ЎШЛИК УЛАМОЛАР

Юртимиздан етишиб чиққан алломалар илм-фаннинг тараққиёти йўлида беқиёс хизматлар қилишган. Бу тарихий, илмий, маданий жараёнларга Ўш олимлари ҳам катта ҳисса қўшганлар. Ўш замини ҳаётидаги маънавий-маданий юксалиш даврида бир қанча муҳаддислар, шариат уламолари, муаррихлар, хаттотлар, шоирлар, табиблар хизматларини алоҳида қайд этишимиз мумкин.

XIX-аср охирларига келиб,Қўқон хонлиги даврида Ўш маърифат ва маданият барқ уриб ривожланган шаҳарлардан бирига айланди. Бу заминда бир талай дин ва миллат фахри бўлган сиймолар етишиб чиққан.

Бугунги суҳбатимизда шу заминда илм зиёсини таратишга хизмат қилган ва бу илм йўлида риёзат чеккан уламолардан — Мулла Холмирза Охунд Аълам ва у кишининг авлодлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

МУЛЛА ХОЛМИРЗА ОХУНД АЪЛАМ

 

Мовароуннаҳирнинг забардаст уламолардан,йирик диний ва сиёсий арбоб. Бухоро Амири Саид Абдулахадхон диний маслахатчиси, хос табиби ва саройнинг хазина нозири.

Мулла Холмирза Охунд Аълам 1874 йилда Ўш яқинидаги Ёрқишлоқда зиёли ва бой деҳқон Нурҳолиқбойнинг хонадонида таваллуд топган.

Холмирза Охунд илмга ташна, ибодатли оилада улғайгани учун болаликдан илм олишга интилиб, ибодатда ғайрат қилиб катта бўлди.

У илк таълимни ўн олти ёшигача Ўшдаги мадрасаларда олган.

Ўш шаҳри қозиёти тавсияси билан 1890 йилда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасига ўқишга юборилади.Мадрасани олий таълимини мувофаққиятли тамомлаб, шу мадрасада фиқх илми мударриси бўлиб тайинланади. Араб,форс ва урду тилларини мукаммал бўлган. Мударрислиги давомида илм ўрганиш ва ўргатишда давом этади.

Мадрасада фиқх, ақида, калом ва мувозанат (логика) илмлари бўйича сабоқ беради.

Шу билан бирга табобат бўйича ҳам илмларни пухта эгаллаб,Бухоро Амирлигини машҳур табиби бўлиб ном чиқарган.

22-23 ёшлари чамасида Бухоро Амири Саид Абдулахадхон ўз саройига лавозимга таклиф қилади. Мадраса ва мударрислигини давом этиши шарти билан, амирнинг диний маслаҳатчиси,хазина назорат гурухи аъзоси ва шу қаторда табиб сифатида фаолият юритади. Ўн йилдан ошиқ саройда фаолият олиб бориб Саид Олимхоннинг катта диний маслаҳатчиси, хос табиби ва сарой хазинабони (нозири) бўлиб ишлаган.

35 ёшида отаси Нурҳолиқбойнинг чақириғи билан Амирдан рухсат олиб она шаҳри Ўшга қайтади. Амир Саид Абдулахадхону нга ҳар ойда 10 тилло танга миқдорида бир умрга нафақа тайинлаб беради.

1910 йил Ўш шаҳрининг Марғилон дарвоза даҳаси, Гўристон маҳалласидан (Ҳозирда бу маҳалла Гулистон-2 кўчаси деб аталади) Ўшда таниқли саҳоватли бой Муҳаммад Юсуфбойнинг янги қурган уй-ҳовлисини сотиб олади. Ўша йили Марғилон дарвоза даҳасининг Яланг маҳалласида қад ростлаган «Муҳаммад Юсуфбой» жомъе масжидига имом-хатиб вазифасига тайинланади. Лекин, бир йилдан ошиқроқ имомликдан ўз хохши билан бўшаб, мадрасага катта мударрис бўлиб ўтади. Илм ўргатиш имомликдан афзал эканлигини мақул кўриб шу сабабни рўкач қилади.

Мулла Холмирза Охунд Аълам юртнинг жуда кўп алломалари, аҳли фазл кишилари ва қорилари билан яқин эди. Улар суҳбатида қатнашар, файз мажлисларини гуллатар, қироати билан Қуръонга ташна дилларга завқ-шавқ улашар эди. Кўп марта водийдаги диний-илмий анжуманларга фаол қатнашиб турган.

