ТУРСУНБОЙ АДАШБОЕВНИНГ ИЗДОШИ..♫

Арслон Расул (Мамарасулов) 1962 йилда Ўшда туғилган. 1969 йили Ўш шаҳридаги М. Горький номли мактабга ўқишга борди. Тўққизинчи синфда ўқиб юрган пайтидаёқ «Ленин йўли» вилоят газетаси таҳририяти қошидаги «Илҳом» ижодкорлар клубига аъзо бўлди. 2000 йилда шоирнинг илк китоби «Сулаймон тоғ афсонаси», сўнг ватанпарварлик туйғусига бой «Оқбурасой қўшиғи» шеърий тўпламлари нашрдан чикқан.

СИГИРИМГА ОЛҚИШ

Зўрсан, ювош говмушим,

Икки челак сутинг бор.

Ҳар куни тушар тушум,

Баракаю қутинг бор.

Хизмат этган бувамга

Барча уруғ-аймоғинг.

Сутни қуйсам кувамга,

Томар қўйиқ қаймоғинг.

Ойим билан саҳарда

Хушҳол йўлга отланиб,

Мижозларга шаҳарда

Сут сотамиз шодланиб.

Совға олдик ҳаммага,

Сўнг танла, деди, Фарид.

Сут пули – жамғармага,

Смартфон килдик харид.


ОВСИНЛАР

Янгамда бор уч тулки,

Биз бўрилар тўрттамиз.

Уч қизнинг ҳам зўр хулқи,

Жуда иноқ ўртамиз.

Яшар яраш-ярашда

Бувим икки келини.

Тушунар бир қарашда

Бир-бирининг феълини.

Ўн йил битта эшикда

Келишмаган бетма-бет.

Ётганмиз бир бешикда,

Еттимиз хам кетма-кет.

Онам бўлганда хаста,

Янгам мени эмизган.

Оқ сут билан пайваста

Дил меҳрини томизган.

Бувимнинг ҳар ишига

Шай турар уч қақажон.

Гоҳ тегсам ҳам ғашига,

Сиз зўрсиз, – дер, – акажон!

– Сизга оға-ини-да,

Дер янгам ҳам ён босиб.

Пахта гулли чиннида

Чиқар ошга нон босиб.

Икки аҳил овсиннинг

Яшнаб турган гулимиз.

Ҳур, бахтиёр наслнинг

Мангу битмас йўлимиз.


ҚАРИ ИТНИНГ ҲАСРАТИ

Ҳовлида бор ёвуз ит,

Деб осилган суратим.

Ётаман гоҳ бўлиб хит,

Туришга йўқ журъатим.

 

Ёзув учун хўжамни

Койиб аста увлайман.

Қўриб товуқ, жўжани,

Мушук кирса қувлайман.

 

Ниятингиз бўлса оқ,

Қўрқмай эшик очингиз.

Чўчиб кетсангиз ҳар чоқ

Буғ чиқарар сочингиз.


ҚЎНҒИРОҚ

Дарсга чорлаб барчани,

Жиринг, дейди қўнғироқ.

Синфларга шошилмай

Киринг, дейди қўнғироқ.

Дарсга барвақт келингиз,

Бўлсин гўзал феълингиз.

Кўксингизда қўлингиз

Юринг, дейди қўнғироқ.

Берилганда топшириқ,

Ишланг бўлмасдан тирриқ.

Дўстларга ҳам йўл-йўриқ

Беринг, дейди қўнғироқ.

 

Лойиқ бўлинг олқишга,

Куёш мисол балқишга.

Тайёрман, деб ҳар ишга

Туринг, дейди кўнғироқ.


ҚАЙЧИНИНГ АРЗИ

Бичилган ҳар матоҳни

Бир маромда қияман.

Қилмайман ҳеч хатони,

Ўз ишимни суяман.

Қўлга олса Зубайда,

Тутоқаман, куяман,

Хонага майда-майда

Қийқимларни уяман.

