Зуҳриддин Исомиддинов

УСМОНЛАРДАН БИРИ ЭДИ…

ХХ аср ўзбек адабиётида Усмон отли шоирлар кўп. Барчасини эслашим мушкул, аммо Усмон Носир, Усмон Азим, Усмон Қўчқор исмлари лоп этиб ёдимга келди. Уларни элимиз яхши билади.

Ана шу адаш-отдошлар даврасида алоҳида ўрнига эга, ёшига кўра – Усмон Носирдан кейин иккинчи ўринда турадиган Усмон Темур, бир пайтлар таниқли ўзбек шоирларидан бири эди. Усмон Тоштемиров адабиётга шоир бўлиб кирган, бир умр шеър, адабиёт дунёсида яшаган, ўзидан каттагина адабий мерос қолдира олган адибдир.

Ярим аср аввал Ўш вилоят “Ленин йўли” ўзбек газетаси таҳририятида эллик нафарга яқин ходим ишлар, газетанинг ҳар сони ўртача ўттиз минг нусхадан, ҳафтада беш бора чиқиб турарди. Турсунбой Адашбоев, Шавкат Раҳмон, Абдуғани Абдуғафуров, Талъат Солиев, Холдоржон Қуронбоев, Мирзоҳид Мирзараҳимовдай ўткир адиблар журналист сифатида меҳнат қиларди. Турсунбой Адашбоев кўпинча Жалолобод туманларига, Усмон Тоштемиров эса Аравон, Новқат, Қадамжой, Тошкўмир, Сулукта каби жойларга бириктирилган махсус мухбир ҳисобланарди. Уларнинг ҳаммаси ҳафтада бир марта, ҳар душанба бўладиган “летучка”да кўринишар, йиғилиш тугаганидан сўнг қадрдонлар чақчақлашиб, бирга тушлик қилиб, кеч маҳали ҳар ким ўз “ҳудуди”га қараб жўнаб кетарди.

Шу билан бирга, белгиланган ва газета муҳаррири томонидан тасдиқланган рўйхатга кўра, ҳар бир адабий ходим ва бўлим мудири газетанинг муайян сони чиқишида “навбатчи муҳаррир” сифатида таҳририятга келиб, чоп этилаётган материалларни ўқиб, имзо қўйиб, эртаси тонгда чиққан янги газетадан икки-уч нусха олиб кетар эди. Жумладан Усмон Тоштемировнинг навбати ҳам тез-тез келиб турар, маериаллар кечиккани ёки электр ўчиб қолгани сабабли, деярли ҳар тун ухламай тонг оттирардик, тонгда уй-уйимизга машина элтиб ташларди. Ана ўшандай ғайритабиий тунларда ҳар бир ходимнинг феъл-атвори яққол кўриниб қоларди. Масалан, ярим тунда чироқ ўчса, зимзиё хонасидан бир амаллаб бизнинг ёнимизга келган Абдуғани Абдуғафуров мумтоз ашулаларни бир бошдан куйлай бошлар, хонада биттагина шам милтираб турган бундай шоми ғарибонда неча асрлар аввал яралган бу оҳанглар кишига алланечук кучли таъсир қилар эди.

Усмон ака эса бироз бунинг акси: кулгили ҳангамаларни, бошидан ўтказган ғаройиб воқеаларни айтиб, ҳаммани ўзига ром этарди. Умуман, нафақат бундай нимқоронғу оқшомлар, балки исталган вақтда, исталган ҳолда Усмон Темур бор экан, қаҳқаҳалар тинмас эди. Шоир ниҳоятда ҳаётсевар, ўзиям тик қад-қоматли, келишган йигит эди.

