Ўзбек радиоси тарихида «НАЗИРХОН КАМОЛОВ»

НАЗИРХОН КАМОЛОВ

Ўзбек радиоси тарихида биринчи диктор.

Тошкент радиоэшиттириш станциясида «ТОШКЕНТДАН ГАПИРАМИЗ» ахборот дастурини биринчи эфирга олиб чиққан диктор.

УМР ЙЎЛИ

Назирхон Камолов 1899 йил Ўшда,  Бобур номли Ўш ўзбек мусиқали драма театрининг ҳозирги ўрнидаги маҳаллада туғилган.

Назирхон Камолов илмга чанқоқ, адабиёт ва санъат ихлосманди бўлиб, унинг бу қизиқиши келажакда катта ишларни амалга оширишга туртки бўлган. 1918 йилда Раҳмонберди Мадазимов, Иброҳим Мусабоев, Бекназар Назаров, Жўрахон Зайнобиддинов, Болтаҳожи Султонов, Абдурашид Эшонхонов,  А.Саидовлар билан бирга Ўшда, Туркистон ҳарбий кенгаши қошида театр тўгарагини тузганлар. Дастлабки Ўш театрига асос солганлар. 1919 йили театр тўгараги драма труппасига айлантирилди. Театр труппаси Ўш мусиқали драма театрини тузишга асос бўлган. Ушбу Ўш театри Тошкентдаги Ўзбек миллий академик театридан кейин Ўрта Осиёдаги энг кекса профессионал театрдир.

Радиоалоқа Ўзбекистонда 1924 йилдан бошлаб ривожланди. 1925 йилдан радиоэшиттириш соҳасида дастлабки синовлар бошланди. Бироқ шундай бўлса ҳам радиоэшиттиришнинг туғилган куни 1927 йил 11 февраль ҳисобланади, ўша куни Тошкент радиостанциясининг тантанали очилиши бўлиб ўтган. Ниҳоят, Тошкент радиотелефон станцияси 1927 йил 11 февралдан бошлаб, доимий эшиттиришлар бера бошлайди.

радиостанция Тошкент 1927.

Назирхон Камолов 1925 йилда йўлланма билан Ўрта Осиё Давлат университетининг мелиорация факультетига ўқишга киради. Талабалик йилларида дикторлик соҳасига (ўзбек тилида) танлов эълон қилинади. Радиога қизиқиши устунлик қилиб, Янгишаҳарнинг «Новая» (кейинчалик Хоразм) кўчасида жойлашган бинога йўл олади.

Ҳа, ўзбек радиосининг ёрқин йўли расмда кўриниб турган ана шу бир қаватли пастқамгина кулбадан бошланади.

Ҳозирда бу иморат ўрнида Ўзбекистон радио уйи қад кўтариб турибди. Бу бино эшигини биринчи бўлиб очиб кирган, унинг кичик хонасидаги микрофонни дастлаб қўлига олиб, «ТОШКЕНТДАН ГАПИРАМИЗ» деган биринчи ўзбек Назирхон Камолов эди – ўзбек радиоси тарихи зарварақларига шу инсоннинг номи муҳрланган.

Назирхон Камолов билан бирга бу даргоҳда Ҳожимурод Авазхўжаев ва биринчи ўзбек аёл диктори Фотима Юнусовалар ўзбек радиосида ишлаганлар.

Ўзбек радиосининг биринчи диктори Назирхон Камолов эса Ўрта Осиё давлат университетини тамомлагач Ўшга қайтган.

Қуйида Назирхон Камоловнинг хотираларидан бир парчани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Мен Тошкент радиоэшиттириш станциясига 1928 йили ташриф бордим. Ўша йили, тахминан январь ойларида уйимга узун бўйли, оқсариқдан келган йигит кириб келди, фамилиямни сўради. Танишдик. Ўртоқ Сумбатов Тошкент радиоэшиттириш станциясида рус бўлимининг бошлиғи экан. «Биз радиода ўзбек бўлимини ташкил қилдик. Сизни мудирликка лозим топдик, розимисиз?» – деди. Радиога бўлган қизиқишим кучли эди. Розилик билдирдим. Мен ўша пайтда Ўрта Осиё давлат университетининг мелиорация факультети талабаси эдим. Ўша куни радиоэшиттириш станциясига бордим. Сумбатов мени директор билан таништиргандан сўнг студияга олиб кирди.

