ЎЗГАНДАГИ ҚИЛИЧ БУРҲОН МАҚБАРАСИ

Дин олими, ўткир нотиқ, ўнга яқин тилни яхши билган лингвист, шоир, инқилобчи, халқ раҳнамоси, давлат бошлиғи, ҳозиқ табиб, таржимон, танқидчи, сайёҳ Алихонтўра Соғунийнинг фарзанди Қутлуғхонтўранинг ёзишича, “Алихонтўранинг отаси Шокирхонтўра эшон номи билан машҳур бўлган. Буваси Муҳаммадхўжа, унинг отаси Мирниёзхўжа ва шу йўсинда йигирма нечанчи буваси Қилич Бурҳон (Бурҳониддин Қилич) бўлган.

Тарихнавис журналист Одилжон Раҳимов қўлёзма китобида ҳам Саид Қилич Бурҳониддин ҳақида маълумот берилган: “Ўшнинг Эшонгузар даҳаси Марғилондарвоза даҳасининг шимолида бўлган, Жўпас ариғидан сув олган”.

“Мазкур даҳага қарашли кўчалардан фақат биттасининг номи ҳозирда ҳам сақланиб қолган бўлиб, Шамшод деб аталади. Кексаларнинг ҳикоя қилишича, Шалдирама ариғи ёқасида бир замонлар кўп шамшод дарахтлари ўсгани сабабли кўча Шамшод деб аталган эмиш. Мазкур даҳада Қилич Бурҳон номли мавзе бор эди. Айтишларича, Қилич Бурҳон ислом динини тарқатиш йўлида бу тарафга келган йирик уламо ва лашкарбоши бўлган экан. У дафн этилган жой теварагига кейинчалик бошқа майитлар ҳам қўйилиб, бу ер ҳозирги Қилич Бурҳон қабристонига айланган”.

Қилич Бурҳон номи билан аталган асосий жой Ўзганда, бироқ турли жойларни ўтмишдаги машҳур шахсларга нисбат бериш ҳоллари кўп учрайди.

Манбаларда Қилич Бурҳон насл ва насаб борасида силсилаи шарифга мансуб бўлгани нақл қилинган. Унинг отаси исми Саид Камолиддин деб кўрсатиладики, демак, Қилич Бурҳоннинг асл номи Бурҳониддин бўлиб, Қилич сўзи тахаллус сифатида, “диннинг қиличи” маъносида келган. Амир Темурнинг Ўзганд шаҳрига келганини баён этган муаррихлар Соҳибқирон, энг аввало, Қилич Бурҳон мақбарасини зиёрат қилганини ёзиб қолдиришган.

Дарвоқе, тарихий ва афсонавий шахслар номи билан аталувчи жойлар Туронзаминда жуда кўп. Машҳур дахма ва мозорларни кейинчалик улуғ авлиёлар номи билан боғлаш анъанаси бўлган. Жумладан, Ўзганда мақбараси бўлгани ҳолда, Ўш шаҳрида, Андижон вилоятида ҳам «Қилич Бурҳон бува», «Қилич Бурҳониддин» ва «Қилич бобо» деб аталувчи яна уч қабристон бор. Шунингдек, Жиззах вилоятининг Зомин депарасидаги Бешкуби қишлоғида ҳам иккита археологик ёдгорлик бўлиб, бири «Қилич Бурҳониддин авлиё”, иккинчиси  эса “Саййид Бурҳониддин авлиё” деб аталади.

