ТОШРАБОТ (7-СУҲБАТ)

Тошработ карвонсаройи ҳозирги Отбоши тумани марказидан 80 км нарида, Қорақўйин деб аталадиган тоғ дарёси бўйида бунёд этилган. У савдогарлар ва сайёҳларнинг қўнимгоҳи бўлиб, Еттисувдан Қашқар томонга боришдаги қадимий савдо йўли узра қад кўтарган. Тошработ ўша даврда тошдан бино қилинган энг йирик иншоотдир.

Тошработ тўртбурчак хоналар ва бино ички йўлакларидан, ганч билан нақш солинган гумбазли залдан ташкил топган. Қалъа остидаги ерости йўлаклари ҳам сақланиб қолган. Икки минораси ва маҳобатли пештоқи бўлган қалин тош деворли масканда қўним топган меҳмонлар бу ерда ўзларини хотиржам ҳис этишган. Бу иморат тарихи ҳали тугал ўрганилган эмас. 1408 йилда Муҳаммадхон деган ҳоким томонидан бунёд этилгани маълум, холос. Аммо айрим “фидойи” муаррихлар турли тахминларни ўртага ташлаб, бу саройга оид маълумотларни ўзгартиш ниятида эканликларини билдириб қўядилар. Жумладан, сиёсатшунос фан доктори Қанибек Иманалиев бир мақоласида “Одамларнинг айтишича, Тошработ биносини Тоғайбий (Муҳаммад қирғиз) қурдирган эмиш”, деб ёзади. Шу билан бирга, Қ.Иманалиев ўзи ёзганидек, Муҳаммад қирғизни 1526 йилда Султон Саидхон деган ҳукмдор асир олган. Фарқи – 118 йил. Ажаб, бу бино 1408 йилда қуриб битказилган бўлса, унда бояги ботир асир тушган чоғида камида юз эллик ёшларда бўлиб чиқади-да?!

VIII-X асрларга мансуб деб ҳисобланадиган Қўшайқўрғон шаҳристони эса Отбошидан 20 чақиримча ғарбда жойлашган бўлиб, мурабба шаклдаги 250х250 метрлик бу қўрғон Қорахонийлар давлатининг шарқидаги ҳокимларнинг қалъаси бўлган. Қўшайқўрғон ҳам карвон йўлидаги исломий архитектура намуналаридан биридир.

“МАНАС” ГУМБАЗИ

 

“Манас гумбази” мақбараси – Талас шаҳридан йигирма чақиримча нарида, Қоровулчўққи тоғи этагида жойлашган бўлиб, XIV асрга мансуб археологик ёдгорлик ҳисобланади. Бу мақбара аслида Манаснинг турбати эмас. Абуке деган амир 1334 йилда ўлган қизи Канизакхотун қабри устига тиклаган. Аммо бу тарих унутилган, шу жойларда яшаган одамлар қай бир сабабларга кўра бошқа жойларни макон тутган, кейин бу ерларга кўчиб келиб ўрнашган қирғиз халқи эса уни Манаснинг қабри, деб талқин этган.

 

 

Мақбара пештоқли-гумбазли ғиштин иморат бўлиб, 1970 йилда таъмирланган. “Манас ўрдаси” деган ном билан ишга туширилган меъморий мажмуага “Манас гумбази”, “Манас” қўриқхона музейи ҳамда масжид киради.

Абуке, Канизакхотун деган исмлар, амир деган ижтимоий мавқенинг лисоний асосига диққат қилар бўлсак, аввало, бу одамларнинг туркий халқ вакили экани ойдин бўлади. Чунки “Абуке” – туркий ном, гарчи “Каниз”, “Канизак” деган сўзлар форсий бўлса ҳам, унинг таркибида туркий “хотун” калимасининг мавжудлиги бу аёл туркий миллат қизи эканини кўрсатади. “Канизак” сўзи туркий халқларга улар ислом миллатига айланган замонда ўтгани шубҳасиз, “амир” деган арабча сўз ҳам буни тасдиқлайди. Бинобарин, мазкур турбат тикланган замонда ҳам бу ерларда ўтроқ туркий халқлардан бири – ўзбек ёки уйғур эли истиқомат қилган, уларнинг мозори ҳам шу ерда.

Талас водийсидаги Кенгкўл мозористони эса эрамиздан аввалги II-III асрларга оид бўлиб, 60 дан ортиқ қўрғонни ўз ичига олади.

