СИЁСАТНИНГ НЕГИЗИ

Эртанги сиёсатнинг қанақа бўлишини бугун белгилаш амримаҳол. Зеро замон жуда шиддатли, бугунги вазият эртагаёқ ўзгариши мумкин. Рўй берган ва бераётган турли вазиятларга қараб сиёсат ўзгариб туради. Мамлакатнинг иқтисодияти, жойлашган ўрни, ҳарбий қудрати, инсон ресурслари ва одамларнинг интеллектуал савияси, тарихий ўтказиб келинган сиёсат анъаналари ҳал қилувчи роль ўйнайди. Аммо ўн йилдан сўнг, чорак асрдан кейинги сиёсат десангиз, уни озми-кўпми, прогнозлаш мумкин. Лоақал, яқин қўшни давлатлар билан муносабатлар доирасида.

Эртанги сиёсат мубҳам бўлса, чорак аср кейинги сиёсатни қанақа қилиб белгилаш мумкин? Бундай саволга мен бу нарса ёшларга мактабда ва бошқа ўқув юртларида қандай тарзда таълим берилаётганига бевосита боғлиқ, деб жавоб қайтарган бўлар эдим. Яна савол туғилади: ахир, мактаб таълимининг ҳозиргина ўзингиз санаб ўтган салмоқли омиллар – иқтисодият, география, ҳарбий қудрат, инсон ресурслари ва одамларнинг интеллектуал савияси, тарихий ўтказиб келинган сиёсат кабиларга қандай алоқаси бор?

Алоқаси шуки…

Ҳар бир одам бошқа бировга, ёки юз бераётган ҳодисаларга у ҳақда олган ахборотига қараб ёндошиши маълум. Демак, биз болаларга мактабда қўшни халқларни ҳурмат қилиш руҳида тарбия беришимиз керак. Чунки ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш кабидир, дейдилар. Ёшлигидан дўстлик, аҳиллик руҳида тарбия ва билим олган бола кейинчалик улғайганида бошқа бировга душман сифатида қарамайди. Ҳар бир инсонга ҳурмат билан ёндошади ва шунга жавобан эҳтиром кўради. Ва аксинча, ўз миллатини улуғлаб, бошқаларни иккинчи сорт эллар деб қараш руҳида билим берилса, бола ана шу “билими”ни кейинчалик ҳам ривожлантириш йўлида давом этади. Бу эса муқаррар ўзгаларни ёқтирмасликка,  пировардида эса ёвлашишга олиб келади.

Биласиз, мустақиллик йилларининг бошида Марказий Осиё давлатларида ҳар бир мамлакат ўз тарихини бошқатдан ёзди. Янги тарих дарсликлари олдига ёшлар онгида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, узоқ йиллар давомида ўқитиб келинган “Ватан тарихи” (асосан Россия тарихи) таъсиротидан тезроқ халос бўлиш кўзда тутилган эди, албатта. Бироқ вазият издан чиқиб, улуғдавлатчилик, улуғмиллатчиликка берилиш етачи ўринга чиққан ҳоллар ҳам рўй берди. Бу давлатларда миллатчилик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. У катта сиёсий мақсадларни кўзлаб, сунъий равишда юзага келтирилди. Бунда давлат раҳбарлари номидан ёзилган ғайриилмий ва ғайриинсоний руҳдаги “тарих” китоблари катта роль ўйнади. Тожикларнинг “орий” ирқига мансублиги ҳақидаги даъволар, қозоқларнинг Марказий Осиёда асрлар давомида етакчи сиёсий куч бўлиб келгани, бунда Алаш ўрда хонликларининг “беқиёс роли” борасидаги; айни пайтда янги туркман тарихчиларининг бутун Ўрта Осиёдан чиққан барча давлат арбоблари, олимлар, шоирлар ва бошқа атоқли сиймолар аслида туркман бўлгани ҳақидаги даъволари, Беруний асли қирғиз, оти эса Беруний эмас, Бўри бўлган, Аҳмад Яссавий ҳам, Амир Темур ҳам қирғизларнинг ичкилик уруғига мансуб, дея даъво қилган журналист Қален Сидиқова кабиларнинг “кашфиёт”лари кетма-кет эълон қилинди, университетларда тарих дарслиги сифатида ўқитишга тавсия этилди. Бунда давлат раҳбарлари номидан тайёрланган боягидай асарлар методологик роль ўйнади ва олимларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Масалан, Сапармурод Туркманбошининг “Руҳнома”, Асқар Ақаев номидан чиққан “Қирғиз давлатчилиги ва “Манас” эпоси” сингари китоблари руҳидан келиб чиқиб, лаббайгўй олимлар тайёрлаган асарларда улуғмиллатчилик, ўз элининг бошқалардан қадимийроқлиги, ва демакки, “юқори сорт” миллат эканлиги ҳақида даъволар янграй бошлади. Тарих сохталаштирилди. Жумладан, туркманлар афсонавий Ўғузхонни ўз ғоявий отаси деб эълон қилган бўлса, қозоқларда Алаш ўрда руҳи тараннум этилди, тожиклар Сомонийлар даври идеаллаштирилган бўлса, ўзбек олимлари Амир Темур давлатчилигини мадҳ этишга киришдилар. Қирғизларда бундай тарихий манба топилмагани боисидан… “Манас” достони бош қаҳрамонини идеаллаштиришга мажбур бўлдилар, оқибатда, сохта Манас пайдо бўлди, унинг номидан “Манаснинг етти васияти” каби достонда йўқ нарсалар ёзиб тақдим этилди. Беруний, Ибн Сино, Фаробий, Юсуф хос Ҳожиб сингари улуғ сиймоларни ҳар бир “…истон” давлати меники, деб даъво қилишга тушди. Энг таниқли тарихчи олимлар ўтмишни илмий-танқидий руҳда ўрганиш ўрнига, бир-бири билан ўз халқининг янада қадимийроқ эканини далиллаш учун жиққамушт бўлишга киришди. Ўзаро ҳурмат ўрнини ўзаро беҳурматлик эгаллай бошлади. Юқорида эслатилган Қален Сидиқова кабиларга “Қирғиз тарихи”, “Сочилган қирғизлар” деб аталган ва олий ўқув юртлари учун ўқув қўлланмаси сифатида чоп этилган китобларида “Қирғиз-қозоқ – бир туққан, а сарт итни қим туққан?” каби ўзбекларга душман кайфиятини уйғотадиган “мақол”лар ўйлаб топиб, дарслигига киритиш “бемалол” бўлиб қолди. Ва бундай ғоялар миллий ғояга ҳам айланиб улгурди.

