ЎШЛИК МАЪРИФАТПАРВАР МАДАМИНХЎЖА ТЎРАХЎЖАЕВ

Маълумки, ҳеч қандай давлат, ҳеч бир миллат тараққиётини маънавиятсиз тававвур қилиб бўлмайди. Маънавият асосида фан, маданият, маърифат ётади. Маориф эса бу соҳаларнинг негизини ташкил этади. Ўқитувчилари, мактаблари, олий ўқув юртлари бўлмаган юрт ҳеч қачон ривожланган эмас. Инсон зоти яратилгандан буён билимли бўлишга интилиб келади. Билимнинг асоси эса мактабдан бошланади. Ана шу соҳага умрини бағишлаган зотлардан бири ХХ аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакили, таниқли маърифатпарвар, моҳир педагог Мадаминхўжа Тўрахўжаев эди.

Мадаминхўжа Тўрахўжаев 1888 йилда Ўшнинг Хўжалар гузари даҳасида туғилган.

Мадаминхўжа Тўрахўжаев бошланғич таълимни мадрасада олган. Кейин Ўшдаги рус-тузем мактабида ўқиган.

Мадаминхўжа Тўрахўжаев ўз даврининг маърифатли, маданиятли одамларидан эди. Буни исботловчи далиллар кўп. Ана шундай далиллардан бири ўша пайтларда Ўш шаҳар нотариал идорасига рус тилида ёзилган ва ҳозиргача сақланиб қолган акт нусхасидир. Унда шундай дейилади : «Бир минг тўққиз юз йигирма иккинчи йил октябрнинг ўттизинчи кунида Ўш шаҳар халқ нотариуси Ковальчук Иван Ивановичга қуйида исм-шарифли Ўш шаҳрида истиқомат қилувчи Мадаминхўжа Тўрахўжаев ва шахсан менга таниш бўлмаган Азимжон хожи Салимбоевлар… келишди».

Акт Тўрахўжаев Салимбоевдан уй сотиб олганлиги муносабати билан ёзилган. Унда Мадаминхўжа Тўрахўжаевнинг ҳар томонлама билимдон, қонунни яхши билган одам бўлганлиги алоҳида таъқидланган.

Мадаминхўжа Тўрахўжаев қўлида билим олган шаҳримизнинг таниқли фуқароларидан бўлган милиция генерали Эргаш Алиев ва Рашидхон Эшонхоновлар ҳам ўз вақтида устозининг ғоят маърифатпарвар, етимпарвар инсон бўлганлигини таъкидлаганлар.

Ўша 1922 йилда Ўшнинг марказидан, Хўжалар гузари даҳасида жойлашган Салимбоев уйининг ярмини Мадаминхўжа болалар интернатига берди. Кейинчалик Туятош маҳалласида (ҳозирги Сун-Ят-сен кўчаси) янги болалар уйи қурилишига шахсан ўзи бошчилик қилди. Бу иморат битгандан кейин яна ўзи бош бўлиб интернатдаги етим болаларни янги бинога кўчиртирди. Бўшаб қолган хонани эса касалхона сифатида фойдаланишга топширди. Касалхона 1924 йилдан 1957 йилгача ишлаб турган. Алишер Навоий кўчасида, собиқ насос заводи яқинида жойлашган бу бино шаҳар кўчаларини кенгайтириш пайтида олтмишинчи йилларда бузилиб кетган.

Россия империяси Туркистонни босиб олгандан ккейин ўзига керакли соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш мақсадида мактаблар, ўқув юртлари ташкил этганлиги ҳеч кимга сир эмас. Генерал Фон Кауфманнинг Россия империяси маориф бошлиғи Ильминскийга ёзган мактуби бунинг далилидир. Мактубда «Туркистон ўлкасидаги халқларни аста-секин, эҳтиёткорлик билан руслаштириш йўлини ишлаб чиқишда бизга ёрдам берсангиз», – дейилади. Бу мактуб асосида Ильминский икки йил мобайнида маҳаллий аҳолини руслаштириш режасини ишлаб чиқади. Режада кўзланган мақсадни амалга оширишнинг асосий йўналишларидан бири йирик шаҳарларда рус-тузем мактаблари очиш, бу мактабларни битириб чиққан кадрлар ёрдамида кичик шаҳар ва қишлоқларда мактаблар ташкил этиш ҳамда ёшларга рус тилини ўқитиш эди.