 

 

ТЎҚМОҚ ШАҲРИ

 

Тўқмоқ шаҳри ҳам, юқорида қайд этилганидек, Қирғизистондаги қадитмий шаҳарлардан. У қайд этилган тарихий китобларнинг энг қадимийси милодий 630 йилда таълиф этилган. Ўтган неча юз йилликлар даврида бу жой кўп ўзгаришларга учрайди, жумладан, эрамизнинг иккинчи минг йиллиги бошларида қудратли Қорахонийлар давлатининг таянч шаҳарларидан бири ўлароқ, пойтахт Болосоғун шаҳри яқинида истеҳком қалъалари бор шаҳарлардан бири бўлган. 1825 йилда бу жойда ҳам Қўқон хони Муҳаммадалихон фармонига кўра мудофаа қалъаси янгитдан барпо этилган.

(Қўқон хони Маъдалихон қурдирган истеҳком қалъаси. Гравьюра)

 

1862 йилда шаҳарга генерал Черняев қўшинлари ҳужум бошлади. Аҳоли шаҳарни ёвга топширишга қаттиқ қаршилик кўрсатди, босқинчилар барча йирик биноларни тўпга тутиб, кунпаякун қилганидан сўнггина Тўқмоқ эгалланди. Ва Тўқмоқ Чор Россияси даврида Еттисув областидаги алоҳида уезд маркази бўлганди.

 Аммо Чу дарёсининг суви бир неча маротаба тошиб, шаҳардаги бир қанча иморатларни ювиб кетганидан сўнг, бехатарроқ дея уезд маркази Пишпек қишлоғи (ҳозирги Бишкек)ка кўчирилган ва Тўқмоқ бир неча йил шаҳар мақомидан маҳрум бўлган.

Тўқмоқ шаҳрида ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларигача консерва заводи, қанд заводи, сут заводи, шиша заводи, тоштарошлик заводи, иккита автомобиль таъмирлаш заводи, темирбетон буюмлар заводи, мовут фабрикаси, электр техникаси техникуми ҳамда маданий маърифат техникуми бор эди. Ўша даврда Тўқмоқ атрофида машҳур меринос зотли қўйлар боқиб кўпайтирилар ва шу шаҳарда қурилган Қирғизистондаги энг катта гўшт комбинатида сўйилиб, улкан совуткичларда сақланар, консерваланар, оппоқ ва майин жунидан эса мовут фабрикасида газламалар тайёрланар эди. Ҳозирда бу ишлаб чиқариш объектларининг кўпи ишламайди ёки бузилиб кетган.

Мўғуллар босқини ва ундан кейинги даврларда бу ерларда Ислом қарор топгунига қадар, Дашти қипчоқнинг кўчманчи аҳолиси ҳам “тўқмоқ эли” деб аталган, дейилади Интернет материалларида. Шуниси қизиқки, Тўқмоқ деган шаҳар Украинада (Токмак) ҳам мавжуд.

Қирғизистондаги бу шаҳар нима сабабдан Тўқмоқ деб аталиши борасида ҳам тахминлар кўп. Шу билан бирга, уларнинг барчаси муайян даражада асосли ҳам. Биринчи фараз шундан иборатки, мўғул босқинчилиги даврида суви мўл, ҳар турли гиёҳ ва ўт-ўланлар қулф уриб ўсадиган бу жойни босқинчилар от тўядиган, тўқ юрадиган жой экан, дея Тўқмоқ деб аташган эмиш. Иккинчи тахминга кўра, сутнинг қаймоғини олишда ишлатиладиган кувининг пишкагини тайёрлайдиган усталар бор жой Пишкак (қирғизчада – Бишкак) деб аталганидай, қадимда жанг қуроли бўлган тўқмоқ тайёрлашга ихтисослашган жой Тўқмоқ деб аталган бўлиши ҳам эҳтимол. Ва ниҳоят, учинчидан, Қорахонийлар замонида ҳаёт кечирган, мўғуллар даврига келиб батамом қириб ташланган “тўқмоқ” деган бир туркий уруғ ҳақида ҳам сўз юритилади. Дарҳақиқат, у даврларда ҳар бир уруғ ва қабила бошқа яйлов ва элатларга кўчаётганида карвон олдида уруғ байроғи олиб юрилган. Байроқда уруғ номи ёзилмаган (ёзув маданияти шаклланмагани учун), аммо уруғ номини ифодалайдиган тасвир байроққа туширилган. Бинобарин, мазкур уруғ байроғида тўқмоқ тасвирланиб, шунга кўра, у тўқмоқ уруғи деб номланган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозир Тўқмоқда қарийб 55 минг одам истиқомат қилади. Улар асосан, қирғизлар, дунганлар, ўзбеклар ва бошқа турли миллатларнинг вакиллари. Ўзбеклар Тўқмоқ аҳолисининг 10 фоизини ташкил этади.

