ШИМОЛДАГИ ШАМЧИРОҚЛАР (8-СУҲБАТ)

Шу ўринда Шимолий Қирғизистон заминидан етишиб чиққан, шу эл, шу улуснинг равнақига қўлидан келганча хизмат қилиб, нафақат маҳаллий миқёсда, балки бутун Ўрта Осиё, ҳатто ундан ташқарида ҳам эътироф этилган айрим шахсларнинг номини тилга олиб ўтишга тўғри келади.

Шимолий Қирғизистоннинг олис ва яқин тарихида ўзбеклар орасидан етишиб чиққан олимлар, давлат арбоблари, адиблар кўп. Бу борада тарихий манбларда тилга олинган дастлабки аллома – имом Муҳаммад Фотиҳ Болосоғуний бўлиб чиқади. Бизга ушбу шахснинг номию унинг Болосоғунда дафн этилганидан бошқа ҳеч нарса (ҳатто қайси асрда яшагани ҳам) маълум эмас. Аммо бу етук диний уламо Болосоғун исломийлашган даврда (тахминан Х асрдан сўнг, аммо XIII асрдаги мўғуллар истилосига қадар) яшаган шаҳарга таъриф ва тавсиф берилганда унинг шу масканга дафн этилгани шараф билан тилга олинадиган даражада машҳурликка эришган зот бўлган. Эҳтимолки, Болосоғун музей мажмуасига кираверишда жойлашган, гумбази ва деворларининг юқори қисми қулаб тушган икки улкан мақбарадан бири айнан мазкур алломанинг қабри устига тикланган бўлса.

Болосоғун ва унинг теварагидаги шаҳарларга гоҳ жанг-жадал, гоҳ тинчлик билан кириб кела бошлаган туркий қабила вакиллари (Қорахонийлар) ислом динини қабул қилиб, комил мусулмонлик йўлига киришгани тарихий манбаларда якдил эътироф этилади. Бу эса, ўз-ўзидан, қисқа бир фурсатда рўй берган эмас. Аниқки, бу ерларда ўшанга қадар, яъни IX-X асрларда ислом дини кучли даражада равнақ топган эди. Тақдирнинг тақозоси шундай бўлдики, ўша даврда ислом дини етиб борган бу энг шарқи-шимолий ҳудудда кўпдан-кўп уламолар, олимлар, адиблар етишиб чиқди. Уларнинг иши, илмлари, эзгу амаллари (Шимол томондан келган беҳисоб қабилаларни исломлаштириш) самара бергани ҳолда, афсуски, деярли барчасининг табаррук номлари тарих қаърида кўмилиб кетган, энди уни тиклаш имкони йўқ. Бу гапларнинг асосли эканига биргина далил, аввалги саҳифаларда келтирганимиздай, Болосоғун шаҳрида қирқ икки жомеъ масжиди, икки юз маҳалла масжиди, йигирма нафар хонақоҳ ва ўнта мадраса бўлган. Бунча маърифат масканлари эса, табиийки, олиму фозиллар тўпланиб, илму фунун билан, адабиёт ва санъат билан шуғулланган масканда бино бўлади. Қолаверса, ҳар бир ўртача мачит лоақал уч юз киши яшайдиган бир маҳаллада барпо бўлишини ҳисобга олсак, икки юз элликка яқин масжиди ва ўн мадрасаси бор шаҳарда қанча аҳоли яшаганини тасаввур қилиш мумкин. Аммо бу аҳоли тинч-осойишта ва хотиржам умр кечирган, ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳақида қайғурмаган ва шу сабабли ҳам шимол ёқдан келган отлиқ босқинчилар уни айтарли қийинчиликсиз маҳв этишган.

Шу боис, биз қуйида ҳозирги Шимолий Қирғизистон ҳудудида туғилган ёки бу ерда фаолият юритган баъзи тарихий шахсларга оид материалларни ушбу китоб мавзуи тақозосига кўра ниҳоятда қисқартирган ҳолда тақдим этиш билан чекланамиз.

Болосоғундан чиққан Юсуф Хос Ҳожиб туркий ёзма адабиётни бошлаб берган улуғ ижодкор ҳисобланади. Унинг “Қутадғу билиг” деган асари Шарқ дунёсида “Шоҳномаи туркий” деб шарафланади.

Юсуф Хос Ҳожиб (тахм. 1020/21, Болосоғун – ?) – туркигўй шоир, мутафаккир, давлат арбоби. Жаҳон адабиётининг нодир асарларидан бири бўлган «Қутадғу билиг» достони муаллифи. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар берувчи ягона манба ҳам «Қутадғу билиг» китобидир. Шу китобга кўра, у замонасининг асосий илмларини атрофлича ўрганган, араб ва форс тилларини мукаммал билган. Маҳмуд Кошғарий каби туркий тилнинг мавқеини ошириш, унинг маданий-адабий ҳаётдан ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун курашган.

Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» («Саодатга йўлловчи билим», 1069-70) асари исломий туркий адабиётни бошлабгина бермай, уни янги тараққиёт босқичига ҳам кўтарди. У нафақат туркий халқлар адабиёти анъаналари, балки қардош халқлар, жумладан, форсий адабиёт тажрибаларини ҳам ижодий ўзлаштирган ҳолда яратилган. Фирдавсийнинг улуғ «Шоҳнома»си каби мутақориб вазнида ёзилган. Шунинг учун ҳам “Қутадғу билиг” – “Шоҳномаи туркий” деб шарафланади. Асар 73 боб, 6520 байт ва тўртликлардан иборат.

«Қутадғу билиг» – XI аср сўз санъатининг нодир намунаси бўлиб, унда ўз даврининг илғор ижтмоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий масалалари бадиий талқин қилинган, туркий халқлар тарихи, маданияти, илм-фани, урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзи, қадриятлари хусусида батафсил маълумот берилган. Юсуф Хос Ҳожиб уни Болосоғунда бошлаб, Қашқарда ёзиб тугатган ва қорахоний ҳукмдор Тавғоч Буғрохонга тақдим этган. Буғрохон муаллифни тақдирлаб, унга «Хос Ҳожиб» («Эшик оғаси») унвонини берган. Шундан кейин шоир «Юсуф Хос Ҳожиб» номи билан машҳур бўлган. Лекин достоннинг охиридаги шикоят оҳангларига қараганда, шоир умрининг охири бу давлатнинг таназзули даврига тўғри келган, шунга мувофиқ, ҳаёти ҳам оғир кечган. Шоирнинг Қашқардаги мақбараси зиёратгоҳга айланган.

Бироқ Юсуф Хос Ҳожибнинг номи ва асарлари деярли ХХ аср бошларига қадар илмий ва адабий жамоатчиликка унча маълум эмас эди. Чунки қадимда китоблар қўлёзма ҳолида, бир-икки нусхадан кўчирилгани ва адабий-ижтимоий робиталар суст бўлгани сабабли, кўпгина адибларнинг номи, асосан, ўзи яшаб ўтган теварак-атрофда маълуму машҳур бўлиб, бошқа минтақаларда танилмаган.

Фақат 1923 йилга келибгина профессор Абдурауф Фитрат бу асарнинг энг нодир ва мукаммал нусхасини Намангандан, қадимги қўлёзмаларни авайлаб сақловчи Муҳаммадҳожи Эшон Лолариш деган одамнинг шахсий хонадонидан топди ва илмий-адабий жамоатчиликка эълон қилди. 1971 йилда ўзбек олими Қаюм Каримов “Қутадғу билиг”ни ҳозирги ёзувга ўгириб, ўзбек тилига табдил-таржимаси билан бирга чоп эттирди.

 Юсуф Хос Ҳожибнинг номи Қирғизистон ижтимоий ва маданий ҳаётига тасодифий равишда – атоқли оқин Тўқтағул таваллудининг 125 йиллиги нишонланган 1990 йилда, шу муносабат билан ўтказилган анжуман ва тантаналарда қатнашиш учун келган меҳмонлардан бири – Озарбойжонлик бир шоирнинг телевидениега берган интервьюсида “Қирғиз миллий ёзуви Октябрдан кейин пайдо бўлган, деб айтасизлар. Менимча, бу гап тўғри эмас, ахир бундан минг йилча аввал шу Қирғизистон заминидан Юсуф Хос Ҳожиб чиққан-ку!” деган бир оғиз гапи бу борада инқилоб ясади, ана шундан сўнг қирғиз олимлари мазкур адиб ва унинг асарини ўрганишга киришдилар, номи дарсликларги киритилди, унинг расми туширилган қоғоз пул зарб этилди. Бора-бора, адибнинг Юсуф Хос Ҳожиб деган исми ҳам “Жусуп Баласагын” деб янгиланиб кетди…

