Узлатга ўтган рассом 75 ёшда

Яқинда ўшлик таниқли рассом Ҳасанбой Саидов хонадонида бўлдик.

Суҳбат асносида у юртимиздаги ижобий ўзгаришларни, эл равнақини кўзлаб қилинаётган эзгу ишларни эътироф этди. Рассом бу жараёнда ўз ижоди билан иштирок этаётганидан мамнун. Хусусан, устахонаси Ўшлик зиёлилар композицияси ҳамда Ўш тарихига оид суратлар билан бойитилганини алоҳида таъкидлади.



Ҳасанбой Саидов 1949 йил 8 сентябрда Ўшда туғилган. Тошкентдаги П.П.Беньков номли рассомчилик билим юртида Шуҳрат Абдурашидов, Алишер Мирзаевлар билан бир гуруҳда ўқиган. Сўнг Островский номидаги театр ва рассомчилик институтининг Рангтасвир бўлимида таҳсил олди. СССР Рассомлар уюшмаси аъзоси (1978 йил), “Бобур” номидаги мукофот совриндори (1993 йил).
– Ҳасанбой ака, дастлабки саволим, қайси санъат асарларидан, ёки қайси санъаткорларнинг ижодидан илҳом оласиз?
– Тошкентда Беньков номидаги бадиий ўқув юртида таҳсил олаётган пайтимда машҳур портретчи рассом Абдулҳақ Абдуллаев билан танишиб қолдик. У киши маъруза ўқиш учун келарди. Яқиндан танишиб қолдик ва кейин у киши менга шундай таклиф қилди: «Устахонамга келсанг, бирга ишлардик. Сен кўп ишларимни янгилаб берсанг, музейлар талаб қилган кўчирмаларни ясаб берардинг», деди. Шу тариқа, у киши менга портрет санъатида устоз бўлди. Биринчи ишим – Сора Эшонтўраева портретини кўчириш бўлган. Устозим эса: «Ҳасан, сен танлаган рангларни кўрдим. Жуда ёқди, улар ишларимни янги, тоза қилиб кўрсатади,» деган. Сўнг менга эркин ижод қилишга рухсат берди. Иккинчи кўчирган ишим Абдулҳақ Абдуллаевнинг машҳур портретларидан бири – Шекспирнинг «Отелло» трагедиясидаги Аброр Ҳидоятов образи эди.
– Яна кимларни устоз деб биласиз?
– Беньков номидаги бадиий билим юртини битириб, ўша йили Островский номидаги театр ва рассомчилик санъати институтига кирдим. Бизнинг гуруҳимиз раҳбари Тачат Амаякович Аганесов бўлган, бу рассом бизга устозлик қилган. Шунингдек, ёнимиздаги аудиторияда бир курс юқори гуруҳга Маннон Саидов раҳбарлик қилар эди, у билан ҳам мулоқотда бўлар эдик ва у ҳам бизга устозлик қилган. Ўша пайтда Ўзбекистон ССР Рассомлар союзи раҳбари бўлган Раҳим Аҳмедов ёнимиздаги гуруҳни олиб борар эди. У гуруҳ биздан бир курс юқори бўлган. Бизнинг гуруҳда 6 киши ўқир эдик. Уларнинг гуруҳида ҳам 5-6 талаба бор эди.
– Ҳасанбой ака, рассомлик санъати ўзига хос такрорланмас санъат, рассомлар эса телбасифат одамлар, деган гап юради. Мен буни яхши маънода қабул қилганман, чунки хоҳлаган жойда ва муҳитда илҳом келиб қолиши мумкин-ку, «телбасифат” деган тушунчага нима дейсиз?
