ЎШНИНГ БАЪЗИ КЎЧА ВА МАҲАЛЛАЛАРИ 29-СУҲБАТ

Ўтган аср бошида Ўшнинг Янги шаҳар (Европаликлар) қисмида 140 хонадон бўлиб, Эски шаҳарда эса 6300дан ортиқ ҳовли мавжуд эди.

Ўшда ХХ аср бошида 47179 нафар аҳоли яшаган, деб кўрсатилади статистик маълумотномаларда. Уларнинг 43760 нафари (93 фоиз) ўзбек, 1113 нафари (2,3 фоиз) ўрис, 1000 нафари (2 фоиз) қирғиз, 135 нафари дунган, 82 нафари эса татарлар бўлган. Шаҳарнинг жанубий қисми “Янги шаҳар”, шимолий қисми эса “Эски шаҳар” деб аталган. Ҳар бир маҳалла, гузар ва кўча ўз номига эга. Бу ном, агар тўғри қўйилган, яъни топонимика қоидаларига мувофиқ бўлса, шу кўчанинг тарихидан хабар беради. Илгари – кўчаларга машҳур кишининг номи қўйилиши ҳозиргидай одат бўлмаган даврларда маҳалла-гузарларга шу жойнинг рельефи, алоҳида кўринишига тааллуқли бўлган номлар қўйилган (Дўнгкўча, Бештош, Бешкапа каби).

Ўш шаҳрида, Интернетга кўра, ҳозир 160га яқин катта кўча бор. Аммо аксар кўчаларнинг эски номи бекор қилинган, шу 160 катта кўчанинг 96 таси (60 фоиз) кишилар номига қўйилган. Ва бу одамларнинг кўпи Ўшда яшамаган, дунёда Ўш деган шаҳар борлигини билмаган ҳам (Карл Маркс, Ломоносов, Урицкий, Чкалов, Королёв, Гагарин, ва ҳ.). Шу билан бирга, “8-март”, “Коммуна”, “Улица строителей”, “Победа”, “Москва” сингари “сиёсий” номлар ҳам анчагина. Тўғри, ҳар бир давр шаҳар кўчаларининг номланишида ўз изини қолдиради ва бу тарихий жиҳатдан хато эмас. Аммо бу номлар кўпинча янги барпо этилган кўчаларга эмас, балки неча юз йиллардан бери мавжуд бўлиб, ўзи барпо этилган пайтдаги табиий ёки ижтимоий ҳолатни акс эттирган кўчаларнинг номини “бекор” қилиш ҳисобига юз бераётир. Оқибатда, шаҳар тарихининг бир қисми ҳам йўққа чиқади. Жумладан, Ўш кўчаларининг номидан шаҳар ўтмиши ҳақида маълумот олиш мушкул. Мана, Ўш кўчаларининг Интернетда эълон қилинган номи:

 

