Шу кунларда Халқаро туркий академия ва Турк лингвистик жамияти Боку шаҳрида ташкил этган умумтуркий алифбо комиссиясининг сессияси бўлиб ўтганидан хабар топдик. Бу сессияда лотин ёзуви негизидаги янги алифбо лойиҳаси тақдим этилди. “Умумтуркий” деб аталган бу янги алифбони барча туркий давлатлар қабул қилиб оладими, жорий этиладиган бўлса – қачон, бу алоҳида масала. Чунки ўн олтита унлидан фойдаланадиган туркий халқлар ҳам бор. Аммо нима бўлганида ҳам, суҳбат чоғи бир-бирини осон тушунадиган туркий халқлар вакиллари ёзма манбалар орқали мулоқотга киришганда алифбодаги тафовутлар сабаб (кирилл алифбосида ҳам, лотинчасида ҳам), бирмунча қийналиб қолиши бор гап, демак уни бартараф этиш зарур эди. “Ягона алифбо” ишлаб чиқилганининг ўзи туркий дунёда интеграциялашув кучая бошлаганини кўрсатади.
Албатта, алифбони унификация қилиш – маъқул тадбир, бироқ бизнинг ўзаро яқинлашувимиз йўлидаги энг катта тўсиқ аслида бу эмас. Хўш, ўша “катта тўсиқ” нима? Шуни гаплашайлик.
1991 йил Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон ва Туркманистон – бу беш туркий давлатнинг мустақилликка эришиши тангри таолонинг бизга улуғ инояти бўлди. Аммо тарихнинг ғаройиботини қарангки, бу истиқлол муттасил давом этиб, тобора кенгайиб-кучайиб борган миллий озодлик ҳаракати натижасида эмас, балки Беловежье овлоғида йиғилган уч давлат раҳбари қарорига кўра қўлга киргани боис, мустақиллик мафкурасини мустақиллик эълон қилинганидан сўнг шакллантиришга тўғри келди.
Элни уйғотиш, юмилиб кетай деб турган кўзини очиш лозим эди. Йўқса, осмондан тушгандай бу истиқлолнинг қадрини кўплар билмасди ҳам.
Аммо ана шу ниятни амалга оширишда кўп давлатлар, назаримизда, ғалат бир йўлни танлаб олишди – истиқлол мафкурасининг негизига, ҳушёр бўл, сен улуғ аждодларнинг зурриёдисан, бизнинг миллатдан чиққанлар ўтмишда филдай улкан бўлишган, деган гапни уқтириш қўйилди.
Ҳар бир мамлакат тарихчилари миллат доҳийларини, қаҳрамонларини, алломаларини қидириб топишни бошлаб юборди. Бунинг учун турлича йўл танланди. Биринчиси – Марказий Осиёлик атоқли олим ва адибларни, қаҳрамонларни “бизнинг улусдан” деб кўрсатиш, уларни “бийлаб олиш”. Масалан, Амир Темурни ўзбеклар ўзбек, туркманлар туркман, қирғизлар қирғиз миллатига мансуб деб кўрсатадилар, бунинг учун далил-исбот келтирилмайди, гўёки, тамом-васалом! Бу ҳам кам кўриниб, Амир Темурнинг авлодлари (Улуғбек, Бобур…) ҳам ўша халқники деб санала беради.
Иккинчиси (бу энди совет давридан бери давом этиб келади) аллома бугунги қайси республика ҳудудида туғилган бўлса, ўша давлатники деб ҳисоблаш. Шунинг натижасида, масалан, Абунаср Форобий қозоқ муаррихлари томонидан, Юсуф хос Ҳожиб қирғиз тарихчилари томонидан бийлаб олинди. Бу гап Беруний ва Ибн Сино сингари жаҳоний олимларнинг “кимники” экани борасидаги тортишувларга ҳам тааллуқли. Савол туғилади: бугун улоқ каби тала-торт бўлаётган ўтмишдаги улуғ шахсларни Марказий Осиёлик муштарак алломалар деб тан олсак, бундан ким нимани ютқазади? Уларни талашиш эмас, ўрганиш лозим эмасми?