Дин ва давлат арбоби, етук олим, моҳир таржимон Алихонтўра Соғуний ҳазратлари 1885 йил 21 мартда собиқ Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Соғуний тахаллуси у таваллуд топган шаҳар яқинидаги Болосоғун билан боғлиқ. Соғуний аввал Макка ва Мадина шаҳарларида, кейин эса “Мир Араб” мадрасасида таҳсил олган. Ёшлик чоғларида масжидларда имомлик қилган. Унинг оташин ваъзларига шайдо бўлиб, масжидлар қавмлари кескин кўпая бошлаган. Бу, албатта, Совет ҳукумати ва унинг маҳаллий гумашталари тутган йўлга тўғри келмасди. Шунинг учун ҳам Алихонтўра Соғуний бир неча бор қамоққа олинади, янги-янги “айб”лар тўқиб чиқарилади. Бунинг хатарлик эканини сезган Алихонтўра Соғуний кейинчалик зўр қийинчиликлар билан Шарқий Туркистон томонларга кетади. У ерда ҳам ижтимоий ҳаётга фаол аралашиб, ўз юртида амалга ошира олмаган, дилида армон бўлиб қолган фикрларини ҳаммаслаклари билан биргаликда рўёбга чиқара боради. Бу воқеалар у зотинг қаламига мансуб “Туркистон қайғуси” китобида, Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний соғинчи” асарида батафсил баён этилган. Хуллас, бу фидойи арбоб, буюк ташкилотчи етакчилигида Шарқий Туркистон мустақилликка эришади, алоҳида давлат сифатида иш юритади. Бу жиҳатдан ўзбеклардан чиққан ягона маршал Алихонтўра Соғуний ўзидан роса юз йил аввал Қашқар томонларга бориб мустақил уйғур давлатини ташкил этган Ёқуббек Бадавлат жасоратини такрорлайди (Ёқуббек Бадавлат ҳақида кейинроқ яна сўз юритилади).

Бироқ Совет ва Хитой давлатларининг ўша даврдаги сиёсати, ўзаро келишиб амалга оширган фитналари оқибатида давлат бошлиғи Алихонтўра Соғуний алдов йўли билан Тошкентга олиб келинади, кўп замон уй қамоғида сақланади, ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланиши ман этилади.

Ана шундан сўнг Соғуний ҳазратлари ҳаётининг иккинчи – олимлик даври бошланади. Устоз илм-фаннинг бир-икки соҳасида эмас, балки қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, география, таржима, назму наср ва бошқа соҳалар бўйича етук мутахассис эканини кўрсатди, тарихий меъморлик обидалари ва қадимги қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилди.

Алихонтўра Соғунийдан «Тарихи Муҳаммадий», «Туркистон қайғуси» (1966-1973 йиллар орасида Тошкентда ёзилган), «Девони Соғуний» (шеърий тўплам); «Шифоул илал» («Хасталиклар давоси») ва бошқа асарлар мерос бўлиб қолди. Бундан ташқари, бу мутафаккир Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Дарвешали Чангийнинг «Мусиқа рисоласи», Аҳмад Донишнинг «Наводирул вақоиъ», Ҳерман Вамберининг «Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи» ва каби асарларни таржима қилган.

Олимнинг сийрат бобида «Тарихи Муҳаммадий» асари 1959 йилда ёзилган. Лекин у муаллиф вафотидан кейин, яъни 1991 йилда (1997 ва 2017 йилларда қайта) чоп этилган. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалломнинг шахсий ва оилавий ҳаёти, мўъжизалари баёни ва ислом динини ривожлантиришдаги фаолияти жонли ва жозибадор тил билан муфассал баён қилинган. Алихонтўра Соғуний Тошкентдаги Шайх Зайниддин бобо қабристонига дафн этилган.

Алихонтўра Соғуний
Алихонтўра Соғуний

Алихонтўра Соғунийдай кенг қамровли шахс кам учрайди. Соғуний диний уламогина эмас, ўткир нотиқ, ўндан ортиқ тилларни яхши билган лингвист, шоир, инқилобчи, саркарда, халқ раҳнамоси, давлат бошлиғи, ҳозиқ табиб, таржимон, танқидчи, сайёҳ инсон эди.

Алихонтўранинг фарзандларидан бири Қутлуғхонтўранинг ёзишича, “Алихонтўранинг отаси Шокирхонтўра асли андижонлик, нақшбандия сулукига мансуб диний олим бўлиб, Шокирхўжа эшон номи билан ҳам машҳур бўлган. Катта буваси Муҳаммадхўжа, унинг отаси Мирниёзхўжа ва шу йўсинда йигирма нечанчи буваси Қилич Бурҳон (Бурҳониддин Қилич) бўлган. Биз билган одамлар ичида Алихонтўра ўз шаҳрининг ноёб ва шонли тарихини чуқур билгани ҳолда, жуда эъзозлаган ва унинг табаррук номини кейин ўзига тахаллус қилган. Болосоғунда 70 минг киши шаҳид бўлганини айтиб, фарзандларини бу жойга олиб бориб, Қуръон тиловат қилиб, бахшида этган. Кези келганда, шуни айтиш керакки, ўзбеклар, 1924 йилда белгилаб берилган «истон»лар чегарасидагина яшаб келмаган, балки бутун Ўрта Осиё кенгликлари ва ундан ташқарида жавлон урган, улуғлик шаън-шавкатидан баҳраманд бир халқдир. Шунинг учун ҳам, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган тарихий ўзбек шаҳру кентлари ичкаридагилардан кўп бўлса кўпки, оз эмас, машҳурлиги ҳам кам эмас. Ўзидан Тўқмоқни нишон қилиб қолдирган Болосоғун ҳам Тароз (Авлиё ота), Туркистон, Фороб, Хўжанд, Ҳирот, Сайрам (Сариём) каби ана шундай турклик масканларидан”.