Туркистон заминида ҳам 1917 йилги Инқилоб дин кишиларини, олиму-уламоларига салбий таъсир қила бошлаган кезлари, мударрисликнинг аҳволи қийин бўлганлиги сабабли табобат билан шуғулланишга ўтади. Абу Али ибн Синонинг «Ат-Тиб» ини қўлёзма нусхаси ила табиблик қилгани учун жуда тез суратда Ўш ва водийда ном чиқарган. Асосан тери касалликлари, ошқазон ва без фаолияти, заҳарланганларни жуда яхши даволаган.

Гулчалик жуда катта, саҳоватли бир бой йилда бир бутун водийдаги олиму-фузалоларни тўплаб меҳмон қилар ва уларни яхши совға-саломлар билан кузатиб қўяр экан. Бир йили ўша бой Ўшга келиб, илмлиларни тўплаб катта зиёфат берибди. Шу жараёнда уларга савол берибди: «Мен ҳандак қаздириб, жуда катта меш қилдириб уни ҳандакка солиб, бўза тайёрлаган эдим. Итларимдан бирининг оёғи ўша бўзага тушиб кетди. Энди менга айтингларчи бўза харом бўлдими ёки йўқ?» дебди. Шунда ўтирганлар бойни юзига ҳақиқатни айтгани ийманиб, Бухорода ўқиган, жуда катта бир домла келган Холмирза Аълам, ўша зотга бориб сўранг деганлар. Бой Холмирза Аъламни танимас экан, топиб саволини берганда, домла: «Бай-бай ёмон иш бўлибли, харом бўлибди» деса, бой апил-тапил бўза харом бўлибдими? дебди. Шунда Холмирза Охунд Аълам: «Йўқ, итнинг оёғи харом бўлибди, уни оёғини кесиб ташлаш лозим» деган экан.

Октябрь Инқилобидан кейин, Туркистон заминида диндор ва бойларга тайзиқлар кучайгандан кучайиб борди.Ўш ахолиси орасида Холмирза Охундга нисбатан тайзиқ бўлса ғалаёнларга олиб келишлигини мумкинлиги учун, 1928 йилла Холмирза Охунд Аълам дин-диёнати йўлида Ўзган шаҳрига хижратга чиқади.Ўзганга кетаётиб,Қуршоб қишлоғида тунаб қолишган.Қуршобдаги бир бойнинг уйида зиёфат пайтида овқатига заҳар (олмос кукунини) қўшиб ичирилган.Мулла Холмирза Охунд Аъламнинг ошқозони қаттиқ оғриб,аҳлат билан қон келганини кўриб,ёнидагиларга: «Менга олмос кукунини ичириб юборишибди,буни давоси йўқ,уй эгасида айб йўқ чунки олмос кукуни фақат давлат одамларида бўлиши мумкин.Мени тезда Ўшга қайтариб олиб боринглар» деган экан.Қисмат экан, Қуршоб- Ўш йўлида омонатини топширганлар.

Амир Саид Олимхон 1921 йилда Афғонистонга ўтиб кетгандан кейин ҳам, Холмирза Охунд Аъламга нафақа келиши, то 1928 йилга қадар, яъни Амир Саид Олимхонга яқин маслакдош бўлгани учун тўхтамаган.

Бахтга қарши, бунинг ортида Холмирза Охунд Аъламнинг ўлдирилишига сабаб бўлган деган гумон эҳтимоли йўқ эмас.

Бутун умрини мамлакатда Ислом дини равнақи ва мусулмонлар манфаати йўлидаги хайрли ишларга бағишлаган фазилатли дин арбоби, юртимизнинг атоқли уламоларидан бири саналган

Мулла Холмирза Охунд Аълам хазратлари 1928 йилда Куршоб-Ўш йўлида вафот этдилар.

Сулаймон тоғи этагидаги «Гудак мозор» қабристонига дафн этилган.

Мулла Холмирза Охунд Аълам 1912 йилда Нуриддин қозининг кенжа қизи Маликахон (Муаллима хола) га уйланган. 5 ўғил, 1 қиз кўрган

СИБҒАТУЛЛОҲ МАХДУМ (СУХБАТИЛЛО ҚОРИ)

 

Таниқли диний арбоб, Ўш шаҳрининг 1983-1993 йилларда Бош имом-хатиби. 1922 йилнинг баҳорида Ўшнинг зиёли ва фозил кишиларидан Мулла Холмирза Охунд Аълам хонадонида бир фарзанди аржуманд дунёга келди. Ота унинг келгусида аҳли фазл кишиларидан бўлиб етишишини орзулаб, унга Сибғатулло деб исм қўйди. Солиҳ фарзанд ёшлигидан Қуръонга ошно бўлди, аввал отасидан, сўнг отасидан меърос қолган исломий китоблардан сабоқ олди.

Сибғатилло Мулла Холмирза Охунд Аълам ўғли 1922 йилда Ўш шаҳрининг Марғилон дарвоза даҳаси Гўристон маҳалласида таваллуд топган.

