Таниқли ўшлик ёзувчи Абдуғани Абдуғафуров…♫

Абдуғани Абдуғафуров 1941 йил 17 декабрда Ўш шаҳрида таваллуд топган. Ўш Давлат дорулфунунини, Москвадаги олий партия мактабини тамомлаган. Касби журналист, ўқитувчи. Россия ва Қирғизистон ёзувчилар, журналистлар уюшмасининг аъзоси.

Москвадаги Ижтимоий Фанлар Академиясининг фахрийси, профессор,Қирғизистон театр арбоблари уюшмасининг аъзоси. Президент ҳузуридаги Конституцион Кенгаш аъзоси, Қирғизистонда ҳизмат кўрсатган маданият арбоби.

Ўшдаги “Ленин йўли” газетасида меҳнат фаолиятини бошлаган ёзувчи кейинчалик кўп йиллар Ўш ўзбек мусиқали драма театрига раҳбарлик қилди. Вилоят нашриёт, полиграфия бошқармаси бошлиғи, Ўш шаҳар ижроия комитети, Ўш шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари,вилоят «Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири, Қирғиз-ўзбек университети профессори, дарсликлар яратиш марказининг бош муҳаррири лавозимларида ишлади.

15 китоб, 30 га яқин драма, комедияларнинг муаллифи. «Манас» эпосининг ва таниқли қирғиз драматурглари асарларининг таржимони. «Данакер» ордени ва «Данк» медали нишондори.

—Ассалому алайкум Абдуғани домла, хуш келибсиз !

— Ва алайкум ассалом!

—Муҳтарам Абдуғани домла, ижодий фаолиятингизнинг бошланиши бизни қизиқтиради.

— Ижодий фаолиятим 1960 йилда «Илҳом» клубида бошланган. Устозим—раҳматлик Турсунбой Адашбоев эди. Устозим болалар шеъриятидан, таржима санъатидан сабоқ берган. Учта шеърим «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилганида қувончдан уч кеча ухламаганман.

Ўша шеърлардан бирини ўқиб берақолай.

 

ЮРТИМ ЧИРОЙИ

Ҳар йили ёзаман баҳор мадҳи – шеър,

Чунки дил яшнайди унинг сасидан.

Бу йил ҳам уни деб тўкмоқдаман тер

Орзуим —ёзмоқлик бирон қасида.

 

Бошқа баҳорлардан мутлақ қилар фарқ

Негадир юртимга келган бу фасл.

Табиат фазилат, камолотга ғарк,

Жилваси йилдан-йил ортар муттасил.

 

Жаҳонни лол этар ундаги ҳусн,

Шундай гўзал бўлса, баҳор киройи.

Билсам, бу фаслга ўзгача фусун –

Жозиба бахш этган-юртим чиройи.

 

 

— Саксон ёш чўққисини соғ-саломат забт этиш — бу Эверест чўққисига пойқадам рамзи деб айтдингиз Ўш давлат университетидаги учрашувда.Бундай ноёб бахтнинг сири нимада?

— Саксон икки йиллик умримдаги шиорим — бу «Дуо ва меҳнат умрим безаги».Ота-онанинг, жамоатчиликнинг дуоси, ҳалол меҳнат умрга барокат берар экан. Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб: Оллоҳ берган неъматларга (у озми-кўпми) шукр ва сабр қилиш.

— Республикамиз ёзувчилари сизни моҳир таржимон сифатида қадрлашади, шу ҳақда маълумот берсангиз.

— Республикамиздаги 30 га яқин таниқли ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилдим. Улар Ўзбекистонда ва Тожикистонда чоп этилди, саҳна юзини кўрди. Таржимонлик туфайли Чингиз Айтматов билан, Жалил Содиқов, Тўқтабўлат Абдумўминов, Бексултан Жақиев, Тўлаган Қосимбеков, Мар Баржиев, Туманбой Байзақовлар билан дўст, оға-ини бўлиб кетдик. Айниқса, «Манас» эпосининг адабий-бадиий вариант-таржимаси менга катта мактаб бўлди.

— Драматургия оламига қачон киргансиз?

