Устоз Иброҳим Ҳаққулов портретига айрим чизгилар
Устоз Иброҳим Ҳаққулов ҳақида қанча ёзсак, гапирсак ҳам тўла тўкис бу шахснинг мавжуд барча қирраларини очиб беролмаймиз. Шу боис, устознинг юрагимизга энг яқин бўлган айрим жиҳатларини айта оламиз холос.
2003 йилнинг баҳори. Илк бор марҳум устозимиз Тўра Мирзо тавсияси билан Иброҳим Ҳаққулов деган машҳур бир олимнинг эшигини секин очдим. “Занжирбанд шер қошида” нинг муаллифи деб таниганим бир қарашдаёқ самимий муносабати, дилтортар суҳбати билан меҳримни қозонган эди. Бўйлари узун, қорачадан келган, кўзлари тийрак, юморга мойил сўзлари мазмунли, аниқ ва тиниқ фикрлари, камтар, айни пайтда жуда талабчан устоз илк учрашувдаёқ мавзуни белгилаб берди ва розилик хатини қўлимга тутқазди. 1982 йили чоп этилган “Увайсий шеърияти” китобини совға қилди. Дарҳол хомаки режаларни ёзишни бошлади, материалларни тўплаш, мавзуга боғлиқ бир тўп китобларни топиб ўқишни буюрди. Назаримда, бугун танишганим устоз мени ўн йилдан бери ўқитаётгандек тасаввур уйғотди. Амалий ишга қандай ўтиб кетганимизни сезмай қолдим. Илмий адабиётларни қаердан топишим, материал тўплаганимда нималарга аҳамиятли бўлишим, қайси жиҳатлардан объектни ўрганишимни биринчи дарсдаёқ белгилаб берган.
“Адабиёт муаллими киши сийратига эшик очиши керак”
Устоз юқорида айтган сўзларига энг аввало ўзи амал қилиб яшади. Шогирдларининг қалбига қулоқ солиш баробарида уларга ўқиш ва ўрганишдан ҳам афзали – АНГЛАШни биринчи ўринга қўйди. Инсон бирон нарсани англамай туриб, ўқиган, уққани билан мақсадга эриша олмайди. Устоз асарларининг чўққиси ҳисобланган “Навоийни англаш” айнан мана шу даъвога жавоб сифатида юзага келгандек. Устоз доим: “Навоий-хазина. Оддий жумлаларни бошқача ўқиб, таҳлил қилинг, Навоийга яқинлашасиз. Ўқиш, билиш ҳам англашни ўрнини босолмайди. Англаш бошқа нарса. Навоийда топилмайдиган нарса йўқ”,-дер эди. Навоийнинг шоирлиги қандай юксак даражада бўлса, унинг фалсафаси ҳам шундай юқорида туришлигини бот-бот уқдирарди. Ҳар доим яшаш тарзингизда, айтаётган сўзингизда бемалол Навоийга мурожаат қилаверинг, шубҳасиз жавоб топасиз, деб биз, шогирдларга қатор мисоллар билан тушунтирарди. Навоий ҳақида сўзлар экан, устознинг ўзи ҳам яйраб кетарди.
Маърифатда, мумтоз адабиётда эскириш бўлмайди
Увайсийни ўргатиш жараёнида барча мумтоз адабиёт вакилларига мурожаат қилишимни талаб қиларкан, маърифатда эскириш бўлмаслигини таъкидларди. Ўз даврида диндан узоқлаштириш сиёсати билан мумтоз асарларни ўрнини замонавий адабиёт эгаллайди, адабиётни янгилаймиз дегувчиларга жавобан устоз юқоридаги сўзида доим қатъий турган. Устоз гарчи тенгсиз олим бўлса ҳам кибрланмаган, ўқишдан чарчамаган. Аксинча, мутолаа завқидан ҳамиша яйраб, бизга ҳам ўқитувчи доимий ўқиш кераклигини уқдирган. Кутубхона юракда бўлиши керак, юзаки ўқиш мақсадга эриштирмайди деб ўқиганларимиздан олган сабоқларимизни текширарди.