Марказий Осиё 1924 йилда Масков томонидан миллий республика (давлат)ларга ажратилган, чегаралари ҳам ўша ёқда белгиланган. Бунга атиги юз йил бўляпти. Ундан аввал жаҳон харитасида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон деган давлатлар бўлмаган. Хонлигу амирликлар тузилиб-тарқаб тургани бор гап. Бу ўлка гоҳ “Мовароуннаҳр”, гоҳ “Ўрта Осиё”, гоҳ “Туркистон” деб аталган. Ким билади, яна бир замон келар, миллий мухториятлар сақланиб қолгани ҳолда, яхлит бир ватан қад ростласа, ажабмас. Шунинг учун “оғалар” белгилаган чегараларни муқаддас деб билиш, ҳар бир қарич ерни қўшни-қардош элдан ҳарислик билан қўриқлаб, тиконли симлар билан ўраб олиш мустақиллик белгиси эмас, балки ҳануз Масков чизган чизиқдан юришни англатади. Ҳолбуки, илғор Европада чегаралар тобора бартараф этиляпти.
Эътибор қилган бўлсангиз, гап тарих соҳасига қараб бурилаётир.
Тарих беқиёс қудратли – дунёдаги ҳеч қандай куч уни ортга қайтара олмайди. Айни пайтда, энг ожиз нарса ҳам тарих – ҳар ким уни ўзича талқин қилиб, ўзгартира беради.
Буюк сиймолар “эгаллангани”дан сўнг тарихнинг ўзини ҳам қайта ёзишга киришилди. Аввало, бунга эҳтиёж бор эди. Шўро давридаги дарслик “СССР тарихи” деб аталса-да, мундарижаси 99 фоиз Россия, унинг улуғ ва буюклиги, барча ғалабалар – Россия ҳарбийлариники, барча илмий кашфиётлар рус олимлари томонидан амалга оширилгани ҳақида бўлар эди. “Марказий Осиёликлар жоҳил ва саводсиз, хонлар эса ишратпараст бўлгани”ни ўқиб ўсганмиз. Бошқа нарса деярли йўқ.
Шунинг учун тарихни бошқатдан барпо этиш, асл ўтмишимизни ёритиш керак эди. Бироқ бунга олимлар эмас, ёш мустақил давлатларнинг раҳбарлари бел боғлаб, тарихчи олимларга уни қанақа ёзиш кераклигини кўрсатиб бердилар. И. Каримов – инженер, Н. Назарбоев – металлург, А.Ақаев – физик олим, Э.Раҳмон – иқтисодчи, С.Ниёзов – инженер эдилар, бирови ҳам тарих мутахассиси бўлмаган. Бироқ бу уларга “Руҳнома”, “Қирғиз давлатчилиги ва “Манас” халқ эпоси” сингари тарихни фальсификациялашнинг классик намуналарини барпо этишга халақит бермади. Бу каби асарларда шу раҳбар мансуб бўлган миллат Марказий Осиё тарихида етакчилик ролини ўйнагани, барча улуғлар улардан экани даъво қилинади. Яъни, Россия тарихи тарзи бу минтақага кўчирилиб, давом этди.
Албатта, давлат етакчисининг фикр-қараши, муносабати олимлар учун раҳбарий-методологик характерга эга бўлади. Тарихни ўз фойдасига бузиб кўрсатган бу китобларга эргашган муаррих олимлар янада давом этиб, биз энг қадим миллатмиз, давлатчилигимиз тарихига 9 минг йил бўлди, деган даъволарни майдонга ташладилар. Бундай китобларда “Берунийнинг асл исми Беруний эмас, Бўри эди”, “бизнинг миллатдан бўлган Амир Темур яна миллатдошимиз Аҳмад Яссавий турбати узра мақбара қурдирган”, “бизнинг тил – Худонинг тили”… сингари алжирашлар бисёр.