Станция бир қаватли оддий бинода жойлашган, узун йўлак ва беш хонадан иборат экан. Бинога кираверишдаги икки хона аппаратхона ва студия, сўл томондаги ички ва ташқи уй эса контора ва текшириш хонаси экан. Студиянинг деворларига қора сукно тутилган, ўртада микрофон ва олти-етти стул турарди. Сумбатов микрофонни қандай ёқиб-ўчиришни ҳамда қай тарзда сўз бошлашни ўргатди. Шундан сўнг текшириш уйига кирдик. Бу ерда бир стол ва стул қўйилган эди. Стол устидаги репродуктор орқали текшириш ўтказилар экан.

1928 йилда радионинг ўзбек бўлими кунига икки соатдан, ҳафтада уч ёки тўрт марта соат 9 дан 21 гача ишлар эди. Дастуримиз газета ўқиб бериш ва концертдан иборат эди. Гоҳо-гоҳо лекциялар ҳам эшиттириб туриларди. Концерт иштирокчилари Беньямин Давидов, Нина Давидова ва Берта Давидовалар экан.

Ҳаш-паш дегунча, орадан икки ҳафта ўтди. Кунлардан бирида эскишаҳардаги Санъатчилар союзига бордим. Союздагилар мени яхши қарши олишди. Уларга радиоэшиттириш аҳволи ҳақида гапириб бордим. Улар ёрдам берадиган бўлишди. Шундан кейин истеъдодли санъаткор Юнус Ражабий, Рисқи Ражабий, Ортиқхўжа Имомхўжаев, кейинчалик Муллатўйчи Тошмуҳаммедов ва бошқалар тез-тез келиб турадиган бўлишди. Улардан ташқари, Тўхтасин Жалилов, Абдуқодир найчи, Аҳмаджон қўшнайчи ва дуторчи (Раим Охун бўлса керак) ҳам фаол қатнаша бошладилар. Шундай қилиб, концерт дастуримиз яхшиланди.

Радио орқали суҳбат ва лекциялар ташкил этишда Муҳаммадиев деган врач-рентгенолог фаол қатнашарди. У киши ўша пайтлари Полторацкий касалхонасида ишларди. Радио орқали тез-тез лекция ва суҳбатлар ўтказиб турарди.

Мен радиоэшиттириш станциясида 1928 йилнинг июнь ойигача ишладим. Ўша вақтларда ўзбек бўлимининг ҳам мудири, ҳам диктори эдим. Сўнг ўрнимга ўзбек билим юртининг студенти Авазхўжаевни қолдириб, Ўшга жўнадим. Тошкентга яна қайтиш ниятим ҳам йўқ эмас эди. Аммо бу ниятим амалга ошмай қолди. Чунки, маъсул партия ишида эдим.

Ўзбек радиосида биринчи бўлиб эшиттиришлар олиб борганим билан ҳар қачон фахрланаман»

1928 йилда Ўзбек радиоси тарихида янги саҳифа очган Назирхон Камоловдан кейин Ҳожимурод Авазхўжаев, Фотима Юнусова, Туйғуной Юнусхўжаева, Қодир Махсумов, К. Рашидов, Ўктам Жобиров, Насиба Иброҳимова, Қодир Тожиев, Мирзоҳид Раҳимов, Фарҳод Бобожонов каби сўз усталарининг бутун бир авлоди етишиб чиқди. Ўзбекистон радиосини ташкил этишда унинг биринчи директори Искандар Қаландаровнинг хизматлари катта бўлган.

Ўзбек радиосини ҳар бир оила ҳаётига олиб кириш, уни халқнинг юксак маънавият минбарига айлантиришда фидоийлик кўрсатган Назирхон Камолов эса Ўшга қайтиб масъул лавозимларда фаолият юритган. 1950 йиллардан Ўш педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишлаб, шу ердан пенсияга чиққан.

Назирхон Камолов 1970 йилда Ўш шаҳрида вафот этган.

 

Яндекс.Метрика