– Мен ўзимни телбасифат одамларга ўхшатмайман, чунки бизнинг шароит ва менталитет бошқа. Ўзбекмиз, “эркинлик” ҳам меъёри билан. Тўғри, ўша даврда узун соқол қўйганлар, ичкиликсиз ижод қилмайдиганлар бўлар эди. Яна, дунё моддиятига берилган рассомларни кўрганман. Ана ўшалар телбасифат кўринишда эдилар. Эркин ижод муҳитида ўзини эркин тутиб, санъаткор бўлгани учун шундай кўринишарди. Бир мисол: айтиб ўтганимдек,машҳур рассом Абдулҳақ Абдуллаевнинг шогирди бўлганман ва у киши билан кўп ишлаганман. Ундан жуда кўп нарса ўргандим, у менинг энг катта устозим. Унинг телбасифат томонини ҳам кўрганман. Бир куни устахонада ишлаб турганимда, у: «Ҳасан, Москвадан меҳмонлар келади, улар Тамарахонимлар билан бирга келишади,» деди. Тамарахоним кимлигини яхши биласиз. “Улар келганда мен бир ишора қиламан, улар учун сюрприз бўлади. Сен пластинкани қўйиб қўясан, мен ўйинга тушаман”, деди. “Катта шляпани кийиб, испанча рақс тушаман, тахтакачни ўртага қўйиб, тарақ-тарақ қилиб рақс тушаман”, деди. Мен, бўпти, дедим.
Бир вақт такси келиб тўхтади. Эшикдан меҳмонлар кириб келишди. Москвалик рус аёллар билан бирга Тамарахоним ҳам кириб келиб, Абдулҳақ ака билан қучоқлашиб кўришди. Улар жуда чақчақлашиб турганда устоз менга ишора қилди. Мен мусиқани қўйдим. Абдулҳақ ака дарров тахтакачнинг устига чиқди ва тарақ-тарақ қилиб испанча рақсга туша бошлади. Унинг рақс санъати мени ҳам, ва меҳмонларни ҳам ҳайратда қолдирди. Ўшанда Абдулҳақ Абдуллаевдек машҳур инсоннинг рақсга тушишини кўриб ҳайрон қолгандим. Сиз айтган саволга жавобим шундай: телбаликми, ёки жинниликми, нима бўлганида ҳам, бу санъаткорнинг эркинлиги ва ижодий муҳити билан боғлиқ.
– Ўзбекистонда катта рассомлик мактаби бор эди. Бир неча билим юртлари, олий ўқув юртлари, устахоналар фаолият кўрсатарди. Бугунги вазият қандай?
– Ҳа… Ўзбекистонда кучли рассомчилик санъати мактаблари бўлгани сабабларини айтайми? Иккинчи Жаҳон уруши бошланганда Ленинград рассомлик академияси Самарқандга эвакуация қилинган. У ердаги академия профессор-ўқитувчилар билан бирга санъат асарлари ҳам олиб келинган. Машхур профессорлар Ўзбекистонда дарс бера бошлаган. Шунинг учун ҳам ўша даврда рассомлар плеядаси вужудга келди. Масалан, П.П.Беньков Самарқандда тасвирий санъатдан дарс берган, деворий расмлар чизиш бўйича заказлар олиб, ўқувчиларга тақсимлаб берган. «Сен шу ерни ишлайсан, сен бу ерни», деб кўрсатган. Олган гонорарини ўқувчиларига бўлиб берган. Павел Петрович Беньков извошда юрар, фасонча кийинган, бойвачча одамлардек юрар эди. Ўқувчилари ёнида бирга ўтирар ва шаҳарда айланиб юриб, шундан чиройли манзаралар чиқаришга ҳаракат қилади. Сўнг Тошкентда дарс берган. Бу ҳақда менга андижонлик Нажим ака Қозиев: “Биласизми, мен ниҳоятда бахтиёр инсонман. Чунки, санъат институтида, рассомчилик билим юртида ўқиган пайтларим катта, таниқли рассомлар билан учрашганман. Мен уларни ўзимга устоз деб ҳисоблайман. Аммо, энг биринчи устозим – П.П.Беньков бўлади”, деб фахрланиб айтган эди.
