ТАҲТИ СУЛАЙМОН ТОҒИДА 13-СУҲБАТ

Энди икки оғиз Сулаймон тоғининг нима учун шундай деб номлангани ҳақида тўхталсак. Маълумки, Сулаймон алайҳиссалом реал тарихий шахс, унга ҳам подшоҳлик, ҳам пайғамбарлик инъом этилган. Ҳасти Сулаймон одамларгина эмас, балки барча жонли махлуқотлар – қурт-қумурсқа, қушлар, ҳайвон ва балиқлар, инс-жинсу девлар устидан ҳам ҳукм юргизган, дейдилар. Сулаймон алайҳиссалом номида Ўшдаги тоғдан бўлак ҳам дунёнинг турли ерларида ҳар хил географик объектлар бор. Чунончи, Эрон, Афғонистон ва Покистон ҳудудига чўзилган Сулаймон тоғлари, Тинч океанидаги Сулаймон ороллари архипелаги кабиларни келтириш мумкин. Ҳатто Эроннинг шимолида, баланд тоғлар устида қадимги оташпарастлардан қолган бир манзил борки, уни худди Ўшдаги каби, Тахти Сулаймон деб атайдилар…

Бироқ Ўшдаги тоғ илгаритдан эмас, XVIII-XIX асрлардагина Сулаймон тоғи деб атала бошлаган. Бобурнинг шаҳодат беришича, бу тоғ XVI асрда, демак, ундан аввал ҳам, Барокўҳ деб аталган.

Аввало, нима учун Барокўҳ тоғининг номи кейинги икки-уч юз йилдан бери тамоман янгиланиб, Сулаймон тоғи, Тахти Сулаймон номини олгани сабабига тўхталсак. Бизга маълум илмий манбаларда бу тўғрида маълумот берилмаган, уларда, бу тоғ авваллари Барокўҳ деб аталиб, XVIII-XIX асрлардан кейин ҳозирги номини олгани қайд қилинади, аммо тоғ нима сабабдан Сулаймон тоғи деган бошқа ном олган – бунинг асосли сабаблари кўрсатилмайди.

Интернет материалларидан бирида айтилишича, ушбу тоғнинг этагида XIV асрда Сулаймон шайх деган одам кўмилган ва тоғ шундан кейин Тахти Сулаймон деб номлана бошлаган эмиш.

XIV аср дегани 1301 йилдан 1400 йилгача бўлган даврдир. Борингки, шу даврнинг ўртароғида бояги Сулаймоншайх тоғ этагига кўмилган бўлса ҳам, XV аср охирларида – қарийб юз эллик йил кейин – бу ерда бўлган Бобурмирзо бу ҳақда умуман, сўзламайди ва тоғ номини ҳамон Буракўҳ деб таъкидлайдики, бу Интернет маълумотининг тамом асоссиз эканига далил бўлади.

Бизнингча, Ўшдаги тоғнинг Сулаймон пайғамбар номи билан аталишига тоғнинг шарқи-жанубий бурчагида қурилган бир мақбара сабаб бўлган. Ривоятга кўра, бу мақбара Сулаймон алайҳиссаломнинг вазири Осаф ибн Бархаё (Бурқиё, Бурхаё)нинг дахмаси устига қурилган эмиш.

(Осаф Ибн Бархаё қабри деб ном олган мақбара)

 

Эътибор беринг: XIV асрдаги Сулаймоншайх ҳам қолиб кетиб, милоддан аввалги бир неча минг йил наридан янги манба тақдим этиляпти. Тарихий шахс бўлган Сулаймон ҳамда унинг вазири Осаф ибн Бархаёнинг Яқин Шарқда бундан бир неча минг йил аввал яшаб ўтганлари маълум. Ҳолбуки, Бобур замонида Барокўҳ деб аталган тоғ орадан икки-уч аср ўтиб, Сулаймон тоғи номини олган. Бояги, биз тилга олган мақбара эса анча кейинги замонларда қурилган.

Шу билан бирга, (тўртинчи талқин!), “Основные этапы древней истории” деган Интернет материалида айни мақбаранинг Қорахонийлар даврида (XI-XII асрда!) барпо этилгани ҳақида ҳам гап боради. Нима сабабдан унинг айнан Қорахонийлар даврида қурилгани, мазкур жой кимнинг турбати экани, бу маълумот қаердан олингани ҳақида эса, бирон тушунча берилмайди. Албатта, Интернет муаллифларининг савияси турфа, шунинг учун ҳам унда чоп этилган материалларнинг илмийлик даражаси ва савияси ҳам ҳар хил.