Қадимда савдо, умумий овқатланиш тармоқлари ва ҳунармандлик билан шуғулланган ўзбеклар кейинги асрда бу ердаги гўшт комбинати, ойна заводи, мовут фабрикаси каби корхоналарда ҳам хизмат қилди, бозор иқтисодиятига ўтилгач, уларнинг аксари яна қадимги ота-боболар касби – савдо соҳасига ўтиб ишлашяпти.

Бу ҳудудлардаги илк замонавий шаҳарлардан бири ўлароқ, Тўқмоқ Шимолий Қирғизистон ҳудудини маданийлаштириш соҳасида ўзига хос ўринга эга. Чунончи, Шимолий Қирғизистондаги илк кутубхона ҳам, илк театр ҳам ўша даврда Шимолий Қирғизистоннинг маркази ҳисобланган Тўқмоқ шаҳрида очилган эди.

(Тўқмоқлик ўзбеклар)

ХХ аср бошларида иш бошлаган Алишер Навоий номидаги ўзбек мактаби эса ўтган юз йиллик давр мобайнида неча юзлаб билимли кадрларни халқ хўжалигига етиштириб берди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда фаолият юритган бир қанча ўзбек давлат арбоблари, олимлар ва бошқа ўнлаб соҳаларида донғ таратган мутахассислар Тўқмоқдаги ана шу мактабда таълим олишган. Афсуски, бир томондан, давр шарт-шароитини ҳисобга олган ота-оналарнинг фарзандларини рус тилли мактабларга йўллай бошлаганликлари, иккинчи томондан эса, сўнгги йигирма-ўттиз йил давомида ўзбек тилида таълим берадиган ўқитувчилар сони аста-секин камайгани сабабли, бундан етти йил муқаддам Шимолий Қирғизистондаги охирги ўзбек мактаби ҳам ёпилиб кетди.

Тўқмоқ шаҳри катта автомагистрал йўл ёқасида жойлашган бўлиб, бу йўл Бишкекни Иссиқкўл бўйидаги шаҳарлар билан боғлайди. Шаҳарда автовокзал ва темирйўл вокзали бор. Тўқмоқдаги қирғизлар, дунганлар, руслар, ўзбеклар, татарлар, уйғурлар, қозоқлар аҳилликда яшаб келишади. 2008 йилда Тўқмоқ шаҳрида илк олий ўқув юрти – америкача типдаги Марказий Осиё университети очилди.

Шимолий Қирғизистоннинг Бишкек, Қораболта каби шаҳарларида ҳам ўзбеклар қалин яшайдиган маҳаллалар мавжуд. Улар маҳаллий аҳоли билан баҳамжиҳат равишда яшаб келишаётир. Шу билан бирга, шароит имкон бергани қадар миллий-маданий қадриятларни, эски урф-одатларни ҳам сақлаб қолишга, уларни янги шароитда озми-кўпми ривожлантиришга интиладилар. Аммо айтиш кераки, маҳаллий турмуш тарзига бора-бора кўникиш, бундан ташқари, қарийб бир ярим аср мустақил эмас, мутеъ ҳолда яшаб, ноисломий қадриятларини эъзозлаш шароитида бу жойларда асл исломий ва ўзбекча жиҳатларга ҳозирги ёшлар унча эътибор бермай қолгани ҳам сир эмас. Бу энг аввало, она тилида яхши сўзлаша олмаслик, ҳаё-андиша каби қадриятларни унча қадрламаслик кабиларда намоён бўлаётир…

Сақланиб қолган араб ва хитой манбаларининг шаҳодат беришича, Чуй водийсида VI-VII асрларда бир қанча катта-кичик қасабалар қад кўтарган. Улар Тароз (Жамбул), Қулон (Мерке), Нузкент (Қораболта), Харон (Беловодск), Жул (Сўқўлўқ), Сариқ, Новкат каби шаҳарлар эди

 

 

ҚОРАБОЛТА ШАҲРИ.