Бугунги кунда тасвирий санъат аҳволи қандай десангиз, тўғри, биздан кейинги ижодкорлар катта рассомлар бўлиб етишди. Уларнинг ишларини кўрдим, кўргазмаларга кирдим, аммо аввалгидек эмас. Ахир, у давр бошқача эди. Биз машҳур устозлар қўлида ўқиганмиз. Хайрият, ҳозир санъатга кўп эътибор берилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари натижасида Ўзбекистон Рассомчилик уюшмаси Бадиий ижодкорлар академиясига айлантирилди. Тасвирий санъатга эътибор кучайяпти. Ҳозир мен ҳам ўша ижодий тасвирий санъат академияси аъзосиман, Ўзбекистонга тез-тез бориб тураман. Улар Тошкентда ижодий ишларимнинг кўргазмасини қилишмоқчи, ишларимни тайёрлаяпман.
– Санъат оммабоп бўлиши керакми ё хослар – санъатсеварлар учунми? Сиз ўз асарларингиз ҳамманинг кўнглига бирдай етиб боради, деб ўйлайсизми?
– Албатта, йўқ. Чунки тасвирий санъат бўлганидан кейин, тайёргарлиги бўлмаган одам «ҳа, расм экан» деб ўтиб кетаверади ва эътибор бермайди. Лекин тасвирий санъатни суядиган ва ундаги ҳар бир чизиққа диққат билан қарайдиган одамлар бўлади. Шунинг учун, «бояги хослар учунми» деган саволга тўғри келади. Шундай одамлар суратларга эътибор беради, уларнинг қадр-қимматига етади. Ҳарқандай санъат оммабоп бўлавермайди, менинг фикрим шундай.
– Илгари соцреализм методи асосида ижод қилишга мажбур бўлишган. Бугунги кунда кимлар, қайси йўналишларда ижод қилишмоқда? Санъаткор давр билан бирга қадам ташлаши керакми?
– Албатта, ҳар бир рассом ўз даврининг фарзанди, даврини тасвирлаши керак. Биз яшаган совет даврида ўшанга мос ижод қилганмиз. Мен қаҳрамонларимни жуда кучли, меҳнаткашлар қилиб кўрсатишга уринганман, сюрреализм услубида ишлаганман. Масалан, бир механизатор образига ишлаган портретим бор. У тракторининг олдида турибди, белига чорси боғлаб олган. Содда ўзбек одами, кучли паҳлавон йигит. Шуни тракторининг олдида ишлаган ҳолда тасвирлаганман. Офтоб чарақлаб турибди, боғ-роғлар кўм-кўк, пахтазорда пахта чаман бўлиб очилган. Шунақа портретлар чизганман. Улар ўша даврдаги сиёсатга боғлиқ бўлган, музейларга сотилган. Мен портретларим билан тирикчилик қилар эдим.
Тўғри, жуда эркин ижод даври келди. Бироқ ҳозирги кунда умуман реализм сусайиб бормоқда. Ҳатто манзараларда ҳам реализмга мойиллик сезилмайди. Рассомлар умумий кўринишни чизиб қўйишяпти, гулдасталарни қўйиб чизган рассомлар бор. Мен уларнинг кўргазмаларига бориб келдим. Уларнинг ишлари нуқта-нуқта ранглар билан ишланган. Бу реализм эмас, балки ўзини ҳаммадан бошқача қилиб кўрсатиш. Андижонда Мурод Умар деган рассом бор. Андижонга унинг кўргазмасига борганмиз. У бизнинг машҳур рассомимиз Шуҳрат Абдурашидов йўлидан кетмоқда. У ҳам реалистик портретларни яратишга ҳаракат қилибди, аниқ ва реалистик тасвир йўлида бўлмаса-да, тасвирларни реалистик тарзда ишлашга ҳаракат қилган. Бу ҳам ўзига ҳослик. Устозга ўхшатиш яхши, лекин ҳар кимнинг ўзига хослиги бўлиши янада муҳим.

Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун