ЎШЛИК ДОРБОЗЛАР СУЛОЛАСИ

Ўзбекларда дорбозлик қадим тарихга эга. Баъзи манбаларда Амир Темур саройида дор ўйинлари кўрсатилгани айтилади. Дорбозлар 25-30 метр баландлиқдаги устунларга тортиладиган арқон устида лангарчўп билан боғладиган ўйинларни: югуриш, сакраш, оёқларга пичоқ ёки патнис боғлаб, шунингдек, кўзни боғлаб, бошга халта ёки қозон кийиб юриш, якка ва қўш чиғириқда ўйнаш каби турли-туман машқларни бажарган.

Султонназар дорбоз

Ўшлик Султонназар дорбоз – ХХ аср бошларида бутун Туркистон заминида машҳур дорбоз. У йигирма метрлик дор устида ҳунар кўрсатган.

1880-81 йилларида Ўш шаҳрида, Откечик ва Андижон қўча маҳаллалари кесишган (эски Олой меҳмонхонаси ўрнида) маҳаллада туғилган. Унинг отаси – Худойназар XIX асрнинг 50-йилларида Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларга  сафарга бориб, дорбозликни ўрганди. Ўшга қайтгач, дор тикиб, бу санъатни оммалашишига, ривожлантиришга тамал тошини қўйди, халқ орасида Ҳожи дорбоз номи билан танилди.

Султонназар дорбоз дорбозлик санъатини отаси Худойназар дорбоздан ўрганган. Султонназар умрини ўзбек дорбозлик санъатига бағишлади. Одамларнинг тўйларида, байрамларда хизматида бўлган.

Нафақат Ўшда, балки бутун Туркистон ўлкасини кезиб то Шарқий Туркистонгача бутун кўч-кўрони билан қўқонараваларда юриб, дорбозлик ва ўзбек миллий мусиқа асбоблари карнай-сурнай, ноғора чалиб, ўйин-кулгу қилиб улашиб одамларни қувончига қувонч бағишланган. Дорбоз ота нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллат вакиллари муҳитига ҳам қувонч улашиб келган фидоий санъаткор эди.

Ўшлик машҳур Қўзибой дорбоз ҳам Султонназар отанинг шогирди эди.

У пайтларда дорбозлар ҳозиргидай белидан ўзини сим билан «страховка» қилиб боғлаб олмас, бугунги дорлардан анча баландда бўлган дор арқони устида тақдирини гаровга тикиб, қадам ташлашган. Бу ҳақиқатан ҳам ниҳоятда қалтис бир юмуш эди. Ўзбек дорбозлик санъатининг талаби шундай бўлган.

Аммо санъат қурбонликсиз рўёбга чиқмас экан. Султонназар отанинг икки навқирон ўғли дор устидан йиқилиб шаҳид бўлган. Бу мудҳиш воқеадан бели букилган Султонназар ота кейинги болаларини дор устига чиқишдан қайтарган.

Султонназар дорбоз 1946 йилда Ўш шаҳрида вафот этган, Сулаймон тоғи этагидаги қабристонга қўйилган.

Султонназар дорбознинг авлодлари сулола ишини давом эттирмоқда. Улар ҳамон халқимизнинг яхши кунларида, тўй-томошаларда эл хизматида.

Жумладан эл ичида Раим карнай деб танилган ўғли Абдураим Султонов бутун умрини карнай-сурнай, ноғора чалиб халқ хизматида бўлиш билан ўтказган инсон эди.

Султонназар дорбоз ўғли Абдураим Султонов 1926 йилда бобоси Султонназар отадан қолган юқорида эслатилган ҳовлида туғилган. Маҳаллада жойлашган Сталин номли 2- сон тўлиқсиз ўрта мактабида ўқиган.

Раим карнай

Карнай чалишни отаси Султонназар дорбоздан ўрганган. Лекин ота боболари дорбозлик санъати билан ўтган ишини давом эттирмади. Отаси Абдураим отадан олдинги икки амакиси дордан қулагани бу оилада оғир асорат қолдирган эди. Шунинг учун дорбозлик ўрнига карнай -сурнай, ноғора чалиб халқ хизматида бўлган. Раим карнай бир умр полвонлик ҳам қилиб кураги ерга тегмаган полвон бўлган. Ўш шаҳри марказидаги Алишер Навоий маданият ва истироҳат боғида доимий курашларга қатнашган.

Ўш ўзбек мусиқали драма театрида ҳам созанда бўлиб ишлаган. Спектакль тамошасига одамларни чорлаш учун театр биноси томига чиқиб карнай чалиб, жарчилик ҳам қилган.

Ўшнинг яна бир антиқа, ҳавас қилғулик удуми – бирон ҳовлида фарзанд туғилса, бу жажжи инсоннинг дунёга келиши фақат шу хонадон ё қариндош-уруғлар ичидагина эмас, бошқалар томонидан ҳам байрам қилинади. Гап шундаки, Ўшда маҳалла оралаб юриб, кимнинг уйида гўдак дунёга келган бўлса, маҳалла бола-бақраси билан бирга шу ҳовлига бориб, карнай-сурнай, ноғора чалиб, «ёғочоёқ бола» рақс томошаси кўрсатиб, ясама «от» ўйнатиб, ўйин-кулгу уюштирадиган санъаткорлардан эди.

«Раим карнай» ўзидан кўплаб шогирдлар чиқарган. Мадамин карнай ҳам шогирди бўлади. Ҳозирда, «Раим карнай»нинг ҳамма фарзандлари, набиралари умуман авлодлари халқимиз тўй-ҳашамларидаги хизматлари билан танилган. Авлодлари Раим отани номини абадийлаштириш учун мусиқий гуруҳни «Раим ота» деб номлашганлар.

Абдураим Султонов 1999 йил ноябрь ойида Ўш шаҳрида вафот этган, «Андижонкўча» қабристонига дафн қилинган.

 

 

Алишер Навоий институти учун

Одилжон Дадажонов

Яндекс.Метрика