Қилич Бурҳон ҳақида рус матбуотида ҳам баъзи материаллар бор. Жумладан, В.Орлов исмли муаллиф “Туркестанские ведомости” газетасида бу шахс 400 йил аввал(?) яшаб ўтганини, ёшлигида бир ўртоғини тасодифан ўлдириб қўйиб, юртидан бош олиб кетгани, орадан кўп йиллар ўтгач, Самарқанддан Ўзганга қайтиб келиши, аммо бу чоғда шаҳар яқинида бир катта аждарҳо пайдо бўлиб, ҳар куни нечалаб одамларнинг ёстиғини қуритгани, ҳеч ким бас келмаган бу даррандани Қилич Бурҳон ўлдиргани каби эртакнамо бир нақлни эркин баён қилади. Гарчи В.Орлов “Ўзганлик Георгий Победоносний” деб ажабтовур тарзда номланган ва Шарқ оламини ўзи хоҳлагандай талқин этган бу материалида уйдирма кўп бўлса ҳам, ҳар ҳолда, бу ривоят заминида Қилич Бурҳоннинг ёшлигида илм олиш учун Самарқанд ва бошқа шаҳарларга боргани, таҳсилини охирига етказиб юртига қайтганида эса қандайдир бир офат (эҳтимол вабо касали) шаҳарни исканжага олиб, одамлар кўп қирилгани, Қилич Бурҳон эса тиббий билимлари (у замонларда тиббиёт – ҳар бир олим ва фозил зот билиши керак бўлган умумий фанлар қаторида эди) асосида бу эпидемияни йўқ қилгани каби реал воқеликлар ётган бўлса ҳам ажаб эмас. Ўзган шаҳри биқинидаги Аждарғор борлиги эса бу жойда бир маҳаллар қандайдир улкан бир махлуқ ўлгач, унинг жасади теварак-атрофга оғир касаллик эпидемиясини тарқатгани ва диний ҳамда жамоат арбоби сифатида Қилич Бурҳон бу офатни бартараф этиш учун унинг танасини бирон чуқурга кўмишга бошчилик қилган бўлиши мумкин.

Адиб Ёқубжон Хўжамбердиев эса “Соғуний” маноқибида Алихонтўра Соғунийнинг фарзанди тилидан қуйидаги ривоятни келтиради: “Саййид Бурҳониддинга “қилич” насабининг берилиши бундай бўлган. Саййид Бурҳониддин ёшлик вақтларида йўлда бораётганларида миршаблардан бири беодоблик қилиб оти билан туртиб юборибди. Шунда ул зот ердан бир чўпак олиб бояги беодобни урганда оти билан қўшилиб иккига ажраб кетган экан. Ул зотга “қилич” насаби берилиши шундан…” Бу талқин ҳам, аввалги ривоятнома хотира ҳам бир нарса – Қилич Бурҳониддиннинг паҳлавон, шу билан бирга, фозил ва комил бир шахс бўлганига далолатдир.

(Қилич Бурҳон мақбараси)

Қилич Бурҳон турбатини Ўзган ва унинг теварагидаги мўъмин-мусулмонлар табаррук деб биладилар, шунинг учун ҳам бу жойдан бир кун ҳам зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Аммо таассуфки, Қилич Бурҳон мақбараси хом ғиштдан пастаккина қилиб қурилган, устига эса қор-ёмғирдан паналаш учун тунука ёпиб қўйилган. Миллий ва диний қадриятлар яна қадр топа бошлаган ҳозирги даврда мазкур мақбарани ушбу валий зотнинг шарафига муносиб тарзда қайта тиклаш, лозим бўлса, бунинг учун маҳаллий ва хорижлик ҳомийларни топиш мутасаддилар зиммасидаги ишдир, албатта. Ўзбекистоннинг Зомин туманида бу валий зотга нисбат бериладиган икки мақбара ҳам ҳозирда ниҳоятда маҳобатли қилиб тикланганини ёдга олсак, бу кечиктириб бўлмас иш экани англашилади.