«Мен бу дунёга исломпарастгина эмас, балки инсонпараст бўлиб келдим ва ҳаётим давомида шунга содиқ бўлиб қолдим». Ушбу зот шонли ҳаёт йўллари билан танишар эканмиз, бунга иқрор бўла туриб, Алихонтўра келажаги порлоқ икки Туркистоннинг ғурури, жасур миллий қаҳрамони ҳам эди, дегимиз келади, – деб ёзган эди Қутлуғхон Шокиров.

ХХ аср бошларида Тўқмоқда истиқомат қилиб турган Аҳмадуло ота Раҳматулло ўғлининг хонадони Қирғизистон ва бутун дунёга таниқлик икки аллома ўғилни тарбиялаб етказишга мушарраф бўлдики, булардан биринчиси қирғиз адабиётшунослигининг тамал тошини қўйганлардан бири Ҳалимулло Аҳмедович Раҳматулин бўлса, иккинчиси унинг укаси, машҳур физик олим, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Халилулло Аҳмедович Раҳматуллиндир. Йўл-йўлакай айтиб ўтиш керак – фамилиясини эшитган одам уларни татар ёки бошқирд бўлса керак, деб ўйлайди. Ундай эмас. Бу икки бўлажак олимнинг она томонидан бувисигина татар аёл бўлган. ХХ аср бошларида – исм-шарифларга қўйиладиган арабча “…ий” (Саидий), форсийча “…зода” (Ализода)лардан воз кечиб, русча “ин” (Калинин) ҳамда “ов” (Сидоров, Шереметьев) тарзини қабул қилишнинг дастлабки даврида айрим ўзбек ва бошқа туркий миллат вакилларнинг фамилия белгиси ҳам “ин” бўлган (масалан, Хоразмлик ўзбек адиби Қурбон Берегин, қирғиз ёзувчиси Саманчин, қозоқ олими Кенесарин). Аҳмад отанинг ўғиллари шу тариқа Раҳматуллин бўлиб қолди. Қирғиз адиби Қосимали Баялин (кейинроқ – Баялинов)нинг фамилиясига ҳам Бояли, яъни Бой-али исми асос бўлган.

 

Ҳалим Раҳматуллин

Қирғиз адабиётшунослиги ва танқидининг тўнғич авлодига мансуб бўлган Ҳалим Раҳматуллин 1903 йилда Тўқмоқ шаҳрида Аҳмад ака деган майда савдогар ўзбек-татар оиласида туғилди. 1923-1925 йилларда Тошкентда Ўрта Осиё Давлат университет ишчилар факультетида таълим олди ва 1931 йилда мазкур таълим даргоҳининг иқтисодий факультетини битириб чиқди. 1931-1935 йилларда «Қызыл Қыргызстан» газетасининг масъул муҳаррири, 1935 йилдан бошлаб эса Қирғизистон Давлат нашриёти директори, Қирғизистон Давлат пединститутининг ўқитувчиси, кафедра мудири, 1941 йилдан умрининг охирига қадар СССР Фанлар академияси ҚирФА филиалининг Тил, адабиёт ва тарих институтида катта илмий ходим бўлиб ишлади.

Ҳалим Раҳматуллин адабий-танқидий фаолиятини 1927 йилда бошлаган. Унинг “Қишлоқ хўжалигига оид ишлар тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалиги тўгараклари қандай ишлаши керак?”, “Экин йиғиш-териш ва колхозлаштириш” каби дастлабки асарлари қишлоқ хўжалиги иқтисодиётига бағишланган эди.

