ШИМОЛ МАНЗАРАЛАРИ. БОЛОСОҒУН (6- СУҲБАТ)

Ҳикоямизни Шимолий Қирғизистон ҳудудидан бошлаган эдик. Бу минтақа мангу қор-музли баланд тоғлари, юзлаб тоғ кўллари, ям-яшил арчазорлар, салқин яйловлари, оромбахш ва осуда ҳавоси билан кишини ўзига ром этади. Шу табиат қўйнида Марказий Осиёнинг бошқа ҳеч қаерида учрамайдиган йирик гавдали ва келишган отлар етиштирилади, бошқа минтақалардан бу ерга келиб, уларни насли учун сотиб олиб, маҳаллий отлар зотини яхшилаш учун олиб кетадилар. Шимолий Қирғизистонда салқин иқлимни хуш кўрувчи арча ҳамда олма дарахтлари яхши ўсади.

Шимолий Қирғизистоннинг тарихий жойларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, дастлаб Болосоғун шаҳри хусусида маълумот бериш керак. Болосоғун Бишкекдан 80 км. шарқ томонда, Тўқмоқдан 12 км. жанубда жойлашган. Бу шаҳар мўғуллар босқини туфайли вайронага айланган, кейин қайта тикланмаган. Гарчи академик В.Бартольд бошқача фикрни олға сурган бўлса-да, Болосоғун харобалари ҳозирги Тўқмоқ шаҳрининг жануби-ғарбий томонида, деб ҳисоблайдилар. Ҳозир бу ерда тарих-ўлкашунослик музейи очилган. Бу шаҳар ҳақда ёзма манбаларда Х асрдан бошлаб маълумотлар мавжуд. Мақдисийнинг хабар беришича, Болосоғун “баракали улкан шаҳар” бўлган. Эли туркий ва сўғдий тилларда сўзлашган. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дўғлот (XVI аср боши)нинг ёзишича, “бу шаҳарнинг гумбаз ва минорасигина сақланиб қолган, вайрон бўлган шаҳар ўрни мавжуд, маҳаллий аҳоли бу жойни «Бўрана» деб атайди, имом Муҳаммад Фотиҳ Болосоғунийнинг қабри ҳам шу жойдадир…”

“Бўрона” сўзининг бўронга алоқаси йўқ, “минора”нинг бузиб айтилишидан келиб чиққан. Ҳозир ҳам шу жойдаги минора “Бўрона минораси” деб аталади.

Шаҳар чорқирра шаклдаги қўрғон билан ўралган бўлиб, томонларининг узунлиги 570-600 метрга тенг эди, бу дегани, у 34 гектарга яқин майдонни эгаллаган. X-XI асрлар оралиғида тикланган Бўрона минораси эса Болосоғун шаҳристонининг бир бўлаги ҳисобланади, Унинг бўйи дастлаб 44-48 метрлар атрофида ва диаметри 9 метр бўлган, саккиз қиррали тош пойдевор устига доирасимон шаклда тикланган. Қурилишга пишган “мусулмон” ғиштлари ва арча ёғочи ишлатилган. Миноранинг тепасида муқарнас ва гумбази бўлган, девор ёнларига ғишт нақшли бўртмалар билан терилган ва анча жозибали кўринишда бўлган. Миноранинг жануб томонидаги деворидан, ердан 5 метр юқорида эшик ўрнатилган бўлиб, шу эшик ичкарисидаги спиралсимон зинапоя орқали минора тепасига чиқиб борилади. Афсуски, беш асрлар муқаддам рўй берган кучли зилзила туфайли юқори қисми қулаб тушган. Муайян таъмирлашлардан сўнг ҳозирда бўйи 21,7 метрни ташкил этади. Бўрона минорасининг безаги – ғиштларни ўймакорлик усулида териб нақш чиқариш бўлган

Миноранинг шарқ томонида айлана шаклидаги икки улкан мақбаранинг гумбазлари ҳам қачонлардир (эҳтимол, эслатилган зилзила туфайли) қулаб тушиб, пойдевори устида баландлиги бир ярим метрча келадиган пишиқ ғиштли харобалари қолган.

