ЎШЛИК УЛАМОЛАР

ҚУТБИДДИН МАХСУМ

“Ўшлик уламолар” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида диний-маърифий фаолияти билан халқимизнинг эътиборини қозонган Қутбиддин махдум домланинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишамиз.

Ўшда Қуръони каримни тўла ҳифз қилиб, мураттаб қори даражасига етишган соҳиби илм устозлардан бири Қутбиддин махдумдир. Салоҳиддин баззоз ўғли Қутбиддин Махсум 1907 йилда Ўш шаҳрининг Шаҳидтепа маҳалласида ( «Ғайрат» номли артель ўрнида) дунёга келди.

Отаси Салоҳиддин ҳожи йирик савдогар бўлиб, баззозлик касби билан машғул бўлган. Салоҳиддин баззознинг Қутбиддин, Садриддин, Хайриддин, Шаҳобиддин, Насимиддин исмли беш ўғли ва Хадичахон исмли бир қизи бўлган. Қутбиддин фарзандларнинг тўнғичи эди.

Ўшнинг аҳли фазл кишиларидан Салоҳиддин ҳожи ўз даврининг йирик савдогарларидан бири бўлиб, асосан баззозлик билан шуғулланган. Унинг ислом уламолари билан ҳам яқин алоқалари бўлган, шу боис тўнғич ўғли Қутбиддинни Ўшда эл ичида илми билан машҳур бўлган таниқли қори Шарафиддин махдум таълимига берган. Қутбиддин Қуръонни ёд олишга киришди, тажвид ва қироат илмларини ўргана бошлади. У беш йилда Қуръони каримни тўла ёд олди ва мураттаб қори даражасига етишди. Тез орада Салоҳиддин баззоз хонадони Ўшнинг илм аҳллари тўпланадиган, гўзал маърифий суҳбатлар қилинадиган жойига айланди.

Аммо 1929 йилнинг ноябрь ойидан бошланган коллективлаштириш сиёсати туфайли деҳқонларни мажбуран колхоз қурилиши жараёнига тортганлар. ВКП(б) Марказий Комитетининг 1930 йил 5 январда «Коллективлаштириш суръати ва колхоз қурилишига давлат ёрдами бериш тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мамлакат ҳудуди уч гуруҳ районларга бўлинган ва қайси ҳудудда коллективлаштириш қачон тугаллаши белгилаб берилган. Бу жараён 1933 йил баҳорида охирига етиши керак бўлган. Аммо ВКП(б) Марказий Комитетининг Сиёсий бюроси томонидан Қирғизистонда коллективлаштириш жуда секин ривожланаётгани танқид остига олинган ва шу сабаб коллективлаштириш ва бу билан ёндош равишда қулоқлаштириш кампанияси авж олдириб юборилган.

Коллективлаштириш сиёсати оқибатида деҳқонлар олдида кўндаланг икки йўл турарди: бири – колхозга кириш, иккинчиси – қулоқлар рўйхатига тушиб қолиш. Деҳқонларга нисбатан қўлланилган жазонинг энг енгил тури сайлов қуқуқидан махрум қилиш бўлган. Бу эса келгусида қулоқ қилиш учун етарли асос ҳисобланар эди. Қулоқлаштириш – одамларни фуқаролик, конституциявий ҳуқуқлардан махрум қилиш бўлиб, бу иш ҳеч қандай судсиз, терговсиз ҳал этилган.

Иттифоқо, 1930 йилнинг эрта баҳорида Қутбиддин қариндошлари истиқомат қилувчи Қўштош маҳалласига дўсти Исмоил ёғфуруш билан кетаётиб, Ўш шаҳар темирйўл вокзали олдида тўпланган оломонга деч келади. Эл-юрт қўзғалон кўтариб мол-мулки, чорва ҳайвонларини колхозга топширишга қарши норозилик чиқиши юз бераётган экан. Аслида, Қутбиддин дўсти Исмоил билан бу оломонга йўл-йўлакай, тасодифан томоша қилиш учунгина қўшилган эдилар. Бахтга қарши, Қутбиддин ҳам Ўш округи болъшевиклари қошида ташкил этилган ишчи-деҳкон милицияси томонидан ҳибсга олинади.

Қутбиддинни номигагина суд қилиб, Россиянинг Мурманск шаҳрига сургунга юборадилар. У 1931 йилда Беломор-Болтиқ канали қурилишида ишлайди. Қутбиддин у ерда ҳам намозини канда қилмай, Қуръонни бошидан-охирига имкон қадар такрорлаб борарди. Узунлиги 227 километрли улкан канал йигирма ойда, 1933 йилда маҳбуслар меҳнати билан қазиб битказилган.

Ахлоқ-одоби, муомаласи яхшилиги ҳисобга олиниб, Қутбиддин 1934 йилда озод этилади ва она замини Ўшга қайтади. Аммо бу орада отаси Салоҳиддин баззознинг Қашқарга хижрат қилганини эшитади. Чунки Ўшнинг йирик бойларидан бири бўлган Салоҳиддин баззоз ҳам “халқ душмани” сифатида тайзиқ остига олинган эди.