Саййид Бурҳониддин қилич ҳақида кўпчилик етарли маълумотга эга эмаслигини ҳисобга олиб, биз қуйида “Қадимий Зомин” деган китобдан (муаллифсиз, Тошкент – 2018) бир парчани эътиборингизга ҳавола этамиз:

Зомин туманининг Бешкуби қишлоғи ҳудудида шу номдаги зиёратгоҳ бор. Бу манзилгоҳда иккита археологик тепалик бўлиб, бири «Қилич Бурҳониддин авлиё», иккинчиси «Саййид Бурҳониддин авлиё» деб аталади. Ҳар иккисида ҳам қабр бор. Қабрларнинг узунлиги 12-15 метрни ташкил этади. Унга туташ ҳудуд обод, чорбоғ қилинган, хонақоҳни яқин-йироқдан келган кишилар зиёрат қилишади, тилаклари ижобат бўлишига ишонишади.

Султон Бурҳониддин Қилич тўғрисида асосан, икки қадимий манба мавжуд: 1) 800 йилча илгари Имом Насафий томонидан ёзилган «Қандия» (Ал-қанд фи таърихи Самарқанд) китоби; 2) XVI асрда ёзилган «Жоме ул-мақомот» (Махдуми Аъзам тарихи) асарларидир. «Қандия» китоби Самарқандда фаолият кўрсатган алломаларга алоқадор воқеаларга бағишланган асарда Султон Бурҳониддин Қилич тўғрисида кам бўлса-да, илк марта маълумот келтирилган. Султон Бурҳониддин Қиличнинг энг машҳур авлоди бўлган Махдуми Аъзам Даҳбедий лақабли Саййид Аҳмад Косоний тўғрисида Хожа Абулбақо томонидан ёзилган «Жомеъ ул-мақомот» китобида Бурҳониддин Қилич тўғрисида кенгроқ маълумотларни учратамиз.

Юқоридаги манбалардан ташқари яна «Зафарнома», «Самария», «Тарихи Муқимхоний», «Шарафномаи шоҳий» (Абдулланома), «Жазабот ул-ошиқин», «Туҳфат уз-зоирин», «Равойиҳ ул-қудс», «Сафинат ул-авлиё», «Рисолаи таворихи Даҳбедия», «Тарихи Маҳмуд Чарос», «Тарихи Ҳумулий», «Зубдат ул-ҳақоиқ», «Кашкули Салимий», «Тазкираи Мутрибий» каби туркум асарлар ҳам мавжуд, улардан Султон Бурҳониддин Қилич авлодлари тўғрисида қимматли маълумотларни олиш мумкин.

…Ҳазрат Сайид Камолиддин, Расулуллоҳнинг шаҳарлари бўлмиш Мадинаи мунавварада яшарди. Ногаҳон сўфийлик жазабасига тушиб, Оллоҳнинг авлиёлари аҳли орасидан пир ахтариш дарди ул зотда пайдо бўлади ва шу дардга даво изловчи табиб-муршидларни излашга тушади.

Сафарга чиқиб, сўраб-суриштириб Фарғона давлатига келиб, Ўзганд шаҳри четида бир муддат истироҳатда дам олишга қўнади.

У даврларда ўша давлатда Ҳазрат амирал мўъминин Абу Бакр Сиддиқ авлодидан бўлган Султон Илик Мозий подшоҳ эди ва у камолга етган етти авлиё султоннинг бири ҳисобланарди. Ҳазрат Сайид Камолиддиннинг келишларини ушбу Султон Илик Мозий каромат юзасидан олдиндан хабар топиб, аён бўлган эдики: «Фалон тарихда бир сайидзода бу юртга ташриф буюради; унинг нишона ва белгиси шундайким, ҳар вақт дам олса ё ухласа, аждар суратидаги бир фаришта унга соя солиб туради ва ҳимоя этади; сенинг қизингни унга ақди никоҳ билан боғлашади».