8 март кўчаси

Абай кўчаси

Абдуқодиров кўчаси

Абдуллаев кўчаси

Абдумажитов кўчаси

Автозавод кўчаси

Айний кўчаси

Алиев кўчаси

Алимбеков кўчаси

Алимжанов кўчаси

Алишер Навоий кўчаси

Амир Темур кўчаси

Анор микрорайони

Асқар Шокиров кўчаси

Асранқулов кўчаси

Ашимохунов кўчаси

Бадалов кўчаси

Баялинов кўчаси

Бекболаев кўчаси

Бомбай кўчаси

Бўстон кўчаси

Военный городок

Волгоградская кўчаси

Гагарин кўчаси

Генерал Б. Нурматов кўчаси

Дооронбек Садирбоев кўчаси

Дружба кўчаси

Жалолобод кўчаси

Жийдалик кўчаси

Жим кўчаси

Жумабоев кўчаси

Жўрабеков кўчаси

Жўралиев кўчаси

Загородная кўчаси

Заднепровский кўчаси

Зайнобиддинов кўчаси

Зокиров кўчаси

И.Саидов кўчаси

Ибраимов кўчаси

Исанов кўчаси

Исҳоқ Раззоқов кўчаси

Ишматов кўчаси

Карл Маркс кўчаси

Киров кўчаси

Клубная кўчаси

Коммуна кўчаси

Королёв кўчаси

Космонавтлар кўчаси

Крупская кўчаси

Куренкеев кўчаси

Курчатов кўчаси

Л. Худойбердиев кўчаси

Латибжанов кўчаси

Ленин кўчаси

Ленинград кўчаси

Лесная кўчаси

Ломоносов кўчаси

Мадумаров кўчаси

Мажримтол кўчаси

Максим Горький кўчаси

Мамажанов кўчаси

Мамажон кўчаси

Мамашов кўчаси

Мамиров кўчаси

Масалиев кўчаси

Мир кўчаси

Мирсатов кўчаси

Мичурин кўчаси

Молодежная кўчаси

Москва кўчаси

Музурбек Алимбеков кўчаси

Мўлданиёзов кўчаси

Мўминов кўчаси

Муса Жалил кўчаси

Муҳаммад Али Жинноҳ кўчаси

Н.Бойтемиров кўчаси

Низомий кўчаси

Никитин кўчаси

Оқбура кўчаси

Оқолтин кўчаси

Оморов кўчаси

Ортиқов кўчаси

Охунбоев кўчаси

Пахтакўча

Пахтаобод кўчаси

Петров кўчаси

Победа кўчаси

Подгорний кўчаси

Помир кўчаси

Правда кўчаси

Пржевальский кўчаси

Прядильная кўчаси

Р.Мўминова кўчаси

Солиев кўчаси

Спортивная  кўчаси

Станиславский кўчаси

Сунь Ят Сен кўчаси

Супаналиев кўчаси

Суриков кўчаси

Суюмбоев кўчаси

Текстиль кўчаси

Тельман кўчаси

Терешкова кўчаси

Техническая  кўчаси

Тожиккўча

Тожинисо кўчаси

Тополинная кўчаси

Тошкент кўчаси

Тошпўлатов кўчаси

Тўқтағул кўчаси

Тўлайкан микрорайони

Тўланов кўчаси  (1)

Тўрабой Қулатов микрорайони

Тўрақулов кўчаси

Увам кўчаси

Умарали Қарадаев кўчаси

Урицкий кўчаси

Учар кўчаси

Учкўча

Чкалов кўчаси

Шамшиев кўчаси

Шамшод кўчаси

Шаҳобиддин кўчаси

Ўзган кўчаси

Ўсканалиев кўчаси

Ўсмонов кўчаси

Ўш кўчаси

Қизиласкар кўчаси

Қирғиз кўчаси

Қирғизистон кўчаси

Қорасув кўчаси

Қосимбеков кўчаси

Қосимов кўчаси

Қўқумбий кўчаси

Қурбонжон додхоҳ кўчаси

Ғайназаров кўчаси

Ғ. Айтиев кўчаси

Ҳокимжон ҳожи кўчаси

Ҳунармандлар кўчаси

 

Кўриниб турибдики, аксар кўчаларнинг номи Ўшнинг нафақат қадимги, балки яқин тарихи ҳақида ҳам маълумот беришга қодир эмас. Шу туфайли ҳам биз бу ўринда бир мўъжиза билан сақланиб қолган ёки баъзи кексаларнинг собиқ кўча номларини эслашларига таянган ҳолда, Ўшдаги эски номи сақланиб қолган баъзи кўчаларнинг, улар нима сабабдан шундай аталиши хусусида мулоҳаза юритиш билан чекланамиз. Чунки бу ҳам ушбу шаҳар тарихининг бир қисми ҳисобланади.

Ўшда маҳаллалар, гузарлар ва кўчалар бисёр.

Аввало, маҳалла, гузар ва кўча сўзларининг ўзи нима дегани, шуни билиб олишимиз керак. “Маҳалла” арабча сўз бўлиб, турар жой, ўрин деган маънони англатади. “Гузар” эса форсий калима, луғавий маъноси ўтар жойни билдиради ва одам гавжум бўлган, серқатнов жой деган маънода келади. “Кўча” ҳам форсий. Асли “кўй” бўлиб, “ча” кичрайтириш қўшимчаси қўшилиб, аввал “кўйча”, бора-бора “кўча” шаклини олган.