Қутбиддин 1935 йилдан савдо соҳасида хизмат қилишни бошлаган. 1936-58 йилларда савдо ва матлубот кооперацияси тизимларида фаолият олиб борган, Қорасув, Советобод ва Ўш шаҳрида турли лавозимларда ишлаган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний назоратининг Қирғизистон республикаси бўйича (1943-1966 йиллар мобайнида) қозиси Олимхонтўра Шокирхонтўра ўғли ва диний назоратнинг Ўш вилояти бўйича масъул вакили Шафоат хожи Ҳолиқназаров шаҳар ва туманларда масжид имомлари, илмдорлар етишмаслиги туфайли Қутбиддин махдумга Ўшда қайта очилган «Работи Абдуллахон» жомеъ масжидига рамазон ойларида ҳатми Қуръон ўқиб бериш вазифасини юклайдилар. Шу тариқа, 1943 йилдан то умри охиригача ўзига юклатилган вазифани аъло даражада адо этади. Ёшлигидан Қуръони каримдан сабоқ чиқарган ва шаҳардаги иқтидорли қорилардан бири бўлган Қутбиддин махдум ширали қироати билан тилга тушди. У шаҳарда кўп шогирдлар ҳам етиштиради.

Қутбиддин махдум қаерда бўлмасин, эзгуликка, илмига оғишмай амал қилар, пайғамбаримиз кўрсатмалари асосида маъвизалар олиб борар эди. Доимо тилидан Калимаи шаҳодат тушмаган. Маърузаларида одамларга хушмуомалаликни, яхшиликни, олижанобликни, кибру ҳавода бўлмасликни, қадриятларни эъзозлашни уқтирган. Жахолатга йўл қўймасликка, миллий урф-одатларни канда қилмаслик, қариндош-уруғлар орасида силаи раҳмни кенг ёйиш, қўни-қўшниларни ўзаро ҳурмат ва иззатда бўлишга чақирган.

Қутбиддин махдум бутун ҳаётини савдо соҳасида, ҳалол меҳнат билан ўтказди. Етарли билимга эга бўлса-да, масжидларга имомликка қилинган таклифларни бирдай рад этарди, диний идорадан иш бермоқчи бўлишганида эса одоб билан бундан бош тортди, ўз ишидан қолмади. Аммо хонадонига илм истаб, Қуръон саводини чиқаришни сўраб келганлардан марҳаматини аямас, ноумид қайтармас эди. У илмини тирикчилик воситаси қилиб олмади, болаларига ҳам илм ва касбу ҳунар ўргатиб, шу йўл билан ҳаёт кечиришни тинмай уқтирарди. Фарзандлари ҳам ота изидан бориб, дин хизматига камарбаста инсонлар бўлиб етишди.

Қутбиддин махдумнинг турмуш ўртоғи Мунаввархон ая Қуръон илмида етук отинойи бўлиб, маҳалла хотин-қизларига сабоқ берган. Улар: Фасиҳиддин (1931 йилда туғилган), Носиҳиддин (1934 й.т.), Сабоҳиддин (1936 й.т.), Сирожиддин (1938 й.т.), Минҳожиддин (1940 й.т.), Нажмиддин (1942 й.т.), Моҳидилхон (1944 й.т.), Шамсиддин (1946 й.т.), Муҳаббатхон (1948 (й.т.), Мавлудахон (1950 (й.т.) исмли фарзандларни тарбиялашди.

Даҳриёна тузумнинг энг қаттиқ таъқиб ва тазйиқларига ҳам чидаб, бутун куч-имкониятларини юртда Қуръон илмларини тарқатишга бағишлаган Қутбиддин махдум Аллоҳнинг Каломига чинакамига беминнат хизмат қилди. Аллоҳга холис қилинган бу хизматларнинг самараси эса жуда салмоқлидир: ушбу саодатли ва файзли хонадонда бирор кун ҳам Қуръон тиловати тинмайди. Яқин ўтмишдаги энг оғир кунларда ҳам ёшларга Қуръон ўргатиш, Қуръон ҳофизлари ва омилларини тарбиялаб етиштириш сира тўхтаб қолмаган. Қутбиддин махдум шу билан бахтли эдики, у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва уни ўргатганларингиздир” деган ҳадисига мувофиқ ҳаёт кечирди ва зурриётларини ҳам ана шу шарафли ҳаётга муносиб қилиб тарбиялади.

Замонанинг етук, мураттаб қориси бўлган Салоҳиддин баззоз ўғли Қутбиддин махдум 1958 йилнинг 1 февраль куни Ўшда вафот этган. Жаноза намозини Шафоат хожи Холиқназаров ўқиган. Сулаймон тоғи этагидаги қабристонга дафн этилган.

 

 

Алишер Навоий институти

Одилжон Дадажонов

Яндекс.Метрика