Бироқ Ҳалим Раҳматуллин адабиётшунос олим сифатида машҳур. У “Манас” эпосига бағишланган бир қанча тадқиқотлари билан қирғиз илм-фанида Манасшунослик йўналишини очган кишилардан бири бўлди. Олим “Манасчилар” деган асарида мазкур йирик эпоснинг кўпгина вариантлари ўзаро қиёсланган бўлса, “Қирғиз совет адабиёти очерклари” (ҳаммуаллифликда) каби салмоқли илмий тадқиқотида қирғиз адибларининг ижод йўли кенг ёритилган. Адибнинг “Манас ва Алмамбет” пьесаси ўз вақтида жуда довруқ қозонган. Ҳалим Раҳматуллин Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг органи бўлган “Ала-тоо” журналига бош муҳаррирлик ҳам қилган.
Марксизм-ленинизм классикларининг бир қатор асарларини қирғиз тилига илк бор таржима қилган одам ҳам Ҳалим Раҳматуллин бўлади. Унинг қирғиз ёзма адабиётининг дунёга келиши ва тараққий этишига оид, “Манас” эпоси ҳақида мақолалари бисёр. Илмий фаолиятида эришган ютуқлари учун Ҳалим Раҳматуллин “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени билан тақдирланган. Ёш чоғидан касалликка чалиниб, 1946 йилда Фрунзе шаҳрида вафот этган.

Унинг укаси, оиладаги кенжа ўғил Халил Аҳмедович Раҳматуллин (1909-1988)нинг тақдири янада ажойиб. Унинг туғилишидан сал илгари отаси Аҳмад ака вафот этган эди. Бир неча йилдан сўнг онаси ҳам қазо қилгач, гўдакни тўққиз фарзандли холаси ўнинчи бола қилиб боқиб олади. Ёш Халилнинг илм-билимга қизиқишини, бу борадаги қобилиятини пайқаган поччаси Давлат ака уни математика соҳасига қизиқтириб қўяди.

Халил Раҳматуллин 1925 йилда Тошкент педагогика техникумига ўқишга киради, уни тамомлагач, шу ернинг ўзида дарс бера бошлайди. Айни вақтда Ўрта Осиё Давлат университетининг физика-математика факультетига кириб, 1931 йилда А.В.Луначарскийнинг шахсан аралашуви билан ўқишни Москва Давлат университетига кўчириб олади ва 1934 йилда унинг механика-математика факультетини тамомлайди. 1937 йили Ф.И.Франкль раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ёқлайди ва ўзи битирган механика-математика факультетида доцент, аэродинамика лабораторияси мудири, газ динамикаси, тўлқин динамикаси, кейинчалик эса бирлашган газ ва тўлқин динамикаси кафедраларининг доимий раҳбари бўлиб ишлайди, МДУнинг Механика институти (1959) асосчиларидан бири бўлади.

1941 йилда Х.А.Раҳматуллин МДУ билан бирга Ашхободга эвакуация қилинди. Бу ерда у 1943 йилда “Парашют назарияси” мавзуида диссертация ёқлади ва физика-математика фанлари доктори илмий даражасини олди. II Жаҳон уруши йилларида амалга оширган илмий тадқиқотлари учун у МДУнинг М. В. Ломоносов номидаги мукофоти (1945) ва Сталин мукофоти (1949)га сазовор бўлди. 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси таъсис этилгач, унинг ташаббускорларидан бўлган Х.А.Раҳматуллин ЎзФА академиги этиб сайланди.

 

1947 йилда Москва яқинидаги Калининград шаҳарчасида “НИИ-88” номи билан машҳур бўлган ракета марказида ишлай бошлайди (бу ерда С.П.Королёв конструкторлик бўлимининг бошлиғи, А. А. Ильюшин эса илмий ишлар бўйича бошлиқ ўринбосари эди, Халил Раҳматуллинни айнан Ильюшин бу ерга ишга таклиф этган).

Машинасозлик ИТИда профессор Х.А.Раҳматуллин раҳбарлигида лаборатория шароитида секундига 11 км тезликда парвоз қилаётган космик кемаларнинг атмосферага кириб келишидаги реал вазиятда – 11000 даража иссиқлик шароитида синови ўтказила бошлади. Бу эса ўша даврда фавқулодда катта илмий янгилик эди. Х.А.Раҳматуллин раҳбарлигидаги мазкур тадқиқот 1974 йилда СССР Давлат мукофотига сазовор бўлди. Олимнинг парашют ускунасини такомиллаштириш соҳасидаги хизматлари ҳозир ҳам катта аҳамиятга эга.

