ТУРСУНОЙ КИМ ЭДИ?

 

Шундай одамлар борки, улар сиз ҳеч кимдан эшитмаган, ғаройиб топилма каби қадрли бўлган гапларни сўзлаб беришади. Афсуски, улар айтган нарсаларнинг кўпи ёзиб олинмайди, бир-икки одам эшитади-ю, шу билан унутилиб кетиши ҳам мумкин. Кекса ўзбек журналисти Ҳамиджон ака Султонов бундан ўн йилча аввал бир суҳбатда менга шоир Уйғуннинг бир мувашшаҳи ҳақида гапириб берган эди. Шундоқки, Ўш шаҳридан Тошкентга келган ва бу ерда санъат билан шуғулланишга аҳд қилган гўзалгина бир ёш қиз ўткинчи мақтов ва ҳой-ҳаваслардан боши бироз айлангандек, ҳуснига биноси ортгандек бўлади. Албатта, бу ҳол санъат йўлида илгарилаш тугул, унинг ижоди ва ҳатто ҳаёт йўли учун ҳам нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Уйғун уни шундан огоҳлантириб, юмшоқ усулда насиҳатомуз тарзда унга бир мувашшаҳ бағишлайди:

Ўшдаги Хўжалар гузаридан чиққан бу санъаткор қиз – бирмунча вақт Тошкентда дилбар рақслари билан дилларни ром айлаган Турсуной эди. “Қилма” радифли замонавий мувашшаҳ ҳозир қўшиқ қилиб айтилади. Унда муаллиф қизнинг санъатига офарин айтади, бироқ ҳаволаниб кетмасликни, ҳамиша хулқу ҳаёли, назокатли бўлиш зарурлигини уқтиради:

 

Тарк этма назокатни, хулқингга жафо қилма,

Иззатни бериб елга, беҳуда сафо қилма.

 

Умрингни хароб этма ўткучи ҳавас бирлан,

Ишқ бошқа, ҳавас бошқа – бу йўлда хато қилма.

 

Рухсори гўзалларга одобу илм лозим,

Инсоний камолотни ҳуснингга бино қилма.

 

Сен нози муҳаббатсан, гулшанда гули раъно,

Ишқингни кўча-кўйда юргучи гадо қилма.

 

Уйғонди чаманларда, чок этди яқо булбул,

Куйдирма у шайдони, бас энди наво қилма.

 

Ноз этма, садоқатлик ошиққа тараҳҳум қил,

Кўнглига ғараз тўлган номардга имо қилма.

 

Одоби гўзалларнинг санъати топар равнақ,

Санъатга хилоф ишни руҳингга ғизо қилма.

 

Ёд айла гаҳи, Уйғун исмингни баён этди,

Шеърига қилиб маржон, сен унга жафо қилма…

 

Бу шеърдаги ҳар бир байтнинг биринчи товуши кетма-кет тузилса, «Турсуной» сўзи келиб чиқади. Шундай  исмли бу раққоса ким бўлган, унинг кейинги тақдири қандай кечган, буни аниқлай олмадик. Бироқ мазкур мисолдан, мувашшаҳда ҳам муҳим фикрларни, ахлоқий-таълимий ғояларни ифодалаш мумкинлиги аён бўлади.

Маълумки, яна бир машҳур санъаткор, Қирғизистон халқ артисти, беназир овоз эгаси Тожихон Ҳасанова ҳам Ўшнинг Хўжалар гузаридан бўлган. Демоқчимизки, Ўшда кўпгина санъаткорлар ҳали барҳаёт. Санъаткорларгина эмас, Ўшлик ўзбек ижодкорларини яхши биладиган, улар ҳақида маълумот бера оладиган кишилар ҳам бир талай. Тошкентлик бир журналист одамнинг ёдидаки шундай қизиқ бир маълумот қолибдими, демак, Ўшда ўша Турсунойни биладиган, ҳаётининг давомини айтиб бера оладиган ихлосмандларнинг топилиши ақлга тайин гап.