Ўшдаги номи сақланиб қолган энг эски кўчаларнинг бири Туятош кўчасидир. Шаҳар ўртасидан оқадиган Оқбура сойининг шарқий қирғоғидан юз метрлар чамаси кунчиқар ёқда, дарёга параллел жойлашган, шаҳар бозорининг Ўрта осма кўпригига яқин маҳаллалардан бири Туятош кўчаси деб аталар эди. Унинг бундай деб номланишига сабаб – шу кўчада ўндан ортиқ улкан харсанглар бор: уларнинг аксари бир-икки куб метр ҳажмда.

 

Ҳар бири туядай туятошар

 

Тилимизда катта нарсани туяга ўхшатиш анъана шаклини олган (“туясандиқ”, “туяқуш”, “игнадай тешикдан туядай совуқ киради”).

Қизиқки, яқин атрофда бу хил тошлар умуман, учрамайди. Улар бу ерга қаердан келиб қолганини ҳам биров билмайди – қадимдан шундай, шунга ўрганиб қолишган, вассалом.

Бир ривоятга кўра, девлар бу тошларни дам олиш чоғида ўйнаб ўтириб, қолдириб кетишган экан. Бошқа бир нақлга кўра эса, Сулаймон алайҳиссалом даврида унинг амрига чор-ночор бўйсуниб ишлаётган девлар фитна чиқариб, Сулаймон ухлаб ётган чоғида тош отиб, уриб ҳалок қилиш учун бу тошларни олис тоғлардан юлиб олиб, унга қарата отишган эмиш…

Албатта, булар бир афсона, аҳолининг мазкур тошлар қандай қилиб шу жойда пайдо бўлганини изоҳлаш учун тўқиган ривояти, холос. Чиндан ҳам, бундай катта тошларни у замонда девларгина бу ерларга олиб келиши мумкин эди. Аммо шу ривоятнинг ўзи ҳам бу тошларнинг айни жойга бошқа ердан келиб қолгани ҳақида хабар беради. Халқнинг тафаккур тарзи поэтикага, шеъриятга йўғрилган у замонларда аждодларимиз ҳар бир табиат ҳодисаси ҳақида тасаввур кучини ишга солиб, гўзал афсоналар тўқиган.

Бизнингча, бу туятошлар – тарихнинг бизга ноаён бир даврида, эҳтимолки, Ўшнинг аҳоли маскани бўлишидан неча минг ёки неча юз минг йиллар аввал осмондан тушган. Албатта, савол туғилиши мумкин: қандай қилиб бир эмас, бир неча тош тушган ва улар нега бир-бирига яқин жойда сочилиб ётибди?

Назаримизда, бу харсангтошлар – Ер юзига яқин бўлган осмон кенгликларида бошқа бир самовий жисм билан тўқнашиш оқибатида парчаланиб кетган метеорит бўлакларидир. Бу фаразнинг фойдасига бир далил шуки, мазкур “туятош”ларнинг устки қисми қиррадор эмас, ҳамма жойи суйри, эҳтимол, улар тушиш пайтида атмосферанинг қалин қатламларидан ўтаётиб, ҳаддан ташқари қизиб-куйиб, сирти едирилиб-силлиқлашиб кетгандир. Тошларнинг осмон жисмлари эканига иккинчи далил – улар ер юзасига ярим ботган ҳолда ўрнашган. Яъни Ер сиртига келиб урилган, бу жойда тупроқ қатлами юмшоқ эмаслиги ва қуруқ ер бўлгани боис, ерга чала-ярим ботган ҳолда қотган-қолган. Албатта, ҳар куни, сутканинг исталган бир даврида самовот элчилари – турли метеорит бўлаклари Ер сайёраси билан тўқнашади. Аммо уларнинг мингдан бири ер юзасига етиб кела олса ҳам катта гап. Чунки атмосферага – қалин ҳаво қатламларига жуда катта тезлик билан (секундига 20-30 минг километр) кириб келган учар юлдузлар – метеоритларнинг аксари куйиб-ёниб, осмоннинг ўзидаёқ йўқ бўлиб кетади. Фақат улкан метеоритларгина ер юзасига етиб келади, уларинг ҳам асосий қисми денгиз ва океанларга келиб тушади. Чунки Ер шари сиртининг 75 фоизи сув билан қопланган.