 

 ШИМОЛИЙ ҚИРҒИЗИСТОН ЎЗБЕКЛАРИ

 

Қораболта шаҳрининг ўтмишдоши бўлган Нузкент булар орасида алоҳида мавқега эга бўлган. Буюк ипак йўлининг алоҳида тармоғи узра ястанган бу шаҳарда йирик карвонсаройлар қад кўтарган, бозор шаклланган, турли касб-кор эгаси бўлган юзлаб ҳунармандлар ишлашган. Нузкент (кейинчалик Шиштепа деб ҳам атала бошлаган) қарийб 1 кв. км. ли шаҳар бўлган ва атрофдаги жойлардан хиёл юксакроқда қад кўтарган. Ҳозирги шаҳар бозори ўрнида ўша замонларда ўрда ва шаҳристон жойлашган, жоме масжиди ва бозорлар фаолият олиб борган. Шаҳар ўз тарихи давомида тўрт марта вайрон бўлиб, қайта тикланган. Қўрғон атрофини ҳам қўшиб ҳисоблаганда Нузкент шаҳрининг ички қўрғони 6 минг гектар майдонни, ташқи қўрғони билан қўшиб ҳисоблаганда эса қарийб 50 кв. км.ни ишғол қилган. Шаҳар деворларининг ҳар бир бурчида катта миноралари бўлган. Буларнинг кўпи кейинчалик, Совет ҳокимияти даврида, сув ҳавзалари қуриш ва қанд заводи учун тиндиргичлар барпо этиш асносида бузилиб кетган.

Нузкент маданият маркази эди. Бу ерда рўзғор ашёлари кўплаб тайёрланган. Қўлда, шунингдек, кулолчилик дастгоҳида тайёрланган сопол буюмлар ниҳоятда сифатли эканлиги билан ажралиб турган. Эрамизнинг VII асрига мансуб, деб тахмин қилинаётган, бўйи 1 м. 20 см. келадиган Будда ҳайкалининг топилганлиги бу ерларда исломдан аввалроқ буддизм ҳам ёйилганидан далолат беради.

Нузкент шаҳри XI-XII асрларда – Қорахонийлар даврида гуллаб-яшнади. Аммо мўғул босқинчилари ёндириб, батамом вайронага айлантирган, аҳолиси қириб ташланган Нузкент бир неча аср давомида ўзини ўнглай олмади, Чуй водийсидан XIII асрда ўтиб борган карвонлар ва сайёҳлар аввалги шаҳар ва унинг теварагидаги неча ўнлаб чақирим жойлар култепага айланганини ёзиб қолдиришган. Фақат Қўқон хони Муҳаммад Алихон даврига келибгина бу ерда Шиштепа ҳарбий истеҳкоми барпо этилди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларига келиб эса бу шаҳар қирғизча тарзда Қораболта деган ном олди.

Тарихий манбаларнинг шаҳодат беришича, 1874 йилда бу қасабага юздан ортиқ ўрис кўчиб келди. Улардан кейин украинлар миграцияси бошланди. Совет ҳокимияти йилларида шаҳар ёнидан темир йўл линияси (1924) ўтказилди, йирик қанд заводи қурилди (1933).

1974 йил охирида Қораболта шаҳар мақомини олди. Бу ишда райижроқўм раиси Муҳаммаджон Турғунович Иброҳимов ҳамда райкомнинг биринчи котиби Асан Камолович Камоловлар ташаббускор бўлишди. Кўрамизки, орадан ўтган қарийб минг йиллик оғир бир тарих поёнида Чуй дарёси соҳилидаги собиқ Нузкент, кейинчалик Шиштепа, ҳозирги Қораболта деган шаҳарга айланди.

Ҳозир Қораболтада қарийб 47 минг киши истиқомат қилади. Уларнинг миллий таркибига келсак, руслар 24 минг, қирғизлар 12 минг, украинлар 2250, уйғурлар 1730, ўзбеклар 1550, корейслар 1544, қозоқлар 973, немислар 880, татарлар 836 кишидан иборат.

Қизиқки, Қораболта шаҳрида демографик ўзгаришлар салбий томонга қараб кетаётир: чорак аср муқаддам – 1991-93 йилларда шаҳар аҳли бундан бирмунча кўп – 54, 2 минг кишидан иборат эди. Кўчиб кетишлар ҳисобига аҳоли нуфуси бирмунча камайди.

Айтиш керакки, ўзбеклар Қирғизистоннинг деярли барча район ва шаҳарларида гоҳ йирик этник қатлам, гоҳо эса яккам-дуккам ҳолда истиқомат қилишади. Чунончи, ўзбек фарзанди, етти марта WBA (Бутунжаҳон боксчилар ассоциацияси) версиясида профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони Орзубек Назаров Бишкек яқинидаги Қант шаҳрида туғилиб ўсган.