Кейинги беш-олти йил ичида Ўшдан чиққан машҳур одамлар ҳақида бир неча китоблар ёзилди, улар орасида санъат аҳли ҳам кўп бор тилга олинди. Шундай экан, бунга бефарқ бўлмаган одамларнинг сўраб-суриштиришлари орқали шундай катта бир шоирнинг эътиборига тушган, унинг оталарча панд-ўгитига қулоқ осган Турсуной опанинг кимлигини биладиган одамлар топилса ажаб эмас.

Яна бир гап. Тошкентда истиқомат қиладиган Ўшлик санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, эл ичида “Муҳаммад гармонь” деб танилган Муҳаммаджон ака Шокиров бир даврада яқинда қайта ташкил этилган машҳур “Баҳор” рақс ансамблига ўзининг мусиқа раҳбари этиб тайинланганини, эндиликда бу ижодий дастанинг репертуарини янада бойитмоқчи эканини айтган эди, камина бир маҳаллар мароқ билан томоша қилганимиз – “Қўғирчоқ” деган рақс бўлганини, кейинги йилларда ижро этилмай қолганини айтдим ва уни тиклаш зарурлигини далиллаган бўлдим. Хайриятки, бу таклифимиз инобатга ўтди: “Баҳор” ансамблининг илк янги концертида ўша “Қўғирчоқ” рақси янгитдан маромига етказиб ижро этилди.

Бу гапларни келтиришдан мақсад – кекса одамлар яхши билади, бир пайтлар бутун Фарғона водийсида, айниқса Ўшда “Кичкинажон, кичкина” деган машҳур бир куй ва унга монанд бўлган бир рақс тури бор эдики, бунда рақс тушаётган одам ижро давомида кичрая-кичрая бориб, чўнқайиб ўтирган ҳолда ўйинга тушар, охири “Нўхотданам кичикна, тариқданам кичкина” бўлиб қолар эди. Афсуски, бугунги кунда унинг мусиқаси-ку, кишилар ёдида бор, аммо шеърий матнини кўплар билмайди, фақат нақорати ёдда қолган. Уни ҳам биладиган одамлар оғзидан ёзиб олсак, оммалаштирсак, элимиз санъатининг ноёб бир обидаси қайта қад ростлаган бўлар эди.

Ўш ва унинг атрофида яшайдиган ўзбеклар муҳитида бутун халқимиз учун қадрли ва тансиқ санъат асарлари кўп яратилган. Масалан, “Ўзганча” деган бир куй асосидаги қўшиқ ХХ аср бошларида шу қадар оммалашганки, унинг ритмикаси асосида янги куй бунёд этилиб, симфоник оркестрда Ҳалима Носирова баланд пардаларда куйлаган. Ҳозирда уни Муножот Йўлчиева ижросида тинглаш мумкин.

Хуллас, Қирғизистон ҳудуди ўзбек санъатининг ўзига хос намуналарига жуда бой бир маскандир. Бу намуналарни сақлаб қолиш, унутилаётган асарларни ҳаётга қайтариш каби олижаноб вазифа бор олдимизда.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг таклифи ва даъватига кўра Ўзбекистон ҳукумати Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театри биносини тубдан реконструкция қилиб бергани ҳам бу қадим санъат масканига Ўзбекистон катта эътибор бераётганини, эътироф этаётганини, бу даргоҳ бутун Марказий Осиёда юксак қадрланишини кўрсатади. Бинобарин, ушбу ижод маскани фақат спектакль қўйиш ва концертлар ташкил қилиш билан чеграланиб қолмасдан, эндиликда  катта маданий-этнографик ишларни ҳам олиб бориши, ўзбек маданияти ва маърифатининг чинакам ўчоғи эканини намойиш этиши лозим, деб ўйлаймиз.

Юқорида тилга олинган Турсуной отли раққоса қиз ва унинг ҳаёт йўлининг давомини аниқлаш, шунингдек, “Кичкинажон” сингари унутилаётган санъат асарларини эсга олиб, уларни ҳам ҳаётга қайтариш – ана шу улкан ишнинг кичик бир дебочаси, бўлади, албатта.

 

                                                                                          Зуҳриддин Исомиддинов

Тошкент

Яндекс.Метрика