Россия Фанлар академияси академиги Р.И.Нигматуллиннинг ёзишича, 1957 йилда Ернинг биринчи сунъий йўлдоши космосга чиқиши муносабати билан СССР раҳбари Н.С.Хрушчёв ва бошқа арбоблар иштирокидаги банкетда С.П.Королёв совет фани ютуқлари учун қадаҳ кўтаришни таклиф этиб айтган сўзида, энг аввало, икки олимнинг номини тилга олади, булар МДУ профессори Халил Аҳмедович Раҳматуллин ва академик Мстислав Всеволодович Келдиш номларини тилга олади. Ана шунда Хрушчев қизиқсиниб сўрайди: – Ким у, Раҳматуллин деганлари, татарми? – Йўқ, у ўзбек олими, – деб жавоб беради Королёв. Ҳақиқатан ҳам, аэродинамика соҳасида жаҳонда энг йирик тадқиқотчилардан бири бўлган Халил Аҳмедовичнинг илмий ишларисиз совет давлати космонавтика соҳасида биз билган улкан ютуқларга эришиши даргумон эди.

Барча катта олимларда бўлгани каби, Х.А.Раҳматуллин ҳам ўткир ақли, ажойиб қобилияти ва фазилатлари билан кўпчиликни лол қолдирган. Мураккаб математик масалаларни ечиш – унинг севимли машғулоти эди. Математика бўлимининг талабаси бўлган Татьяна Белаянинг диплом ишида дуч келинган ва ҳеч ким уддалай олмаган масалани бир зумда ечгани билан довруқ қозонган. Айтганча, олим кейинчалик мазкур талаба билан турмуш қурган. Имтиҳонлар чоғидаги юмшоқлиги ва хайрихоҳлиги туфайли унга талабалар “халқ дўсти” деган ҳазиломуз лақаб қўйишган, улар олимни жуда ардоқлашар эди. Яна бир ҳангома шундан иборатки, Халил Аҳмедович бир куни шогирди Ю. А. Демьяновнинг кайфияти йўқлигини кўриб, сабабини суриштиради. Демьянов унга ўз ишида хато борлигини пайқаб қолгани, шу сабабли, руҳи тушиб кетганини айтса, “Ие бунга хурсанд бўлмайсизми, ахир хато биттага камайибди-ку?” деб далда беради.

Назарий ва амалий механика бўйича СССР Миллий комитети аъзоси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг академиги, тўрт марта Ленин ордени, Меҳнат Қизил Байроқ ордени, “Ҳурмат белгиси” ордени, “Москва мудофааси учун” медали соҳиби, Ўзбекистон ССРда ва РСФСРда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, ЎзССР Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати Халил Аҳмедович Раҳматуллин айни пайтда улкан фан ташкилотчиси ҳам эди. Назарий ва амалий механика бўйича СССР Миллий комитети унинг номида медаль таъсис этгани ҳам унинг илм-фан соҳасидаги хизматлари қай даражада эътироф этилганини кўрсатади. Халил Аҳмедович Раҳматуллин бутун умрини илм-фаннинг энг долзарб, мудофаа аҳамиятига молик масалаларга бағишлади, аэродинамика ҳамда тўлқин динамикаси соҳаларида жаҳон миқёсидаги аллома бўлиб етишди. Унинг бевосита раҳбарлигида юз эллик киши фан номзоди, йигирма беш нафар олим фан доктори деган илмий даражани олишга муваффақ бўлдики, бу даражада сермаҳсул устоз бўлиш фан оламида камдан-кам алломага насиб бўлган.

Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида Халил Аҳмедович Тошкентга тез-тез келиб турар, ўзбек адиблари ва олимлари билан қалин алоқа боғлаган эдики, шунинг ўзи ҳам унинг ўзбек муҳитига интилиши, кексайган чоғида миллий илдизларидан руҳий-маънавий озиқ олишга интилиши сифатида баҳоланиши керак.

Ўзбек болалар адабиётининг таниқли вакили, адиб, таржимон Илёс Муслим (1909-1977) Бишкек шаҳрида туғилган. 1931 йилда Тошкент педагогика билим юртини тугатган. Шундан сўнг бир қанча нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлади.

Илёс Муслим 1928 йилдан ижод билан шуғуллана бошлади. Биринчи шеърлар тўплами „Ўсув“ 1932 йилда нашр этилди. У „Турналар“, „Бизнинг мактаб“, „Сенинг совғанг“, „Тиллақўнғиз“, „Кўрик“, „Ишчан асаларилар“, „Ойхон ва райҳон“, „Биринчи совға“ каби 30 га яқин китоб ёзди.

Илёс Муслим ижодининг энг катта қисмини бадиий таржималар ташкил этади. Адиб қирғиз адабиётининг кўп асарлари (Қ. Боялиновнинг “Ҳожар” қиссасини, Т. Сидиқбековнинг “Замонамиз кишилари”, “Тоғ болалари” романлари)ни, шунингдек, М. Лермонтов, С. Маршак, Н. Некрасов, А. Твардовский, Л.Н. Толстой, К. Ушинский каби рус адиблари, шунингдек, қозоқ оқини Жамбул, Америка адиби Ж. Лондон асарларини, кўпгина ижтимоий-сиёсий асарларни ўзбекчалаштирган.

