ЎШНИ БОШҚА ШАҲАРЛАР БИЛАН БОҒЛОВЧИ ЙЎЛЛАР 27- СУҲБАТ

    Йўл тарихи одамзот тарихидан ҳам қадимий. Чунки йўл кишилик жамияти юзага келишидан аввал ҳам мавжуд бўлган. Ўрмонларда, чўл ва бошқа жойларда яшайдиган ҳайвонлар ўзи учун қулай тарзда йўл танлайди, йўл солади, ҳатто чумолиларнинг ҳам ўз сўқмоғи-йўли бор. Одамлар ўзи яшаган ўнгур, ғор ва ертўлалардан чиқиб бирон ёққа бормоқчи бўлса, йўл билан кетган. Бинобарин, йўл – тирик табиатнинг илк кашфиётларидан бири.

Аммо ана шу энг қадимий мавжудият бўлган йўл бугунги кунда ҳар бир мамлакат тараққиёти даражасини кўрсатадиган реалликка ҳам айланди. Йўлларнинг ҳолатига қараб муайян юртнинг иқтисодий салоҳияти ва ижтимоий ҳолатини тасаввур қилиш мумкин.

Ўш теварагидаги ва умуман, Жанубий Қирғизистондаги йўлларга разм солсак, уларнинг энг асосийси Самарқанд-Ўш-Қашқар йўналишидирки, унинг қачон очилганини тарих билмайди. Бир замонлар бу йўлдан туя ва хачирлар карвони қатнаган. Самарқанд ва Қўқон томонлардан Ўшга келиб, бу шаҳар орқали Қашқар, Хўтан ва ундан нари ўтадиган йўллар Жанубий Қирғизистон ҳудудидаги асосий робита воситаларидир. Бунга Аравон-Ўш, Новқат-Ўш, Ўш-Саритош, Ўш-Ўзган йўллари мисол бўла олади. Андижон-Ўш йўли эса бу икки йирик шаҳарни ўзаро боғлабгина қолмай, Андижонга кириб келган савдо карвонларининг шарққа – Хитой ва Ҳиндистон тарафларга ҳаракатланиши учун ҳам восита бўлган. Бунинг аксича, Шимол-Жануб ёки Жануб-Шимол йўналишидаги йўллар жуда кам ва уларнинг кўпи анча кейин пайдо бўлган.

Бу фактнинг ўзи ҳозирда Буюк ипак йўли деб аталадиган улуғ карвон йўли ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганини, у ғарбдан шарққа, шарқдан ғарбга томон давом этганини кўрсатади. Биз айтаёттган қадимги кент ва қишлоқлар айнан карвон йўллари устида барпо бўлган. Чунки ўтмишда ҳам, ҳозиргидаги каби, одамларнинг тирикчилиги иқтисодга боғлиқ эди. Олисдан ҳориб-толиб, қай бир захиралари тугаб келаётган карвонларга озиқ-овқат, ем-хашак бериш орқали тирикчилик ўтказиш эҳтиёжи Ўшнинг ғарбий ва шарқий тарафларида аҳоли манзилгоҳларининг пайдо бўлишига замин яратган. Моду қўрғони ҳам ана шу зарурат мевасидир. У Хитойга ва ундан нарига кетаётган, ёхуд ўша тарафлардан келаётган карвонлар учун Ўш бўсағасида нафас ростлаб, товарлар тартибга келтириладиган бир қўналға бўлган. Бундай масканлар савдо карвонларининг бехатарлигини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнаган. Чунки ўтмишда ҳокимият ва подшоҳлик фақат шаҳарларда бўлиб, карвон олис сафардан қайтаётган кез ҳукмдорлик кимнинг қўлига ўтганини билиш шаҳарга кириш ёки яхшиси, кирмай айланиб ўтиш масаласини ҳал қилган.

Синчиклаб назар солган одам Ўш теварагидаги аҳоли турар жойлари, қишлоғу кентларнинг энг қадимгилари ҳам шаҳримизнинг шарқий ва ғарбий томонларида жойлашганини пайқайди. Қува, Асака, Мингтепа (ҳозирги Марҳамат), Новқат, Аравон унинг ғарбида, Ўзган шаҳри ва Моди қишлоғи эса унинг шарқий томонида деб белгилаш мумкин. Нисбатан янги жойлар – икки асрнинг нари-берисида барпо бўлган Қорасув, Жалолобод шаҳарлари эса асосан, унинг шимол томонида. Жануб тарафдаги – Танги томонлардаги қишлоқларни Ўш билан боғловчи йўллар ҳам нисбатан кейин тушган.

Ўш ғарбидаги Новқат, Аравон, Мингтепа (ҳозирги Марҳамат) каби жойларининг шаклланиши хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.