Кўрамизки, миллий шовинизм оз-оздан, баъзи давлатларда яширин, баъзиларида ошкора равишда, ривож топишга тушди. Умуминсоний қадриятлар, барча элатларнинг тенглиги ҳақидаги эзгу ғоялар нурсизланиб, ҳамма нарсани ҳокимият, куч ва бойлик ҳал этадиган бўлиб қолди.

Бизнингча, энди бунга чек қўйиш вақти келди. Марказий Осиё давлатлари (уларнинг аксари МДҲ, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги сингари бирқанча халқаро ташкилотларнинг аъзоси) раҳбарлари бир ёқадан бош чиқариб, бу минтақа давлатлари ва халқлари орасида ҳамжиҳатлик, яқин қўшничилик ва дўстлик, ўзаро манфаатдорлик руҳини барпо этадиган ташаббусларга кенг йўл очиб беришлари ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлари керак.

Бунинг биринчи чораси эса, айни мамлакатларнинг тарихи 1924 йилда Совет давлати чизиб берган ҳозирги чегаралар бўйича эмас, то ўша 1924 йилга қадар муштарак бўлганини эътироф этиш, бинобарин, бу ўлканинг умумий тарихи дарслигини биргаликда тайёрлашга киришиш, тарихчи олимлар олдига мана шу масаладаги ҳар қандай қийинчилик ва хилма-хилликларни бартараф этиш вазифасини қўйиш, бу тарих дарслигини Марказий Осиё минтақасининг барча мамлакатларида ўқитиб-ўргатилишига эришиш бўлади. Унда ҳар бир тарихий воқеа дўстлик ва ўзаро ҳурматни қарор топтиришга қаратилган ҳолда талқин этилиши шарт.

Йўқса, бизнинг ўзаро қирпичоқ бўлишимизни истайдиган ва шунга олиб келадиган воқеаларни ривожлантириш учун маблағ аямайдиган кучлар олдида ожиз қолиб, бутун Марказий Осиёни четдан бошқарилувчи муте ва абгор давлатлар, миллий ўзлигини йўқотган ва ўзаро ёвлашган элларнинг кўримсиз тўдаси ҳолига тушиши сари қараб кета берамиз.

Илмий савиясидан қатъи назар, ҳозирги аксар тарих дарсликларида улуғдавлатчилик, қадимиллатчилик кайфияти устувор бўлиб турибди. Бунинг ўрнига, дўстлик, яхши қўшничилик руҳида битилган ва ҳаёт ҳақиқатига, тарих воқелигига тўғри келадиган чинакам дарсликлар барпо этилиши лозим. Ана шунда, уларни ўқиб илм-билим олган ёшлар келажакда биз орзу қилаётган муштарак манфаатли, чинакам маърифатли, инсонпарвар жамиятни биргаликда қурадилар.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

Яндекс.Метрика