— Бу соҳада устозим Тўқтабўлат Абдумўминов ва Мирзабек Тўйбоев эди. 1968 йилдан бошлаб, «Пушаймон », «Балои нафс», «Гипноз», «Ар-намисти козгоо», «Куйдирмаган кундош», «Оталар мероси», «Топқир Толмас», «Ақл ва нафс», «Анқовлар чайқови» ва бошқа драма ва комедияларим Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россиянинг Оренбург, Чкалов ҳамда Доғистон республикаси театр саҳналарида намойиш этилган.

— Ҳажвиётда ҳам сизни пешқадам дейишади?

— Ўтган асрнинг 70-80 йилларида «Муштум», «Чалқан» журналлари билан ҳамкорлик, тошкентдаги телеминиатюралар театри ижодкорлари билан дўстлашув натижасида ёзилган ҳажвлар, миниятюоалар, аскиялар, юморлар сони 200 дан ошди, десам муболаға бўлмас.

— Бир жуфт эшитсак бўладими?

—  Бўлади.

 

               ДУРУСТРОҚ ОДАМ

                   (интермедия)

 

Алижон смартфон ўйнаб ўтирибди.

Валижон киради.

Валижон: Ассалому алайкум, Алижон.

Алижон: Ва алайкум ассалом, кел Валижон.

Валижон: Сенга таклифнома олиб келдим.

Алижон: Нимага таклифнома?

Валижон: Тўйга. Акам уйланяпти.

Алижон: Таклифнома тарқатишга сендан бошқа дурустроқ одам йўқмиди?

Валижон: Мендан кўра дурустроқ одамлар бор эди.Улар таклифномаларни дурустроқ одамларга олиб кетишди.

Алижон: Оббо сен-ей,бопладинг,қойил…

****

         НОСЕЗГИР АЪЗО

Али: Валижон, айт-чи, одамда носезгир аъзо борми?

Вали: Бор. Носезгир аъзо – бурун.

Али: Сабаб?

Вали: Менинг ойим дадамнинг бурнидан ип ўтказиб олган. Дадам эса сезмай юраверади.

— Исломий ва дунёвий мутаносибликда ўсмирлар учун тарбиявий китоб ёзибсиз. Шу ҳақда айтсангиз.

— Ўсмирларни ҳам исломий, ҳам дунёвий руҳда тарбиялаш учун барчамиз масъулмиз. Шу мавзудаги «Ақлингга қулоқ сол» номли китобим нашрдан чиқди.

— Шу китобдан бирор ҳикояни ўқиб бера оласизми?

— Албатта.

****

                ДИЛ ОFРИFИ

Кутубхонадан олган китобини бугун қайтариши керак. Ундан бир лавҳани бадиий ўқиш соатида мутолаа учун мактабга олиб боргани эсида. Синфда ўқиб, парта устига кўйгани ҳам эсида. Таажжуб, уйга келиб қараса, сумкада ўша китоб йўқ. Шодивойнинг юраги «жиғ» этди. Кўз олди қоронғилашди. «Уни ўғирлашибди. Ким? Ҳа, партадош Жаводдан бошқаси олмайди. Ўша. Ўша пасткаш олган. Ҳозир адабини бераман», ўзича шивирлади Шодивой. Телефонни калтираб кетган қўллари билан олди-ю, Жаводнинг рақамларини терди.

– Алло, Жавод, ҳей пасткаш, ўғри, китобни нега ўғирладинг, ифлос?

Шошма-шошма, қанақа китоб? – деб ҳайрон бўлди Жавод.

«Сарик девни миниб» китобини ўғирлабсан, аҳмоқ, сенинг қўлинг эгрилигини билардим, эй расво…

Шодивой Жаводга навбат бермай, бисотидаги барча ҳақорат сўзларни тўкиб солди. Ўзини йўқотиб қўйган Жаводнинг овози қалтиради.

—Ҳовлиқма, ўзингни босвол, Шодивой. Китобингни ўзинг партанинг остида унутиб қолдирибсан. Сен синфдан шошиб чикиб кетдинг. Карасам, китобни унутибсан. Йўқолмасин, деб мен олиб келдим. Эртага ўзингга топшираман… Шунга шунча ҳақорат жоизми, ошна?

   Лом-мим дея олмай қолган Шодивой кулидан телефонни тушириб юборди. «Чарс» этиб ойнаси синганига ҳам эътибор бермади. «Нега ҳовлиқдим? Нега ўпкамни қўлтиқладим? Дўстимнинг дилини беҳуда сиёҳ қилдим. Айб ўзимда экан-ку?!»