Аммо ХХ аср бошларига қадар Ўш ва унинг теварагидаги шаҳарлар ўзаро тупроқ йўллар билан боғланган, ҳатто шаҳар ичи ҳам тўлиғича қишда лой, ёзда тўзон тупроққа тўлиб ётган кўчалардан иборат эди. Фақат ХIХ аср охирларига келибгина Ўшнинг янги шаҳар қисмидаги бир-икки марказий кўчага лаппак тошлар териб ётқизилди, то 1970 йилларга қадар шаҳарнинг юқори қисмида бу “ўтмиш обидалари” ястаниб ётар эди. Кейинчалик Ўшда асфальт заводлари пайдо бўлди, шаҳар ва унинг теварагидаги барча асосий йўл ва кўчалар асфальтланди. Бироқ Ўшни олис ва яқин шаҳарлар билан боғлайдиган бу йўлларни барпо этиш минглаб кишилар, минглаб техник воситаларини талаб этадиган оғир юмуш эдики, Ўшлик фидойи меҳнат мардумлари ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан бошлаб шу муаззам ишга киришдилар.

Масалан, Ўшни Тоғли Бадахшоннинг маркази бўлган Хоруғ шаҳри билан боғлайдиган йўл (узунлиги – 728 км.) қурилиши йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларида тош териб бошлаб юборилган. Халқ комиссарлиги Ўрта Осиё округининг Ю.Н.Малюшицкий бошчилигидаги 3-йўл қурилиши участкаси хизматчилари кучи билан трассанинг дастлабки бир неча юз километри қуриб битказилган.

Бу йўл Тожикистонга қарашли Тоғли Бадахшон мухтор вилояти аҳолисини ташқи дунё билан боғлаб турадиган асосий робита эди. Ҳатто Тожикистоннинг пойтахти ва бошқа жойларидан мазкур вилоятга юбориладиган юклар ҳам Хоруғга Ўш орқали ташиб етказилар эди. Шунинг учун ҳам Ўшда ҳарбийлаштирилган махсус колонна ташкил этилиб, ўтган асрнинг ўттизинчи-қирқинчи йилларидан бошлаб Ўшлик юзлаб ҳайдовчилар ана шу энг хатарли ва қалтис йўлларда юк ташишга киришдилар. Бу йўлда дастлабки совет автомобилларидан бўлган, атиги бир-бир ярим тонна юк кўтара оладиган “полуторка” машиналаридан тортиб, аср охирларига келиб пайдо бўлган қудратли “ЗИЛ”, “МАЗ”, “КАМАЗ” каби машиналар билан минглаб, миллионлаб тонна озиқ-овқат, техника, қурилиш ва тиббиёт маҳсулотлари ташиб етказилди.

Шу ўринда ушбу Катта Помир тракти қай тарзда қурилгани ҳақида икки оғиз сўзлаб ўтиш жоиз. Бу йўл Ўшни Хоруғ ва ундан нари Душанбе ва ниҳоят Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри билан боғлайдиган улкан ва дунёдаги энг узун трассалардан бири ҳисобланади.

Ўш-Хоруғ йўли икки босқичда бунёд этилган. Дастлаб, 1894 йилдан бошлаб рус армиясининг сапёрлик қисмлари Толлиқ довони орқали махфий равишда ҳарбий-стратегик арава йўлини бунёд этишди; у Фарғона водийси билан Олой водийсини ўзаро туташтирди.

 

Орадан 37 йил ўтиб, 1931-34 йилларда ушбу йўл Хоруғ шаҳрига қадар узайтирилди. Тоғли Помир ўлкасини тараққий эттириш учун мазкур йўлга Совет ҳукумати катта эътибор берди.

Ўшдан Хоруғ шаҳрига олиб борадиган бу йўл уч асосий тоғ довони – Толлиқ (3615 м), Қизиларт (4280 м) ва Оқбайтал (4655 м) оша бунёд этилган бўлиб, дунё миқёсида ҳам устидан автомобиль қатнайдиган энг баланд тоғ йўлларидан бири ҳисобланади.

“National Geographic” журнали талқинига кўра, Помир тракти жаҳондаги энг бежирим автомобиль йўлларидан бири бўлиб, чиройли йўллар танловида Вердон дараси йўли (Франция)дан сўнг иккинчи ўринни олган, бу танловда учинчи ўринга Далтон-Хайвей трассаси (АҚШ) муносиб кўрилган.

Ўш-Хоруғ-Душанбе-Мозори Шариф автотрассасининг асосий қисми Тожикистон ҳудудидан ўтади. Чунончи, 384 километрлик Хоруғ-Душанбе йўли 1940 йилда умумхалқ ҳашари асосида, 30 минг киши иштирокида 106 кун ичида бунёд этилган.