Шундан бери Ҳазрат Султон Илик Мозий ушбу сайидзоданинг келишини интизорлик билан кутар эди. Чунон сайидзоданинг келиш вақти етиб келгач, Султон Илик ўз мулозимини чақириб дейди: «Фалон мавзега бориб, ушбу нишонали кишини топасан ва яқинига бориб кузатасан; ул шахс уйғониб, уни ҳимоя этаётган фаришта нари кетгач, одоб билан ул зотнинг мулозаматларига бориб саломимни етказ ҳамда айтки, сизни подшоҳ сўраётир». Мулозим айтилган жойга бориб, сайидзодани топади ва подшоҳнинг сўзини етказади. Шунда Сайид Камолиддин дейди: «Мен бир қаландарсифат одамман, пир излаш талабида чиққанман ва подшоҳлар мулозиматида бўлишга иштиёқим йўқ». Қачонки, мулозим меҳмоннинг бу жавобини Ҳазрат Султон Иликга етказгач, у дейди: «Яна бориб Ҳазрат Сайидга арз қилғилким, агар рухсат берсалар мен олдиларига борарман».

Шундан сўнг, мулозим бориб Султоннинг арзини Сайидга етказади. Ҳазрат Сайид иноят этиб дедиларки: «Гар Султоннинг хоҳиши дарвешлар суҳбати бўлса, мулоқотдан четга чиқиб бўлмас ва бизнинг боришимиз яхшироқдур, чунки подшоҳларнинг амри вожибдур», деб саройга қараб йўл олишади. Султон ҳам уларнинг келаётганларини эшитиб, истиқболларига чиқади ва тамоман эъзозу икром билан кутиб олиб, саройга таклиф этади.

Шундан сўнг, неча муддат ўтгач, Ҳазрат Султон Илик Мозий бир куни Ҳазрат Сайид Камолиддинга дейдилар: «Менинг ягона қиз фарзандим бор, хоҳлардимки сизга унаштириб қўйсам». Ҳазрат Сайид бу сўзларни эшитгач, уялинқираб, дедилар: «Мен ватанимдан Худо йўлида хизмат қилиш учун пир излаб сафарга чиққанман, менда оила қуриш ҳаваси йуқ».

Ҳазрат Султон дедилар: «Ғойибдан менга хабар келдики, менинг фарзандим билан сизни осмонда ақд бойлашиб, никоҳлашган эканлар. Қабул қилиш лозим кўринади». Сайид Камолиддин бу ишни тақдир этилганини билгач, қабул қиладилар. Ва Ҳазрат Султон Илик Мозий қизларини Ҳазрат Сайид Камолиддинга никоҳ қилиб берадилар.

Сайид Камолиддинга маълум бўладики, Ҳазрат Султон Илик Мозий ниҳоятда соҳибкамол ва кароматли инсон эканлар. Шул жиҳатдан қайноталарини пир билиб, бир муддат хизмату мулозаматларида бўладилар ва касбу камолга эришадилар. Кўп ўтмай, яқинларини кўриб келиш иштиёқида ватанлари Мадинаи мунавварага қараб йўл оладилар. Мадина шаҳрига етгач, анча вақт ўтмай вафот этадилар.

Ҳазрат Сайид Камолиддиннинг вафот этган вақтларида ўғиллари Султон Бурҳониддин ҳали туғилмаган ва оналарининг қорнида эди. Ҳазрат Сайид Камолиддин вафот этишдан олдин васият қилган эканларким: «ғойибдан эшитдимки, ўғлим туғилар экан; номини Султон Бурҳониддин қўйингизким, соҳиби камол ва қутб бўлғусидир ҳамда авлоди ҳам ўзи каби соҳиби камол бўлиб дунёга келишади».

Ҳазрат Сайид Камолиддин вафот этганларидан сўнг кўп ўтмай ўғиллари Султон Бурҳониддин туғилади. Қачонким, Султон Бурҳониддин тўққиз ёшга киргач, онаси ўғлини бобоси – Султон Илик Мозий олдига олиб боради. Бир қанча вақт ўтиб, Ҳазрат Султон Илик Мозий вафот этади. Вафотидан олдин набираси Султон Бурҳониддинни ўз ўрнига тахтга ворис этган эди. Ва боболаридан сўнг, Султон Бурҳониддин ҳам бир қанча вақт ҳукм суриб, халқни адолатга ва ҳидоятга бошлайди. Султон анча вақт подшоҳ бўлиб, салтанатда адолат ўрнатади.

