Ўшлик алломалар: Имом Сирожиддин Алий бин Усмон ал-Ўшийнинг илмий мероси

Раҳматуллоҳ ҳожи Қосимов

Буюк аллома ҳақида замонамизнинг улуғ олимларидан бири Раҳматуллоҳ ҳожи Қосимов билан суҳбат.

Азиз ва муҳтарам Алишер Навоий институти сайти мухлислари! “Ўшлик уламолар” рукнидаги туркум суҳбатларимизнинг навбатдаги сони меҳмони – диний-маърифий фаолияти билан халқимизнинг эътиборини қозонган, замонавий ислом оламида кенг танилган уламо Раҳматуллоҳ Қосим Усмон ал-Ўший ҳазратлари бўлди.

Раҳматуллоҳ ҳожи Қосимов 1949-йили Ўш шаҳрида диний зиёлилар оиласида таваллуд топган. Унинг қатор илмий асарлари Марказий Осиё давлатлари, балки Ҳиндистон ва Англияда ҳам, бир неча тилларда нашрдан чиққан.

– Ассалому алайкум, муҳтарам домла. Кириб келаётган Ийд ал-Фитр муборак бўлсин!

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ва алайкум ассалом ва Раҳматуллоҳ! Бисмиллаҳ, алҳамдулиллаҳ жаълала минас соъимина ва қоиъмина фи Рамазон аллази фил Қуръан аммо баъд. Муҳтарам азизлар, Оллоҳга беадад шукур, Қуръон ойига, ибодат рўза ойига етказиб саломлашиб турган соатимиздаги ибодатларимизни, суҳбатларимизни ҳайриятини Оллоҳ қабул қилган бўлсин. Амма баъд, бу ой Қуръон ойи, ўтганларни эслайдиган ва Оллоҳ таълодан яхшилик ҳайриятини сўраб, ибодат қиладиган бир ойда турибмиз.

– Бугунги суҳбатимизни сиз азиз муҳтарам билан ҳамшаҳримиз Ханафий мазҳабининг Мотуридий ақидаси йўлидаги машҳур аллома Имом Сирожиддин ал-Ўший ҳақларида қилсак. Марҳамат!

– Аждодларимиздан турли фанлар бўйича бой илмий, диний мерос қолган. Жумладан, қадим Туркистоннинг Ўш шаҳридан ҳам турли соҳаларда кўплаб олимлар етишиб чиққанки, уларнинг асарларини ўқиб, ўрганиш, китоб ҳолида қайта нашр қилиш биз авлодларнинг бурчидир.

Аллома Имом Сирожиддин Алий бин Усмон ал-Ўший ал-Ханафий, айрим манбаларга кўра таҳминан XII аср сўнгида ўша даврларда илм-фан марказларидан бири бўлган кўҳна Ўш шаҳрида таваллуд топган.

Али ибн Усмон ал-Ўший (р.а)нинг исми Муҳаммад бўлиб, илмий асарлари буюк аҳамиятга эга бўлганлиги учун ўз замонида уламолар томонидан «Сирож ад Дин», яъни «Диннинг чироғи», «Шамсул Ислом» («Ислом қуёши») ва «Рукн ад Дин» («Диннинг устуни») маъноларидаги унвонларга сазовор бўлган. Олим араб, форс ва турк тилларини мукаммал билган. Асарларини ўша даврнинг илмий тили ҳисобланган араб тилида ёзган.

Олимнинг аниқ туғилган санаси маълум эмас. Имом Сирожиддин ал-Ўший етук шайх, имом ва қози бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Буюк олим 1179 (айрим манбаларда 1173) йили Ўш шаҳрида вафот этган.

Бошқа манбаларга кўра, буюк Имом Сирожиддин Алий бин Усмон ал-Ўший ал-Ҳанафий эса XII-асрда яшаб ўтган буюк ислом олимидир. Бу зот 575-ҳижрий йили (мелодий 1180 йилда) вафот этган. Демак, олим таҳминан ҳижрий ҳисоб билан 500-йилларда Ўш шаҳрида туғилган. Айрим манбаларда кўрсатилишича у вабо тарқалган йили, 575-ҳижрий йилда вафот этган.

Аллома кўплаган асарларнинг муаллифи бўлган. Шулардан «Ал Фатава ас-Сирожия», «Нисобул ахбар литазкиротил ахяр», «Ғорарул ахбар ва дуродул ашъор», «Машариқул анвор фий шарҳи нисобул ахбар», «Жавоҳирул аҳком», «Явақийтул ахбар», «Мухталифур ривая» ва ниҳоят, «Бадъул амалий» асарлари бизнинг замонгача етиб келган.

Олимнинг «Сирожиддиннинг фатвоси» деган асари қўлёзмаси 1827 йили Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида нашр қилиниб, 1915 йили Англияда қайта босилган. Шуниси эътиборлики, Марказий Осиё олимларининг орасида ўрта асрларда фан ва маданият маркази бўлган Бағдод кутубхонасида қўлёзма асарлари сақланган олим-у фузалолар кам бўлган.