Отаси: Мулла Холмирза Охунд Аълам Мовароуннаҳрда таниқли, забардаст уламолардан бири бўлган. Йириқ диний ва сиёсий арбоб.

Онаси: Ўшда нуфузли Нуриддин қозининг қизи Маликахон (муаллима хола) бўлиб,зиёли ва маърифатли аёл эдилар.

Сибғатилло махдум 6 ёшида отадан етим қолгунча,савод чиқариб улгурган. Қирғизистон жанубида илк мактаб Ўшдаги 1-сон » 25- Октябрь» мактабида таълим олган. Мактабда аъло баҳоларга ўқигангили ва интизомли ўқувчи бўлганидан 8- синфни битириб,ўқишни давом эттирган ҳолда, ўша мактабда математика фанидан ўқитувчилик қилган.Мактабни битиргач, Андижон Давлат Педагогика институтининг физика-математика факультети талабаси бўлган. Иккинчи жаҳон уруши бошланганда,уришга чақирув чиқиб,ўқитувчилиги ҳам,акаси фронтда эканлиги ҳам,кўзида хастилиги борлиги ҳам этиборга олинмай,уришга юборишга лоиқ деб топилган.Поездга ўтирганда,қабул қилувчилар тарафидан келган кекса врач аёл бу кўзининг хастилиги билан урушга қатнаша олмайди деган ташхис қўйиб ҳарбий хизматдан озод ҳақида қоғоз ёзиб,вагондан тушуниб юборади. Уруш даврида олий маълумотли ўқитувчи сифатида ўша 1-сон «25 Октябрь» ўрта мактабида ўқитувчилигини давом эттириш билан бирга ҳунар ўрганиб (уста Турсунбой акадан) тери бўлш (ошлаш) билан машғул бўлган. Умрининг оҳиригача ҳунар ва савдо-сотиқ соҳасида ишлаган.

Аввалида отасидан олган сабоқни ўзи давом эттириб, сўнгра Солиҳ қори акадан қироатдан сабоқ олган. Кейинчалик Абдулҳамид (Чўлоқ қори) қори домладан араб тили ва бошқа диний илмлар бўйича сабоқ олган. Лекин, гох-гоҳида бўладиган зиёфат қиёфасидаги дарс етарли бўлмаганлиги сабабли, ўз устида жуда кўп илмга рағбат қилган. Араб,форс тилларини мукаммал билган.

Отаси забардаст уламо, олим бўлганлиги сабабли ўзида катта масъулият сезарди. Тирикчиликдан бўш вақтини илм ўрганишга ва ўргатишга сарф қилар эди. Динсиз давлатда бу осон кечмас эди. Отасидан кўплаб ноёб илмий китоблар қолган.. Отасидан меърос қолган китобларни мутоала қилиб, тушунмаган жойларини Абдулҳамид (Чўлоқ,қори) қори домладан, Шоюнус қоридан, Қоравой қоридан, Исмоилжон қоридан, Шафоат хожи акадан, Абдукарим домла, Маҳжурий домла, Тўра почча домлалардан сўраб-суриштириб ўрганган. Отасидан кўплаган китоблар қолган бўлса ҳам, ўзи топган пулига китоб сотиб оларди.

