ЎШЛИК “ГРАФ”

Аҳмаджон Авазов – “Граф” номи билан танилган, Ўш ва умуман Фарғона водийсида таниқли фотосуратчилардан бири бўлган.

У Ўш шаҳрига, умуман Жанубий Қирғизистонга маҳаллий аҳоли ичида биринчи фотоаппарат олиб кирган Мулла Тошмуҳаммаднинг ўғли эди.

Аҳмаджон Тошмуҳаммедович Авазов 1922 йилда Ўшда, Туятош маҳалласида туғилган. 1929 йилдан бошлаб “Ватан” (кейинчалик “Октябрнинг 25 йиллиги”) ўрта мактабида таълим олган.

Отаси Тошмуҳаммад Аваз ўғли Ўшлик савдогарлардан бўлган. У 1925 йилда Санкт-Петербургга борганида қизиқиб фотоаппарат сотиб олади. Ушбу фотоаппаратни ишга тушириш учун қоронғи хонада шиша пластинка махсус дорига ботириб олинади ва у қуригач, нур тушишидан эҳтиётлаб, зич ёпилган рамкага жойлаштирилади. Агар шишага бир тутам нур тушса ҳам, унинг сиртидаги дори ўз кучини йўқотар экан. Ойнали махсус машина уч оёққа ўрнатилган бўлиб, сурати олиниши даркор бўлган киши шу машинадан беш-олти қадам нарида ўтирган. Ойна қопқоғи олинганда камеранинг орқа тарафидаги махсус ойнада шу кишининг тасвири, ҳатто либослари ва безаклари ҳам яққол кўринган.

Мана шу фотоаппарат кейинчалик ўғли Аҳмаджоннинг Ўш ва Фарғона водийсида таниқли фотосуратчи бўлишига сабаб бўлади. Савдогар Мулла Тошмуҳаммад отанинг уч ўғли бўлган. Тўнғичи Муҳаммаджон, ўртанчиси Аҳмаджон, кичик ўғли Маҳмуджон. Уларининг барчаси фотосуратчи бўлиб Ўшда, унинг теварагида фотосуратчилик соҳасига асос солганлардан бўлган.

Аҳмаджон ака навқирон йигитлик ёшида Улуғ Ватан уруши бошланиб, фронтга сафарбар этилади. Урушдан сўнг Ўшда фотосуратчиликни эгаллашга астойдил киришди.

Ўтган аср бошларидаги Ўшнинг бугунги кунда ўрнини хиёбонларга, ҳашаматли иморатларга бўшатиб берган кўча ва уйларини фотосуратларда кўриб, тафаккуримиз ва қалбимиз билан бир неча дақиқа бўлса-да, ўша муҳитга шўнғиб, ўша вақт ҳавоси билан нафас олиб, ўша даврнинг ҳазин садолари оғушида яшаймиз. Ҳар биримизнинг оилавий фотоархивимизда ўтган ота-боболаримиз, ота-оналаримизнинг турли муносабат билан: гоҳ ғамгин, гоҳ бахтиёр ҳолатда, гоҳ тўй-маъракалар, оилавий байрамларда, гоҳ иш жараёнида тушган суратлари бор. Уларни кўрганимизда тириклар бизга тикилиб тургандек бўлади ва биз улар билан унсиз мулоқотда бўламиз.

Аҳмаджон ака, ўз касбини фидоийси бўлган, десак муболаға бўлмайди. У 1950 йиллар бошида шаҳарнинг «Сойгузар» мавзесининг ғарбида очилган «Луч» ёзги кинотеатри олдидаги артелда кўп йиллар фотосуратчи бўлиб ишлайди. 1965 йилда Ўшнинг Қорасув кўчасида очилган маиший хизмат комбинатида замонавий технологияларга асосланган фотоаппарат олиб келиб, ишини давом эттиради. Ушбу бинода ўзи учун ажратилган фотосурат хонасини шарқона тарзда, ўзбек миллий нақшлари асосида безаб, касбини санъат даражасига олиб чиққан фидойи инсон бўлган.

Ҳозирги ёш авлоднинг аксари у кишининг кимлигини деярли билмайди. Аҳмаджон ака новчадан келган, буғдойранг, доимо европача кийимда, бошида шляпа, ўзини гўё XIX асрдаги графлардек тутувчи, замонавий, чапани, танти инсон бўлган. «Граф» лақаби аслида фотограф сўзига ҳам ишора қилади, ўз даврида бу исм жуда оммалашган эди.

