Туркий халқлар учун ардоқли сиймо

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Қирғиз тили ва маданияти маркази ташаббуси билан буюк ёзувчи ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган адабий кеча ташкил этилди.

Кечада таъкидланганидек, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов наинки қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо бўлиши билан бирга, Ўзбекистоннинг яқин дўсти эди. Шу боис ҳам унинг асарларини барчамиз севамиз, ардоқлаймиз.

Мазкур университетда ташкил этилган Қирғиз тили ва маданияти марказига ҳам бежиз Чингиз Айтматов номи берилмаган. Зеро, Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди.

Тадбирда университет олимлари, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

Адабий кечада Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида қайд этиб ўтилди.

Талабалар томонидан адиб асарлари сюжетига асосланган турли саҳна кўринишлари саҳналаштирилди. Шеър ва монологлар ижро этилди. Тадбир сўнгида Чингиз Айтматов номидаги Қирғиз тили ва маданияти марказининг фаол аъзоларига ташаккурномалар топширилди.

Н.Усмонова, ЎзА

манба:uza.uz

 

Яндекс.Метрика