 

Илёс Муслим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ маорифи аълочисидир.

Ажабки, Тўқмоқда таваллуд топган яна бир ака-ука – Абдулла ва Пўлат Бобохоновлар ҳам ўз фаолият тури бўйича етакчи мутахассис сифатида эътироф этилганлар, улар ҳақида китоблар ёзилган.

Абдулла Бобохонов (1910-1982) ҳақида бир пайтлар “Абдулла биринчи” деган сарлавҳали бир очерк босилган эди. Чиндан ҳам, у биринчи профессионал ўзбек архитектори бўлган. 1920 йилда, Абдулла эндигина 10 ёшга кирганида отаси, таниқли зиёли, биринчи гильдия тужжори, Ўрта осиёликлар орасидан биринчи бўлиб автомобиль сотиб олган ва уни Германиядан механик-ҳайдовчи билан олиб келиб, шу ўлкада биринчи автомобиль заводи қуришга киришган Бобохон ака инқилоб фидойилари томонидан отиб ўлдирилган. Унинг хотини ноилож, уч боласини олиб, Тошкентга отланади. Етим фарзандларини интернатга беради, “Намуна” мактабига ўқишга кирган Абдулла расм ва чизмачиликка қизиқиши кучлилиги туфайли, 1929 йилда очилган Архитектура-қурилиш институтига кириб ўқийди.

Ана шу ўн тўққиз ёшли мусофир ва жабрдийда йигит орадан йиллар ўтиб СССР Халқ архитектори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, Тошкент Политехника институтининг профессори бўлиб етишди. Унинг тақдирига ўзбеклардан чиққан биринчи совет архитектори, Ўзбекистонда архитектура-қурилиш ишларининг ташкилотчиси, Марказий Осиёнинг шаҳар ва қишлоқларида жамоат биноларини қуриш ишининг бошловчиси бўлиш ёзилган экан.

Тақдирнинг бахтли тасодифи шу бўлдики, Абдулла Бобохонов Халқ оқсоқоли Йўлдош ота Охунбобоевнинг назарига тушди, ота унинг ўқиши ва ижодий ишларидан доимо бохабар бўлиб турди, таҳсилни тамомлагач, Москвада қолиб кетмаслиги учун уни Ўзбекистонга чақиртириб олди ва бу умидли, ёш мутахассисни юқори лавозимга тавсия этди.

Ана ўшандан бошлаб Абдулла Бобохонов XIX асрнинг охири ва XX асрнинг биринчи чорагида Марказий Осиёнинг деярли барча шаҳарларидаги кўриниш – деярли вайрона ҳолатидаги, асосан, пахса ва гуваладан тикланган пастқам, режасиз чолдевор иморатлар ўрнига замонавий тураржойлар, театрлар, клублар, ҳашаматли маъмурий бинолар, хиёбон ва майдонлар, маданият саройлари, сув омборларининг маҳобатли тўғонларини барпо этишга боши билан шўнғиб кетади. Бу йиллар давомида Абдулла меъморнинг лойиҳалари асосида тикланган юзлаб иморатлар бир жойга тўпланса, бутун бошли муаззам шаҳар қад ростлаши турган гап. Улар орасида шаҳар ва қишлоқларда қурилган юздан ортиқ маданият саройлари, Шоҳимардондаги Ҳамза мақбараси, Жанубий Сурхон сув омбори архитектураси, Тошкентда Анҳор бўйи мажмуаси, Собир Раҳимов номидаги кинотеатр биноси, Душанбедаги Лоҳутий номли театр, Улуғбек расадхонасининг реставрацияси ва бошқа бир талай меъморлик обидалари бор. Энг муҳими, ўша ўтган аср ўттизинчи йиллари ўртасидан то етмишинчи йиллар ўртасига қадар Тошкент шаҳрининг бош тарҳи Абдулла Бобохоновнинг изланмалари асосида белгиланган ва ҳатто бугунги Тошкент шаҳрининг асосий қиёфасида унинг ижодий ечимларининг ўрни ниҳоятда катта экани маълум.

Абдулла Бобохонов Ўзбекистон Архитекторлар союзининг раиси, Давлат қурилиш комитети раиси, Архитектура институти директори ва Қурилиш министри ўринбосари бўлиб ишлади, кўп йиллар мобайнида талабаларга сабоқ бериб, юзлаб шогирдлар етиштирди. Ва, албатта, давлат ва халқ олдидаги катта хизматлари эвазига бир талай орден ва медаллар билан тақдирланди. “СССР Халқ архитектори” деган юксак унвон олди.