Буларни келтиришдан мақсад айбини очиш эмас, “тарих”, “илм” либосини ёпинган манфур улуғмиллатчилик, шовинизмни кўрсатиш, холос.
Мен Амир Темур ва Бобур ўзбек эмас, биздан, деб тортқилаётган туркман орқадошлардан, Марказий Осиёнинг ўтмиши – асосан Алашўрда тарихидан иборат, деб уқтираётган қозоқ тарихчиларидан, тожигу қирғиз, ўзбегу қорақалпоқ олимларининг шу қабилдаги эҳтиросли даъволаридан мисол келтираверадиган бўлсам, гап кўпаяди, холос. Афсусланарлиси, бундай асарлардан мактаб, олий ўқув юртларида дарслик, ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланиляпти. Чунончи, Қ.Сидиқованинг бояги китобларини Қирғизистон Билим ва маданият министрлиги чоп этиб, олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув қўлланмаси сифатида тақдим этган. Бошқа давлатлардаги таълим даргоҳларида ҳам шу руҳда ёзилган, “бу атрофда биз энг қадимги, энг улуғ миллатмиз”, деган даъво билан ёзилган тарихлар болаларга уқтириляпти. Марказий Осиёда неча ўн миллион мактаб ўқувчиси, неча юз минг талаба шундай “кашфиёт”ларни ўқиб-ўрганяпти, дилига, онгу шуурига шу руҳни жо этяпти. “Янги” тарихни ўқиб-ўрганган, шу руҳда тарбия топган болаларнинг олди ҳозир қирқ ёшда: жамият ўзагини ташкил қилади. Биз эса, масалан, қўшни давлатда бўлиб турган кишиларга нисбатан нодўстона муносабат (масалан, милиция ходимлари томонидан) қандай пайдо бўлганини била олмай, қийналамиз. Уларни шундай ишончсизлик, бошқа эл вакилларини менсимаслик руҳида ўзимиз тарбияладик, ахир.
Албатта, бундай “тарих”лар мамлакатларни, халқларни бир-бирига дўстлаштиришга эмас, унинг зиддига хизмат қилади. Илмий жиҳатдан қусури шуки, бу “тарих”лар бир-бирини инкор қилади
Истиқлолга эришганимизга ўттиз уч йилдан ошди, аммо озодлик, ҳурлик эйфорияси бизларни ҳали ҳам тарк этмади. Байроқ силкитиб, шиор айтиб ҳайқиришлар давом этаётир. Афсус, боягидай шовинистик тарих дарсликлари пайдо бўлишида ура-урачиликнинг таъсири ҳам озмунча эмас.
Башариятнинг келажаги интеграциялашувда, глобаллашувда экани бугун барчага аён. Биз бу ҳаракатга аввало Марказий Осиё халқлари умумийлигини жадаллатиш орқали қўшилсак, энг тўғри йўлдан борган бўламиз. Унинг бирламчи шарти – тарихга муносабатни муштарак ҳолга келтириб, консенсусга эришиш бўлади. Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан бугунги кунга қадарлик бир бутун тарихини яратиш олимлар олдида турган энг долзарб, энг масъулиятли, энг улуғвор вазифа қилиб қўйилса, бугунги давлат раҳбарлари эса яна аввалгилар каби, “миллат буюклиги тарихи”ни ёзишдан ўзларини тийиб, унинг ўрнига сиёсий ирода кучи билан ҳар бир мамлакатдан тегишли миқдорда танлаб олинган олимлар олдига халқларимиз орасидаги теран қардошлик алоқалари инкишоф этилган яхлит бир тарихни яқин икки-уч йил мудатда барпо этиш вазифасини қўя билишлари, янги тарих ёзиш жараёнининг молиявий ва техник жиҳатларини таъминлаб, ҳар хил дунёқарашли, ўжар ва “принципиал” тарихчиларни ягона мақсад йўлида, умумий йўл харитасидан оғишмай ишлашга мажбур қилиб, Марказий Осиёнинг умумий тарихини яратишга эришишлари керак бўлади.