Ўш туятошлари эса ана шундай йирик метеорит парчаларидир. Бу тошлар тушган ер – аҳоли қадимдан тиғиз яшайдиган маҳалла, Ўшнинг қоқ маркази. Аксари ҳовлиларнинг ичида, фақат баъзи туятошларгина кўчада ётибди. Афсуски, номи шундай олис мозийдан хабар берадиган Туятош кўчаси бугунги кунда унга ёндош тушган Сун-ят-сен (бир пайтлар Хитойда Гоминдан партиясини таъсис этган арбоб) номи билан бирлаштирилган.

Башари, уларнинг метеорит экани тўғрисидаги тахминимиз географ, геолог ва астроном олимлар томонидан ўрганилиб, тасдиқланадиган бўлса, бу тошларни ҳозиргидай кўмиш, устига бетон қуйиб девор ўрнатиш каби тирикчилик тирриқчиликларига барҳам бериб, уларни очиш, устига қуйилган бетонлардан тозалаш керак. Чунки бундай тошлар маданий давлатларда геологик ва астрономик объект сифатида қўриқланади, улар туристларни жалб этиш учун энг яхши объект бўла олади. Қолаверса, бозор иқтисодиятига ўтиш ва унда яшаш – ҳаётимизнинг бирдан-бир мақсади бўлиб қолмаслиги, барча қадриятлар фақат моддий аҳамиятига қараб қадрланмаслиги керак.

Жим кўчасининг номи келиб чиқиши ҳам сирли туйилади. Айримлар уни II Жаҳон уруши даври ва ундан олдинги йилларда одам сийрак, кўча жимжит бўлган, деб изоҳлайдилар. Бу изоҳнинг ўзи изоҳталаб. Чунки ўша даврда фақат шу кўча жимжит бўлиб, бошқа кўчалар олағовур бўлмагандир? Жим кўчасининг ҳали ўнг, ҳали сўл томонлари бўйлаб оқиб ўтадиган ариқ ҳам Жимариқ деб аталади. Нега? Ёки бу ариқ ҳам жимжит, сокин оққанми? Ундай эмас. Ариқнинг асл номи – Чимариқ (атрофи чимзор). Бу ариқ шаҳарнинг Жийдалик маҳалласига сув ўтказиш учун Бешкўприк яқинидаги анҳордан қазиб чиқарилган, суви хийла юзада оққани учун атрофи толзор, чим босган ерлар бўлган. Унинг йўлида барпо бўлган кўча Чимариқ кўчаси ҳам шундан келиб чиққан ҳолда, Чимкўча деб аталган ва пировардида талаффузга мослашиб, Жимкўча номини олган.

Жийдалик – Жим маҳалласининг шимоли-ғарбида жойлашган. Бундан ярим асрлар муқаддам Ўш аэропортига шаҳардан борадиган ягона йўл мана шу кўчадан иборат эди ва шаҳарни аэропорт билан боғловчи асосий йўл бўлгани боис, Жийдалик номи ўзгартирилиб, Ўш кўчаси деб қайта номланган. У Ўш бозорининг этаги ҳисобланган Мулла Тошқози кўприги юқорисидан бошланиб, Оқбура дарёсининг ўнғ қирғоғи бўйлаб шимол сари кетади, ўнг томони Дўнгкўча, Жимкўчалар билан туташади ва шаҳар четига, ҳозирги Лўлимаҳаллага қадар етиб боради. Кўчанинг этагида Жийдалик қабристони жойлашган. Бу кўчанинг номи ўз хусусиятидан хабар бериб турибди. Ўтган аср ўрталарига қадар Жийдалик шаҳарнинг энг шимолий чети бўлган. Маълумки, сув камчил, унча-бунча дов-дарахт яхши кўкармайдиган жойда қурғоқчиликка чидамли жийда яхши ўсади. Шу сабабли ҳам Чимариқ қазилиб, Жийдалик маҳалласига сув олиб ўтилгунга қадар бу маҳаллада жийда кўп бўлган. Сув камлигидан, илгари бу маҳалла ичимлик сувини кўча ғарбидан 100-150 метрлар чамаси наридаги ўн-ўн беш қулоч пастдан оқиб ўтувчи Оқбура дарёсига қиялатиб тортилган троссни ғалтакка айлантириб тортиш орқали челаклаб сув тортиб олишга мажбур эди, Жимариқнинг жилдираган озгина суви ёз паллалари суғориш учун етишмай, бу икки маҳалла одамлари ўртасида сув талашиб жанжаллашиш одатий, кундалик манзара бўлиб қолган эди.

Лўлимаҳалла эса Жийдалик маҳалласи этагида, Оқбура сойининг шарқий қирғоғида, шаҳарнинг шу томонидаги энг шимолий нуқтасида жойлашган. Ўшликларнинг айтишича, кўчманчи турмуш кечирувчи лўлиларнинг бир жамоаси 1953 йилда Ўшга келиб қолади ва шаҳар этагида – дарё қирғоғидан ўзлари учун қулай бир ерни танлаб, капа ва олачуқ тикиб кун кечиришади. Оғир ҳаётдан толиққан бу эл мазкур жойга танда қўйиб, шаҳар аҳолиси орасида тирикчилик қилиб, аста-секин уй-жой тиклаб, ҳозирда бир неча маҳалла шаклини олган “Янги қишлоқ” аҳоли пунктида истиқомат қилади, уларнинг Ўш шаҳрида нодавлат миллий жамоа маркази ҳам таъсис этилган. Ҳозир Ўш лўлиларининг сони 5 минг нафардан ортиқ бўлиб, бу ерда 1500 га яқин хонадон бор. Бу элат илгари Ленин номли колхоз ҳудудида истқомат қилган.

Бироқ бу борада Интернетда берилган бир маълумот бизни ажаблантирди. Унда, мазкур Лўлимаҳалла фарзандлари то мустақиллик йилларига қадар мактаб юзини кўрмаган, деб хабар бериладики, бу ҳақиқатга зид. Ўша эллигинчи йилларнинг ўрталаридан то яқин йилларга қадар лўли болалар дастлаб Жийдалик маҳалласидаги “Қизил юлдуз” номли саккиз йиллик мактабда, кейинчалик эса колхоз уларнинг маҳалласи яқинида қуриб берган мактабда ўзбек тилида таълим олишган ва ўзбек муаллимлари қатнаб, уларга дарс бериб, саводини чиқаришган. Аммо анъанавий турмуш тарзидаги ўзига хослик туфайли, мактабни битирар-битирмас, лўли болаларининг аксари ўқишни ташлаб кетар, саводи ҳам бор-йўқнинг орасида бўлган. Энди эса лўли болалари қирғизча таълим олишаётир. Интернетдаги маълумот эса маълумотсизлик орқасида пайдо бўлган.

Эски номи сақланиб қолган кўчаларнинг яна бири шаҳар ғарбидаги Шамшод кўчасидир. Шамшод – форсийча, доим яшил, тикка ўсувчи дарахтдир. Агар мазкур маҳалланинг номи шу сўздан келиб чиққан бўлса, бир замонлар шу ерларда шамшодлар ёки шамшод каби тик қоматли тераклар кўп ўсган, шу сабабли айни жой Шамшод деб аталган, деган хулосага келамиз. Аммо, шамшод Марказий Осиёда кам ўсишини ҳисобга олсак, у ҳолда бу маҳалланинг асл номи Шамсиобод бўлиб, лисоний ихчамлашиш ҳодисаси туфайли у кейинчалик Шамшиобод à Шамшовот à Шамшод бўлиб кетган.

Ўшнинг шимоли-шарқ тарафида Қўштош, Подавон каби маҳаллалар бор. Қўштош деганда, дафъатан кишининг хаёлига, бу жойда икки катта тош ётган бўлса керак, деган фикр келади. Аслида эса, бир пайтлар мазкур маҳалла бошида, одатдаги бир тошли тегирмонлардан фарқли равишда, икки тошли (қўш тошли) тегирмон бўлган. Демак, шу маҳалладан ўтадиган анҳорнинг суви ҳам икки тегирмон тошини чирпирак қилиб айлантира оладиган даражада сероб бўлган. Қўштош маҳалласининг номи шу сўздан.

Подавон сўзига келсак, у “пойи довон” – довоннинг этаги (ундан нарида, кунчиқар томонга қараб аста-секин қир-адирликлар, бора-бора эса Олой тоғлари бошланиб кетади) деганими ёки “подабон”, яъни пода боқувчилар деган маънода келадими – билиб бўлмади. Чунки иккала тахминда ҳам муайян асос бор, шаҳар чети ва тоғликлар бошланадиган бундай жойда подалар кўп сақланган бўлиши ҳам табиий.

Аммо шуниси маълум ва машҳурки, Подавонликлар миришкор деҳқон бўлишади, бутун Ўш ва унинг теварагини келаси йил ёзнинг жавзо кунларига қадар суви қочмай, мазасию тоти камаймай карсиллаб турадиган сархил сабзи билан таъминлаш уларнинг одатий тирикчилиги. Подавонликлар бунинг учун сабзини етиштириш билангина шуғулланмай, қиш ва баҳор кезлари сабзини узоқ ойлар бузилмасдан сақлашга имкон берадиган “муз ўра” кавлаш соҳасида ҳам омилкорликлари маълум.

Ўш атрофидаги ер-сувнинг, об-ҳавонинг ўзига хослиги туфайлими ёки “меҳнат тақсимоти” шунга олиб келганми, ҳар қалай, Подавонликларнинг аксари сабзи етиштириш билан машғул бўлса, Жийдалик маҳалласи пиёз, шаҳар жануби ва ғарбида турувчилар (собиқ “Тўлайкан”, “Кенгаш” совхозлари таркибидаги ерларда яшовчилар) эса картошка усталари сифатида танилишган. Мева-чева етиштириш ҳам инчунин: масалан “Кенгаш”ликлар олма усталари бўлса, анжиру анор Аравондан келтирилган.

Ҳозирги Подавон ва Қўштош маҳаллаларининг ўрни азалдан обод бўлган, одамлар бу ерларга Увом, Мўян ва Ювош каби анҳорлар қазиб келиб, сув чиқарган, экин экиб, ҳосил ундирган, уй-жой, ватан қилган, ўзларидан обод маҳаллалар қолдирган. Уларнинг қабри ҳам шу ерда. Модомики, юртимизга ислом динини олиб келган араб лашкарбошиларидан баъзисининг хоки Бувалашкар қабристонида бўлиб, улардан айримлари, минг йилнинг нарисида урф бўлгандай – оёғи қибла тарафга қилиб дафн этилган экан, маълум бўладики, бу даҳага ҳаёт манбаи бўлган сув келтирилганига – мазкур каналларнинг қазилганига ҳам минг йилдан ошган.

Ўшнинг шарқий томонида илгари Ёғқовоқ деган маҳалла ҳам бўлган экан. Бироқ у шаҳарнинг ҳозирги қайси ўрнида бўлгани бизга маълум эмас. Маълумки, ёғқовоқ – қовоқнинг бир тури, қадимда идиш кам бўлгани сабабли бу тур қовоқнинг ичи тозалаб ташлангач, ундан ёғ сақлаш учун фойдаланганлар. Эҳтимол, бу кўча аҳли ана шундай қовоқларни кўп экиб тарқатган ва кўча ёғқовоқчилар маҳалласи деб аталиб кетган бўлса. Кейинчалик идиш кўпайиб, қовоқдан идиш сифатида фойдаланиш йўққа чиққач, кўча номи ҳам янгиланиб кетган бўлиши мумкин.

Номига кўра, Шайхлар гузари маҳалласида шайхлар яшаган, деб тасаввур қилиш мумкин. Аслида эса, икки аср муқаддам бир улкан масжидни қуришга Конибодом тарафдан усталар жалб этилган ва улар уч-тўрт йил давомида ишлаб, бино битказилганидан сўнг иш ҳаққи ҳамда ҳадяларни олишгач, Ўш шаҳри уларга ёқиб қолганини, шунинг учун, агар ижозат берилса, ҳаммалари бола-чақаларини олиб келиб, Ўшда яшаш ниятлари борлигини айтиб, шаҳар четроғидан бир жой ажратилса, маҳалла бўлиб истиқомат қилишларини билдиришган. Ўша пайтда бўш ётган жой – ҳозирги “Шайхлар гузари” ўрни уларга инъом қилинади. Тоғнинг шундоқ этагидаги маҳалла бўлгани сабаб, ўша усталарнинг авлодлари кейинчалик тоғ зиёратига келувчиларнинг келди-кетдисига қараш, уларга тунаш учун жой бериш каби ишлар билан шуғулланиб, айримлари дуогўй шайхга ҳам айланишган. Демак, бу кўча ва унинг теварагида истиқомат қилувчиларнинг ирсиятида тожик қони ҳам мавжуд (айтиш керакки, Фарғона водийси ўзбекларининг шевасида “ҳ” ва “х” товушлари кескин фарқланмайди, аксар ҳолларда ҳар иккови ҳам “ҳ” тарзида талаффуз қилинади. “Шайхлар гузари” деган сўз ана шу сабабга кўра халқ тилида соддалашиб, Шаҳлогузарга айланиб кетган). Кейинчалик, совет даврида бу ном “диний” деб топилиб, кўча номи “Гулистон” деб янгиланган эди.

Мажрумтол кўчаси эса шаҳарнинг қоқ ўртасида, Оқбура дарёсининг ўнг соҳилида, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг шарқий тарафидадир. Кўчанинг нима сабабдан Мажрумтол деб аталиши аниқ маълум эмас, баъзилар Оқбура дарёси соҳилида мажнунтол кўп ўсгани учун жонли талаффузда Мажрумтол бўлиб кетган, дейишади. Аммо “Мажнунтол” сўзи “Мажрумтол”га қай тарзда алмашиб қолгани (“Мажнун” à “Мажрум”?) изоҳталаб. Чунки толнинг бу тури ҳамма жойда фонологик ўзгаришларга учрамай, мажнунтол деб айтилади. Қолаверса, Ўзган шаҳрида Мажримтол маҳалласи, Самарқанднинг Нурота тарафида Мажрумсой деган дарё борки, бу далил айни сўзнинг келиб чиқиши толга алоқадор эмаслигини кўрсатади.

Қорасув кўчаси, Андижон кўчаси, Аравон кўчаси, Новқат кўчаси кабилар эса Ўшни шу номдаги манзиллар билан боғловчи асосий йўл шу эканини билдиради.

Лекин, афсуски, Ўшдаги кўп кўча ва маҳаллаларнинг эски номлари ҳозир унутилиб кетган, уларни хотирасида олиб юрганлар сафи ҳам тобора сийраклашиб боряпти. Чунончи, Ўшдаги Макаренко мактаби теварагидаги жойлар бир маҳаллар Тошлоқ маҳалла деб аталгани, бу жойда эса Ўрда бўлганини айтадилар. Тошлоқ-ку, ўз оти билан тошли жой, аммо Ўрда деганда қандай ўрдани тушуниш керак ва бу ўрда қачон бино бўлган, бундан бохабар одамни топа олмадик. Назаримизда, бу жойда Чор ҳукумати Ўрта Осиёни босиб олгач, Ўшдаги маҳаллий ҳарбий бошқарув маҳкамаси жойлашган кўринади.

 

Яндекс.Метрика