1970 йилнинг кеч кузида Турсунбой Адашбоев билан Аравонга бориб, Усмон акаларнинг ховлисига ҳам кириб ўтдик. Бу маҳалда шоирнинг отаси тирик эди. Чол бироз бетоб бўлиб турган экан, ҳол-аҳвол сўрашиб қайтдик. Ўшанда кўзим тушди, Усмон Тоштемиров мотороллер сотиб олган, миниб юрар экан. Мотороллер деганингиз, мотоциклга қараганда анча “маданий” бир улов тури – худди стулда ўтиргандай ўтирасиз, овози юмшоқ, осонгина бошқариб кета берасиз. Ҳақиқатан, Усмон ака ёш, маданиятли бир йигит сифатида қишлоқда ана шунақа янгиликларни жорий қилишга ишқивоз эканини пайқаганман.

Аниқ ёдимда йўқ, чамаси 1972 йиллар эди шекилли, Усмон ака Тошкентда, “Гулистон” журнали таҳририятида ишлади. Бу пайтда у кутилмаган ташбеҳларни қойиллатиб қўллай оладиган яхши бир шоир сифатида хийла танилиб қолганди. Катта адиб, улуғ инсон, шу журналнинг муҳаррири Асқад Мухтор Усмон Темурни, Саъдулла Аҳмадни, Абдухалил Қорабоевни… хуллас, ўнга яқин ана шундай умидли ижодкорларни қаноти остига олган эди.

Тасодифан етмишинчи йиллар охирида Усмон ака икков Тошкент-Ўш рейсидаги самолётда ёнма-ён гаплашиб келдик. Ўша пайтларда ёш ёзувчи Алишер Ибодиновнинг “Бинафша ҳиди” деган ҳикояси “Гулистон” журналида чоп этилган, бу адабиётимизда катта воқеа саналган пайтлар эди. Мен шу ҳикоя ҳақида сўз очиб, унинг журнал таҳририятига қандай келганини суриштирдим.

– Бу ҳикоя келиб менинг қўлимга тушди, – деди юзлари ёришиб Усмон ака. – Мен ҳам ўша ёзувчи йигит каби, армияга чақирилиб, ҳарбий флотда хизмат қилганим учун бу денгизчи менга аллақандай яқиним бўлиб туйилди. Ҳикоясини ўқиб кўргач, дарров Асқад Мухтор домлага олиб кирдим. Биласизми, “Бинафша ҳиди”да шу пайтгача ёзилган “ура-ура” ҳикояларга тескари бир нарса бор эди. Яъни, қизнинг камбағал оиладан эканлигини эшитган йигит бир лаҳзагина иккиланиб, сўнг “Йўқ, мен у билан турмуш қура олмайман, мен олдинда тўқ ва бой, фаровон ҳаёт кутяпти”, дейди. Аввалги асарларда эса йигит камбағал қиз томонга ўтар эди. Мана шу дангаллик, асардаги мана шу янгилик ёқди менга. Асқад Мухтор домла ҳам фикримга қўшилди. Жуда тез тайёрлаб, чоп эттирдик, – деб айтди.

Қарасам, Усмон ака бир журналист ва муҳаррир сифатида бу орада анча ўсган экан. Асқад Мухторнинг Усмон Темурга алоҳида меҳр берганлигини Қирғизистон халқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғафуров ҳам яқинда адибнинг ижодий кечасида алоҳида таъкидлаб  ўтиши бежиз эмас.

Усмон Темур аввало шоир эди. Ижод сирларига ошно эди. Унинг арзиҳол сифатида битган бир шеърини келтириб, фикримизни далилласак:

 

Кимдир хафа турса, мен хандон кулсам,

Кимнингдир чақирганин уқсам гар аранг,

Тош йўлнинг ўртасида ўйланиб қолсам,

Бехосдан юзимга тўлса қизил ранг,

Капалак учишига жим нигоҳ солсам,

Оддий нарсага ҳам бир зум қолсам танг,

Ва… бир кун юрагим ёрилиб ўлсам,

Сабабин шоирлардан, илҳомдан сўранг!