 

(Орзубек Назаров – жаҳон чемпиони!)

 

Орзубек собиқ Иттифоқда туғилиб ўсган боксерлар орасида биринчи бўлиб профессионал боксга ўтган ва катта ютуқларга эришган. У 1985-1988 йилларда бокс бўйича СССР чемпиони, 1987 йилда Европа чемпиони, беш марта профессионал боксчилар ўртасида Япония чемпиони ҳам бўлган. Афсуски, жангларда орттирган жароҳатлари туфайли, кейинчалик боксни тарк этиб, асосан, ижтимоий фаолият билан шуғулланаётир.

Шимолий Қирғизистон ҳудудида тўп ҳолда яшайдиган ўзбекларнинг энг катта гуруҳи, шубҳасиз, Бишкек шаҳрида. Аммо шу ўринда ўзбекларнинг айни шаҳарда турли йиллардаги нисбатини кузатиш бирмунча қизиқарли. Чунончи, 1926 йилда Пишпекда жами 36,6 минг киши истиқомат қилган бўлса, булар ичида руслар 25,4 минг кишини (69,4 фоиз) ташкил этган, иккинчи ўринда ўзбеклар турган – 2,0 минг (5,5 фоиз), учинчи ўринни эса украинлар ишғол этган – 2,0 минг (5,5 фоиз). Бу даврда Бишкеклик қирғизлар сони 1,7 мингдан иборат бўлиб, 4,6 фоиз фоизни ташкил қилган, 1,3 минг кишилик татарлар ва 1,2 минг кишилик дунганлар тегишли равишда 3,6 фоиз ва 3,3 фоизни тузган. Бундан, Қўқон хонлиги томонидан истеҳком қалъаси сифатида барпо этилган Бишкек чор Россияси томонидан эгалланиб, Европалик халқлар вакиллари кўчиб келгунига қадар бу ерда энг катта сонли маҳаллий аҳоли ўзбеклар бўлган, деган мантиқий хулоса келиб чиқади. Бироқ 1970 йилга келиб манзара кескин ўзгарди: руслар – 285 минг (66, 1 фоиз), қирғизлар – 53 минг (12,3 фоиз), украинлар – 27 минг (6,2 фоиз), татарлар – 14 минг (3,2 фоиз), уйғурлар – 7 минг (1,6 фоиз) ва ниҳоят ўзбеклар – 6 минг киши (1,5 фоиз)дан иборат бўлди. 2009 йилдаги аҳоли рўйхатида эса ўзбеклар сони гарчи ошган бўлса-да (11801 киши), умум аҳоли кўрсаткичида нисбат янада камайиб, 1,4 фоизга тушиб қолгани қайд этилган. Албатта, қарийб 12 минг киши ҳам озмунча жамоат эмас, шу боис, Бишкекда “ўзбекмаҳалла” деб аталадиган кўчалар, ўзбек таомлари тайёрланадиган ошхоналар ва ҳоказолар мавжуд.

Бишкеклик ўзбекларнинг деярли барчаси фарзандларини русча-европача тарбиялаш кўйига тушгани сабабли лоақал ўзбек тилли мактаб ҳам мавжуд эмас. Ҳолбуки, бир маҳаллар Бишкек, Талас, Қўчқорота, Тўқмоқ каби шаҳарларда ўзбек тилли мактаблар фаол иш олиб борган, уларни битирган жуда кўп ўзбек алломалари, адиблари, уламо ва фузалоларининг номлари маълум.

Аввалги саҳифаларда ўзбеклар Қирғизистоннинг барча шаҳар ва районларида яшаб келишади, деган эдик. Дарҳақиқат, шундай. Ҳатто Жетиўғуз каби энг “ичкари” туманларга ҳам айрим ўзбеклар бир маҳаллар домла-имомлик тақозоси билан бориб қолган, мактаб очиб, бола ўқитган, устахона ёки дўконда савдо қилган. Чунончи, қирғизларнинг энг атоқли манасчиси бўлган Соғимбой Ўрозбаков (1867-1930) тўққиз ёшидан бошлаб уч йил ўзбек домласининг қўлида хат-савод чиқарган, ўша пайтлардан бошлаб достон айтишга киришган. Соғимбой айтган “Манас” бадиий жиҳатдан бошқаларнинг вариантига қараганда етукроқ ҳисобланади, асар матнида арабий-форсий сўзлар кўп қўллангани боис, луғавий жиҳатдан ҳам бой ҳисобланади. Бунда эса унинг саводини чиқарган, сўз бойлигини оширган ўша ўзбек мулласининг таъсири катта, деб айтишга ҳақлимиз.