“Мустақиллик даври сал олдинроқ келганида, дин таъқиқланмаса эди, ёшлигимдан Қуръони Каримни ўқиган, ёд олган бўлардим”,-деб баъзан армонларини ҳам биз билан ўртоқлашарди. Увайсий қўлёзмаларидан янги маълумотлар топиб келсам, қувонарди. Айниқса, Увайсий тахаллуси Вайсал Қаранга ҳавас қилиб олинган шекилли, мана бу тўрт-беш ғазалида шоира ўзи ишора берибди, деганимда мана шу янги фикрни илмий янгиликка ёзиб қўйинг. Увайсий бошдан оёқ тасаввуф билан йўғрилган асарлар муаллифи, унга холис баҳо бериш сиз ва бизнинг вазифамиз, – деб, ҳеч қаерда ўрганмаганим янги сабоқларни ўргатар эди. Хожа Аҳрор валийни тушларида кўрган эканлар, девонида кўплаб Аллоҳга муножотлари ва Пайғамбаримиз (САВ)га наътлари нашр қилинмаган экан, деб шундай янгиликларни топсам, устоз буларни қайта текширинг, дерди. Устозга ёзиб келган ишларимизни қайта-қайта текшириб берар, хатоларимизни асослаб берарди. Баъзида эса биргина мақолани 20 маротаба текширишга эринмас, бўш сўзларимизни мақола орасидан кўрсатиб берарди. Салгина малоллансак, Толстой кичик бир ҳикояни 99 марта қайта ишлаган, биз ким бўлибмизки хом мақолани ўқувчига кўрсатамиз?!-деб танбеҳ ҳам берарди. Бугун мен ўша дарсларни, устоз суҳбатларини жуда соғинаман.
Шогирдларим ортида мен борман
Замон ҳар доим ҳам ҳар кимни сийлайвермаскан. Олимлар орасида ҳам, адабиёт муаллимлари орасида ҳам қарама-қаршиликлар бўлиши табиий, албатта. Бироқ, устоз феномени барча сохталиклардан юқори, илм бобида ўрнак бўлгудек.
Шогирд бўлиб устозни Ўшга келишга аранг кўндирдим. Буюк олим бўлишига қарамай, устозимиз анча камтар инсон эдилар. Андижонга келиб бир кун дам олиб, эртасига чегарадан ўтамиз, десам Андижон меҳмонхонасидан менга билдирмай жой олиб қўйибди. Мен Андижонда яшайдиган опамнинг уйига олиб келдим. Устоз моҳир психолог ҳам эди. Опам, поччам минг ҳаяжон билан кутиб олишди. Шундоқ каттакон одам келяпти бизникига деб, бошлари осмонга етган. Устоз ўн минут ўтирдида, кимгадир сим қоқиб, меҳмонхонага бормайман, мезбон беғубор инсон экан, бу кеча қоламан, – деди. Тушунмадим, домла кетмоқчи ҳам бўлдингизми, – десам, – Хафа бўлма, мен доим шундай қиламан, мезбонни аураси оғир бўлса, доим кетиб қоламан. Эртасига чегарадан ўтиб, Ўшга бордик. Ўн кун сиҳатгоҳда даволаниб, ортга қайтаркан, чегарадан ўтаётганда паспортдан бошқа ҳужжат кўрсатманг, домла, иш жойингизни ҳам айтманг, – деб тайинлашимга қарамай, борини рўйи рост айтиб, телевидениедан берилган гувоҳномасини ҳам кўрсатибдилар. Сиёсат бошқа эди ўша йиллар, Тошкентга келишлари биланоқ, телевидениега чиқишни таъқиқлабдилар. Шогирдингиз журналист, муҳаррир, сиз ҳам қачонлардир муҳаррир бўлгансиз, демак даволангани эмас сирли бошқа ишларингиз бор, дейишибди. Устоз одатига кўра ёлғонни эплай олмабди, бироқ менга йиллар ўтиб ҳам тортган зиёни, таъқиқ ҳақида лом-мим демаган. Чунки, устоз шогирдларини ҳар доим аяр, кўнглига қарарди. Шоиртабиатлиги ҳам бор эди. Суҳбатларида ҳар доим ёқимли шеър тинглагандек бўлардим. Талабчанлиги эса бошқа масала. Илм ўрганишга шай бўлган шогирдларига анча қаттиққўл бўлиб, биздан ҳам фақат рост гапиришни, рост ёзишни талаб қиларди.
Сўнгги йиллардаги кўрсатувларининг бирида журналистнинг саволига жавобан яна ростини айтиб, “Ҳар доим рост гапирганман деёлмайман, баъзан ўзим истамаганим пайтларда ноўрин кимларнидир ишини маъқуллаганим бор. Сохта навоийшуносликка қарши туриш керак, дейману баъзан муроса қилишимга тўғри келган. Афсусдаман”.
Шу нуқтаи назардан шогирдларимга битта сўз бўлса ҳам тўғрисини айтинглар, дейман. Негаки уларнинг ортида мен борман!
Устоз ҳамиша эркин одамни кўргиси келган. Бойни эмас, амалдорни эмас, руҳан эркин инсонни, эркин ижодкорни кўргиси келган. Рауф Парфини шу боис севган, қадрлаган….
Устоз ҳақида жуда кўп ёзиш мумкин. Устоз ҳар томонлама биз шогирдларига намуна бўлган ва бўлаётган инсон.
Охиратингиз обод бўлсин, УСТОЗ!
Барно Исоқова.
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори