“СИМ-СИМ, ОЧИЛ САНДИҚ…”

Одатда бошига ташвиш тушган бир одамга шериги: “Энди нимаям қилардингиз, чидайсиз-да!” деб тасалли беради. Қирғизистонда ҳам бўлажак Референдум ва Президентлик сайлови арафасида чидашдан бошқа чора қолдирмайдиган воқеалар юз бермоқда. Улар ичида энг тилга тушганлари катта лавозимларда фаолият кўрсатиб келган собиқ ва амалдаги мансабдорларнинг ўзаро “ҳисоб-китоб”лари хусусидаги хабарлардир. Жумладан, 12 декабрда “Акипресс” ахборот агентлиги “Кaktus media”га таяниб, ГКНБ (Давлат хавфсизлиги миллий  қўмитаси)нинг собиқ раис ўринбосари Дуйшен Чўтқараевнинг тергов хонасига қамаб қўйилганини ёзмоқда.

Шу муносабат билан ГКНБ нинг бошқа бир собиқ раис ўринбосари, Қирғизистон Президентлигига номзод Абдил Сегизбоев собиқ сафдошининг қамоққа олиниш воқеаларини шарҳлади ва “Чиданг, бу кунлар ҳам ўтиб кетади”, дея унинг кўнглини кўтарди. Унинг айтишича, Дуйшен Чўтқараев айнан Сегизбоевнинг сайлов штабига ёрдам бериш учун келган пайтда қўлга олинган…

Собиқлар ва жорийларнинг ишларига аралашиб ўтирмаймиз. Ким қандай жиноят қилгани-ю жазодан қандай қутулиб кетганини ўзлари билишади. Ҳатто Қирғизистондаги энг мустақил судлар ҳам бу жиноятларнинг охирига етолмаслиги тайин… Чунки маълумотларга кўра, мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида юзлаб “иш”лар бир очилади-да, ўқувчининг дафтарига ўхшаб кейинги дарсгача “ёпилади”. Кейинги “дарс” эса дафтарда қайд этилган жиноятчининг ўзини қандай тутишига қараб ўтилади. Агар у амалдаги ҳукуматнинг ғашига тегмай, ими-жимида юрса, жинояти қайд қилинган дафтар ҳам ими-жимида сирли сандиқнинг тагига ташлаб қўйилади. Аксинча, ўз ҳуқуқларини талаб қила бошласа, дарров сандиқнинг қопқоғи очилади. ..

Афтидан, Д.Чўтқараевнинг “иши” ҳам ёпилмай, сандиққа ташлаб қўйилганга ўхшайди… Бу энди жорийларнинг виждонига боғлиқ.

Бизни ўйлатаётган масала бошқа. Қирғизистон муҳим ўзгаришлар арафасида турибди. Ўша ўзгаришларни амалга ошириши керак бўлган аксарият мансабдорларнинг аъмоллари битилган “ишлар” эса ҳамон сирли сандиқларда сақланмоқда. Бир куни ўша сандиқнинг тепасига бошқа бир одам келиб: “Сим-сим, очил”, деса борми! Қанчадан-қанча ишлар очилади-кетади. Ҳозирча, ундан Оллоҳнинг ўзи асрасин!

Холис Назар.