Худди шунингдек, қирғизларнинг ўзбеклар орасида, улар билан ўриш-арқоқ бўлиб яшаганлари ҳақидаги маълумотлар ҳам сероб. Чунончи, отоқли оқин, машҳур табиб Нурмўлда Наманган мадрасасининг мударриси бўлиб, юзлаган ўзбек муллаваччаларига сабоқ берган.

Шимолий Қирғизистоннинг ичкари туманларига тирикчилик важидан борган одамларнинг ўша ерларда бола-чақаси билан яшаб қолганликлари ёки шу жойларда қирғиз қизларига уйланиб, фарзанд кўриб, ўриш-арқоқ бўлиб кетганликлари маълум. Масалан, олис Толасда ҳозир 435 кишилик ўзбек жамоаси бор. Бу эса айни шаҳар аҳолисининг 1,3 фоизи демак. Аммо Шимолий Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида ўзбеклар нисбати янада кам. Масалан, Балиқчи шаҳрида атиги 203 киши ўзбеклардан иборат (0,5 фоиз).

Шимолий Қирғизистонлик ўзбеклар мамлакат ҳудудининг бу қисмида бир жойда уюшиб яшамасликлари, балки ўзаро энг камида эллик-олтмиш, ҳатто юзлаб чақирим наридаги гўшаларда истиқомат қилишлари боис, уларнинг тилларидаги маҳаллий ўзига хосликларида бир талай тафовутлар сезилади. Чунончи, Тўқмоқликлар тили Бишкек ўзбеклари тилидан, Бишкекликлар шеваси эса Қораболта ўзбеклари лаҳжасидан унча-мунча айирмага эга. Шунга қарамай, муайян уйғунликлар ҳам сезилади. Бизнинг назаримизда, Шимолий Қирғизистон ўзбеклари тилидаги умумийлик – талаффузнинг бирмунча дағаллашгани ва баъзи жиҳатлари билан уйғур тилига мувофиқлик, шу билан бирга, нутқда русча калималарни кўп қўллаш, баъзи жиҳатлари билан эса қирғиз тилига уйқашликнинг мавжудлигидадир. Бу борадаги энг номақбул вазият – Шимолий Қирғизистон ўзбекларининг фарзандлари жадал суратлар билан миллий хусусиятларини бой бераётганлигидирки, бу уларнинг дунёқараши, жамоат ўртасида ўзини тутиши, ўзбекона урф ва удумлардан камроқ хабардорлиги, бошқа миллат вакиллари билан никоҳга киришишнинг кўплиги ва ниҳоят, фикрини ўз она тилида эркин ифодалашга қийналишларида намоён бўлади.

Бундан ўн, йигирма ёки эллик йиллар муқаддам тайёрланган статистика маълумотларига қарасак, Шимолий Қирғизистондаги ўзбекларнинг сони айтарли озаймаганини кўрамиз. Бироқ умумий аҳоли нисбатида ўзбекларнинг нисбати тобора камаяётгани бор гап. Бу эса, Европа миллатига мансуб аҳолининг Қирғизистон ҳудудидан асл тарихий ватанларига қайтиши билан боғлиқ миграция жараёни, озми-кўпми, ўзбекларни ҳам четлаб ўтмаёганини билдиради. Турли даврларда, айниқса, 1990-, 2010- йиллар воқеаларидан сўнг, шунингдек, бозор иқтисодиятига ўтилиб, ўзга мамлакатларга бориб яшаш имкони кенгайгани боис, ўзбекларнинг Қирғизистон шимолидан кўпроқ кўламда кўчиб кетишаётир. Эҳтимолки, уларинг бир қисми бошқа юрт, бошқа мамлакатларга эмас, ўзбеклар кўп яшайдиган Жанубий Қирғизистон ҳудудига кўчиб ўрнашаётган бўлсалар. Зеро, аввал таъкидлаганимиздай, ўзбеклар Қирғизистонда диаспора эмас, автохтон – шу ерда шаклланган миллатдир. Автохтон халқнинг бошқа жойларга кўчиб кетишга мажбур бўлишини эса ҳеч қандай сабаблар (сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ёки мафкуравий) билан оқлаб бўлмайди.

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

 

“Алишер Навоий институти” сайтини