Ўзгарар гоҳо ўйим,

Эзгуликка йўяман.

Ўхшамас ҳеч бир буюм,

Анқов киздан тўяман.

Онаси кайтгач ишдан,

Қулоғига қуяман.

Девордаги илгичдан

Пастга тушмай қўяман.


ЁНҒОҚ ТУШДИ

Малик ясаб тайёра,

Қоғоз шаклин яратар.

Кўкда кўп, дер сайёра,

Барчани лол қаратар.

 

Лекин зинҳор ўтолмас

Хаёлотдан нарига.

Сира англаб етолмас,

Билим керак барига.

 

Унинг жуда ёш чоғда

Сочларига оқ тушди.

Ухлаб ётган он боғда

Бошига ёнғоқ тушди.

 

Чақиб кўрган дам Малик,

Ёнғоқ ичи пуч экан.

Текширгандим кундалик

Тўла икки, уч экан…

 

Айтдим оқшом палласи,

Оғир ботса ҳам зеро.

Пуч бўлса бу калласи,

Қандай қилсин ихтиро?


ОҚБУРАСОЙ

Шодон елиб жўшади,

Гижинглаган тойим бор.

Шаҳримга кўрк қўшади,

Шўх Оқбура сойим бор.

 

Тўлдираман кўзани,

Уйда хуштаъм чойим бор.

Қорли тоғлар ўзани

Шўх Оқбура сойим бор.

Болаликда оқ тошга

Сирлар битган жойим бор.

Айланган дўст, сирдошга

Шўх Оқбура сойим бор.

Сезар шодон палламни,

Куй, қўшиққа бойим бор.

Ол, дер, қўлга қаламни,

Шўх Оқбура сойим бор.

Шеърим унга армуғон,

Қувноқ, эркатойим бор.

Мавжланиб оқсин ҳар он,

Шўх Оқбура сойим бор!


ГУГУРТ НИМА ДЕЙДИ

Бўйим анча пакана,

Шўх жинман, бўз йигитман.

Дерсан у ким экан-а,

Қўлингдаги гургутман.

Тор хонага жойлашган

Қирқта миттивойлармиз.

Ҳушёр буйруқ пойлашган,

Жасоратга бойлармиз.

Бизлар билан эҳтиётроқ

Бўлиб қилгин муомала.

Қўл куйдириб чекди оҳ,

Титимсак қиз Камола.

Сергак бўлинг, яхшилар,

Деб тутоқиб, кўямиз.

Ёмон қўлга тушсак гар,

Дунёга ўт қўямиз.


ДЎСТЛИК

Лол боқаман мен ҳар дам

Бу ҳол бўлганда содир.

Дарс пайти берар ёрдам

Санобарга Баҳодир

Парталарда ёзув бор,

“Баха + Санобар”.

Ҳар бирида ҳар хилдир

Не учундир баробар.

 

Иноқликни, дўстликни

Севгига йўйиш шартми?

Баъзиларга ҳайронман,

Партани ўйиш шартми?

Айрим синфдошларга

Айтар ҳақ гапим шудир:

Йигит ва қиз дўстлиги

Энг нозик ҳис-туйғудир.


СЎРАМАЙ КИРГАЧ

–Тумшуғингни шақ қилдинг,

Тонг чоғи «тўқ-тўқ» қилдинг.

Сўйла, ҳой қизилиштон,

Сен кимларга дўқ қилдинг?

– Ҳар дарахтнинг сирти бор.

Унда ёғоч қурти бор.

Кириб олган сўрамай,

Очкўзларнинг юрти бор.

«Тўқ-тўқ» қилиб эшигин,

Мен излайман тешигин.

Тушларимда тинглайман

Дарахтлар шод қўшиғин.

Ҳеч тинмай иш қиламан,

Жазолашни биламан.

Гар етмаса тумшуғим,

Қуртни чўпга иламан.

Яндекс.Метрика