 

XIV асрга келиб Болосоғун шаҳрида ҳаёт тўхтаган. Музей ҳудудида диққатга сазовор ушбу икки осори атиқадан ташқари, минорадан тахминан 200 метрлар ғарброқда улкан бир иморатнинг вайронаси – катта бир тепалик ҳам мавжуд. Айрим илмий манбаларда унинг ҳаммом бўлгани айтилади, аммо бу фикр бирмунча шубҳали. Зеро ҳаммом бу қадар катта жойни эгаллаб, шунчалар маҳобатли қилиб қурилиши даргумон. Бизнингча, бу бино – оташпарастларнинг ислом келишидан аввалги даврдаги хом ғишт билан қурилган ибодатхонаси бўлган, унинг жануби-ғарб томонида оташпарастлар мозористони ҳам жойлашган. Минора ҳамда гумбазли мақбараларнинг қурилиши эса қорахонийлар даврида маҳаллий аҳолининг исломга ўтиш замонига тўғри келади. Айнан Қорахонийлар давридан бошлаб (Бухорода эса Сомонийлар даври поёнида) иморатларни аввалгидай хом ғиштдан эмас, пиширилган ғиштдан тиклаш бошлангани илмий манбаларда келтирилган.

Бу пайтда мазкур оташпарастлар ибодатхонаси вайронага айланиб улгурган эди. Бунга далил шуки, Марказий Осиёнинг жуда кўп жойларида айнан шу тартибда – конуссимон оташгоҳ ҳамда унинг жануби-ғарб ёғида марҳумларнинг куйдирилган хоки солинган хумлар кўмилган қабристон учрайди. Бундай ибодатхоналар барпо этилган узоқ ўтмиш даврида гарчи сополчилик, жумладан, сопол идишлар ясаш шаклланган бўлса-да, пишиқ ғиштдан иморат тиклаш ҳали йўлга қўйилмаган эди. Оташкадалар хом ғишт, гувала ёки пахсадан қурилгани сабабли уларнинг деярли ҳаммаси минг йиллар давомида аста-секин нураб бориб, ҳозирги тупроқтепалар шаклини олган. Маълумки, Болосоғун шаҳри бу ерларга ислом дини кириб келишидан аввал ҳам мавжуд эди, оташпарастлик бу ҳудудларда асосий дин ҳисобланган.

Иккинчидан, Қорахонийлар давридан аввал Марказий Осиёда ислом мўътадил мавқе тутган бўлиб, у билан ёнма-ён равишда бошқа дин ва турли диний оқимлар ҳам бирмунча эркин фаолият юритган бўлса, Қорахонийлар давлати дини исломни қабул қилиш ва уни барқарорлаштиришда катта саъй-ҳаракатлар қилиш асносида, Марказий Осиёда исломдан ўзга динларга ўрин қолдирмаган, уларнинг вакилларини исломга мажбурлаб ўтказишга уринган. Шу сабабли, ўзга дин маъбадларининг бузиб ташланиб, тупроқтепага айлантирилиши ҳам ўша замонда юз берган.

Баъзи манбаларда эса, бу тупроқтепа ўрнида қадимда масжид бўлган, деб кўрсатилади. Тўғри, исломиятнинг илк даврларида бошқа дин ибодатгоҳларини масжидга айлантириш ҳоллари ҳам кўп бўлган. Аммо мазкур тепаликнинг бир замонларда айнан масжид бўлгани узил-кесил аниқ эмас. Шуни ҳисобга олиб, мазкур тупроқтепанинг Жанубий Қирғизистон ва умуман, Ўрта Осиёнинг кўп жойларидаги қадимги оташпарастлар ибодатгоҳларининг вайроналари билан шаклан бир хил эканлиги ҳақида мулоҳаза юритиш тўғрироқ бўлса керак, деб ўйлаймиз. Бинобарин, айни ҳудудда исломиятдан минг йиллар муқаддам ҳам одамлар яшаган, олам, унинг яратилиши борасида муайян диний тасаввурлар тизими шаклланганки, бу нарса ўлкамиз тарихининг ниҳоятда қадимийлигидан далолат беради.

Болосоғун дастлаб салжуқийлар вазири Низомулмулк томонидан тилга олинган (XI аср). Низомулмулк Болосоғунни кофир турклар 943 йилдан олдинроқ забт этганини, аммо шу кофир турклар (Қорахонийлар) кўп вақт ўтмасидан ислом динини қабул қилганликларини қайд этган. Бундан маълум бўладики, Болосоғун шаҳри ўша воқеа – туркларнинг ислом динини қабул қилганидан сўнг теварак-атрофда ислом дини учун мустаҳкам бир қўрғон вазифасини ўтаган. Шу боис, Болосоғун Қорахонийлар давлатининг мана шу томонлардаги пойтахти бўлиб қолади. Х аср охирларига келиб эса, Мақдисийнинг ёзишича, “баракали катта шаҳар”га айланади. Маҳмуд Кошғарий Болосоғунни Қуз улуш ва Қуз ўрда деган номлар билан тилга олади (“қуз” сўзи терскай, шимол ёқдаги деган маънони билдиради). Улуғ тилшунос олим, “Болосоғун аҳолиси сўғд тилида ҳам, турк тилида ҳам гаплашади. Аслида улар Сўғдлик, чунки “сўғдак” дегани Болосоғунлик демакдир, бироқ кўринишлари туркларга ўхшайди ва уларнинг урф-одатларини ҳам қабул қилишган», дея қайд этган.

1130- йиллар атрофида эса Болосоғун шаҳрини кофир қорахитойлар эгаллаб олишди, 1210 йилга келиб бу босқинчиларни Хоразмшоҳ Муҳаммад шаҳардан суриб чиқарди, Болосоғунликлар эса бундан далда олиб, қорахитойларнинг қолган-қутган аскарларини шаҳарга киритишмади. Шундан сўнг қорахитойлар йиғилиб, шаҳарга бостириб киришди ва 47 минг кишини қатл этишди. Орадан саккиз йил ўтиб, Болосоғун мўғул лашкарига жангсиз тобе бўлди ва улар томонидан Гобалиқ – Яхши шаҳар деб аталди.

(Шу ўринда бир мулоҳаза. Мазкур маълумотда 47 минг киши қатл этилган, деб кўрсатилади, аммо бу шаҳарнинг барча аҳолиси, дегани эмас. Борингки, қатл этилганлар аҳолининг ярмини ташкил этганида ҳам, Болосоғунда камида 80-100 минг киши яшаган бўлиб чиқади. Бунча одам эса шаҳар қўрғони деб кўрсатилган 34 гектар ерда яшай олмайди. Демак, Болосоғуннинг асл ҳудуди ундан камида ўн баравар катта бўлган.)

Бироқ охир-оқибат, мўғуллар яғмоси даврида бу шаҳар тамомила вайрон этилди, инчунин, мўғуллар давридаги ёзма манбаларда Болосоғун шаҳри эслатилмайди, ҳатто Амир Темурнинг Мўғулистон ёқларга юришлари ҳақидаги асарларда ҳам бу ҳақда ҳеч нарса йўқ. Фақат XVII асрда яшаган географ Маҳмуд ибн Вали “Баҳрул асрор” асарида бу шаҳарни тилга олиб ўтади: “Болосоғун – Туркистонзамин шаҳарларидан биридур ва Мўғулистон номи билан таниғлиқ. Бул шаҳар аҳли мўғуллар босқинига қадар тамомила мусулмонлардан иборат эди ва бул шаҳардан олимлар кўб чиққандур. Мустафовийнинг айтишига биноан, “Болосоғун – кенг ва ёйиқ бир ўлкадур, олтинчи-еттинчи иқлимга мансуб. Табиати қаттиқ совуқлиқ билан машҳур”.

Айрим манбаларда кўрсатилишича, “…қалъа деворининг эни икки ярим газ келган… Мўғуллар босқини ва бу босқин туфайли зарар етказилгунига қадар у гуллаб-яшнаган обод шаҳар эди, аммо ўшандан бери Болосоғун ташландиқ ва хароб маскан бўлиб қолди”.

1976 йилда Бўрона давлат томонидан қўриқланадиган объект, деб эълон қилинди ва 1977 йилда минора таъмирдан чиқарилганидан сўнг Республика археология-архитектура музейи очилди.

Болосоғун ўрни ҳозирги Бўрона шаҳристони теварагида бўлган, деб чамаланади. Бу ерда исломий мақбаралар, минора бўлганлиги ҳам айни жойнинг Х-ХII асрларда пойтахт бўлгани далилидир, чунки минора ва улкан дахмалар фақат шаҳар жойда барпо этилади.

Болосоғун деган сўз қандай маънони англатади, умуман, бу шаҳарнинг номи қандай келиб чиққан? Аввалроқ бу шаҳар аҳолиси туркий ҳамда сўғд тилларида гаплашганини қайд қилган эдик. Бу икки этнос орасида Болосоғунга дастлаб асос солган эл сўғдийлар экани, нафақат Болосоғун, бутун Марказий Осиё шаҳарларидаги қадимий жой номларининг аксарига айнан сўғдча сўзлар асос бўлгани илмда эътироф этилган. Маҳмуд Кошғарийнинг ёзишига кўра ҳам, “Болосоғун элининг одамлари сўғдакдир”.

Бинобарин, Болосоғун сўзи икки ўзак: “боло” ҳамда “соғун” бирикмасидан ташкил топган, дейиш мумкин. Форсий-сўғдий “боло” сўзи ўзбек тилида “баланд”, “юқори” деган маънони билдиради; чунончи, Боломасжид (баланд масжид), “болохона” (юқоридаги хона). “Соғун” сўзи эса қозоқ тарихчиларининг Интернетдаги маълумотларида айтилишича, ҳарбий-маъмурий унвон бўлиб, у туркий зодагонлар орасида ҳам, шунингдек, теваракдаги бошқа халқларда ҳам бўлган эмиш. Бу фикр бирмунча шубҳали. Эҳтимол, “Соғун” сўзи “Сўғдон” (сўғдлар) сўзининг талаффузда силлиқлашган бир шаклидир. Маҳмуд Кошғарий ёзганидек, Болосоғун элининг одамлари сўғдлар бўлар экан, шаҳарнинг номи ҳам мазкур асосдан келиб чиқади. Яъни сўғд эли яшайдиган шаҳар Сўғдон (Сўғдлар) деб аталиб, бора-бора талаффузда “Сўғдон” à “Соғун” шаклини олган бўлиши мумкин.

Болосоғунда сўғдий эл XI асрда – Маҳмуд Кошғарий даврида ҳам яшагани тўғрисида ёзма манбаларда маълумотлар бор. Бу фактнинг ўзиёқ айни сўзнинг мустақил тушунча англатганига шубҳа қолдирмайди.

Айтиш керакки, агар “Соғун” – сўғдлар маъносини англатса, унда Болосоғун – баланд соғун, яъни сўғдлар яшайдиган энг шарқий, энг четки манзил, дегани бўлади. Яна, бу мулоҳазадан, Баланд (юқоридаги) Соғун бўлар экан, демак, “Боло соғун”дан аввал “Соғун” отли бир кент ҳам мавжуд бўлганини англаш мумкин; зеро “Соғун” мавжуд бўлмасидан туриб, “Баланд Соғун”нинг бўлиши мантиққа зиддир. Эҳтимол, ҳозирги Тўқмоқ шаҳри асл Соғун ўрнидадир (Тўқмоқлик Алихонтўра ўзини Соғуний деб атаганига диққат қилинг), ёинки илк Соғун шаҳри бир маҳаллар Болосоғундан бироз қуйи жойда бўлган, чунки бу боло (баланд) соғундир.

Асрлар оша юртлар ва шаҳарлараро робита кучая бориб, бу шаҳарга кейинчалик турли жойлардан одамлар кўчиб келиб, ўрнашиб, шу ерлик бўлиб ҳам кетишган. Аждодлари Тошкент, Сайрам ва бошқа жойлардан кўчиб келиб, савдогарлик қилган, ёинки савдо карвонларига хизмат кўрсатиш орқали даромад топган оилаларнинг фарзандлари ҳали ҳам Болосоғун яқинидаги Тўқмоқда истиқомат қилишади.

 

Ҳозир Болосоғун шаҳристони ва унинг яқинида ҳеч ким яшамайди. Музей ҳудудида, бундан ташқари, бир пайтлари қабристон бўлган, деб тахмин қилинадиган майдоннинг ҳар жойига эски қирғиз қабристонларидан олиб келинган ҳамда кейинчалик ҳаваскор ҳайкалтарошлар машқ учун ишлаган тош мўлалар ўрнатиб қўйилган…

Болосоғун – нафақат Шимолий Қирғизистон, балки бутун Марказий Осиё тамаддуни тарихида алоҳида ўрин эгаллаган шаҳардир. Аммо унинг бу мавқеи аксар илмий манбаларда етарли даражада қайд этилмайди.

Гап шундаки, Х асрда ва ундан авваллари Болосоғун сўғдлари аввал оташпараст бўлган бўлсалар, кейинчалик ислом динига эътиқод қилган. Иккинчи минг йиллик бошларида шимол томондан бу шаҳар ва бу ҳудудларга туркий қабилалар гоҳ тинчлик йўли билан, гоҳо эса жангу жадал билан кириб кела бошлаган. Шу жараёнда бу масканда икки муҳим этнографик эврилиш содир бўлди: бир ёқдан – кириб келаётган туркий қабилалар жадал суратда исломни қабул қилишга киришди; иккинчи ёқдан – сўғдларнинг тили, шароит тақозосига кўра, туркийлаша бошлади; алалоқибат, тарих саҳнасида ўтроқ туркий халқлар пайдо бўлди. Бу халқларнинг дастлабки йирик маъмурий-ҳудудий тузилмаси – Қорахонийлар давлати эди.

Қорахонийлар даврини туркий халқлар ва умуман, Марказий Осиё тарихининг энг жозибали паллаларидан бири, деб айтиш мумкин. Мана шу қадим ўлкада ҳукм сурган хонликларнинг ҳеч бири ўзидан қорахонийлар замонасида барпо этилгани қадар кўп тарихий-маданий ёдгорликлар қолдиришга эришган эмас.

Оқбешим ва Қизилсув шаҳристонлари илк ўрта асрларга мансуб, деб ҳисобланади. Уларни қуришда хом ғишт ва пахса лой ишлатилгани учун ҳозирда деярли тўлиқ нураб кетган.

 

Оқбешим шаҳристони Тўқмоқ шаҳридан саккиз чақиримча жануброқда жойлашган бўлиб, бу ерда насоролар бутхонаси, икки буддавийлар ибодатгоҳи, тураржой маҳаллаларининг вайроналари бор. Буддавийлар ибодатгоҳида Будда тасвирланган ҳайкал ва зар билан ҳал берилган бошқа буюмлар топилган.

Қизилсув шаҳристони эса Тўқмоқдан қарийб қирқ чақирим узоқдан топилган. Бу ерда ҳам Буддавийларнинг эҳромлари, шунингдек, IV-V асрларга мансуб сўғдийларнинг қўрғонлари бор.

Қорадарё шаҳристони эса Ўзган шаҳри биқинида жойлашган бўлиб, эрамиздан аввалги IV-I асрларга мансуб. Бу шаҳристон кушон маданияти обидаси ҳисобланади, ландшафт хусусиятига кўра, ўтиб бориш қийин жойга қурилган. Бунга сабаб эса шундаки, қадимда кичик ва қуввати кам давлатларнинг асосий иши, аввало, ўзини ҳимоя қилиш, муҳофазаланиш бўлган. Шунинг туфайли улар атрофи чуқур сув ёки тоғ билан ўралган жойларни ошён этганлар, бунинг ҳам иложи бўлмаса, баланд ва мустаҳкам қалъалар қуриб, шаҳристон атрофида эса ҳандак қазиб, сувга тўлдириб турганлар.

 Ўзган билан Жалолобод ўртасида, Ясси дарёси ёқасида, Шўрабошат деб аталадиган жойда эрамиздан аввалги IV-I асрларга оид шаҳристон бор. У қадимги Фарғонанинг муҳим марказларидан бири бўлган кўринади. Шўрабошат шаҳристонининг мудофаа манзилларига Шимолий Ўзган, Танбулоқ ва Қизилоктябрь ҳудудларида жойлашган кичик шаҳарчалар кирган. Бу жойдан айрим хонадонларнинг уйлари ўрни ҳам очилган бўлиб, улар эрамиздан аввалги иккинчи минг йилликнинг охирларида барпо этилган. Шўрабошат тўрт асосий қисм – ҳарбий истеҳком, диний мажмуа, мудофаа иншооти ва шаҳристондан иборат бўлган.

Бўрона манзилгоҳидан олти чақирим шимоли-ғарбдаги Оқбешим шаҳристони VI-VII асрларда Сиёб деб аталган. Бу манзил Чуй водийсининг маданий ва иқтисодий марказларидан бўлган. Шаҳар хийла катта ҳудудни ишғол этиб, шаҳристон ва унинг қўрғони 35 гектар майдонни эгаллаган эди. Унга туташ работ (ҳунармандлик маркази)нинг ҳудуди эса қарийб 60 гектар бўлган. Унинг теварагидаги улкан девор ичида турмуш кечирган шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида муайян уйғунликлар пайдо бўлган. Қазишмалар чоғида бу ерда икки будда ибодатхонаси, христиан черкови, сарой иншооти, маҳаллалар, сув тармоқлари ва ўша давр меъморчилигининг бошқа ёдгорликлари топилган. Шундан келиб чиқиб, Болосоғун шаҳри даставвал шу жойда барпо бўлган ва кейинчалик шарқ томонга қараб кенгайиб борган, деб тахмин қилиш мумкин.

Сиёб сўзи айрим манбаларда Суяб деб ҳам ёзилади. Шунинг учун қозоқ тарихчилари унинг номини “Су – туркий сув, йоб – сўғдча канал сўзидан ясалган”, деб талқин этадилар. Бир тилдан сув, бошқа тилдан канал сўзи олиниши унча ишончли кўринмайди. Аслида эса, Сиёб (сияҳ+об) бўлиб, сўғд тилида Қорасув маъносини англатадики, бу ном шаҳар ёнидан ўтадиган сойнинг суви бўтана бўлганини кўрсатади. Сиёб шаҳристони Чу дарёси акваториясидадир. Дарёнинг номи тибет ва хитой тилларида чу, шу деган сўзлардан олинган, деб талқин этилади. Е.Қўйчибоев эса уни чу (чуе) деб аталган қабила номига боғлаган. Биз ушбу гидронимни қадимда бу ўлкаларда истиқомат қилган сўғдлар тилига оид манбаларга (масалан, Сиёб сўзига) боғлаб кўриш ҳақиқатни аниқлашга ёрдам беради, деб ўйлаймиз. Ҳозирда Чу деб аталаётган бу дарёнинг суви ҳақиқатан ҳам лойқа бўлиб, айрим даврларда катта-кичик шаҳар ва қишлоқларни ювиб кетгани тарихий манбаларда кўрсатилган. Демак, бир пайтлар ушбу дарёни ўша замонларда бу ерларда яшаган сўғд эли Сиёб деб атаган бўлиши ва кейинчалик қирғиз тилида Сиёб àЧуйоб à Чуя àЧуйга айланиши ҳақиқатдан узоқ эмас.

Қизилсув шаҳристони эса Бишкекдан қарийб қирқ чақирим шарқ томонда бўлиб, V-X асрларда бу ерда одамлар ўтроқ ҳаёт кечиришган. Шаҳристон қазишмалари чоғида бу ердан Будданинг ўн икки метрли ҳайкали топилган. Ҳайкал пишитилган лойдан ясаб, сайқалланган ва турли бўёқлар билан бўялган. Шунингдек, бу ердан зардўштийлик динининг доимий аломати бўлган оссуарий (тоштобут) топилганки, у ҳозирда “Бўрона” археологик-архитектура музейида сақланади.

 

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ”

САЙТИНИНГ МУҲТАРАМ МУХЛИСЛАРИГА

 

Азиз дўстлар!

 

Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.