Аҳмаджон ака Авазов ниҳоятда китобсевар, барча янгиликлардан хабардор, ҳар бир масалада ўз фикрига эга, сўзи билан иши бир киши эди. Вақт-вақти билан Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига кириб шаҳарликлар ва шаҳримизга келган зиёратчиларни фотоплёнкага жойлаб тарихга муҳрлар эди. У киши билан суҳбатлашган инсон доим бир дунё завқ, яхши кайфиятда қайтарди. У, мурувватли, қўли очиқ киши эди.

Ўш шаҳрида ва туманларидаги фотосуратчиларнинг аксари Аҳмаджон графнинг шогирди бўлган. Шу кунгача ишлаб келаётган Ўшдаги ва туманлардаги фотосуратчилар ҳам унинг шогирд ва набира шогирдларидир.

Графнинг ҳозиргача халқимиз ичида тилдан-тилга ўтиб юрган ҳаётий қизиқ воқеаларни катта ёшли кишилар ҳамон эслашади. Жумладан, Аҳмаджон ака 1970 йиллар бошида Андижонга бир юмуш билан бориб, Ўшга қайтишда такси ёллайди. Шунда ҳайдовчи Аҳмаджон акага, сал шошмай туришини, яна уч одам олиб машина тўлса, жилишини айтади. Бу гап Аҳмаджон акага оғир ботиб, бошидаги шляпасини олд ўриндиққа қўйиб, орқасидан ҳайдашини айтади. Ўзи эса бошқа бир такси машинасини ёллаб Ўшга иккита машинада чиққан экан. бундай кулгили қоқеалар кўп бўлган.

Мулла Тошмуҳаммад ўғли Аҳмаджон граф 1972 йилда Ўшда вафот этган. Сулаймон тоғи этагидаги «Гўдак мозор» қабристонига дафн қилинган.

*     *     *

Шу ўринда фотография тарихидан икки оғиз маълумот бериб ўтсак. Фотография ихтирочиси Франциялик рассом Луи Жак Даггер (1787-1851) бўлган. У кашф этилган фотография инсоният тафаккурини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Инсон умри ва инсониятнинг кечаётган тарих лаҳзаларини фотосурат тарзида муҳрлаб қолдиришнинг қанчалик буюк аҳамиятга молик эканини тушуниш қийин эмас.

Ўзбеклардан эса Худойберган Девонов – биринчи фотосуратчи ва кинотасвирчи. Худойберган Девонов 1879 йилда Хивада туғилган. Билимга чанқоқ, истеъдодли бўлган. Араб, форс ва рус тилларини ўрганган. Қизиқувчан ўсмир немис тилини ҳам ўргана бошлаган ва бу келгусида унинг тақдирини белгилаб берган. Гап шундаки, XIХ аср охирида Хоразмнинг ўша пайтдаги ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон II немис-меннонитларнинг бир неча оиласига ўлкада яшашига рухсат берган. Уларнинг энг ёши улуғи Вилҳельм Пеннер ёки маҳаллий одамларнинг тили билан Панор бувада қизиқувчан Худойберган биринчи марта фотоаппаратни кўрган ва ундан фойдаланишга рухсат сўраган. Кейинчалик Панор бува шогирдининг интилишларидан хурсанд бўлиб, унга фотоаппарат совға қилган. 1903 йилда Худойберган Девонов Хива миноралари ва ҳамюртларини суратга ола бошлаган. Аввалига бу уламоларнинг қаршилигига учраган. Бироқ ҳар қандай янгиликка қизиққан подшоҳ Муҳаммад Раҳимхон фотосуратчини ўз ҳимоясига олган. У нафақат хон, балки истеъдодли шоир ва бастакор ҳам эди. Ҳукмдор Худойберганга ўзининг суратини олишни буюрган, кейин эса уни девонга ишга чақирган. 1907 йилда Х.Девонов Хива хонлигининг бир гуруҳ вакиллари билан бирга Санкт-Петербургга сафар қилган. Ташрифдан сўнг делегация раҳбаридан Россия пойтахтида бир неча кун қолишга рухсат сўрайди. Бу ерда 29 ёшли Худойберган фото сирларини ўрганишни давом эттирибгина қолмай, кинематографияга ҳам қизиқиб, у ердан Хоразмга биринчи киноаппарат олиб келган. Афсуски, Х.Девоновнинг ҳаёти фожеали якунланган. 1936 йилда Сталин қатағонлари авжига чиққан даврда «халқ душмани» сифатида ҳибсга олинган ва тўрт йилдан сўнг отиб ўлдирилган…

Алишер Навоий институти учун
Одилжон ДАДАЖОНОВ

Яндекс.Метрика