Ҳозирги кунда Помир тракти Ўш шаҳрини Хоруғ ҳамда Душанбе шаҳарлари билан боғлайди. Душанбедан эса М41 йўли орқали Мозори шариф шаҳрига етиб бориш мумкин. Демак, мазкур автотрасса “Шарқий тракт” (Ўш-Душанбе) ва “Ғарбий тракт” (Хоруғ-Душанбе)дан иборат. Тоғли Бадахшон ўлкасига юкларнинг асосий қисми ҳамон Ўш шаҳри орқали етказиб берилади. Ўшда ПЙБ (Помир йўли бошқармаси) ҳамда икки автобаза: ПАТУ – фуқаролик юклари ташиш автобазаси ҳамда 3333-ҳарбий қисм – Помирдаги ҳарбий қисмларни таъминлаш автобатальони мавжуд эди.

Тоғли Бадахшонга борадиган ягона йўл айнан Ўш орқали ўтгани боис, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан ўзбек, қирғиз, рус ва бошқа миллат вакиллари бўлган юзлаб ҳайдовчилар олис тоғли ўлка кишиларининг ҳаётини фаровон этиш йўлида меҳнат қилдилар.

Ўш-Хоруғ йўли дунёдаги энг катта ва энг баланд тоғлардан бўлган Помир тоғининг устидан ўтади. Унинг аксар қисми баланд тоғ қоялари ва бундай қоялар этагидаги тубсиз жарликлар лабига қурилган бўлиб, қанчадан-қанча ҳайдовчилар Бадахшон аҳолисининг мушкулини енгил қилиш ниятида йўлга чиқиб, муз қотган қалин қор, сирпанчиқлар устидан юриб, юкларни манзилга етказиб беришган. Шу билан бирга, лешкар бехатар бўлмайди, деганларидек, машина билан жарга учиб кетиб, омонат жонини Ҳаққа топширган ҳам кўп бўлган.

Ўш-Бишкек йўлини мамлакатнинг Жанубий ва Шимолий қисмини туташтирувчи асосий “қон томири” деб аташ мумкин. Бу автотрасса бўйлаб саёҳат қилган киши Қирғизистоннинг бутун гўзаллигини ўз кўзи билан кўриши мумкин. 600 чақиримдан ортиқ бу йўл Сусамирнинг қорли довонлари, Фарғона водийсининг ям-яшил экинзорлари оралаб ўтади. Ушбу йўл қурилгунича Бишкекдан Жанубга келиш учун Қозоғистонннг жанубидаги Тароз ва Чимкент шаҳарлари оша Тошкентга етиш ва ундан Тожикистоннинг Хўжанди орқали яна Ўзбекистонга ўтиб, Қўқон шаҳрига кириш, ана шундан кейингина Ўш вилоятига кириб келиш мумкин бўларди – бунинг учун камида минг километр йўл босиш, вақтдан ютқазиш шарт эди. Ана шунга барҳам бериш учун 1957 йилдан бошлаб Ўш-Бишкек автотрассасини қуришга киришилди ва саккиз йил деганда 11 миллион куб метр тош-тупроқ ишлари бажарилиб, жами узунлиги 2500 погон метр бўлган 97 Турсунбой Адашбоев кўприк қурилиб, мингга яқин сув ўтказиш қувурлари ётқизилиб, қор ва тош кўчкисига қарши олти гелерея ҳада ўттиз беш фойдаланиш мажмуаси барпо этилди. Бугун ушбу муҳташам ва мустаҳкам галереяларни кўрган одам уларнинг қарийб олтмиш йил муқаддам барпо этилганига ишона қолмайди. Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб ишга туширилган баланд тоқ қиридаги 2500 метр узунликдаги тоннель эса 1964 йилда қазилган. Қурилишни тезлатиш учун ушбу тоннель Туяошув довонининг 3125 баландлигида, тоғнинг жануб ва шимол томонидан бир вақтда, бир-бирига қарама-қарши равишда бошланган ва муҳандисларнинг маҳорати туфайли ниҳоятда аниқ равишда ўзаро туташган.

Яна бир трасса – Ўзганга боришда илгари Ўттизадир орқали алоҳида йўл ўтган эди. Шўро даврида у унутилиб, Ўзганга Қорасув шаҳри орқали бориладиган бўлиб қолган эди. Коммуникация воситаларига эҳтиёж ошгач, кейинги йигирма-ўттиз йил ичида бу йўл қайта ишга туширилиб, Ўзганни Ўш билан боғловчи асосий робита воситасига айланди, шунинг ҳисобига Қорасув-Ўш йўлида автоуловлар тиғизлиги нисбатан камайди.

Тарихнинг чархи яна бир бор эврилаётган ушбу кунларда, турли ижтимоий ва сиёсий муаммолар туфайли бир қадар кечикаётган бўлишига қарамай, Тошкент-Андижон-Ўш-Эргаштом-Шарқий Туркистон йўлИ қурилиши давом этяпти, бунинг учун эса ўша, минг йиллардан бери фойдаланиб келинаётган савдо карвонлари йўли ҳар бир мамлакатда лозим даражада кенгайтириб борилаётир.

 

Азиз дўстлар!

 Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

Яндекс.Метрика