 

Албатта, мен тилга олган ижодкорларнинг кўпи ХХ аср адоғида ёшлари олмишдан ошиб, пенсияга чиқишди, “бозор иқтисодияти” замонининг палахмон тоши уларнинг бир пайтлардаги романтик орзу-умидлари ойинасини чилпарчин қилиб ташлади. Бу даврда кўп шоир ва ёзувчиларнинг қўли қаламдан совугани ҳам рост. Гап фақат иқтисодий қийинчиликларда ҳам эмас, балки аввалги қадриятлар қадрсизланаётган, илгари қоралаб келинган мол-дунёга ҳирс, фаҳшни оддий ҳолат деб билиш, ахлоқсизлик қадрият даражасига кўтарила бошлаган бу даврда кўпгина адиблар ижодни тарк этиб, тирикчилик кўйида хонанишин бўлиб қолганлари ҳам бор гап.

Аммо қачон Усмон Темур ҳақида ўйласам, Абдулла Ориповнинг бир шеъридаги “Учқур хаёл соҳиби йигит Яшар эди сокин қишлоқда” деган мисралар ёдга тушади Усмон ака, ҳақиқатан ҳам, бошқаларга унча ўхшамайдиган, чинакам учқур хаёл соҳиби эди, биз айтган бозор иқтисодиёти замонини у ўзи учун бироз узлатга чекиниш, бафуржа ижод қилиш, ёзганларини жамлаш, бошқа тиллардан таржима қилиш учун имконият деб қабул қилди – ёмонликни яхшиликка айлантира олди.

Менга Усмон Темур асарларининг ўнга яқин жилди етиб келган. Уларни варақлаб ўтириб, адибни ўзим учун янгитдан кашф қилдим:

Усмон ака, ўзбекчадан ташқари, қирғиз ва рус тилларида ҳам шеърлар ёзган экан, уларнинг ўзиёқ бир китоб ҳажмида.

Киройи бир журналист бўлибгина қолмай (ҳолбуки, шунинг ўзи ҳам бир йигит умрининг ҳавас қилса арзийдиган якуни бўлиши мумкин эди), минглаб шеърлар, ўнлаб қиссалар, жуда кўп романлар ёзибди.

Кўп жилдлик “Асарлар”ининг илк китобидаги “Ўзим ҳақимда ўзим” деган кириш сўзида ёзишича, Жанубий Қирғизистондаги ўзбек ижодкорлари бошини қўшган “Илҳом” адабий тўгараги (кейинчалик – клубга айланган)ни тузиш ташаббуси Усмон акадан чиққан, унинг органи бўлган ҳафтанома ҳам айнан Усмон аканинг саъй-ҳаракати билан чоп этилиб турган. Бунинг ўзи ҳам катта ташкилотчилик қобилияти, илҳом билан, чарчаш нималигини билмай ишлаш самараси, албатта.

Нашр этилган кўп жилдлигининг ҳаммасида, ҳар бир китоб поёнида “Меҳмонларим” деган бир бўлим бор – унда адибнинг қирғиз, рус ва бошқа тиллардан шеърий ва насрий таржималари ўрин олган. Буни таъкидлаб айтаётганимнинг сабаби, 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан чоп этилган юз жилдлик тўплам – “Туркий адабиёт дурдоналари”нинг тўққиз жилди қирғиз сўз санъати таржималарига ажратилган бўлса, уларнинг кўпига Усмон Темур таржималари тайёр ҳолда кирди, нашрга тайёрловчиларнинг иши осонлашди, чунки Усмон Темур таржималари “таҳрир”га, “тузатиш”га муҳтож эмас.

Мен бу ўринда Усмон Темурнинг “Асарлар”и ҳақида батафсил тўхталиб ўта олмайман, бу – анча катта вазифа. Отасидан қолган улкан адабий меросни жилд-жилдларга тақсимлаб, ҳар бирини камида 300 нусхада китоб қилиб нашр эттириб Қирғизистонлик адибларга, кутубхоналарга, мактабларга текин тарқатаётган фарзанди Ўткиржоннинг айтишича, Усмон аканинг шеърлари, ҳикоялари, достонлари, драматик асарлари, қисса ва романлари, ўзга тиллардан қилган таржималари… буларнинг бари камида 25 жилд бўлар экан.

