“ЎЗБЕК РОБЕРТИНОСИ” …♫

Расулжон Ураимжонов 1950 йил 2 февралда  Ўш шаҳрида туғилган. У 1970 йили Андижондаги Т.Жалилов номли мусика билим юртини қашқар рубоби муаллими мутахассислиги бўйича тамомлаган. Расулжон Ураимжонов меҳнат фаолиятини 1973 йили С.М. Киров (ҳозирги Бобур) номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театрида оркестр артисти сифатида бошлайди. 1980 йили драма артистлигига ўтказилади ва шу кунгача ишлаб келмокда. Халк орасида уни “Ўзбек Робертиноси” дейишади. Театрдаги фаолияти давомида Расулжон ака ҳалол, қобилиятли актёр, ҳақиқий инсон сифатида танилди.  Унинг саҳнадаги «Келинлар кўзғолони»даги Тўхта, «Мансаб шайдоси»даги  Шоди,»Меҳробдан чаён»даги Анвар, «Оқ тулпор»даги Ибрис, «Биринчи ўкитувчи» даги ашулачи,»Макка сари олис йўл»даги шоир образлари томошабинлар орасида машҳурдир. Унинг 1987 йилда суратга олинган «Буюк ғалаба» бадиий филмидаги – Ш. Расулов, шунингдек, 1989 йилдаги “Сароб»да журналист, 2010 йилдаги Чинггиз Айтматовнинг «Қиёмат» асари асосидаги видеофильмда яратган образлари томошабинлар ўртасида муваффақият қозонди.

Расулжон Ураимжонов театр санъатини ривожлантиришдаги катта хизматлари учун 1980 йили Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист, 2011 йилда эса Қирғизистон Республикаси халқ артисти унвонларига сазовор бўлди. Шунингдек, у Қирғизистон ССР Олий Кенгаши, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши, Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазирлигининг фахрий ёрликлари билан такдирланган.

Ассалому алейкум азиз ва муҳтарам Алишер Навоий институти сайти мухлислари . Бугун адабиёт хиёбони рукнимизнинг навбатдаги мехмони таниқли хонанда, Қирғизистон халқ артисти Расулжон Ураимжонов.

— Расулжон ака, хуш келибсиз!

–   Раҳмат. Хушвақт бўлинг !

— Мана сиз 73 ёш остонасида турибсиз. Мана шу ўтган йиллар қийматини қандай изоҳлайсиз?

— Раҳмат Одилжон. Энди, босиб ўтган йўлларимни озгина бўлса ҳам айтиб ўтадиган бўлсам, ёшлик пайтимда ажойиб устозларни кўрганмиз . Таваккал ака,  Фахриддин акаларни эшитиб санъатга жуда қизиққанман. Акамга  ялиниб  “Рубоб олиб беринг», деб рубоб олдирганман. 1964 йили саккизчи синфни  битирсаму Тошкентга кетиб қолсам дердим. 1964 йили саккизинчи синфни битирдим. Ўша йили онам раҳматлик билан Тошкентга борганмиз. 1964 йили Маданий оқартув техникумига кирганман. Ўша ерда домлалар овозимни эштиб «Ўўўўў, овозинг жуда ҳам зўр экан», дейишган. У пайтда қўшиқчи ёшлар кам эди-да. Биринчи мен чиққан эдим. Шундай кейин мени концертларга айтадиган бўлиб қолишди.  Бир акахонимиз бўларди.  «Ўзбекистон адабиёти ва санъати » газетанинг муҳаррири эди. Редакцияда концерт қўйиб беринг, деб қолди. Концерт қўйгандан кейин эртасига Тошкентда қандай газета бўлса, ҳаммасига чиқиб кетди. “Панорама” деб номланадиган санъат саройи янги қурилган пайт, катта анжуман бўлганда мен чиқиб «Онам дерман”ни айтганман. Қўшиқни айтиб чиқиб кетганимдан кейин яна саҳнага қайтариб олиб чиқишган. Концерт залида икки мингга яқин одам бор эди. Кейин ўша ерда биринчи бўлиб «Лайло»ни айтиб берганимда яна қарсак бўлган. Киностудиядан келиб тасвирга олишган. Ҳозир ҳам архивда бор экан. Ўша пайт бир газетада » Ўзбек Рабортиноси» сарлавҳаси билан катта мақола босилди. Ўша даврда Италиялик Робертино Ларетти деган одам жуда ҳам машҳур эди, ҳамма билади. Шу санъаткор шарафига бизни “Робертино”  деб атай бошлашган. Тошкентда мавқеимиз кундан кунга оша бошлади. Турли тадбирлар, концертлар ва тўйлар менинг иштирокимсиз ўтмай қолди. Бироқ,бахтга қарши 1966 йили Тошкентда ер қимирлади, онам раҳматлик қўрқиб, Ўшга кетамиз, деб туриб олди. Кейин ўқишимни Андижонга қўчирганман. 1970 йили Андижонда ўқишни битирдим. Ўшга келиб бу ерда мусиқа мактабида дарс бердим. 1973 йили Ўш театрига Абдуғани Абдуғафуров директор эди. Бир куни тўйда кўриб сизнинг жойингиз театрда деб  мени театрга таклиф қилди.  1973 йилдан бери театрда ишлаяпман.

— Мумтоз адабиётимиз вакилларининг ғазалларини куйга солиб гўзал оҳангларда халқимизга етказиб келаяпсиз. Лекин уларнинг тушуниш борасида тингловчилар сизнинг кўнглингизни тўлдирадими?

— Жуда ҳам яхши савол бўлди.  Аслида биз лирик қўшиқчи бўлиб танилдик. Ёшликда биз ҳам ёшларбоп қўшиқларни айтардик. Ёшлик секин-аста ўтгандан кейин классик қўшиқларга ўтганмиз. Ёшлик даврларимда ҳам мақом, классик қўшиқларни эшитиб роҳатланардим. Кейинги даврлардан мумтоз  қўшиқларни айта бошладим. Ҳозирги даврда мени қониқтирадиган тингловчилар бор. Қўшиқ айтаётганимизда мазза қиладиган одамлар билиниб қолади. Биз энди кўпроқ концерт ва тўйларга борганимизда маҳлиё бўлиб, берилиб эшитиб ўтираган мухлислар топилади, ўшаларни кўриб илҳом келиб дил нолалар чиқиб кетади. Ёшларимиз ҳам мақомларни эшитиб ўрганиб келаяпти. Менинг кўнглимни тўлдирадиган одамлар талайгина. Секин-секин ўрнига тушяпти.  Биз театрда мақом ансамбилини ташкил қилганимиздан кейин сал кўпайди. Шунинг учун ҳам ашула айтяпмиз-да, кўнглимиз тўлганидан.

— Устоз ижодкорсиз. Санъатда таниқли бўлишга нисбатан севимли бўлиш муҳим. Мана сизда танганинг ҳар икки палласи ҳам бирдек ушланганда.Лекин ҳозир уни кузатадиган бўлсак, икки паллани ушлаб келаётган санъаткорларимиз жуда кам, бир томон урчиб кетгандек. Буни сиз қандай изоҳлайсиз.

— Раҳмат савол учун. Одилжон, сиз айтмоқчи, қонда бор эканми билмайман, камтарлик менга ўрнашиб қолган-да. Бир пайтлар ўзимча  мен ҳам оммани ичида ўзимни ушлаб, сир бермай юрай-чи, деб ҳаракат қилдим, десангиз. Лекин  ҳеч ўхшамади, эплолмас эканман. Барибир фитратдаги камтарликка тортиб кетаверди. Инсон қанақа бўлишидан қатъи назар, осмон-фалакка чиқиб кетса ҳам, зўр қўшиқчи бўлиб кетса ҳам, энг аввало одоб керак экан. Каттани хурмат кичикни иззат қиладиган бўлиш керак-да. Ҳозирги ёшларимизда жуда кўп кузатиб юраман. Ёшлар беш-олтита қўшиқни айтади-да, тўйларга бориб қолса, мен зўрман дейди. Лекин инсон унақа бўлмаслиги керак, камтар бўлиб, ўзини камтар олиб юрса, узоқроққа боради.

Инсон қўшиқчи бўлса, қўшиқни зўр айтаётган бўлса, шу зайлда бир хил мезонни ушлаб туриш керак. Шундай бўлмаса, назардан қолади. Илгари Ўшга санъаткорлар кўп келарди. Тўйларга мени ҳам олиб чиқишарди, ашула айтиб берсин, деб. Мен эса қочиб юрардим. Чунки устозларнинг  сури босар эди. Мана етмиш учга кириб, бировдан қаттиқ гап эшитганимиз йўқ, катта инсонларнинг дуосини олиб юрганмиз. Дуода иш кўп, дуо олиш керак. Шунинг баракотидан бўлса керак,  шу ёшга кирсам ҳам Расулжон, келинг-келинг, деб хурматимини жойига қўйишади. Мен шундан мамнунман.

— Расулжон ака, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Яндекс.Метрика