйди,
Севги деган эртакларга қорин тўйди,
Роббимиздан чин қалбдан биз сўрадик,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб кўйди.

Ким дўст экан, яна кимлар душман эмиш,
Дўст билганим, шайтон билан таом емиш,
Гар хоҳласа, Раҳмон учун осон демиш,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Ёшлик қилиб, шайтонга биз эргашгандик,
Шайтон билан бир уловга мингашгандик,
Англагандик ишларимиз – пасткашлик деб,
Аллоҳ бизни, тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Кечам ўтди, ҳа, асосий куним – бугун,
Эртам эса бир топишмоқ, хақиқий туним – бугун,
Мағфирату раҳматийла, бошимдан ечиб тугун,
Аллоҳ мени тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Ҳар лаҳзада Роббимга мен ҳамд айтаман,
Аҳд қилдимки, эгри йўлдан мен қайтаман,
Қудратийла, кўзларимиз ёшлаб қўйди,
Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаб қўйди.

Абдуллоҳ Абдураҳмонов,Ўзган

 

Алишер Навоий институти учун

Одилжон ДАДАЖОНОВ

 

Яндекс.Метрика