Уларнинг жанрларини илмий тавсифлаш учун бутун бошли мақола битиш лозим бўлади. Одатдаги шеърлар, оқ шеърлар, Асқад Мухтордагина учрайдиган мактуб шеърлар, буларнинг ҳар биридаги ўзига хос тароват…

Ғазаллари-чи…

Турку деган шеърий жанрни, назаримда, адабиётга Усмон Темур олиб кирган. Бор-йўғи 6 мисрадан иборат бўладиган, номланиши эса, адашмасам, японларнинг “хокку” шеърларидан олинган (хокку-турку), дастлабки тўртлиги “а-в-б-а” тарзида, сўнгги икки мисраси эса “в-в” тарзида ўзаро қофияланадиган бу жанрда Усмон Темур ниҳоятда пишиқ, ҳаётий хулосаларни ихчам ва лўнда қилиб бадиий ифодалаган.

Мен бу дилбар шоирнинг, адибнинг, драматургнинг, таржимоннинг қўлимдаги тўпламларини варақлаётиб, бир нарсага эътибор бердим: китоблар жуда майда ҳарфларда босилган. Кейин санаб чиқдим – ҳар сатрда 73 белги бор, ҳар саҳифада эса 48 сатр. Бу дегани, ҳар бетда 3500дан ортиқ белги, ушбу “Асарлар”нинг ҳар бири ўртача 240 бет бўладиган бўлса, ҳар бир жилд – 840-850 минг белги дегани. Энди, “тежамкорлик” қилмасдан, рисоладагидай босилган китобда эса ҳар бетида 52 белги, ҳар саҳифада 34 сатр, шунча варақ китобда эса 425 минг белги бўлади. Яъни, Усмон Темурнинг бу китоблари аслида ҳар бири ҳозиргисидан икки баравар катта бўлиб, 480-500 бетдан – улкан китоб бўлиб чиқиши керак эди. Афсуски, боя айтганимиз “бозор иқтисодиёти” бу нашрларга ҳам ўз касрини текизди.

Насиб этса, яқин йилларда Усмон аканинг барча адабий ижоди, ўзи тайинлаганидай, 25 жилд бўлиб, тўлиқ босилиб чиқади. Бу ишга эса тўрт ўғил ва икки қиз фарзандларининг тўнғичи, Чинггиз Айтматовнинг машҳур ҳикояси номи билан атайдиган бўлсак, отадан қолган туёқ – Ўткирбек доимгидай шай.

Хўш, Усмон Темурнинг йигирма беш жилд асарлари чоп этилса, нима бўлади, дейсизми? Оламшумул иш бўлади – минг йиллик ўзбек адабиёти тарихида ҳали ҳеч бир ижодкорнинг асарлари 25 жилдда нашр қилинмаган.

Раҳматлик Усмон Темур ана шундай улкан ижодкор эди. Кўпларимиз пайқамай ҳам қолдик – азим дарё каби сокин ва тинч оқиб ўтди унинг умри.

Азим дарё сокин, тинч оқади, дедик. Шундай. Ҳайқирмайди, пишқирмайди, улуғ ишини қилиб, ташна заминга обиҳаёт етказаверади.

Азим дарё каби бўлган Усмон Темур ҳам камтарона яшаб ўтди, ҳеч кимдан ҳеч нимани таъма қилмади, ҳукуматнинг бирон фахрий унвонига, орден-порденига номзодини тиқиштирмади, чунки ўзи ёзганидай, “шоирни олган унвони эмас, ёзган асари эъзозлайди”. Бу гап башорат бўлиб чиқди: шу йил ўрта мактаблардан бирида ўтказилиши режалаштирилган Усмон Темурнинг ижодий кечаси кутилмаганда Ўш ўзбек мусиқли академик драма театрининг муҳташам биносида, зал тўла одамлар билан билан бўлиб ўтганлигининг ўзи ҳам бунинг бир тасдиғи, бир исботи эмасми?

Яндекс.Метрика