Али ибн Усмон ал Ўший ёшлик пайтларида бошланғич илмларни ўз юрти бўлган Ўш шаҳридаги энг етук олимлардан олган. Манбаларда келтирилишича, у Шайхул Ислом Абу Абдуллоҳ Насриддин Муҳаммад бин Сулаймон ал Ўшийдан ҳадис илмини ўрганган. Олган билимларини, ўрганган ҳадисларини тўплаб, ёзиб юриб, китоб ҳолига келтирган. «Муснади Анас бин Малик ан Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам» номли дастлабки асари ана шу билимларини жамлаш асносида дунёга келган.

Буюк олим шундан сўнг қадим Туркистоннинг асосий ва муҳим билим юртлари жойлашган Самарқандга бориб, Қусам мадрасасида Ҳанафий мазҳабидаги ҳамда Мотурудий ақидасидаги олимлардан таҳсил олган. Олим ёзган китобларнинг 60 фоизи ҳадис илмига тегишлидир.

Узоқ давр мобайнида Фарғона водийсининг муфтийси бўлган бу зот илмий меросининг ноёб нусхалари бизгача етиб келган. Улардан энг машҳурлари, «Бадъул амалий фил калам» қасида китоби – «Илми Калом» яъни, филология фанида, Ҳанафия ақидасини қофия услубида, матнга солиб берганлиги билан донг таратган. «Бадъул амалий…» қасидаси жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган, шарҳлар ёзилган, кўплаб мақолалар ёзилган. Манбаларда кўрсатилишича, кўпчилик толиби илмлар уни ёддан билишган.

 

«Бадъул амалий…» қасидасига биринчилардан бўлиб шарҳ ёзган Муҳаммад бин Бакр ар-Розий ўзининг манзумасида (манзума – шеърий йўл билан ёзилган асар. – муаллиф.) бундай дейди:

«701-ҳижрий йилида мен “Имом Аъзам дафтаридан», «Фиқҳ ул-Акбар»дан, яна «Ал Таҳовий»дан қисқартирилган ҳолда бир китоб таълиф қилдим. Бу китобни «Ҳидоятун минал иътиқод» – «Эътиқод йўриғи» деб номладим» деб ёзади.

Яна бир олим Имом Иззиддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жаммоа (ҳижрий 819-йили вафот этган) «Бадъул амалий…» қасидасига шарҳ ёзиб, китобни «Матлаъил мисал фил-ақоиди ал исламия», деб номладим», деган. Мавло Шамсуддин Муҳаммад Куҳистоний «Бадъул амалий…» қасидасига шарҳ ёзиб, китобини «Қасидаи Марзия» деб номлаган.

Шеърий усулда ёзилган бу ноёб китоб форс, чиғатой, қирғиз ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Қисқаси, «Бадъул амалий…» асарига ўтган давр мобайнида 30 дан ортиқ шарҳ ёзилган.

– Муҳтарам домла, сиз ҳам Имом Сирожиддин ал-Ўшийнинг «Бадъул амалий…» асарига, «Рухул маалили Бадил-амалий» деб номланган шарҳ ёзибсиз. Шу ҳақида батафсил суҳбатлашсак.

– Мен ҳам баҳоли қудрат ўшлик олимларнинг баъзи асарларини тадқиқ этиб, шарҳ ёзишга азму қарор қилдим. Сўнгги йилларда асосан ўшлик олим Сирожиддин ал Ўшийнинг илмий меросини тадқиқ қилиш билан шуғулландим. Айниқса, қадимий, илмий қўлёзма, араб тилидаги китобларни таҳлил ва тасниф қилиш асосий машғулотим бўлди.

«Рухул маалили Бадил-амалий» асари Ўш шаҳридан чиққан, Ислом оламида машҳур, ўз даврининг таниқли олими бўлган Сирожиддин Али бин Усмон ал-Ўшийнинг (575 ҳижрий-1180 милодий йилда) қаламига мансуб “Илму Қалам”, “Илму Таҳвид” деган номлардаги ақида илми бўйича ёзилган «Ал-Амалий» асарининг араб тилидаги изоҳлари, Қуръони Карим ва ҳадислар билан далилланган, Ҳанафий мазҳабини, Мотурудий йўлининг «Аҳли сунна вал жамоа» ақидасини тўлиқ баён қилган камина қаламига мансуб асар. Китоб исломшуносларга, диний-илмий, маданий меросимизга қизиққанлар ва мадраса, олийгоҳ талабалари учун Ҳанафий мазҳабини, Мотуридий ақидасини чуқур ўрганишга, унга амал қилишга ўргатишга мўлжалланган.