Кунларнинг бирида, ногаҳон Султон Бурҳониддинга илоҳий жазбалардан келиб етади ва ул зот ҳам Султон Иброҳим Адҳам каби тожу тахтни қадрсиз ҳисоблаб, ўша замон қутби ва муршиди Ҳазрат Шайх Муслиҳиддин Хўжандийга иродат қўлини бериб мурид тушади. Пири Ҳазрат Шайх Муслиҳиддин вафот этгач, Ўзганд вилоятига боради ва у ердаги халқни ҳидоятга бошлаб, Пайғамбарга (с.а.в.) хос фақирлик, камтарлик билан тариқат йўлини кунлик фаолиятга жорий этади.

Ҳазрат Султон Бурҳониддинга ғайратлик сифатлари (яъни, ғазотга рағбатлари) чунонам ғолиб ва кўб эдики, ушбу ғайрат ва кароматлар туфайли ислом лашкари билан ғайридинларга қарши курашар эдилар (Она томондан подшозода эканлари эътибордан фориғ бўлмасин). Шу билан бирга, кимки ул зот тўғрисида беадабона гапни айтса ёки кўнглидан ўткарса, шул заҳоти унинг ҳаёт риштаси узилиб, вафот этарди.

Бир киши бунинг сабабини билиш учун Ҳазрат Султоннинг хонақоҳларига келади. Аммо у ўз саволини бериб улгурмай, Ҳазрат Султон Бурҳониддинга бу аён бўлади ва кароматлари туфайли хонақоҳ деворида соч толасига осилган бир ялтироқ қилич пайдо бўлиб, пашшаю қўнғизлар ҳар тарафдан учиб келиб, ўзларини ялтироқ қилич дамига уришар ва икки пора бўлишиб, ерга йиқилиб ҳалок бўлишарди. Бу воқеадан ҳайрон бўлиб кўриб турган кишига қараб Ҳазрат Султон Бурҳониддин дейдилар: «Эй махдум, айб қиличдами ёки ўзларини қиличга ураётган ҳашаротлардами?». Шу воқеа сабабидан ул зотга «Қилич» лақаби берилиб, ўшандан бери номлари Султон Бурҳониддин Қилич бўлиб тарихда қолгандирлар”.

Юқоридаги нақлга эътибор берсак, гарчи Зоминдаги икки қабр Қилич Бурҳониддинга нисбат берилса ҳам, у зотнинг Ўзганда яшаганини, ҳукмдор бўлганини инкор этмайди ва нега қабри Зоминда эканини далилламайди. Тарихда бундай мисоллар кўп – улуғ одамларнинг меросхўри кўп бўлади.

 

1375 йилда Амир Темур Сайрамдан чиқиб, Толас ва Тўқмоқ ерларидан ўтади. У қуваётган Мўғулистон ҳокими Қамариддин эса Или дарёсининг бошига қараб чекинади. Амир Темурнинг Жаҳонгир мирзо унга қўққисдан ҳужум қилиб, янада нари чекинишга мажбур қилади. Ана ўша юришда 1376 йилда Амир Темур Ўзганга келиб, Қилич Бурҳон қабрини ҳам зиёрат қилган.

Соҳибқироннинг Ўшга келиб, мўғуллар яғмоси батамом култепага айлантирган бу қадим шаҳарни яна тиклашга фармон бериши ҳам ана шу тарихий сафарда амалга ошган. Бунга эса яқинда олти ярим аср тўлади.

                            Зуҳриддин Исомиддинов

Яндекс.Метрика