Абдулла биринчининг укаси Пўлат Бобохонов (1912-1967) ҳам кўп соҳаларда биринчи бўлди – автомобиль йўллари соҳасида биринчи ўзбек олими, Ўзбекистон автойўллари вазирининг биринчи муовини…

Пўлат Бобохонов биринчи бўлиб қурилаётган йўлнинг остидаги қатлам – у шўрхокми, шағаллими, намхушми ва ҳоказоларга эътибор қаратиш ва маҳаллий йўл тўшамаларидан фойдаланиш масалаларини ишлаб чиқди ҳамда амалий таклифлар берди, кейинчалик бу муаммоларни батафсил ва конкрет ҳал этиш учун биринчи бўлиб бу соҳала кафедра ташкил этди ва унинг биринчи мудири бўлди, ўнлаб кенг ва олис масофали трассалар қурилишини бошқарди, йўл қуриш соҳасида кўплаб истеъдодли мутахассисларга устоз бўлди.

Шимолий Қирғизистоннинг яна бир фарзанди 1955 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган Кифоят Паёзовнадир. У 1916 йилда Пишпекда таваллуд топган. У ёшлигида она шаҳрида бадиий ҳаваскорлик тўгаракларида қатнашиб, санъатга меҳр қўйди. 1933 йилдан Ўш ўзбек театрида, 1934-37 йилларда Тошкент ишчи ёшлар театрида ишлади. Сўнг умрининг охирига қадар Самарқанд мусиқали драма театрида хизмат қилиб, кўпдан-кўп ўткир характерли аёллар образларини талқин этди.

Ушбу драматик роллар устаси Шекспирнинг “Отелло” трагедиясида Эмилия, Ҳамзанинг «Холисхон» драмасида Мастура, “Бой ила хизматчи”да Хонзода, Комил Яшиннинг “Тор-мор” спектаклида Дилбар, Мильфорднинг “Макр ва муҳаббат”ида Леди, Гоголнинг «Ревизор»ида Анна Андреевна, Островскийнинг “Момоқалдироқ” драмасида Кабаниха, М.Горькийнинг «Егор Буличёв ва бошқалар”ида Меланья, Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” комедиясида Холнисо, Баҳром Раҳмоновнинг “Юрак сирлари”да Сурмахон роллари уни бутун Марказий Осиёга танитди.

Қирғизистон ФА, СССР ҳамда Нью-Йорк Медицина ФА академиги, Марказий Осиё кардиологлари ассоциацияси президенти, тиббиёт фанлари доктори, профессор, терапевт врач Мирсаид Мирҳамидович Мирраҳимов (1927-2008) Фрунзе шаҳрида карнайчи оиласида таваллуд топган.

1934 йили шу шаҳардаги ўзбек мактабига ўқишга кирди. 1948 йили, 21 ёшида Қирғизистон Давлат тиббиёт университетини тамомлаган. 1955 йилда (йигирма саккиз ёшида) тиббиёт фанлари доктори, 1966 йилда профессор, 1974 йили – ўттиз тўққиз ёшида Қирғизистон Фанлар академияси академиги этиб сайланди. 1988 йили СССР Медицина фанлари академиги, 1993 йилда эса Марказий Осиё кардиологлари ассоциацияси раҳбари бўлди.

Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Мирсаид Мирраҳимов етти юздан ортиқ илмий асар, жумладан, ўттиз тўққиз монография муаллифи бўлган, ўн тўққизта кашфиёти эътироф этилган. Ленин ордени, икки маротаба “Ҳурмат белгиси” ордени, “Октябрь революцияси” орденига сазовор бўлган, Қирғизистон Давлат мукофоти олган.

Тарих фанлари доктори, собиқ Ўзкомпартия Марказқўмининг котиби Мавлон Ваҳобов ҳамда ёзувчи, журналист, муҳаррир, ўзбек болалар фольклори соҳасида атоқли олим, дилкаш, самимий инсон Ғани Жаҳонгировлар ҳам Шимолий Қирғизистон фарзанди эдилар.

Албатта, Шимолий Қирғизистонда таваллуд топиб, ўз илми, санъати ёки меҳнати билан элга танилган кишиларнинг барчасини номма-ном келтира олмаймиз. Аммо турли миллатга мансуб барча Қирғизистон фуқаролари каби бу юртнинг ўзбеклари ҳам турли даврларда, кўплаб жабҳаларда фаолият юритиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келганликлари барчага белгили.

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

 

 

“Алишер Навоий институти” сайтини

Яндекс.Метрика