Ана шу мақсадда Фарғона водийсида йигирмата мактаб ташкил этилади. Бу мактабларнинг бири 1886 йилда Ўш шаҳрида очилади. «Туркестанские ведомости» газетасининг 1886 йил 15 январ сонида бу ҳақда шундай ҳабар босилиб чиқади: «Туркистон Ўш шаҳрида рус-тузем мактаби очилди. Биринчи куни мактабга 11 ўқувчи ва жуда кўп оталар келишди. Мактаб биноси одамларга тўлиб кетди. Синф хоналари, парталар, улар устига қўйилган ручка, сиёҳдонлар, деворларга илинган хариталар, доска ва ҳатто оддий бўр ҳам уларда катта қизиқиш уйғотди. Оталар ўғилларини шу мактабга бериш истаги билан тарқалдилар.

Шаҳар марказидаги бу мактаб ҳалқ орасида «Баранов мактаби» деган ном билан машҳур бўлади. В.Ф. Баранов аслида чор армиясида хизмат қилар, лекин ўқитувчиликка қизиқарди. Шу қизиқиш туфайли Ўш шаҳрида мактаб очиб, ўзбекларнинг фарзандларини ўқишга тортади. Бир муддат ишлагандан кейин В. Ф. Баранов яна ҳизматга чақирилади.

Ўш шаҳридаги педагогика техникумини, сўнг Тошкент давлат дорилфунунини битириб «25- Октябрь» ўрта мактабида директор бўлиб ишлаган Қирғизистон халқ таълими аълочиси Нишонбой Ҳошимов «Ўқитувчилар газетаси» ( 1970 йил. 4 январь)да босилган мақоласида шундай деб ёзади: Баранов мактабининг илк қалдирғочларидан бўлган Ж.Зайнобиддинов, А.Насриддинов, Р.Эшонхонов, Н.Лутфихоновлар Октябрнинг дастлабки кунлариданоқ маориф, комсомол, партия ташкилотларида ишлай бошладилар. Ушбу «25-Октябрь» номли ўзбек тилида таълим берилувчи мактаб Жанубий Қирғизистонда биринчи мактаб бўлиб, В.Ф. Барановнинг рус-тузем мактаби негизида 1917 йилнинг кеч кузида ташкил топди. Мактабга дастлаб «Ватан» номи берилди».

Бу мактабни битирганлар орасидан кўплаб машҳур олимлар, ёзувчилар, академиклар, меҳнат қаҳрамонлари, санъаткорлар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиқди. Шаҳарликлар ўртасида «25-Октябрь» мактаби деб машҳур бўлган бу мактаб биноси тўқсонинчи йиллар бошида бузилиб кетди. Унинг ўрнида бозор қурилди.

Рус-тузем мактабини биринчилардан бўлиб битирганлар орасида Мадаминхўжа Тўрахўжаев ҳам бор эди. Дастлаб мадрасада ўқиган бу ҳамшаҳримиз кейинчалик ўзи битирган рус-тузем мактабида бир неча йил ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Мадаминхўжа Тўрахўжаев кўп йиллар шу мактабда ўқитувчилик қилган. Ўш контони котиби бўлган, савдо тармоғида хизмат қилган. Лекин ўша даврнинг шафқатсиз қатағонлари уни ҳам гирдобига тортиб кетди. 1938 йилнинг 9 феврали куни халқ душмани сифатида қамоққа олинади. Гарчи айби исботланмаса ҳам роппа-роса ўн йил қамоқда ўтириб, 1948 йил 9 февраль куни юртига қайтди. Орадан кўп ўтмай вафот этади. Мадаминхўжа Тўрахўжаевнинг ҳеч қандай гуноҳи йўқлиги, у ноҳақ қамалганлиги кейинчалик аниқланиб, у оқланади. Лекин, афсуски, бу хабарни ўзи эшитолмади.

Сулаймон тоғи этагидаги қабристонга дафн қилинган.

Алишер Навоий институти учун

Одилжон Дадажонов

Яндекс.Метрика