Авом омманинг талқиний тафаккурида бундай янглишувлар кўп бўлади. Узоққа бормай, Таласдаги машҳур “Манас қабри” деб аталадиган худди шу услубдаги бир мақбара ҳам аслида Манаснинг турбати эмас, балки амир Абукенинг 1334 йилда ўлган қизи Канизакхотуннинг мақбараси эканлигини эслатиб ўтишимиз мумкин, халқ эса уни Манаснинг қабри, деб талқин этади. Бундан икки асрча аввал қурилган Ўшдаги мақбара ҳам, албатта, неча минг йил муқаддам яшаб ўтган Сулаймон алайҳиссаломнинг вазири Осаф ибн Бархаё ибн Ҳиндунинг қабри эмас. Чамаси, бу – Осаф исмли одамнинг ёки исми шунга ўхшаб кетадиган бирон кишининг қабри устига тикланган мақбара бўлса керак. Илмда айни мақбаранинг қачон қурилгани аниқ маълум эмас. Баъзи манбаларда у X-XI асрларда бино этилган деб кўрсатилса, яна бошқа ўринларда XV-XVI асрларда қурилгани ва яна баъзи нақлларга кўра, айни дахма, ҳатто XI

X асрнинг охири-ХХ аср бошида тиклангани хусусида ҳам сўз боради.

Тоғнинг жанубий ёнбағри ана шу дахмадан бошлаб, то ғарбдаги этагига қадар, ҳозирда қабристон бўлиб кетган. Бинобарин, айни мозорга қачондан бери майит қўйила бошлаганини аниқлаш орқали “Осаф ибн Бархаё қабри»нинг қайси замонда қурилгани ҳақида бирмунча асосли равишда сўз юритиш мумкин бўлади. Чунки исломият дунёсида бир киши учун алоҳида жойда қабр қилиш анъанаси йўқ, энг улуғ авлиёлар ҳам қабристонга кўмилган ёки ундай киши дафн этилган жой атрофи кейинчалик қабристонга айланган.

Биз айни дахманинг қачон қурилгани борасидаги тахминларнинг учинчиси фойдасига баъзи мулоҳазаларни келтириб ўтмоқчимиз.

Ўш шаҳрининг дастлабки ўрни – Х асрдан бери яшаб ўтган барча тарихчиларнинг маълумотларига кўра – Сулаймон тоғининг шимолий тарафида бўлган. Ўша замонларда шаҳарнинг жанубий томонлари (ҳатто XIX аср ўрталарида асос солинган Шайхлар гузари кўчалари ўрнига қадар) истиқомат жойлари эмас эди. Шаҳар ичида ва теваракда қабристон қилиш учун бўш ётган ерлар кўп эди. Шундай бир ҳолда, шаҳристон ва маҳаллалардан анча узоқда, тоғнинг орқа тарафидаги қияликда, тоғ тошларининг катта-кичик парчалари ҳар қарич ердан чиқадиган, сал чуқурроқда эса катта-катта харсанглар яшириниб ётган ва қабр ковлаш ўта машаққатли заранг бир ерда қабристон қилиш мантиққа тўғри келмайди. Иккинчидан, бизнинг ўлкаларда исломий анъанага кўра, дастлабки майитлар қабристоннинг энг шарқий бурчагидан қўйила бошлайди ва қабристон қибла томонга қараб кенгайиб давом этади. Тоғ этагидаги бу қабристон, шаҳар аҳолиси кўпайиб, маҳаллалар зичлашиб, шу яқин-атрофда қабристон бўлгудай жой қолмаган бир шароитда – XIX аср ўрталарида барпо этилган бўлиши ҳақиқатга яқинки, Осаф ибн Бархаё қабри дейилган энг шарқдаги дахмадан сўнг тоғнинг бутун жанубий этаги бўйлаб унга майит қўйила бошлаган ва, тахминан, юз йилдан сўнг – ХХ асрнинг етмишинчи йилларига келиб, бўш жой қолмагач, унга одам қўйиш тўхтатилган.

Сиз кўриб турган қуйидаги фотосуратда Сулаймон тоғининг жанубий этаги ҳали қабристонга айлантирилмаган пайти – ХХ аср бошлари акс этган. Чиндан ҳам бу жой, тоғнинг ўта тик шимолий тарафига қараганда нисбатан текисроқ бўлгани сабабли, Ўш аҳолиси ҳар баҳорда бу ёнага сайр ва сайил уюштирар, гоҳо тоғнинг “Қилкўприк” деган тор ва қисиқ жойидан ўтишда жарга учган, қияликдан думалаб, қазо қилган айрим зиёратчи мусофирларнинг бир четда дўппайиб турган қабрлари умумий хурсандчиликка унча рахна сола олмас эди. Орадан йиллар, ўн йилликлар ўтиб, ер торайгач, тоғнинг ушбу жанубий тарафига ёппасига майит қўйила бошлади. Бу пайтга келиб машъум атеизм ва давр сиёсати ўз ишини қилган – халқнинг миллий-маданий қадриятлари қадрсиз ҳолга туширилиб, илгариги қаъда-маросимлар ҳам барҳам топиб қолган эди. Бунинг устига, бирмунча вақт илгари тикланган бояги “Осафнинг қабри” атрофига ҳам майит қўйила бошлагач, халқ бу жойда хурсандчилик қилишдан ўзини тортди. Агар бу жой қадимдан қабристон бўлганида, ҳеч ким бу ерда улоқ чопмаган, сайил ўтказмаган бўлар эди. Чунки бутун Шарқ дунёсида, айниқса, исломий юртларда, ота-боболарнинг қабри оёқости қилинмайди.