    Ойнаси чилпарчин бўлган телефонни олиб, чувалашган хаёллар оғушида у-бу кнопкаларини босаверди. Кимнингдир маърузасида тўхталди: «Каъбатуллоҳни вайрон қилсанг, муқаддас китобни ёқсанг-у тавба қилсанг, Оллоҳ кечириши мумкин, аммо бегуноҳнинг дилини оғритсанг, кечирмайди…».

— Бу гап мен осий бандага тегишли, менга, – Шодивойнинг бутун вужудини қалтироқ босди. Дарвозадан отилиб чиқди. Надоматли кўз ёшларини кафти билан артганича, Жаводнинг уйига йўл олди.

— Мени кечир дўстим!

 

— Ижтимоий тармоқларда «Рубоийдан томчилар» деб номланган тўртликларингизни ўқиб қолдик. Бу иш давом этадими?

— Иншоллоҳ, давом этади. Ҳозиргача тўртликлар сони 100 тага етиб қолди.Улар менинг 82 йиллик ҳаётдан олган сабоқларим.

 

           ТЎРТЛИКЛАР

Минг шукур, яшадик эъзозга тўлуғ,

Бир сандиқ унвоним, кўкрак нишоним.

Билсам энг муқаддас, баридан улуғ –

Мўъмин – мусулмонсан деган унвоним.

Нафсимга жўш уриб, ҳақ йўлдан тойиб,

Пул дея, мол дея инсоф йўқолди.

Одамлар ичида шайтон кўпайиб,

Шайтоннинг ўзи-чи, иш топмай колди.

Ҳақдин ҳайиқмайин, қалбга ниш санчса

Мусулмонлик даъво этганлар анча.

Минг афсус, минг афсус, кечиргин ё Раб,

Мўмин бўла олмай ўтганлар қанча…

Умра зиёрати – гуноҳлар, кетди

Дабдаба, зиёфат, югур елдилар,

Бойликка қутуриш – кўкларга етди –

Тўкилган гунохлар қайтиб келдилар.

— Ижодий режаларингиз?

— Ёзувчининг ижодий режаси сир бўлгани мақул.Ҳар ҳолда, аниқроғи, мактаблар саҳнаси учун мини пьесалар, миниатюралар, болалар учун шеърлар, бадиий ўқишлар учун. Иншооллоҳ, яқин кунларда нашр этилади. Таржимонлик эса ҳамиша режаларнинг катта дадаси бўлиб қолаверади.

— Ўзга сайёралик учар ликопчада келиб, сизга битта савол берган эмиш, шу тўғрими?

— Тўғри. Ўша саволга жавобимни ўқиб берай.

****

НИМА КЎП-У НИМА ОЗ

Ҳаёти дунёга ғарқмиз

Ҳаловат кўп, риёзат оз.

Ақл ўргатмоққа пешмиз

ривоят кўп, хидоят оз.

Бехиштсифат бу оламда

Аёллар кÿn, ҳаёллар оз. 

Раста  узра югуртинг кўз

Ҳаромлик кўп, ҳалоллик оз.

Хотин кузур бўлган уйда

Даюслар кўп, маъюслар оз.

Акча-пуллар фоиз излар

Puболи кўn, иболи оз.

Закот деса жон талашган

Нисобли кўп, инсофли оз.

Пул саждагоҳ бўлган жойда

Paзолат кўп, адолат оз.

Бировнинг ҳаққидин қўрқмас –

Хиёнат кўп, диёнат оз.

Юўжа кўрсинга эҳсончи

Риёли кўп, зиёли оз.

Асаб тори таранглашган

Қаҳрлик кўп, мехрлик оз.

Пичоғи мой устинда-ю

Шукуҳли кўп, шукурли оз.

Духтир, табиб урчиб кетди

Армонли кўп, дармонли оз.

Камбағални ўтга ташлаб

Тижорат кўп, хижолат оз.

Юрган-турган етмиш фоиз

Жаҳолат куп, таҳорат оз.

Илоё мағфират этгил

Жабрли кўп, сабрли оз.

Тилни тияй  Абдулғаний,

Уққанлар кўп, юққанлар оз.

 

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 Ўш.

Одилжон Дадажонов суҳбатлашди

Яндекс.Метрика