40 ёшга етганда шу ҳаракатлари орқали устозлари баъзи бир масалаларда: «Қорихон мана шу масала ҳақида домланинг китобларида нима дейилган ёки онангиз муаллима холада маълумот бормикин? » деб илтимос қилалиган ҳоллар тез-тез бўлиб турарди. Домла Сибғатуллоҳ буларни отасидан қолган Абул Қосим Маҳмуд Аз-Замахшарийнинг ғоятда кенг танилган «Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ит-танзийл ва уйун илгақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл» («Куръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш») асари Қуръон тафсирига бағишланган, шу китобнинг тафсиридан. Жалолиддин Суютийнинг «Тафсири Жалолайн» асаридан. Қозизоданинг ҳошиясини, ёки фиқх китобларидан , ўзининг ақли етса айтиб берар,,етмаса ўша жавобнинг китобдан ёзиб олиб (арабча матнини) катта домлалар билан маслаҳатлашиб жавобини топар эдилар.Сибғатиллоҳ домланинг энг яхши фазилатларидан бири ўқиган нарсаси,қайси китобдан,қайси саҳифада ёки бобда эканлигини эслаб қоларди.Тортишув бўлиб қолса,фалон китобнинг фалон бобида шундай дейилган деб айта олган.Бирорта масалада ўзича ижтиход қилмаган,фақат улуғ,ислом олами тан олган китоблар,уларнинг муаллифларининг сўзини асос қилиб гапирар эди.Расман дин арбоби ҳисобланмаганлиги сабабли биров бирор нарса (савол берса) жавоб берарди.Ўз ҳолича маъруза ҳам қилмас эдилар.Бир неча маротаба масжидларга имомлик қилишларини тавсия қилинганда,розилик бермаганлар.1983 йилда нафақага чиққанларидан кейин Ўшда масжидлар кўпайиб толаш-тортишувлар,диний иҳтилофлар кўпайиб кетган вақтда,домла Сибғатуллоҳ қоридан шаҳарнинг норасимй (давлат ва диний назорат томонидан бундай ваколат расмий равишда йўқлиги сабабли) Ўш ва унинг атрофидаги масжидларнинг Бош имом-хатиби бўлишлигини илтимос қилишган.Домла ўз шартларини қабул қилишса рози бўлишини айтиб,Бош имом-хатибликка сайланади.Биринчи ва асосий шарти ҳар бир қилинган маъруза Ҳанафий мазҳабига мос ва шу мазҳабнинг улуғ олимлари ва уларнинг китоблари асосида бўлишлигини айтган ва шуни қатъий талаб қилганлар. Ана шу шарт туфайли Ўш шаҳрида водийнинг бошқа шаҳарларидаги каби тарафкашлик,бир масжиднинг имоми иккинчи масжид имоми ҳақида беъмани,ҳақоратомуз сўзлар айтилмади.Масжидларнинг қавмлари бир-бирига тескари бўлмади. Ўш шаҳрида диний тикланиш даври бошқа жойларга нисбатан ўта осойишталик билан ўтди.Бунда домла Сибғатуллоҳ қорининг илми,салоҳияти ва заковатининг катта ҳиссаси бор.

Домла халқ ичида,давлат муассасалари маъсул одамлари орасида ҳам жуда катта обрўга эга эдилар.Совет коммунистлари ҳам мусулмон фарзандлари эди. Ими-жимида ишончли одамлар билан бирга диний маросимларни адо этиб туришар эди. (ҳаммаси ҳам эмас) . Улар бу маросимларга саноқли диний муассасаларнинг ходимларини чақиришдан ўзларини тияр, шундай холатларда масжидларга алоқаси бўлмаган домлаларни таклиф қилиш назорат қилувчиларнинг назоратидан четроқда бўлар эди. Қизиқ жойи, назорат қилувчиларнинг кўпчилиги диний маросимларни (ўзларига давлат тарафидан шундай маросимларни бартараф қилиш маъсулияти юкланган бўлса ҳам) адо этиб турар эдилар. Шундай маросимларда савдо ходимини меҳнат сифатида таклиф қилиб, Тиловати Қуръон қилиб қўйинг, дуо қилиб қўйинг дейиш жўнроқ эди.

Бир сафар дўконини ОБХСС босиб, селаддан 500 рубль топиб олиб, жиноий иш қўзғаймиз деб, домлани кўп қийин-қистовга солишади. Лекин натижа чиқмагач, ОБХСС нинг бошлиғи Сотников деган маъсул ходими, соат 1.30 га олдига келиш кераклиги ҳабарини беради. Домла соат 2 дан ўтганда борса, маъсул ходим бақириб-чақириб начальник хуноби чиқиб кутиб ўтирганини, ҳали ҳам «обед» қилмаганини айтади. ОБХСС нинг бошлиғи Сотниковнинг олдига олиб кирганларида, у ўзи сўроқ-савол қилгач, нега кеч қолганининг сабабини сўриштиради.Шунда Сибғатуллоҳ домла «пешин намозини ўқимасдан туриб кирсам намоз қазо бўлиб қолади деб, аввало Улуғ зотнинг буйруғини бажардим» деса, полковник важоҳати ўзгариб, бироқ олиб ўтириб, сўнг «Нима сиз диндормисиз ва қачондан бери» деб сўраб қолибди. Домла: «Ақлимни таниганимдан буён дин буюрган барча амалларни канда қилмай бажараман, яъни ёшлигимдан бошлаб, дебди». ОБХСС бошлиғи русча сенсираб гап бошлаган бўлса,»диндорман » деб қўрқмай айтгандан бошлаб, «сиз «лашга ўтиб,жиноий иш тўхтатилишини ва ходимларга қайта домлани безовта қилмаслигини тайинлашлигини айтиб, ўзи кузатиб қўйган экан.

Бир неча йиллар Ўш шаҳрида диний-маърифий соҳада узоқ йил хизмат қилган, элу юрт олдида обрў эътиборга эга бўлган таниқли қори, Сибғатуллоҳ домла 1993 йилда Ўшда вафот этган. Сулаймон тоғи этагидаги » Гўдак мозор » қабристонига дафн этилган.

 

Алишер Навоий институти учун
Одилжон ДАДАЖОНОВ

 

Яндекс.Метрика