Шу кунгача ақида соҳасида иккита китоб ёздим. Улар ХІІ асрнинг буюк алломаси Сирожиддин ал-Ўшийнинг араб тилидаги «Бадъул амалий» асарига, «Рухул маалили Бадил-амалий», шунингдек аслий ёзма китоб асосида «Мафахимул қафия ли ақоид насафийя» – ақидаи Насафийга шарҳ асарларидир.

Шунингдек, кейинги йилларда илмий-диний меросимиз билан жиддий шуғулланишга азму қарор қилиб, самарали иш қилдик, десак муболаға бўлмайди. Ақида соҳасида, тарих бобида араб тилида «Уламау билади Мовароуннаҳр ва асарухум ал-хазорий фил алами», яъни, «Мовароуннаҳр алломалари ва уларнинг дунё илм-маданиятига қўшган илмий асарлари» китобини ҳам ёздим.

Китобда Марказий Осиёнинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хоразм, Марв, Нисо, Фароб, Шош, Насаф, Ўзкент, Ўш каби тарихий шаҳарларидан чиққан, Ислом ва жаҳон цивилизациясига, маданиятига, фанларнинг турли соҳаларига: химия, тиббиёт, фармацевтика, математика, астрономия, диний илмлар, фалсафа, архитектура, мусиқа, санъат, адабиёт ва бошқа тармоқларга улкан ҳисса қўшган, жаҳон миқиёсидаги буюк олимлари ҳақидаги баёнлардир.

Мовароуннаҳр олимлари бой илмий-бадиий меросга эгадирлар. Бу асарларни тадқиқ қилиш, кенг халқ оммасига етказиш мадрасалар, олий маъхадлар, ўқув юртлари талабалари олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Ҳозирги пайтда мазкур китобларни ўқиб, ўрганиш учун имкониятлар етарлидир.

– Домла, мазмунли суҳбат учун раҳмат!

– Сизга ҳам ташаккур!

 

Суҳбатдошимиз ҳақида маълумот:

Раҳматуллоҳ Қосимов Ўш шаҳридаги М.Горкий номли ўрта мактабда ўқиш асносида «Йўловчиларни ташиш автобазаси»да токарлик ҳунарини ҳам мукаммал ўрганди. Ёш Раҳматуллоҳнинг дунёқараши, кўзга кўринган диний арбоб бўлиб шаклланишида, албатта, отаси Қосимжон қори аканинг хиссаси катта бўлган.

1975 йили Бухородаги «Мир Араб» диний мадрасасини олий баҳолар билан битириб, шу ерда Қуръон, тажвид, ҳадис, араб тили мударриси ҳамда диний олийгоҳнинг илмий мудири бўлиб ишлади. 1974-79 йиллари Бухоро шаҳридаги педагогика институтининг инглиз тили факултетини имтиёзли диплом билан тамомлади. Бишкек шаҳрида Қирғизистон Халқаро Университети академиясининг Халқаро алоқалар ва дипломатия факультетида магистратурани битирди.

1979-1996 йиллари Ўш шаҳар имом-хатиби, кейинги йилларда таржимон, инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлади. 1992-1996 йиллари Ўш вилояти мусулмонларининг қозисининг ноиби (ўринбосари), 1996-2000 йиллари Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси бошлиғининг ноиби этиб тайинланди.

1998-2016 йиллари «АБУЗИЁ» халқаро илмий маркази раҳбари, Қирғиз-ўзбек университетининг катта муаллими, доцент, 2003-2010 йиллари Ўш шаҳар мусулмонлари қозиси. 1998 йили Ўш шаҳар кенгаши депутати, 2002 йили эса Ўш вилояти кенгаши депутати бўлиб сайланган.

2006-2013 йиллари Саудия Арабистонида жойлашган Бутунжаҳон Ислом Лигасининг Қирғизистондаги расмий вакили. 2014-16 йилларда «Раҳматулло ал-Хайрия» жамғармаси раҳбари, «СМАЙЛЗ ТРЕВЕЛ» туристик фирмасининг директори.

Раҳматуллоҳ Қосимовнинг дин ва Ўрта Осиё муаммолари тўғрисидаги бир неча илмий ишлари, китоблари, брошюралари, мақолалари кенг омма учун амалий аҳамиятга эгадир. Улар қирғиз тилига ҳам таржима қилинган.

Европа, Шарқ, Африкадаги мамлакатларда, Америка Қўшма Штатлари, Канадага СССР ва Қирғизистон Республикаси мусулмонлари вакили сифатида расмий иш сафарлари билан борган, илмий конференцияларда иштирок этган ва маърузалар қилган.

2009 йили Раҳматуллоҳ Қосимовнинг номи Маккада чоп этилган «Ер юзидаги юз улуғ дин арбоби» китобига киритилди. (Макка 2009 й. ВИЛ. Доктор Аш-Шайх ал-Абудий). У Маккадаги Уммул Қуро Университети доктори.

Одилжон Дадажонов 

 

Яндекс.Метрика