 

(Сулаймон тоғи жанубий томонининг ХХ аср бошидаги фоторасми. У пайтларда бу жой қабристон эмас, сайилгоҳ бўлгани кўриниб турибди)

 

Албатта, “Сулаймон пайғамбарнинг вазири шу жойга кўмилган”, деган овозадан сўнг Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзи ҳам бу жойда бўлганлигига ўтмишда ҳеч кимда шубҳа қолмаган. Чунки авом ҳамма нарсани биринчи шахс номи билан боғлайди – кўприкни ўнлаб усталар қургани ҳолда, унга “Мулла Тошқозининг кўприги” деб ном беради. Осаф ибн Бархаёнинг қабри шу деб талқин этилгач, Осаф ибн Бархаё ҳам бир ёқда қолиб кетиб, унинг подшоҳи, Қуръони мажидда оти келган улуғ пайғамбар Сулаймон ибн Довуднинг номи ёйила бошлайди. Қабри гўё тоғ этагида жойлашган Осаф ибн Бархаё номи ўз функциясини ўтаб бўлгач, тоғ узра унинг шаҳаншоҳи Сулаймон алайҳиссаломнинг номи юксалган – Сулаймон тоғи, Тахти Сулаймон деган ном тоққа ёрлиқ каби ёпишган-қолган. Ҳатто “Брокгауз ва Ефроннинг қомусий луғати”да келтирилишича, “Ўш шаҳрини Сулаймон пайғамбар барпо этган”, деган нақл XIX асрда маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган.

Ушбу тоғнинг ҳозирдаги иккинчи номи – “Тахти Сулаймон” (Сулаймон подшоҳнинг тахти” (рус тилидаги илмий манбаларда “Трон Соломона” деб битадилар) деган ном ҳам илмий жиҳатдан тўғри эмас. Одамлар орасида тоғнинг шарқий томонидаги қоя узра воқе бўлган бир парча текисликда гўё Сулаймон алайҳиссалом ўтирган (бу ҳолда ушбу тоғ – подшоҳнинг тахти бўлиб хизмат қилади) ёинки унинг тахти шу жойга келтириб қўйилган, деган тасаввурлар бор. Аслида эса, “Тахти Сулаймон” эмас, “Таҳти Сулаймон” бўлиши мумкин (форсийда таҳт – ер, оёқ ости дегани). Бу ҳолда ушбу ном “Сулаймоннинг пойқадами теккан маскан” маъносида қўлланган бўлади. Аммо, аввало, тоғнинг номи яқин ўтмишда – Бобур замонида ҳам Сулаймон тоғи эмас, Буракўҳ бўлгани, қолаверса, яқингинада тикланган бир мақбаранинг неча минг йил аввал яшаб ўтган Осаф ибн Бархаёга нисбат бериб юборилгани ва тоғнинг номи шу тариқа Сулаймон пайғамбар номи билан ўзгартирилгани – фактдир. Башарти Осаф ибн Бархаё бу жойда кўмилган бўлса ёки ривоятларда айтилгандай, тоққа Сулаймон пайғамбарнинг қадами текканлиги ҳақида маълумот бўлса, синчков муаррих Бобур буни, албатта, қайд этиб ўтган бўларди, аммо Бобур замонида ҳатто бу тўғрида афсоналар ҳам тўқилганича йўқ эди. Ўзганда, ўрта асрларда яшаган бир эшоннинг номи Сулаймон экани, у Ўшдаги тоғни ёқтиргани ва ҳар ёзда шу жойга келиб тургани сабабли тоғнинг номи Сулаймон тоғи бўлиб кетгани ҳақидаги гаплар ҳам тахмин ва тусмолдан бошқа нарса эмас.

Интернетдаги “Исторические и архитектурные памятники Кыргызстана” деган материалда ёзилишича эса, XIV асрда ушбу тоғ этагига Сулейманшейх деган одам кўмилган, ўшандан кейин бу тоғ Тахти Сулаймон деган ном олган ва Сулаймон тоғи муқаддас деб ҳисобланадиган бўлган эмиш. Тоғнинг маълум жойларида чуқурчалар бўлиб, улар Бобур исмли… пайғамбар отларининг туёғи изи эмиш. Тоғ чўққиларининг бирида Бобур уйи – XVI-XVII қурилган, дейилади.

Кўриниб турибдики, ушбу муаллифнинг илмдан ҳам, диндан ҳам, Ўш шаҳрининг тарихидан ҳам мутлақо хабари йўқ.

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.