“СИЙЛАНГАН ЖОЙИДА АЗИЗДИР ИНСОН…”

Куни кеча Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли Ўш давлат ўзбек Академик мусиқали драма театрида «Илҳом» клуби ижодкорларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда юртимизда ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар ташриф буюриб, ўз ижод намуналари билан ўртоқлашдилар.

Тадбирдан кўзлаган мақсад, Қирғизистон жанубида қалам тебратаётган уч ижодкорнинг ижод фаолиятига бағишланди.

Қирғизистоннинг кекса журналистларидан бири, таниқли ёзувчи ва шоир, таржимон Мўйдинжон Абдумажидов Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат тили ва тил сиёсати бўйича миллий комиссиясининг фахрий ёрлиғи ҳамда Ўзбекистон халқаро илмий тадқиқотлар марказининг “Ўз касбининг фидоийси” медали билан тақдирланган эди.

Тадбирда сўз олган иштирокчилар ижодкорнинг назм ва насрда, қолаверса таржимонликда ўзига хос қирралари, ютуқлари хусусида фикр-мулоҳазаларини бирдирдилар ва Мўйдинжон оғани муборакбод қилдилар.

“Эл-юрт ардоғидаги журналист, Қирғизистон журналистлар уюшмаси аъзоси Мўйдинжон Абдумажидов Ўш адабий муҳитида ўз ўрнига зга, юртдошларимиз қалбидан чуқур жой олган ижодкорлардан бири. Эл-юрт муҳаббати, ҳурматига сазовор бўлиш ҳар бир ижодкорга ҳам насиб этавермайди. Мўйдинжон Абдумажидов адабий муҳитнинг ана шундай эҳтиром ва эътирофга эриша олган вакилларидан биридир”, – дейди Қирғизистон халқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғафуров.

Муйдинжон Абдумажидов 1940-йилнинг 5-декабрида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон қишлоғида таваллуд топган. Жалолобод шаҳридаги кооператив билим юртини, Ўш педагогика институтини битирган.

Турли йилларда Ўш вилояти «Ленин йўли» газетасида катта мухбир, ўрта мактабда илмий бўлим мудири, туман халқ таълими бўлимида методист, «Эмгек жалини» туман газетасининг ўзбекча саҳифа муҳаррири бўлиб ишлади.

Узоқ йиллар давомида 1991-йили ташкил килинган «Жалолобод тонги» вилоят газетасида бўлим мудири, катта мухбир лавозимларида самарали фаолият юритди.

Мўйдинжон ака бунгача “Кечиккан муҳаббат” шеър ва ҳикоялар тўпламини, Ҳаж зиёрати хотиралари жамланган “Ҳаж – буюк ибодат”, умра зиёрати таассуротлари битилган “Унутилмас Рамазон” ва “Қуёшли довон”, “Армон юки”, “Биринчи муҳаббатим” каби китобларини чоп этди. Қирғиз ёзувчиси Мирзоҳалим Каримовнинг 15 та ҳикоясини ўзбек тилига ўгириб, “Қизалоқнинг дил дарди” номида чоп этди. Фарзандлари ва юртдошларига эсдалик учун бошидан ўтган яхши ва ёмон кунлар қаламга олинган “Ёднома” номли асарини тақдим этди.

Эл-юрт ардоғидаги журналист, моҳир таржимон ва ёзувчи, ўқиб-ўрганишдан чарчамаган сайёҳ Мўйдинжон ҳожи Абдумажидовнинг ҳаёт йўли ва ундаги сафарлари ҳамиша хайрли ва бехатар бўлишини тилаймиз.

 

…Ушбу анжуманда шоирлар Муҳаммадамин Исмоиловнинг «Охират карвони» ҳамда Илҳомжон Холматовнинг «Умр ғанимат» шеърий китобларининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу учрашувда ўзбекистонлик адиб Муқимжон Норбоев ҳам қатнашди. Ижодкор устозлар билан бирга истеъдодли ҳаваскорлар ҳам иштирок этиб, ижод намуналари билан ўртоқлашдилар. Бу тадбирда ижодкорларнинг шеърлари таҳлил қилинди, сўзга чиққанлар фикр-мулоҳаза билдиришди.

Қирғизистонда яшаб, адабиёт ва санъат соҳасида фаолият кўрсатаётган қалам аҳлининг бошини бириктириб, уларга маҳорат мактаби вазифасини ўтаб келаётган «Илҳом» адабий клуби кейинги йилда 64 ёшга тўлар экан.

1960 йилнинг Матбуот куни 5 майдаги байрам йиғилишидан сўнг Турсунбой Адашбоев “Илҳом” клубини ташкил этиш фикрини ўртага ташлади. Ҳар ойда бир марта «Ленин йўли» газетаси таҳририятида ижодкорлар тўпланиб, ижод сирларини ўргана бошладилар.

Дастлаб иштирокчилар 3-4 нафар эди, бир ҳафтадан сўнг 5-6 кишига, бир ойдан сўнг эса 10-12 нафарга етди.

Машғулотлар адабий жараёнда пешқадам Турсунбой Адашбоев, Олмос Худойбердиев, Усмон Темур, Абдуғани Абдуғафуров, Қўлдош Мирзо, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Турсунбой Маҳмудов, Омонулло Аҳмедов, Одилжон Умаров, Одилжон Раҳимов, Ғанижон Холматов, Шавкат Раҳмонларнинг маъруза ва мулоҳазалари билан бошланиб, мушоира билан якунланарди.

64 йил давомида «Илҳом» клуби гоҳ гуркираб, гоҳида баъзи сабабларга кўра сўлғинлаб бўлса-да, фаолиятини давом эттирмоқда.

Шоир Абдулҳақ Абдумаликов «Илхом» клубининг янги раҳбари этиб сайлангандан буён адабий муҳитда сезиларли ўзгаришлар юз бера бошлади.

 

 

 

 

 

Яндекс.Метрика