Бусиз эса дўстлик тараннум этилган бадиий асарлар қанча ёзилмасин, миллий-маданий марказлару дўстлик жамиятлари нақадар жон койитиб ишламасин, буларнинг бари расмият учун, хўжакўрсинга бўлиб қолаверади.
Бунда энг қийин иш – биз таклиф қилган ғояни: биз энг қадимги элмиз, демакки, энг улуғмиз, бошқалар бизга доимо таъзимда бўлиши керак, деган бемаъни даъводан шундай даъволарни ғояларни ишлаб чиққан ва пировардида ўзлари ҳам ўз чўпчакларига ишониб қолган “олим”ларни бундай бемаъни “ҳақиқат”ларидан воз кечдира олишдир. “Қадимий”лик ҳеч қандай афзаллик бермайди, бунинг устига, бошқа элларнинг аждодлари ҳам тарихда уларнинг бобокалонлари билан бирга яшашган, фақат урушлар, ассимиляцияланиш каби сабаблар туфайли улуснинг номи – этноними ўзгарган, холос. Ҳеч бир халқнинг аждодлари бошқаларнинг аждодларидан бир неча минг йил кейин пайдо бўлмагани – аён ҳақиқат.
Шунинг учун, ўтмиш воқеликларини миллатлараро дўстлик ва биродарлик туйғуларига шикаст етказмайдиган, ўзга улуслар ҳамиятига тегмайдиган қилиб ёритиш, тарихий ўтмишни фақат ўз эли манфаатлари нуқтаи назаридан ёритишга одатланган ўта миллатчи муаррихларни бу ишга жалб этмаслик, маъқулланган тарих дарсликларини нигилистлар “тафтиш” қилишларига йўл қўймаслик даркор.
Ана ўшанда, масалан, “Лой жанги” каби унча муҳим бўлмаган воқеалар ўрнига аҳамиятлироқ воқеалар ёритилади. Ахир, сўнгги юз йилнинг нарисида ҳеч бир тарихий воқеа бугунги битта республика ҳудудида юз берган эмас; демак, тарих дарсликларида уларни ёритиш асносида “ҳудудий чекланиш”га ҳам зарурат қолмайди.
Тарихчи олимларни мана зарур, эзгу ишга жалб этиш давлат раҳбарларининг қўлидан келади, бунинг учун сиёсий ирода ишга солиниши даркор.
Пировардида, юқоридаги гапни яна мухтасар қилиб такрорлаб ўтамиз: ҳозир Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон мактаблари, олий ўқув юртларида ўқитилаётган “тарих”лар болаларда қўшни халқларга, уларнинг вакилларига нисбатан хайрихоҳлик, дўстлик туйғусини уйғотмайди. Чунки аксар дарслик ва монографиялар улуғмиллатчилик, ўзгаларга паст назар билан қараш руҳида дунёга келтирилган.
Халқаро майдонда айнан шуни маъқуллаётган кучлар бор. Уларга биз бирлашмасак, ўзаро аҳил-иноқ бўлмасак, ҳатто ора-орада ғижиллашиб турсак яхши. Бу аён, аммо пайқамайин, кўрмайин деб кўзларимизни юмиб олганмиз.
Ҳушёр бўл, то фоний умр кечади,
Тегрангда турфа хил тошлар учади, –
деб ёзган эди Абдулла Орипов. Неажаб, сиёсат чархи шундай айланар экан.
Ҳушёр бўлайлик…
Зуҳриддин Исомиддинов
Алишер Навоий институти